язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Баҳолаш фаолияти/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.04.2008 й. ПҚ-843-сон "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

24.04.2008 й.

N ПҚ-843


БАҲОЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ВА КЎРСАТИЛАЁТГАН ХИЗМАТЛАР СИФАТИ

УЧУН УЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИНИ

ОШИРИШ ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, республикада баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун зарур қонуний-ҳуқуқий база шакллантирилган, уни фаол ривожлантириш учун иқтисодий рағбатлантириш воситалари яратилган, лицензиялар бериш тартиби сезиларли даражада соддалаштирилган.

Айни вақтда баҳоловчи ташкилотларнинг амалий фаолияти ўсиб бораётган замонавий талабларни қониқтирмаяпти. Баҳолаш ишлари бир қатор ҳолларда юзаки ва паст профессионал даражада ўтказилмоқда, хусусийлаштириладиган объектларнинг ҳақиқий қиймати ва кўрсатиладиган хизматларнинг сифати холисона баҳоланиши учун баҳоловчи ташкилотларнинг зарур даражадаги масъулияти таъминлаб берилмаяпти.

"Баҳолаш фаолияти тўғрисида" Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ ва мустақил баҳолаш тизимини янада ривожлантириш, баҳолаш хизматларининг профессионал савияси ҳамда сифатини ошириш, баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини тартибга солишнинг самарали усулларини тадбиқ этиш, баҳолаш ишларининг натижалари ва холислиги бўйича уларнинг масъулиятини кучайтириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини таъминлаш соҳасида, энг аввало, баҳолаш ишларини тартибга солувчи стандартлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тадбиқ этиш, бажарилаётган баҳолаш ишларининг холислиги ва сифати устидан назорат ўрнатиш масалаларида олиб борилаётган ишлар қониқарсиз деб топилсин.


2. Белгилансинки, 2008 йилнинг 1 июлидан баҳолаш фаолияти фақат юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Қуйидагиларни:

қимматбаҳо қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлардан ташқари кўчар мол-мулкни баҳоловчи ташкилотлар - энг кам ойлик иш ҳақининг камида 1500 баробарига тенг миқдорда устав капиталига, шунингдек штатида камида иккита баҳоловчига эга бўлиши;

мулкий комплекс сифатидаги корхонадан ташқари кўчмас мулкни баҳоловчи ташкилотлар - энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2000 баробарига тенг миқдорда устав капиталига, шунингдек штатида камида учта баҳоловчига эга бўлиши;

бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхонани, барча турдаги моддий ва номоддий активларни) баҳоловчи ташкилотлар - энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2500 баробарига тенг миқдорда устав капиталига, шунингдек штатида камида тўртта баҳоловчига эга бўлиши шартлиги белгилаб қўйилсин.


3. Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Амалда фаолият юритувчи баҳоловчи ташкилотлар 2008 йилнинг 1 сентябригача бўлган муддатда Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисидаги низомда белгиланган устав капитали миқдорлари тўлдирилиши ҳамда фаолиятни ташкил этиш ва лицензия шартлари бўйича мажбурий талаблар бажарилишини таъминласин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:

2008 йилнинг 1 сентябригача Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисидаги Низомнинг талаб ва шартларига тўлиқ жавоб берувчи амалдаги баҳоловчи ташкилотларни белгиланган тартибда қайтадан рўйхатга олсин ва баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун уларга янги нусхадаги лицензиялар берсин;

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2008 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисидаги низомнинг талаб ва шартларига жавоб бермайдиган баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини белгиланган тартибда тўхтатиш чораларини кўрсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда суд органлари сўровномаларига кўра баҳсли вазиятларда баҳоланувчи объектларни баҳолаш материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссияси ташкил этилишини назарда тутган ҳолда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказишни ташкил этиш тартиби тўғрисида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун малака имтиҳонларини ўтказишда очиқлик ва холисликни таъминловчи тартиб-қоидаларни такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси, Адлия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

вазирлик ва идораларнинг меъёрий ҳужжатлари мазкур қарор талабларига мос равишда мувофиқлаштирилишини таъминласин.


7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 18-сон, 145-модда.