Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 22.12.2000 й. 32-сон "Транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишлар юзасидан суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2000 й.

N 32



ТРАНСПОРТ ҲАРАКАТИ ЁКИ УНДАН

ФОЙДАЛАНИШ ХАВФСИЗЛИГИГА ҚАРШИ

ЖИНОЯТЛАРГА ОИД ИШЛАР ЮЗАСИДАН

СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Судлар транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларга оид ишларни кўришда қонунларни асоcан тўғри татбиқ этмоқдалар.

Шу билан бир қаторда Пленум, судлар ушбу тоифадаги ишларни кўришда айрим камчиликларга ҳам йўл қўяётганликларини қайд қилади. Чунончи, иш ҳолатини тўлиқ текширмаслик оқибатида содир этилган қилмишни нотўғри тавсифлаш, қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мос келмайдиган енгил ёки жазони енгиллаштирувчи ҳолатларга лозим даражада эътибор берилмасдан оғир жазо тайинлаш ҳоллари учрамоқда.

Шунингдек судлар, баъзан жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарар, ёки жабрланувчининг даъволаниши учун кетган харажатларни ундириш билан боғлиқ бўлган фуқаровий даъвони ҳал қилишда ҳам хатоликларга йўл қўймоқдалар.

Камчиликларни бартараф қилиш ва қонунларнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши жиноятларни кўриш сифатини яхшилаш, суд амалиётини вақти-вақти билан ўрганиш ва умумлаштиришлар ўтказиб бориш, ушбу тоифадаги жиноят  ишларининг алоҳида хусусиятларини биладиган малакали суд таркибида кўрилиши, жиноятларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф қилишнинг етарли таъсир чорасини кучайтириш зарурлигига судларнинг эътибори қаратилсин.


2. Транспорт воситалари ҳаракати  ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик Жиноят кодексининг 260-269-моддалари диспозициясида кўрсатилган. Ушбу моддаларда назарда тутилган "Транспорт воситалари"га автомобиллар, тракторларнинг барча турлари, ўзиюрар машиналар, трамвай, тролллейбуслар, шунингдек мотоцикллар ва бошқа механик транспорт воситалари, ички ёнар двигателининг ишчи ҳажми 50 куб.см ва ундан ортиқ бўлган транспорт воситалари киради.

"Ўзиюрар транспорт воситалари" - деганда, йўл қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа ишлар учун мўлжалланган махсус машиналар (экскаваторлар, грейдерлар, автокранлар, скреперлар, автопогрузчиклар) тушунилади. Бошқа механик транспорт воситалари тушунчасини белгилашда "Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари"га асосланмоқ лозим бўлади.


3. Жиноят кодексининг 266-моддасининг субъекти, йўл транспорт ҳодисаси содир қилинган вақтда 16 ёшга тўлган, ақли расо, транспорт воситасини бошқарган шахс бўлиши мумкин. Бунинг учун унинг транспорт воситасини ўзбошимчалик билан ёки рухсатли бошқарганлиги, транспорт воситасининг эгаси бўлиш-бўлмаслиги, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномаси бор-йўқлиги аҳамиятсиздир.

Вояга етмаган шахс томонидан йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида етказилган зарар масаласини ҳал қилишда, судлар, Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 993-994-моддалари талабларига амал қилишлари шарт.


4. Жиноят кодексининг 260-263, 266, 268-269-моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг муқаррар аломати, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши натижасида баданга ўта оғир ёки оғир шикаст етказилиши, одамларнинг ҳалок бўлиши, ҳолакатлар юз бериши ёхуд бошқа оғир оқибатларнинг келиб чиқишидир.

"Одамлар ўлими" деганда, содир бўлган транспорт ҳодисаси оқибатида икки ёки ундан ортиқ одамларнинг ҳалок бўлиши;

"ҳалокат" деганда, шундай ҳодиса туфайли атроф-муҳитга, инсонларнинг соғлиғи ва ҳаёти учун хавфли бўлган жиддий зиён етказилиши, инсонларнинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлган темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортларининг, шунингдек кўпчиликни ташишга мўлжалланган жамоат транспортлари (автобус, троллейбус ва шу сингарилар)нинг авария бўлиши;

"бошқа оғир оқибатлар" деганда эса, йўл транспорт ҳодисаси натижасида одам ўлиши билан биргаликда яна бир қанча кишиларнинг оғир тан жароҳатлари олишлари, поезд, кема ёки самолётлар ҳаракати  тизимининг узоқ муддатга издан чиқиши, ташиладиган юкларга жуда кўп миқдорда зиён етказилиши, атрофдаги уй-жой ва бошқа иншоотларнинг бузилиши (портлаши, ёниб кетиши, вайрон бўлиши) билан боғлиқ жуда кўп миқдорда зиён етказилиши каби ҳолатлар тушунилади. (Шунингдек судлар, ҳар бир аниқ иш ҳолати бўйича алоҳида ёндашиб, муайян вазиятни атрофлича ўрганиб, содир этилган жиноий қилмиш натижасини оғир оқибат сифатида ҳуқуқий баҳолашлари мумкин. Бунда теран мулоҳаза ва кенг мушоҳадага таяниб иш кўрмоқ зарур).


5. Айбдорнинг транспорт ҳаракати ёки ундан фойдаланиш хавфсизлигига қарши қаратилган жиноий ҳаракатлари натижасида ЖКнинг айни бир моддасининг турли қисмларида назарда тутилган жиноят аломатлари юз берган бўлса, қилмиш ЖКнинг 33-моддаси талаби асосида шу модданинг оғирроқ жазо белгиланган қисми билан квалификация қилинади.

Шу билан биргаликда, ушбу жиноятлар қонунда кўрсатилган оқибатлар келиб чиқиши билан тамомланган деб ҳисобланиши назарда тутилиб, турли вақтда содир этилган йўл транспорт ҳодисалари алоҳида-алоҳида квалификация қилиниши лозим.


6. Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб транспорт ҳодисаси рўй беришига сабабчи бўлган шахснинг қилмиши шу ҳодиса туфайли ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган жабрланувчига ёрдам кўрсатмаслиги, жиноятлар мажмуи тариқасида қўшимча равишда ЖК 117-моддасининг тегишли қисми билан ҳам квалификация қилинишини талаб этади.

Тушунтирилсинки, шахс йўл-транспорт ҳодисаси рўй беришида транспорт воситалари ҳаракати  ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузмаган ҳолда ҳам жабрланувчининг ҳаётини хавф остида қолдириб, ҳайдовчилик мажбуриятини бажармасдан ҳодиса рўй берган жойдан кетиб қолиши ёки ҳаёти хавф остида қолган, ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсга ҳодиса жойида ҳозир бўлган бошқа одамлар ёрдам бериши мумкин деб ўйлаб, жабрланувчига ёрдам бермасдан кетиб қолиши, уни ЖКнинг 117-моддасида назарда тутилган жазодан озод қилиш учун асос бўлмайди.

Башарти, йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериши оқибатида жабрланувчининг ҳаёти учун хавфли бўлмаган соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил тан жароҳати етказилса ёки жабрланувчининг ўлими бевосита йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган вақтда юз берганлиги аниқ кўриниб турган бўлса, ёхуд шахснинг жабрланувчига ёрдам бериши шарт бўлса-да, бироқ, унинг ўзининг ҳаёти ёки соғлиғи учун ҳам яққол хавф туғилган бўлса, яъни, ёрдам бериш имкониятига мутлақо эга бўлмаса, ЖКнинг 117-моддаси татбиқ этилмайди.


7. Тергов органлари шахсни ЖКнинг 266-моддаси билан ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов хулосасида, суд эса, ҳукмда, айнан "Йўлларда ҳаракатланиш Қоидалари"нинг қайси бандлари бузилганлигини кўрсатиш билан чегараланмасдан, балки бундай қоида бузишлар нималардан (техник жиҳатдан носоз транспорт воситаларини бошқариш, тезликни оширишдан) иборат эканлигини кўрсатишлари зарур.

Агарда, айблов мазмуни айбни оғирлаштирувчи томонга жиддий ўзгарадиган бўлса, ЖПКнинг 419-моддаси талабига кўра, ишни қўшимча терговга юбормай туриб, айбдорга тергов органи томонидан эътироф этилмаган "Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари"нинг бузилиши ҳақидаги айбни, мазкур Қоидаларнинг ундан фарқ қиладиган бошқа бандлари билан алмаштиришга йўл қўйилмаслигини судлар назарда тутсинлар.

Бундан ташқари, судлар яна шунга эътиборларини қаратсинларки, бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган шахсга транспорт воситаларини бошқаришнинг топширилиши оқибатида содир бўлган ЖКнинг 266-моддаси бўйича жиноят ишини кўришда автотранспорт эгасининг жавобгарликка тортилмай қолиши ҳолати рўй бермаслиги мақсадида, суриштирув ва дастлабки тергов органи томонидан бундай шахсга нисбатан маъмурий иш материаллари тўпланиб, тегишли тартибда судга юборилган-юборилмаганлигига ҳам масъулият билан ёндашиб, муносабат билдиришлари лозим.


8. Шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятини ҳарбий транспорт воситаларида йўлларда ҳаркатланиш қоидаларини бузиш жиноятидан фарқламоқ лозим. Ҳарбий транспорт воситалари ёки махсус ўзиюрар жанговар  машиналарни бошқариш ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳарбий хизматчилар томонидан содир этилган тақдирда, қилмиш ЖКнинг 298-моддаси билан квалификация қилиниши лозим. Агар, ҳарбий хизматчи ҳарбийлаштирилмаган транспорт воситасида йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этса ёки фуқаро ҳарбийлаштирилган машинада йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузиш оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир этса, бу қилмиш ЖКнинг 266-моддаси билан квалификация қилиниши лозим бўлади.


9. Тушунтирилсинки, транспорт воситаларидан фойдаланиш учун масъул шахснинг маст ҳолатдаги ёхуд гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир этувчи бошқа моддалар таъсири остида бўлган шахсни билгани ҳолда темирйўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль ёки бошқа транспорт воситасини бошқаришга йўл қўйиши натижасида ЖКнинг 260, 266-моддасида назарда тутилган оқибатлар рўй берган бўлса, ЖКнинг 261-моддаси билан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигига масъул шахслар, шунингдек мулкчилик шаклидан қатъи назар, давлат ёки жамоат ташкилотларига қарашли транспорт воситаларининг ҳайдовчилари, шахсий транспорт воситаларининг эгалари ва ҳайдовчилари ҳам жавобгар бўлишлари мумкин. Транспорт ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигига масъул шахс деганда, автокорхона, хўжалик раҳбарлари, раислари, муҳандислар, механиклар, навбатчи механиклар, навбатчи врачларни тушуниш керак. Бевосита транспорт воситасини бошқарган шахс шу кодекснинг 260, 266-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилади.

ЖКнинг 260-моддасида кўзда тутилган темирйўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг бошқарувчиси деганда, фаолияти транспортнинг хавфсиз ҳаракатланишини ташкиллаштириш билан боғлиқ ходимлар (масалан, ҳаво транспортида ташкилотнинг ҳаракат хизмати, ҳаво ҳаракатини бошқариш маркази, ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати, катта диспетчер ва диспетчерлари, аэропорт штурмани, катта штурмани, учиш раҳбари) ва унинг ҳаракати  ёки фойдаланиши билан боғлиқ ходимлар (учувчи капитан, штурман, машинист ва унинг ёрдамчиси, механик ва унинг ёрдамчиси, радиооператор, радист, шкипер ва ҳоказо) тушунилади.

Хизмат юзасидан қарам бўлган шахс маст ҳолдаги масъул бошлиқларга транспорт воситаларини бошқаришга рухсат бериши жиноий жавобгарликдан озод этмайди. Буни суд жазо тайинлашда эътиборга олиши мумкин. Ушбу жиноятнинг субъекти шахсий транспорт воситаларининг эгалари, шунингдек корхона ва ташкилотларнинг транспорт воситалари ҳайдовчилари бўлиши мумкин.

Башарти, транспорт воситаси учун масъул шахс хизмат вазифасини бажариш вақтида ёки давлат автомобиль назорати ходимлари ва уларнинг бошлиқлари ҳайдовчини транспорт воситасини бошқаришдан четлатган бўлса, бундай ҳолатда ЖКнинг 261-моддаси билан жавобгар қилиниши мумкин эмас.


10. Эътиборда тутилсинки, ЖКнинг 268-моддасида кўрсатилган жиноятнинг субъекти - пиёда йўловчилар, от-улов, велосипед ҳайдовчилари, аравача, чана ёки болалар кажавасини тортиб кетаётган ҳамда ногиронларнинг юргизгичсиз кажавасида ҳаракатланаётган шахслар йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчилари, ЖКнинг 261-263, 265 ёки 266-моддасида назарда тутилган шахслардан ташқари, ҳаракат қатнашчилари бўлиши мумкин. Жиноятнинг объектив томони шу моддада кўрсатилган жиноий оқибатларнинг келиб чиқиши ҳисобланади.

Агарда, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бир неча транспорт воситасининг ҳайдовчилари ёки йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчилари жиноий ҳаракатларининг бир-бирига боғлиқлиги оқибатида юз берган бўлса, у ҳолда уларнинг ҳаммаси ЖКнинг тегишли моддалари билан жавобгар бўлишлари лозим.


11. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, таъмирлаш ишларини бажараётган транспорт воситаларини техник жиҳатдан ва улардан фойдаланишга масъул шахсларнинг темирйўл, денгиз, дарё, ҳаво, автомобиль ёки бошқа транспорт воситасини, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналарини сифатсиз таъмирлаш, шунингдек транспорт воситасининг техник ҳолати жиҳатидан бузуқлигини била туриб, уни фойдаланишга чиқариши натижасида ЖКнинг 260, 266-моддаларида назарда тутилган оқибатлар юз берган тақдирда, мулкчилик шаклидан қатъи назар, таъмирлаш ишларини бажараётган ёки транспорт воситаларини таъмирлаш ёхуд ундан фойдаланишга масъул шахсни ЖКнинг 262-моддаси билан жавобгариликка тортиш учун асос бўлади. Бунда техника воситалари, алоқа йўллари, сигнализация, алоқа воситалари ёки бошқа транспорт ускуналари учун масъул шахс, ушбу техник носозликни аниқ билган бўлиши шарт.


12. Судлар транспорт воситалари ҳаракати  ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятларини транспорт воситаси билан ишлашда техника хавфсизлиги ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларининг бузилиши натижасида рўй берган жиноятлардан фарқламоқлари лозим.

Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жинояти деганда, қилмишнинг йўлларда, кўчаларда, темирйўлларни кесиб ўтиш жойларида, бевосита ҳаракатда бўлган транспорт воситасида содир этилиши тушунилади. Агар транспорт воситалари билан ишлаб чиқариш жараёнида, юкларни ортиш-туширишда, транспорт воситаларини таъмирлашда, қурилиш, қишлоқ хўжалик ва бошқа ишларни бажаришда техника хавфсизлиги ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиши натижасида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилган, одам ўлиши ёки бошқача оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган бўлса, шахснинг қилмиши ЖКнинг 257-моддаси билан квалификация қилиниши, агар ҳаракат шахснинг ҳаёти, соғлиғига ёки мулкига қарши қаратилган бўлса, тегишлича, шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига, ўзганинг мулкига қарши қаратилган жиноятлар сифатида квалификация қилиниши лозим.


13. Тушунтирилсинки, судлар ишни кўриш жараёнида иш ҳолати ҳақида ҳар хил маълумотлар мавжуд бўлса, экспертнинг ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида хулосасини олиши зарур. Агар, суд муҳокамаси жараёнида адвокат эксперт хулосасини тақдим қилса, тақим этилган хулосаларни ишда мавжуд хулоса билан биргаликда муҳокама қилиш лозим. Суднинг ҳукмида ишда тўпланган барча далиллар муҳокама қилиниб, қайси бир далилнинг ишончга сазовор бўлганлиги асослантирилган ҳолда қайд қилиниши лозим.

Суд тергови жараёнида тайинланган экспертизани муқаддам терговда хулоса берган эксперт ёки суд ташаббуси билан тайинланган бошқа эксперт ёхуд экспертлар биргаликда ўтказишлари мумкин. Бу ҳақда суд ажрим чиқаради. Экспертлар ўз олдиларига қўйилган саволларга фақат ваколатлари доирасида жавоб берадилар. Судлар эксперт олдига судланувчининг айби бор-йўқлигига ҳуқуқий баҳо бериш мазмунидаги саволлар қўйиши мумкин эмас.

Судлар ЖК 266-моддаси билан жиноят ишларини кўришда шуни эътиборга олишлари лозимки, экпертнинг ҳайдовчи йўл-транспорт ҳодисасининг рўй беришида йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш имконияти бўлмаган, деган хулосаси (урилиш, тўқнашиш, босиб кетиш кабилар), агар бундай ҳодиса ҳайдовчининг ўзи томонидан хавфли ҳолат юз бергунга қадар "Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари"нинг бузилиши натижасида рўй берган бўлса (мастлик ҳолати, тезликни ошириш, носоз транспорт воситасини бошқариш каби), рўй берган транспорт ҳодисаси билан "Йўлларда ҳаракатланиш қоидалари"нинг бузилиши ўртасида сабабий боғланиш бор деган хулосага келинса, жиноий ёки маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида тўпланган холисона далиллар йиғиндисига асосан баҳоланмоғи лозим (шахснинг ҳаракати билан юз берган оқибат ўртасидаги сабабий боғланиш масалаларига, суд, ишда тўпланган далиллар ҳамда йўл-транспорт экспертизаси хулосалари билан биргаликда ҳуқуқий баҳо бериши, бунда эксперт хулосаси ишдаги мавжуд бошқа далиллар билан тенг равишда баҳоланмоғи лозим).


14. Судлар йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ишларни кўриб, айбдорга нисбатан жазо тури ва миқдорини белгилашда инсонпарварлик, одиллик тамойилларидан келиб чиқиб, ҳар бир иш бўйича алоҳида ёндашув тўғрисидаги қонун талабига қатъий риоя қилишлари, ҳар доим ҳам содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари ўртасидаги сабабий боғланиш, ҳодиса содир бўлгандан кейин шахснинг хулқи, жабрланувчига нисбатан ҳаракати (шахснинг йўл-транспорт ҳодисаси рўй берганидан кейин, жабрланувчига медицина ёрдами кўрсатиш учун қилган ҳаракати, тез даволаниши учун моддий-маънавий ёрдам берганлиги, фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаганлиги, шунингдек жабрланувчи вафот этган тақдирда, дафн маросимларига, жабрланувчининг оила аъзоларига ёрдам кўрсатганлиги) ва бошқа жазони енгиллаштирувчи-оғирлаштирувчи ҳолатларга алоҳида эътибор беришлари шарт.


15. Жиноят кодексининг 260, 262, 265-моддаларида назарда тутилган жиноят ишларини кўришда, судлар судланувчига нисбатан қўшимча жазо чораси сифатида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум  қилиш ёки маҳрум қилмаслик масаласини муҳокама қилишлари лозим.

Жиноят кодексининг 261, 266-моддаси 2, 3-қисмлари санкциясида айбдорни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш мажбурийлиги белгиланган. Судлар, судланувчининг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқи бўлган-бўлмаганлигидан қатъи назар, мазкур қўшимча жазо масаласини муҳокама қилишлари, бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахсга ҳам муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини қўллашлари лозим, токи у, суд томонидан тайинланган муддат давомида бундай ҳуқуқни олишдан маҳрум бўлсин. Бироқ, судланувчининг ҳаракатида ЖКнинг 57-моддасида белгиланган ҳолатлар мавжуд бўлса (масалан: судланувчининг асосий касби ҳайдовчилик бўлиб, бошқа мутахассисликка эга эмаслиги), суд ҳукмининг тавсиф қисмида тегишли асослар келтириб, қўшимча жазо чорасини қўлламаслиги мумкин. Гарчанд, шахс жиноят содир қилгунга қадар ёки тергов вақтида маъмурий тартибда ёки суд ҳукми билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса-да, суд жиноят ишини кўришда қўшимча жазо чораси сифатида айбдорни муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш масаласини муҳокама этиши лозим.


16. Судларнинг эътибори транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлигига доир ишларни кўришда, жиноий ҳаракатлар оқибатида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш, мулкнинг қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, дахлсизлигини таъминлашда давлат ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш муҳим аҳамият касб этишига қаратилсин.

Судлар ҳар бир иш юзасидан ҳукм чиқаришда, жиноий ҳаракат оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича киритилган фуқаровий даъвони ҳал этишлари, агарда бундай даъво келтирилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 11 сентябрдаги "Жиноий ҳаракатлар оқибатида етказилган моддий зарарни қоплаш масаласига доир суд амалиёти тўғрисида"ги 21-сонли қарорида белгиланган талабларга мувофиқ ҳамда ЖПКнинг 275, 276-моддалари асосида ўз ташаббусига кўра етказилган зарарни ундириш ҳақида қарор чиқариш масаласини ҳал қилишлари лозимдир. Суд муҳокамасини қолдирмай туриб, даъво ҳажмини аниқлаш имконияти бўлмаган ва зарар миқдори жиноятнинг квалификациясига, судланувчига тайинланадиган жазо миқдорига ҳамда ҳукм чиқаришда юзага келадиган бошқа масалаларни ҳал этишга таъсири бўлмаган, алоҳида ҳолларда, суд, ҳаракатдаги қонунлар талабига кўра, фуқаровий даъвонинг фуқаровий суд ишларини юритиш тартибида даъво миқдорини ҳал этиш учун талаб келтириш ҳуқуқини эътироф этиши мумкин.


17. Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида жабрланувчига етказилган моддий зарарни қоплаш масаласини ҳал қилишда, судлар, жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда қопланиши лозимлиги ҳақидаги Фуқаролик кодексининг 985-моддаси талабларидан келиб чиқишлари керак.


18. Биргаликдаги жиноий ҳаракатлар натижасида зарар етказилган бўлса, барча шахслар етказилган зарарни қоплашда солидар тартибда жавобгар бўлишлари лозим. Фуқаролик кодексининг 1000-моддасига биноан, жабрланувчининг аризасига кўра ва унинг манфаатларини кўзлаб, агар бу тартиб зарар қопланишини таъминласа, суд биргаликда зарар етказган шахслар зиммасига солидар эмас, балки ҳиссали жавобгарликни юклашга ҳақли. Бундай ҳолатда, қандай тартибда зарарни қоплаш усули ҳукмда кўрсатилиши керак.


19. Йўл-транспорт ҳодисаси фаолияти теварак-атрофдагиларга ошиқча хавф туғдирадиган давлат ёки мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошқа ташкилотларга тегишли транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан содир этилган бўлса, зарарни қоплаш масаласини ҳал қилишда, судлар, етказилган зарарни бевосита жиноят содир этган шахсдан эмас, балки ўша ташкилотдан ундиришлари лозим.

Шу билан бирга, суд юридик шахсларга ФКнинг 1001-моддасига асосан, корхонага зарар етказган шахсдан зарар миқдорини қайта талаб қилиш (регресс) ҳуқуқига эга эканликларини тушунтиришлари лозим.


20. Судлар транспорт воситаси ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш натижасида жабрланувчининг шифохонада даволанган вақти ва унга даволаниш учун сарф қилинган ҳаражатларни қоплаш масаласини ҳал қилишда, ЖПКнинг 275, 276-моддалари ҳамда Фуқаролик қонун нормаларига асосланишлари лозим. Шу билан биргаликда, жабрланувчига қанча миқдорда сарф-харажат қилинганлигини аниқлаш ва келтирилган зарарни шу даволаш муассасаларига ишда тўпланган далилларга (экспертиза хулосалари, далолатнома, маълумотнома ва бошқа асосли ҳужжатлар) асосланган ҳолда ундириш чораларини кўриши лозим.


21. Мазкур қарорнинг қабул қилиниши муносабати билан собиқ СССР Олий суди Пленумининг шу йўналишдаги барча қарорлари қўлланилиши тўхтатилсин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1990 йил 14 декабрдаги "Автотранспорт жиноятлари тўғрисидаги ишлар юзасидан суд практикаси ҳақида"ги 5-9-90-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг Раиси                                                    У.Қ. Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий судининг судьяси                                                 Х.М. Ҳасанов


















































Время: 0.1888
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск