язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Фермер хўжаликлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2001 й. 366-сон "Кичик корхоналар, деҳқон ва фермер хўжаликларини маблағ билан таъминлаш, моддий-техник таъминлаш, уларга божхона имтиёзлари бериш, банк хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.09.2001 й.

N 366



КИЧИК КОРХОНАЛАР, ДЕҲҚОН ВА ФЕРМЕР

ХЎЖАЛИКЛАРИНИ МАБЛАҒ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ,

МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ, УЛАРГА БОЖХОНА

ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИШ, БАНК ХИЗМАТЛАРИ ВА БОШҚА

ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Кичик бизнес, деҳқон ва фермер хўжаликлари ташкил этишни рағбатлантиришни кучайтириш ҳамда бундан буён жадал ривожлантириш, уларнинг молиявий, моддий-техника ва хом ашё ресурслари олишини кенгайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, тижорат банклари янгидан ташкил этилаётган кичик бизнес корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликларини уларнинг дастлабки (бошланғич) сармоясини шакллантиришда ҳар томонлама қўллаб-қувватласинлар.

Белгилансинки:

микрофирмалар, кичик корхоналар, деҳқон (юридик шахс мақомига эга бўлган) ва фермер хўжаликларига дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантириш учун кредитлар улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин 6 ойдан кўп бўлмаган даврда кредит олиш учун тегишли буюртманомалар берган фақат янгидан очилган корхоналарга берилади;

кўрсатиб ўтилган мақсадли кредит линиялари ҳисобига олинган дастлабки (бошланғич) сармоя  кичик бизнес субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликларининг фаолиятини бошлаш учун айланма маблағларни шакллантиришга,  инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши ишлаб чиқилишига, асбоб-ускуналар олинишига йўналтирилиши мумкин.


2. Белгилаб қўйилсинки, дастлабки (бошланғич) сармояни шакллантириш учун кредитлар:

Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг олтидан бир қисми миқдорида имтиёзли фоиз ставкаси бўйича 3 йилгача бўлган муддатга узайтириш ҳуқуқисиз микрофирмалар ва деҳқон (юридик шахс мақомига эга бўлган)  хўжаликлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 150 баравари миқдоригача ҳамда кичик корхоналар ва  фермер хўжаликлари учун - энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдоригача;

фоизлар   тўлашни  12 ойга кечиктириш ва асосий қарзни кредит олингандан кейин 18-24 ой ўтгач қайтаришни бошлаш шартларида берилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси, "Бизнес-фонд"  ўн кун муддатда белгиланган тартибда Бюджетдан ташқари жамғармаларнинг кредит линиялари ҳисобига якка тартибдаги тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес субъектларига тижорат банклари томонидан кредит бериш тартибига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритсинлар.

4. Иқтисодий судларга давлат божини тўлашни кейинчалик айбдор томондан ундириб олган ҳолда уни кечиктириб, кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларидан қарзларни ундириш бўйича бюджетдан ташқари жамғармаларининг даъволарини қабул қилиш тавсия этилсин.

5. Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг кредит ресурсларини кенгайтириш мақсадида 2002 йил 1 январдан бошлаб 2005 йил 31 декабригача бўлган даврга Деҳқон ва фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг даромадларига солиқ ставкаси амалдаги ставканинг 50 фоизи миқдорида белгилансин, бўшаб қолган маблағлар кичик бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашга мақсадли йўналтирилсин.

6. 2001 йил 1 октябрдан бошлаб моддий ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг микрофирмалари ва кичик  корхоналари, фермер хўжаликлари, шунингдек юридик шахс мақомига эга бўлган деҳқон хўжаликларининг ўз эҳтиёжлари учун асбоб-ускуналар, хом ашё ва моддий ресурслар импортига божхона тўловларини тўлаши фоиз ундирилмаган ҳолда 90 кун муддатга кечиктирилсин (божхонада расмийлаштириш учун ундириладиган йиғимлар бундан мустасно).


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

маҳсулотларнинг айрим турларини ишлаб чиқариш ва хом ашёнинг ишлаб чиқиладиган балансларида ҳар йили уларнинг кичик бизнес субъектларини таъминлаш учун ажратилишини назарда тутсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, "Ўзулгуржисавдо" акциядорлик компанияси, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси  билан биргаликда икки ой муддатда биржа ва ким ошди савдоларида кўрсатиб ўтилган моддий-техника ва хом ашё ресурсларини кичик ва ўрта бизнес субъектларига сотишнинг бозор механизмини ишлаб чиқсин ва жорий этсин.


8. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи Кенгаши (Р.С.Азимов) мазкур қарорнинг бажарилишини ўрганиб чиқсин ва 2002 йилнинг I ярим йиллиги якунлари бўйича микрофирмалар ва кичик корхоналарнинг дастлабки (бошланғич) сармоясини шакллантириш учун йўналтириладиган ресурсларни кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар ҳақида таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги Давлат матбуот қўмитаси, Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2001 йил охиригача кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик, деҳқон ва фермер хўжаликлари соҳасида қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар тўпламлари қайта нашр этилишини таъминласинлар. Бунда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ишида барча масалалар мутлақо муҳим аҳамиятга эга эканлигидан ва иккинчи даражали вазифалар бўлмаслигидан келиб чиқиб янги тўпламларга янгидан қабул қилинган барча қарорлар киритилиши кераклиги назарда тутилсин.

Кўрсатиб ўтилган тўпламларни тайёрлаш ва нашр этиш учун 1-иловага мувофиқ таркибда махсус комиссия ташкил этилсин.

Қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларнинг қайта нашр этилган тўпламлари биринчи навбатда кичик ва ўрта бизнес субъектларга, деҳқон ва фермер хўжаликларига ҳамда давлат ҳуқуқий тизими органларига, хўжалик судларига ва барча назорат органларига етказиб берилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги кичик бизнес соҳасида тасдиқланадиган, қабул қилинадиган ва жорий этиладиган қонун ҳужжатлари ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар устидан доимий мониторингни амалиётга киритсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Р.С. Азимов ва Ў.Қ. Исмоилов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

2001 йил 10 сентябрдаги

366-сон қарорига

1-ИЛОВА



Кичик ва ўрта бизнес, хусусий тадбиркорлик,

деҳқон ва фермер хўжаликлари соҳасида қонун

ҳужжатлари ва норматив ҳужжатларни

тайёрлаш ва нашр этиш бўйича

КОМИССИЯ ТАРКИБИ

Полван-зода А.А.

-

Адлия вазири,  комиссия раиси


Асқаров М.А.

-

Давлат мулки қўмитаси раисининг биринчи

ўринбосари, комиссия раисининг ўринбосари


Шоғуломов Р.Ш.

-

Давлат матбуот қўмитаси раиси


Собиров М.А.

-

Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар

палатаси раиси


Бобомирзаев А.

-

Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси раиси


Орипов С.

-

Давлат божхона  қўмитаси раисининг

биринчи ўринбосари


Яковлев И.Г.

-

Давлат мулки қўмитаси раисининг  ўринбосари


Рофиев Қ.Т.

-

Марказий банк раисининг ўринбосари


Гадоев Э.Ф.

-

Давлат солиқ қўмитаси раисининг  ўринбосари


Рўзиназаров Ш.

-

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари


Содиқов Х.М.

-

Адлия вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи


Алимов Б.

-

"Шарқ" акциядорлик компанияси директори


Пирмуҳамедов Х.И.

-

"Адолат" нашриёти директори



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 2001 й., N 9, 52-модда.