язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилишдаги лойиҳалаш. Объектларни экспертиза қилиш ва рўйхатга олиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.04.2008 й. ПҚ-847-сон "Лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.04.2008 й.

N ПҚ-847



ЛОЙИҲА-ТАДҚИҚОТ ТАШКИЛОТЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Кейинги йилларда иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар, соғлиқни сақлаш объектларини барпо этиш ва реконструкция қилиш дастурларини амалга оширишга доир кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида лойиҳа-тадқиқот ишлари ҳажми сезиларли равишда ошганини қайд этиш зарур.

Шу билан бирга, лойиҳалаш ишларини ташкил этиш борасидаги жиддий камчиликлар амалга оширилаётган инвестиция жараёнларига тўсқинлик қилмоқда ва уларнинг самарадорлигини пасайтирмоқда. Аксарият хусусийлаштирилган лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари фаолияти лойиҳа-смета ҳужжатларини сифатли ишлаб чиқиш бўйича замон талабларига жавоб бермайди. Лойиҳалаш ишлари сифати ҳам сезиларли равишда пасайгани кузатилмоқда. Бунинг натижасида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари кўпинча ваколатли экспертиза органлари томонидан қайта ишлаб чиқиш учун қайтарилмоқда.

Лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари амалиётига лойиҳалаштиришнинг замонавий услублари, жумладан, лойиҳалаш ишларини автоматлаштириш ва амалий дастурий маҳсулотлар суст жорий этилмоқда.

Ёш ва истиқболли лойиҳачи кадрларни кўпайтиришга етарли эътибор қаратилмаётгани, республикамизнинг ушбу йўналишдаги олий ўқув юртларида уларни тайёрлаш сифатининг талаб даражасида эмаслиги натижасида аксарият лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассисларининг малакаси пастлигича қолмоқда.

Лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг истиқболли ва иқтисодий жиҳатдан самарали инвестиция ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда фаол иштирокини таъминлаш, моддий-техника базаси ва кадрлар таркибини мустаҳкамлаш, шу асосда ишлаб чиқиладиган лойиҳалар сифатини жиддий ошириш мақсадида:


1. Низом жамғармасида давлат улуши камида 51 фоизни ташкил этадиган етакчи лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари рўйхати 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар қайд этилган етакчи лойиҳа-тадқиқот ташкилотларининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда иштирок этиш;

илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда, лойиҳалаштиришнинг замонавий ва илмий жиҳатдан асосланган технологик тартибини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

объектларни автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг, жумладан, қурилишнинг илғор ва янги турдаги қурилиш материалларини қўллашни кўзда тутадиган замонавий технологияларини жорий этиш;

муаллифлар томонидан лойиҳалаштирилган объектлар қурилишининг барча босқичларида сифатли муаллифлик назоратини таъминлаш;

илмий-тадқиқот институтлари ва етакчи олий ўқув юртларини жалб этган ҳолда, юқори технологик услублар ва ускуналарни халқаро стандартлар даражасида қўллашни кўзда тутадиган лойиҳалаштириш жараёнларига замонавий меъёрлар ва стандартларни татбиқ этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган олий ўқув юртлари талабаларининг ўқув-ишлаб чиқариш амалиётини ўташида, ўқитувчиларининг тажриба орттиришида, уларга автоматлаштирилган тарзда лойиҳалаштиришнинг замонавий технологиялари бўйича материаллар ҳамда услубларни тақдим этиш борасида кўмаклашиш.


2. Ўзбекистон Республикасида Лойиҳалаш ишларини такомиллаштиришга оид комплекс тадбирлар 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига қуйидаги вазифалар юклатилсин:

лойиҳа ишларини мувофиқлаштириш, лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари минтақавий тармоғини кенгайтириш ва унинг ишлари самарадорлигини ошириш;

шаҳарсозлик соҳасида илмий-тадқиқот ишлари буюртмачиси бўлиш, бу мазкур ишларни қурилиш меъёрлари, қоидалари ва стандартларига киритишни, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳасида янги концепцияларни яратишни ҳам ўз ичига олади.


4. 2008 йилнинг 1 майидан етакчи лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари асосий фаолият тури бўйича 3 йил муддатга фойда ва мулк солиғини тўлашдан, шунингдек, давлат улуши бўйича дивидендларни беришдан озод этилсин, бўшаган маблағлар уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда мутахассислар малакасини оширишга мақсадли йўналтирилсин.

Белгилансинки, солиқ солишдан бўшаган маблағлар, шунингдек, давлат улуши бўйича дивидендлар 1-иловага мувофиқ белгиланган тартибда етакчи лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари низом жамғармаларига давлатнинг қўшган ҳиссаси сифатида капиталлаштирилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2008 йил 1 июлгача:

Тошкент архитектура-қурилиш институти, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент кимё-технология институти раҳбарлари ҳамда ихтисослашган кафедралари мудирларини аттестациядан ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда юқорида номлари қайд этилган олий ўқув юртлари, шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида техника йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлайдиган бошқа олий ўқув юртларида ўқув режалари ва дастурларини қайта кўриб чиқсин, бунда саноат, инфратузилма ва фуқаролик объектларини лойиҳалаштириш соҳасида лойиҳалаш ишини ривожлантиришнинг халқаро стандартлари ҳамда йўналишларига мувофиқ тарзда замонавий фикрлайдиган, малакали мутахассислар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонунчиликка мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Н. Ханов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 18-сон, 147-модда.