язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.07.2008 й. ПҚ-910-сон "Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.07.2008 й.

N ПҚ-910


БОЛАЛАР МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБЛАРИНИНГ

МОДДИЙ-ТЕХНИК БАЗАСИНИ МУСТАҲКАМЛАШ

ВА УЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ЯХШИЛАШ

БЎЙИЧА 2009-2014 ЙИЛЛАРГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА*


Униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг истеъдодини ҳар томонлама камол топтириш ва маданий савиясини юксалтириш, ёшларимизнинг миллий ва жаҳон мусиқалари, тасвирий санъатининг юксак намуналаридан кенг баҳраманд бўлиши учун зарур шароитлар яратиш, бошланғич мусиқий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантириш ҳамда замонавий моддий-техник базасини шакллантириш, уларни мусиқий маданият ва санъат соҳасидаги юқори малакали педагог кадрлар ва мутахассислар билан таъминлаш мақсадида:


1.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

бошланғич мусиқий таълимни ташкил этиш ва унинг ривожланишини таъминлаш, ушбу йўналиш бўйича мутахассислар ҳамда педагогларнинг маҳорати ва малака даражасини ошириш;

болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим тизимини такомиллаштириш, ўсиб келаётган ёш авлоднинг маданий савиясини юксалтириш, улар орасида истеъдодларни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларнинг миллий ва жаҳон санъатининг юксак намуналаридан кенг баҳраманд бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

Р. Глиэр номидаги ва В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларининг моддий-техник ҳамда умумтаълим ўқув базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашни, уларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилишини таъминлаш.

Р. Глиэр номидаги ва В. Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейларининг касбий йўналишига оид фаолиятини ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш вазифаси Ўзбекистон давлат консерваторияси зиммасига юкланиши белгилаб қўйилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 январдаги Ф-2908-сонли фармойишига биноан тузилган Республика комиссияси томонидан ишлаб чиқилган Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури деб юритилади) тасдиқлансин:

2009-2014 йилларда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолиятини янада яхшилаш тадбирлари 1-иловага* мувофиқ;

2009-2014 йилларда янгитдан қуриладиган ҳамда капитал реконструкция қилинадиган болалар мусиқа ва санъат мактабларининг асосий параметрлари 2 ва 3-иловаларга* мувофиқ.

Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан болалар мусиқа таълими соҳасидаги мутахассис ва педагогларни жалб этган ҳолда, болалар мусиқа ва санъат мактабларининг 1-типи учун 200 ўқувчига ва 2-типи учун 150 ўқувчига мўлжалланган иккита намунавий лойиҳа ишлаб чиқилгани маълумот учун қабул қилинсин.

Болалар мусиқа ва санъат мактабларини капитал реконструкция қилиш Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси ва Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган 1-ва 2-типдаги намунавий лойиҳаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилиши лозимлиги белгилаб қўйилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

ушбу қарорга биноан тасдиқланган Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирлар белгиланган муддатларда самарали ва сифатли бажарилишини таъминласин;

ҳар йили Инвестиция дастури лойиҳасини ва қурилишларнинг манзилли рўйхатларини шакллантиришида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг аниқ сони ва рўйхатини кўрсатган ҳолда, уларнинг янгиларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш, зарур асбоблар, ускуналар ва инвентарлар билан жиҳозлаш бўйича ишларни молиялаштириш ҳажмларини белгиласин;

2009-2010 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳаси ва Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Р. Глиэр номидаги ва В. Успенский номидаги академик лицейларни кенгайтириш ва реконструкция қилиш учун зарур бюджет маблағлари, шунингдек, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун маблағларни назарда тутсин.


4. Болалар мусиқа ва санъат мактабларини янгитдан қуриш учун майдонларни танлашда тасдиқланган норматив ва параметрларга мувофиқ уларнинг, қоида тариқасида, албатта республика туман ва шаҳарларининг турар-жой массивларида жойлаштирилиши ҳисобга олинсин.


5. Қуйидагилар белгилансин:

болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш бўйича буюртмачи вазифаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг жойлардаги тузилмалари зиммасига юклатилади;

маҳаллий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда тасдиқланган намунавий лойиҳалар ва лойиҳага тегишли қарорлардан ҳар қандай четга чиқишларга фақат бош лойиҳа институти билан келишилган ва Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси томонидан тасдиқланган тақдирдагина йўл қўйилади;

янгитдан қурилган ҳамда капитал реконструкция қилинган болалар мусиқа ва санъат мактаблари объектларини фойдаланишга қабул қилиш 4-иловага* мувофиқ таркибдаги Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган сифат стандартлари ва намунавий лойиҳаларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади;

болалар мусиқа ва санъат мактабларининг самарали фоалият кўрсатиши, уларнинг ҳар томонлама тўлиқ ишлашини таъминлаш ҳамда малакали педагог кадрлар билан тўлдириш масъулияти Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги зиммасига юклатилади.

6. Қуйидагилар:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, намунавий лойиҳаларга асосланмаган ҳамда тасдиқланган қурилиш нормалари ва стандартларига мос келмайдиган янги болалар мусиқа ва санъат мактаблари қуриш ва уларни капитал реконструкция қилиш;

янгитдан қуриладиган ва капитал реконструкция қилинадиган болалар мусиқа ва санъат мактабларида тиклаш ишларини амалга оширишда 2 ва 3-иловаларда кўрсатилган параметрларга қаттиқ риоя қилинсин ва уларни бир тоифадан бошқа тоифага ўтказиш қатъиян тақиқлансин.


7. Ўзбекистон Республикаси “Давархитектқурилиш” қўмитаси Халқ таълими вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси билан биргаликда:

болалар мусиқа ва санъат мактабларини қуриш ва капитал реконструкция қилиш учун тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича ишларни батамом тугатиб топшириш шарти билан танлов пудрат тендер савдоларини ўтказиш ўз вақтида ва аниқ ташкил қилинишини таъминласин;

буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги шартнома мажбуриятлари бажарилиши устидан, жумладан, тасдиқланган намунавий лойиҳаларга, қурилиш нормалари ва қоидаларига мувофиқ бажарилган лойиҳа ва қурилиш ишларининг сифатига қатъий риоя этилиши устидан қаттиқ мониторинг ўрнатсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, “Давархитектқурилиш” қўмитаси раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига:

болалар мусиқа ва санъат мактаблари объектларини қуриш ҳамда капитал реконструкция қилиш манзилли дастурига киритилган объектлар бўйича танлов пудрат тендер савдолари ўз вақтида ўтказилиши;

болалар мусиқа ва санъат мактаблари объектларидаги қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда намунавий лойиҳаларга, шунингдек, тасдиқланган қурилиш норма ва қоидаларига қатъий риоя этилиши бўйича шахсий масъулият юклансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган Давлат дастурига киритилган болалар мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантириш ва моддий-техник базасини яхшилаш, шу жумладан, уларни жиҳозлаш учун имтиёзли шартлар асосидаги хорижий кредитлар ва грантларни жалб этиш борасидаги ишларни фаоллаштирсин.


10. Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича Давлат дастури доирасида болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун олиб келинадиган мусиқа асбоблари ва махсус ускуналар 2015 йил 1 январгача бўлган муддатда божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно).

11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 7 январдаги Ф-2908-сонли фармойиши асосида тузилган Республика комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлигининг тақдимномасига биноан янгитдан қуриладиган ҳамда капитал реконструкция қилинадиган болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳар йили тасдиқланадиган манзилли рўйхатига тасдиқланган умумий параметрлар доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

13. Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев):

болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастурининг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг олиб борсин;

ҳар йили ярим йил ва календарь йили якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида тасдиқланган Давлат дастурини амалга ошириш натижаларини муҳокама қилиб борсин.


14. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                           И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 28-сон, 267-модда.