язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик бирлашмалари, ривожланиш ва кўмак жамғармалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.03.2008 й. ПҚ-811-сон "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фаолиятини янада кенгайтириш ҳамда ресурс базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

05.03.2008 й.

N ПҚ-811


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ТИКЛАНИШ ВА ТАРАҚҚИЁТ ЖАМҒАРМАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ҲАМДА

РЕСУРС БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакат иқтисодиётини барқарор, жадал ва мутаносиб ривожлантириш учун молиявий базани янада мустаҳкамлаш, самарали таркибий ва инвестиция сиёсатини олиб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси функциялари ва ваколатларини кенгайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Марказий банкининг 2008-2010 йиллар мобайнида Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси устав капиталини босқичма-босқич 5,0 млрд. АҚШ долларига етказиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил этиш тўғрисида"ги 2006 йил 11 майдаги ПФ-3751-сонли Фармонида назарда тутилган асосий фаолият йўналишларига қўшимча равишда Жамғарма маблағлари қуйидагилар учун ишлатилиши мумкин:

келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаш мақсадида, шу жумладан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган имтиёзли кредитлар бериш;

иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича Ҳукумат томонидан тасдиқланган дастурлар доирасида, тижорат банкларга хорижий валютада очиладиган кредит линиялар орқали инвестиция лойиҳаларини жадал молиялаштириш ва амалга оширишни таъминлаш;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар бериш;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2009 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини ишлаб чиқишда қуйидагилар ҳисобидан Жамғарма ресурсларини кўпайтиришнинг қўшимча манбалари тўғрисида таклифлар киритсин:

2009 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувида бўлган хорижий валютадаги Ҳукумат активларининг бир қисми;

маҳсулот турларининг белгиланган рўйхати билан бир қаторда, бошқа ликвидли стратегик ресурсларни сотишда белгиланган "чегара нарх"дан ортиқча тушадиган маблағларни жалб этиш;

хорижий валютага конвертация қилиш орқали, бюджет даромадларининг унинг харажатларидан ошган суммаси (профицити)нинг нақд касса айланмасини тўлдиришга норматив бўйича йўналтириладиган маблағлардан ортиқча бир қисми;

давлат мулки ва активларини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштиришдан тушган хорижий валютадаги маблағлар;

маҳсулотни тақсимлаш тўғрисидаги битимлар доирасида битим тузишда ёки муайян натижага эришилганда тўланадиган бир марталик бонуслар суммаси.


4. Белгилансинки, Жамғарма маблағларининг бўш қолдиқлари умумий ҳажми унинг жами активларининг камида қирқ фоизини ташкил этиши лозим.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 17 майдаги ПҚ-350-сонли қарорига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Молия вазирлиги, Марказий банки, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда норматив ҳужжатларга ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгаришлар киритилишини таъминласин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2008 йил 5 мартдаги

ПҚ-811-сонли қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2006 йил 17 майдаги "Ўзбекистон Республикасининг

Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси фаолиятини

ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги

ПҚ-350-сон қарорига киритиладиган

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР


1. 4-бандда:


учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Жамғарма ваколатли банкларни молиялаштиришни таклиф этиладиган инвестиция лойиҳалари ҳамда очиладиган кредит линияларининг самарадорлиги ва ўзини қоплаш муддатларини ҳисобга олган ҳолда молиялаштириш шартлари ва Жамғарма маблағларини қайтариш механизми тўғрисида имзоланадиган бош битимлар асосида амалга оширади";


тўртинчи хатбошидан "ваколатли банкларга" сўзлари олиб ташлансин;


мазмуни қуйидагича бўлган бешинчи ва олтинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

"Давлат бюджети ҳисобига қопланадиган Жамғарма кредитларини қайтариш Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан хорижий валютани қоплаш кунига белгиланган курсида сўмда, кейинчалик хорижий валютани ўрнатилган тартибда Жамғарма ҳисоб рақамларига ўтказиш йўли билан амалга оширилади;

Жамғарма ҳисобидан молиялаштириладиган (қўшма молиялаштириладиган) импорт контрактлари Давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган импорт контрактлари учун белгиланган тартибда экспертизадан ўтади".


2. 6-банд мазмуни қуйидагича бўлган иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ижрочи дирекцияси Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат мулки қўмитасининг статистик ахборотномалари юборилиши шарт бўлган рўйхатга киритилсин".


3. Қарорга 2-иловада:


1) 6-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"6. Жамғарма лойиҳаларни молиялаштириш (қўшма молиялаштириш) қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган ваколатли банкларнинг (кейинги ўринларда - тижорат банклари) буюртманомаларига биноан - муддатли, тўловли ва қайтариш асосида кредитлар бериш ва кредит линияларини очиш;

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун Иқтисодиёт вазирлиги буюртманомаларига биноан - грантлар ёки фоизсиз кредитлар бериш (йилига Жамғарманинг ўтган йилдаги фойдасининг 5 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда);

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган тижорат банклари ва қарз олувчининг буюртманомалари бўйича ҳамда Ҳукумат қарорлари асосида - Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган имтиёзли кредитлар бериш;

ташкил этилаётган корхона ва ташкилотларнинг таъсис ҳужжатларига ва уларни ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарорларига мувофиқ - янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш (корхона ёки ташкилот устав капитали (фонди)нинг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда).

Шунингдек, Жамғарма маблағлари қуйидагиларга ишлатилиши мумкин:

Молия вазирлигининг буюртманомалари бўйича ва тегишли Ҳукумат қарорларига асосан - давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ Ҳукумат қарорлари бўйича - янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни харид қилиш учун имтиёзли кредитлар бериш.


2) 9-бандда:


мазмуни қуйидагича бўлган еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини имтиёзли асосда, шу жумладан кейинчалик Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш йўли билан молиялаштириш";


мазмуни қуйидагича бўлган тўққизинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлашни молиялаштириш".


еттинчи - саккизинчи хатбошилари тегишли равишда саккизинчи - ўнинчи хатбошилари деб ҳисоблансин.


3) 10-бандда:


учинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"молиялаштириш шартлари ва Жамғарма маблағларини қайтариш механизми тўғрисида имзоланадиган бош битимлар асосида, ҳар бир тижорат банки учун ҳар йили белгиланадиган лимитлар доирасида тижорат банкларини молиялаштиришни амалга оширади";


мазмуни қуйидагича бўлган учинчи - еттинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

"келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини тузиладиган шартномалар асосида кредитлайди;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қайтариб бермаслик асосида маблағларни беради;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритади (корхона ёки ташкилот устав капитали (фонди)нинг 25 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда);

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари бўйича ва Иқтисодиёт вазирлиги буюртманомаларига биноан айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун грантлар ҳамда фоизсиз кредитлар беради, ажратилган кредитлар миқдори кейинчалик лойиҳанинг умумий қийматига ва лойиҳа Жамғарма кредитини жалб қилиш йўли билан амалга оширилган тақдирда, ажратилаётган кредитнинг умумий қийматига қўшилади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ҳукумат қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар беради";

учинчи - тўққизинчи хатбошилари тегишли равишда саккизинчи - ўн тўртинчи хатбошилари деб ҳисоблансин.


4) 12-бандда:


мазмуни қуйидагича бўлган олтинчи - ўнинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

"келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитларни бериш муддатлари ва шартлари бўйича қарорлар қабул қилади;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига маблағлар ажратиб бериш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига Жамғарма маблағларидан инвестиция киритиш бўйича қарорлар қабул қилади;

айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун грантлар ва фоизсиз кредитларни ажратиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ҳукумат қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар бериш тўғрисида қарор қабул қилади";


олтинчи - саккизинчи хатбошилари тегишли равишда ўн биринчи - ўн учинчи хатбошилари деб ҳисоблансин.


5) 15-бандда:


мазмуни қуйидагича бўлган тўртинчи - саккизинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

"келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаштириш учун имтиёзли кредитлар бериш тўғрисида шартномалар тузади;

давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш учун Молия вазирлигига маблағлар ажратади;

янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига Жамғарма маблағларидан инвестиция киритади;

айрим инвестиция лойиҳаларининг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун лойиҳа ташаббускорларига грантлар ва фоизсиз кредитларни, ажратилган кредитлар миқдорини кейинчалик лойиҳанинг умумий қийматига ва лойиҳа Жамғарма кредитини жалб қилиш йўли билан амалга оширилган тақдирда ажратилаётган кредитнинг умумий қийматига қўшиш шарти билан бериш тўғрисида битимлар тузади;

янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ Ҳукумат қарорлари бўйича харид қилиш учун имтиёзли кредитлар беради";


тўртинчи - олтинчи хатбошилари тегишли равишда тўққизинчи - ўн биринчи хатбошилари деб ҳисоблансин.


6) 17-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"Жамғармага юклатилган вазифа ва функцияларга биноан ижрочи дирекциянинг фаолиятини ташкил этади ва шахсан масъул бўлади, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ижрочи дирекциянинг штат жадвалини шакллантиради, Жамғарма номидан кредит, хўжалик ва меҳнат шартномаларини имзолайди".


7) 18-банд "молиялаштириш бўйича" сўзларидан кейин "хулоса ёки" сўзлари билан тўлдирилсин.


8) 20-банддан "мазкур Низомнинг 19-бандида кўрсатилган манбалардан" сўзлари олиб ташлансин.


9) 23-бандда:


мазмуни қуйидагича бўлган б) - ж) кичик бандлари билан тўлдирилсин:

"б) келажакда, биринчи навбатда қишлоқ ҳудудларида, янги саноат ишлаб чиқаришларини жойлаштириш учун ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва тиклаш лойиҳаларини молиялаш мақсадида, шу жумладан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган имтиёзли кредитлар бериш;

в) янги ташкил этилаётган молиявий институтлар ҳамда иқтисодиётнинг базавий тармоқларида хорижий инвестициялар иштирокида стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналарнинг устав капиталига инвестиция киритиш;

г) давлатнинг ташқи қарзлари бўйича халқаро молия институтлари ва хорижий кредиторлар олдидаги мажбуриятларни муддатидан олдин тўлаш;

д) иқтисодиёт тармоқларини модернизациялаш, техникавий ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича Ҳукумат томонидан тасдиқланган дастурлар доирасида, тижорат банкларига хорижий валютада очиладиган кредит линиялари орқали инвестиция лойиҳаларини жадал молиялаштириш ва амалга ошириш;

е) айрим лойиҳаларнинг дастлабки ёки якуний техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишни грант асосида ёки фоизсиз кредитлар ажратиш йўли билан молиялаштириш;

ж) янги замонавий хорижий технологиялар, техника ва ускуналар ҳамда стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа товарларни тасдиқланган давлат дастурларига мувофиқ харид қилиш учун Ҳукумат қарорлари бўйича имтиёзли кредитлар бериш";


б) - г) кичик бандлари з) - к) кичик бандлари деб ҳисоблансин.


10) 24-бандда:


биринчи хатбошидан "тижорат банкларига" сўзлари олиб ташлансин;


мазмуни қуйидагича бўлган иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Жамғарманинг кредит ресурслари шартномада белгиланган чет эл валютасида ажратилади";


иккинчи-учинчи хатбошилари тегишли равишда учинчи-тўртинчи хатбошилари деб ҳисоблансин.


11) 28-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"28. Жамғармани бошқариш бўйича Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигининг буюртманомаларини кўриб чиқиш муддати буюртманома олинган санадан бошлаб 15 кундан ошмаслиги лозим.

Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашнинг ижобий қарори қабул қилинганидан сўнг Жамғарманинг ижро этувчи дирекцияси 5 иш куни мобайнида тақдим этилган буюртманома ва Кенгаш қарорига биноан:

1) Молия вазирлиги билан - қайтариб бермаслик асосида буюртманомада ва ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун маблағ ажратиш тўғрисида битим;

2) Иқтисодиёт вазирлиги ва тегишли лойиҳанинг ташаббускори билан - буюртманомада ва ушбу Низомда белгиланган мақсадлар учун грант асосида маблағ ажратиш ёки фоизсиз кредит бериш тўғрисида битим тузади".


12) 29-банд қуйидаги таҳрирда баён қилинсин:

"29. Жамғарманинг вақтинча бўш маблағлари уларни биринчи даражали халқаро молия воситаларига жойлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ишончли бошқарув учун белгиланган тартибда ўтказилади.

Жамғарма маблағлари бўш қолдиқларининг умумий ҳажми унинг жами активларининг камида қирқ фоизини ташкил этиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳар чоракда Жамғармани бошқариш бўйича Кенгашга Жамғарма маблағларини ишончли бошқариш натижалари, жумладан операциялар бўйича даромадлилик, ҳисобот даврида олинган даромад миқдори, жойлаштирилган Жамғарма маблағлари портфели таркиби, фоиз ставкаларининг жорий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 10-11-сон, 57-модда.