язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Шаҳар транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.02.2008 й. ПҚ-788-сон "Тошкент шаҳрини йўловчи автобуслар билан қўшимча таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.02.2008 й.

N ПҚ-788



ТОШКЕНТ ШАҲРИНИ ЙЎЛОВЧИ

АВТОБУСЛАР БИЛАН ҚЎШИМЧА ТАЪМИНЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Тошкент шаҳрида йўловчилар ташиш ҳажмлари ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда йўловчи транспорти тизимини янада ривожлантириш ҳамда автобуслар паркини замонавий транспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида:


1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг 2008 йилда 200 та "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" шаҳар йўловчи автобусларини харид қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ва "ЭвоБус Гмбх" (Германия) компанияси ўртасида 2008 йилда:

ҳар бири учун 132,0 минг евродан умумий миқдори 26,4 млн. еврога тенг бўлган, шартнома қийматининг 50 фоизи (13,2 млн. евро)ни олдиндан тўлаш, қолган қисмини эса - автобуслар Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудига олиб келинишига қараб аккредитив очиш орқали тўлаш шарти билан 200 та "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" русумли шаҳар автобусларини етказиб бериш;

"Тошавтобустранс" акциядорлик компаниясининг "Мерседес-Бенц" сервис хизмати кўрсатиш маркази" шўъба корхонасини жиҳозлаш учун бепул асосда 400,0 минг евро миқдорида ускуналар ва махсус асбоблар етказиб бериш бўйича шартнома тузилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Қуйидагилар белгилансин:

шартноманинг тўлиқ қийматини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармасининг 3 йил имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олган ҳолда 10 йил муддатга бериладиган кредит маблағлари ҳисобидан, йиллик 2 фоизли ставка ва қайта молиялаштирувчи "Ўзсаноатқурилишбанк"нинг йиллик 0,25 фоизли маржаси бўйича амалга оширилади;

Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармасининг асосий қарзини узиш, кредитга хизмат кўрсатиш бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлаш "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси маблағлари, шунингдек, оладиган автобуслар миқдорига мутаносиб равишда автобус паркларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги белгиланган тартибда мазкур шартнома бўйича эксперт хулосасини берсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси, "Ўзсаноатқурилишбанк" ва "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси, истисно тариқасида, техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни кўриб чиқиш ва тасдиқлашдан аввал қарз битимларини расмийлаштирсин ҳамда "ЭвоБус Гмбх" компанияси билан тузилган шартномада назарда тутилган муддатларда молиялаштиришни очсин.


6. "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси:

бир ой муддатда 200 дона шаҳар автобусларини сотиб олишнинг техник-иқтисодий ҳисоб-китобини ишлаб чиқишни ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритишни таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси кредитига хизмат кўрсатишга йўналтириладиган маблағларни жамлаш учун "Ўзсаноатқурилишбанк"да махсус жамғариш ҳисоб рақамини очсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармасининг жалб этиладиган кредити бўйича "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмасининг "Ўзсаноатқурилишбанк" олдидаги мажбуриятлари юзасидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг кафолатини берсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги тасдиқланган техник-иқтисодий ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда 200 та "Mercedes-Benz Conecto Low Floor" автобусларини сотиб олиш Ўзбекистон Республикасининг 2008 йилги Инвестиция дастурига киритилишини таъминласин.


9. "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси "ЭвоБус Гмбх" компанияси билан тузилган шартнома бўйича олиб келинадиган 200 та автобус, асбоб-ускуналар ва махсус жиҳозлар, шунингдек автобуслардан фойдаланишнинг кафолат муддати даврида ишдан чиққан қисмлари ўрнига етказиб бериладиган эҳтиёт қисмлар ҳамда материаллар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 6-7-сон, 26-модда.