язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.05.2008 й. ПҚ-853-сон "Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бошқарув ходимлари сонини янада мақбуллаштириш ҳамда қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

01.05.2008 й.

N ПҚ-853



ДАВЛАТ ВА ХЎЖАЛИК БОШҚАРУВИ

ОРГАНЛАРИНИНГ БОШҚАРУВ ХОДИМЛАРИ

СОНИНИ ЯНАДА МАҚБУЛЛАШТИРИШ ҲАМДА

ҚИСҚАРТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Бошқарув ходимлари сонини мақбуллаштириш, уни бозор иқтисодиёти тамойиллари ва талабларига мувофиқлаштириш, давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 25 январдаги Р-2919-сонли фармойиши билан ташкил этилган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тузилмасини такомиллаштириш ҳамда бошқарув ходимлари сонини қисқартириш бўйича Республика комиссиясининг:

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари ўринбосарлари лавозимларининг сонини 1-иловага* мувофиқ қисқартириш тўғрисидаги;

2008 йилнинг 1 июлидан бошлаб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларга бўйсунувчи корхона ва ташкилотлар бошқарув ходимларининг чекланган сонини 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ белгилаш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари:

ўн кун муддатда ходимлар сонини қисқартириш бўйича комиссия ташкил этсин, бошқарув ва ёрдамчи ходимларнинг қисқартириладиган лавозимлари рўйхатини аниқласин ҳамда қисқартиришга тушган шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хабардор қилсин;

2008 йилнинг 15 июлигача бўлган муддатда ходимлар сонини қисқартириш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига ахборот тақдим этилишини таъминласин;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда унинг жойлардаги органлари билан биргаликда ишдан бўшатиладиган ходимларни ишга жойлаштириш чораларини кўрсин ва уларга кўмаклашсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси комплексларининг раҳбарлари:

мазкур Қарорда белгиланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари бошқарув ходимлари сонини қисқартириш ҳамда бўшайдиган ходимларни ишга жойлаштириш устидан қатъий назорат ўрнатсин;

бир ой муддатда мутасадди вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ушбу Қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари тузилмасини қайта кўриб чиқсин ва зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритсин.


4. Белгилансинки, бошқарув ходимлари сони қисқартирилиши муносабати билан бўшайдиган маблағлар тўлиқ ҳажмда давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг юқори малакали ходимлари иш ҳақини оширишга йўналтирилади.


5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бюджет ташкилотларининг штат жадвали ва харажатлари сметасини мазкур Қарорда белгиланган бошқарув ходимларининг чекланган сонига ҳамда ёрдамчи ходимлар сонининг ҳисоблаб чиқилган нормативларига қатъий мувофиқ равишда рўйхатдан ўтказсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси билан биргаликда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бошқарув аппарати бошқарув ходимларининг белгилаб қўйилган чекланган сонига ҳамда хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлар сони нисбатининг ҳисоблаб чиқилган нормативларига риоя қилиниши устидан доимий мониторинг олиб борсин. Мониторинг натижалари тўғрисида ҳар йили 25 январгача ва ҳар чоракда ҳисобот давридан кейинги ойнинг 20 санасигача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсин.


6. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.