язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар/ Ўзбекистон Республикасининг 02.07.1992 й. 625-XII-сон "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.07.1992 й.

N 625-XII



БИРЖАЛАР ВА БИРЖА ФАОЛИЯТИ

ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади биржаларни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.



2-модда. Биржалар ва биржа фаолияти

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Ушбу Қонун валюта биржасига нисбатан татбиқ этилмайди.



3-модда. Биржа тушунчаси


Биржа  юридик шахс бўлиб, олдиндан тайинланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида оммавий ва ошкора биржа савдоларини ташкил этиш ва ўтказиш орқали биржа товарлари савдоси учун шарт-шароит яратади.



4-модда. Биржа фаолияти


Биржа фаолияти  биржа савдоларини ташкил этиш ҳамда талаб ва таклифнинг ҳақиқий нисбатини аниқлаш асосида биржа товарларининг нархларини чиқариш орқали биржа товарларининг бозорини яратишга қаратилган ҳаракатлар йиғиндисидан иборат.



5-модда. Биржа фаолиятини лицензиялаш


Биржалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли лицензия олганидан кейин биржа фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.


6-модда. Биржа фаолиятининг давлат

томонидан тартибга солиниши


Биржалар фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Биржалар ёки уларнинг аъзолари томонидан биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги талаб билан ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар киритишга ҳақлидир.

Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органларнинг ушбу Қонун 14 ва 15-моддалари талабларининг бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини биржалар томонидан бажарилмаган тақдирда, биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар биржа лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туришга ёки биржа лицензиясининг амал қилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб туриш ёхуд унинг амал қилишини тугатиш тўғрисида судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органларнинг қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларини бажармаганлик учун, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно, биржаларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.

Биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича судларга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинадилар.



7-модда. Биржа фаолиятининг асосий принциплари


Биржа фаолиятининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

биржа савдоларини ошкора ва оммавий тарзда ўтказиш;

биржа савдоларида нархларнинг эркин шаклланиши;

биржа битимларини тузишнинг ихтиёрийлиги;

биржа барча аъзоларининг биржа савдоларида иштирок этиши учун шарт-шароитнинг тенглиги.



8-модда. Биржа товари


Белгиланган тартибда биржа савдоларига чиқарилган муайян тур ва сифатдаги товар, шу жумладан товарга доир стандарт контракт биржа товари ҳисобланади.

Ер, ер ости бойликлари, сувлар, бошқа табиий ресурслар, маданий мерос ва интеллектуал мулк объектлари, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролик муомаласидан чиқарилган мол-мулк биржа товари бўлиши мумкин эмас.



9-модда. Биржа листинги


Биржа листинги деганда биржа товарларини биржа ахборотномасига киритган ҳолда биржа савдоларига қўйиш тартиботи тушунилади.

Биржа листингини ўтказиш тартиби биржа савдоси қоидалари билан белгиланади.


10-модда. Брокерлик ўрни


Брокерлик ўрни биржа томонидан юридик шахсларга, қоида тариқасида, пулли асосда бериладиган, биржа битимларида ва биржа фаолиятида ушбу Қонунга мувофиқ иштирок этиш ҳуқуқи. Биржа акциядорига брокерлик ўрни уни сотиш ҳуқуқисиз берилиши мумкин.

Брокерлик ўрнининг эгаси фақат битта шахс бўлиши мумкин.

Брокерлик ўрни иккиламчи ижарага берилиши мумкин эмас.

Биржанинг ўзи сотадиган брокерлик ўрнининг бошланғич нархини биржанинг ижро этувчи органи белгилайди.

Брокерлик ўрнининг қиймати биржанинг устав фондига киритилиши мумкин эмас.



11-модда. Биржанинг ташкилий-ҳуқуқий шакли


Биржалар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклларда тузилиши мумкин.

Биржа устав фондининг миқдори биржа рўйхатга олинган санадаги ҳолатга кўра қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг ўн минг баравари миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Биржанинг фирма номи “биржа” сўзини ўз ичига олган бўлиши керак.



12-модда. Биржа устави


Биржа ўз фаолиятини муассислари тасдиқлайдиган устав асосида амалга оширади.

Биржа уставида қуйидагилар белгиланган бўлиши керак:

биржанинг номи ва унинг тури;

биржанинг жойлашган ери (почта манзили);

биржа фаолиятининг соҳаси ва мақсадлари;

устав фондининг миқдори, муассислар томонидан фондга улушлар киритишнинг тартиби ва муддатлари;

даромадни тақсимлаш ва эҳтимол тутилган зарарларни қоплаш тартиби;

биржа муассислари ва аъзоларининг мулкий жавобгарлиги;

биржанинг бошқарув органлари, уларни ташкил этиш тартиби ва уларнинг ваколатлари;

биржа савдоси қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби;

биржа аъзолигига қабул қилиш, аъзоликни тўхтатиб туриш ва бекор қилиш тартиби, биржа аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

биржани қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Уставда қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.



13-модда. Биржанинг ҳуқуқлари


Биржа:

нарх белгилаш, ҳакамлик, листинг, назорат ва бошқа биржа комиссияларини тузишга;

агар биржа битимларининг нархи кун давомида биржа томонидан белгиланган қийматдан ҳам ортиқроқ ўзгариб кетса, биржа савдосини тўхтатишга;

биржа томонидан кўрсатиладиган хизматлар учун тўланадиган ҳақ миқдорини белгилашга;

биржа савдоси қоидаларини бузганлик учун жарималар ҳамда пенялар белгилаш ва ундиришга;

биржа ахборотномалари, маълумотномалари ҳамда бошқа ахборот ва реклама нашрларини чиқаришга ҳақлидир.

Қонун ҳужжатларига, биржа устави ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ биржа бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



14-модда. Биржанинг мажбуриятлари


Биржа:

биржа савдоси қоидаларини белгилашга;

биржа ахборотномасига киритилган биржа товарлари савдосини ташкил этишга;

биржа товарларига бўлган талаб ва таклифнинг нисбати асосида уларнинг нархини чиқариб туришга;

мунтазам равишда (ҳафтасига камида бир марта) оммавий ахборот воситаларида биржа товарлари нархини эълон қилишга, биржа аъзоларини ҳар бир биржа савдосининг якунлари тўғрисида хабардор қилишга мажбур.

Қонун ҳужжатларига, биржа устави ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ биржанинг бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.



15-модда. Биржаларни ташкил этиш ва уларнинг

фаолияти соҳасидаги чеклашлар


Биржа ишлаб чиқариш, савдо, савдо-воситачилик фаолиятини бевосита амалга ошириши, шунингдек бошқа юридик шахсларнинг муассиси (акциядори) бўлиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари биржа муассиси (акциядори) бўла олмайдилар, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Биржа ходимларига брокерлик ўринларини сотиб олиш, шунингдек хизмат ахборотидан хизмат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.

Биржада:

биржа ахборотномасига киритилмаган товарларни биржа савдоларида сотишга;

биржа савдолари иштирокчиларининг биржадаги жорий нархлар ўзгариши ёки қатъий қилиб қўйилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай келишилган хатти-ҳаракатлар содир этишига;

бозор конъюнктурасини сунъий равишда ўзгартиришга сабабчи бўлиши мумкин бўлган ёлғон маълумотларни тарқатишга;

биржа аъзолари ўртасида тузилган биржа битимларини биржа савдоларини ўтказмасдан туриб рўйхатга олишга йўл қўйилмайди.



16-модда. Биржа аъзолари


Биржа томонидан белгиланган тартибда шу биржадаги брокерлик ўрнини сотиб олган ёки олган юридик шахслар биржа аъзолари ҳисобланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек биржа ходимлари биржа аъзоси бўлиши мумкин эмас.



17-модда. Биржа аъзоларининг ҳуқуқлари


Биржа аъзолари:

биржа савдоларида иштирок этиш ва биржа битимларини тузиш;

биржа аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этиш;

биржа комиссияларини сайлаш ва уларга сайланиш;

биржа савдоси қоидаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

биржа хизматларидан фойдаланиш ва ушбу Қонунга мувофиқ брокерлик ўрнини тасарруф этиш ҳуқуқига эгадир.

Қонун ҳужжатларига, биржа устави ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ биржа аъзолари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



18-модда. Биржа аъзоларининг мажбуриятлари


Биржа аъзолари:

биржа савдоси қоидаларига риоя этишга;

биржа ахборотномасига киритилган биржа товарлари савдосини амалга оширишга;

биржа ахборотномасига киритилган товарлар бўйича биржадан ташқари бозорда олди-сотди шартномаларини тузмасликка;

мижозлар талабига биноан уларга брокерлик ўрнини сотиб олиш санаси ва унинг тартиб рақами тўғрисидаги ахборотни тақдим этишга;

мижозга унинг манфаатларини кўзлаб тузилган битимлар, шунингдек унинг топшириқлари бажарилиши билан боғлиқ тўлиқ ахборотни ўз вақтида тақдим этишга;

мижоз билан шартнома тузилаётганда уни биржа савдоси қоидалари ва ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатиш шартлари билан таништиришга;

мижоз ҳисобидан тузилган биржа битимларининг алоҳида ҳисобини юритишга мажбур.

Қонун ҳужжатларига, биржа устави ва биржа савдоси қоидаларига мувофиқ биржа аъзоларининг бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.



19-модда. Биржа аъзоларининг умумий йиғилиши


Биржа аъзоларининг умумий йиғилиши биржа ижро этувчи органининг ташаббуси билан йилига камида бир марта йиғилади.

Биржа аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши, агар уни чақириш тўғрисидаги талаб брокерлик ўринлари умумий сонининг камида ўн фоизига эга бўлган биржа аъзолари томонидан ёзма равишда билдирилган бўлса, чақирилиши мумкин.

Биржа аъзоларининг умумий йиғилиши:

биржа савдоси қоидаларини ва биржа комиссияларининг таркибини келишиб олиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

биржа фаолиятини такомиллаштириш ва биржа савдолари самарадорлигини ошириш масалалари юзасидан таклифлар тайёрлайди ва уларни биржанинг бошқарув органларига киритади;

биржа уставига биноан бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.

Биржа аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш ва йиғилиш томонидан қарорларни қабул қилиш тартиби биржа аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланади.



20-модда. Биржа савдолари


Биржа савдолари  биржа томонидан, биржа савдоси қоидаларига мувофиқ ташкил этиладиган биржа товарининг савдоси.

Биржа савдолари биржада марказлаштирилган тарзда ва ушбу савдоларда биржанинг барча аъзоларига бир вақтда иштирок этиш имконияти берилган ҳолда ўтказилади.



21-модда. Биржа савдоси қоидалари


Биржа савдоси қоидаларида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

биржада амалга ошириладиган биржа битимларининг турлари;

биржа битимлари иштирокчиларининг таркиби ва уларга қўйиладиган талаблар йиғиндиси;

биржа савдоларини, биржа битимларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини рўйхатга олиш ҳамда уларни расмийлаштириш тартиби;

биржа товарлари нархини чиқариш тартиби;

товарларни биржа савдоларига қўйишга ижозат бериш тартиби (листинг);

биржа битимлари иштирокчилари ўртасидаги ҳисоб-китоблар тартиби;

биржа савдосида муомалада бўладиган стандарт контрактлар тавсифи;

агар савдо майдончалари ёки бўлинмалари биржа томонидан ташкил этилган бўлса, уларнинг рўйхати ва номлари;

биржа савдоларини ўтказиш тартиби;

биржа аъзоларига ахборот хизмати кўрсатиш тартиби;

биржадаги нархни шакллантириш жараёни устидан назорат қилиш тартиби;

биржада низоларни ҳал этиш тартиби;

биржа аъзолари ва ходимларининг биржа савдоси қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги тўғрисидаги қоидалар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар.

Биржа савдоси қоидаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш тартиби биржа уставида белгиланади.


22-модда. Биржа битими


Биржа томонидан рўйхатга олинган биржа товари хусусида биржа савдосининг биржада қайд этилган натижаси бўйича тузилган олди-сотди шартномаси биржа битими ҳисобланади.

Биржада рўйхатга олинган битимлар нотариал тасдиқланмайди, қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Биржа битимлари биржа номидан ва ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмас.


23-модда. Биржа битимларининг турлари


Биржада биржа товарлари олди-сотди битимлари, шу жумладан:

реал товарни ўзгага топшириш ёки етказиб бериш ёхуд товарга мулк ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни ўзгага топшириш билан боғлиқ битимлар;

форвард битимлар  реал товарни етказиб бериш муддати кечиктирилган ҳолдаги олди-сотди битимлари;

фьючерс битимлари  товарларга доир стандарт контрактларнинг олди-сотди битимлари (уларни келгусида ижро этиш мажбуриятини олган ҳолда);

опцион битимлар  товарларни ёки товарлар етказиб бериш контрактларини белгиланган нарх бўйича келгусида сотиб олиш ёки сотиш ҳуқуқларига доир олди-сотди битимлари тузилиши мумкин.

Биржа ушбу модда биринчи қисмининг учинчи  бешинчи хатбошиларида назарда тутилган, тузилган битимларнинг ижросини кафолатлаши шарт.

Биржа битимининг мазмуни (товарнинг номи, миқдори, нархи, битим тузилган сана ва вақт ҳамда уни тузган биржа аъзоларининг номи бундан мустасно) ошкор қилиниши мумкин эмас. Биржа битимининг мазмунига доир маълумот судларга, қўзғатилган жиноят иши мавжуд бўлган тақдирда эса суриштирув ва тергов органларига тақдим этилади.

Биржа битимининг мазмуни ҳақидаги жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган ахборот қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.


24-модда. Биржа битимларининг иштирокчилари


Биржа аъзолари биржа битимларининг иштирокчилари ҳисобланадилар. Биржа аъзолари (брокерлар) мижозларнинг топшириғига биноан, шунингдек ўз номларидан ва ўз ҳисобларидан (дилерлар) битимлар тузишлари мумкин.

Биржа аъзолари ўртасидаги биржа битимлари биржа савдоларининг натижаларига кўра тузилади.


25-модда. Ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатиш


Биржанинг ёки бошқа ташкилотларнинг:

биржа аъзолари ва улар мижозларининг мажбуриятларини белгилаш, аниқлаштириш ва ҳисобга олиш, улар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш;

битимлар ижросининг молиявий кафолатларини таъминлаш;

биржа аъзолари ва улар мижозларининг мажбуриятларини ҳисобга олиш, битим бўйича ўзаро ҳисоб-китобларни ва тўловларни, шу жумладан битимни амалга оширишда иштирок этган тарафларга воситачилик ҳақини тўлаш бўйича фаолияти ҳисоб-китоб-клиринг хизмати кўрсатиш деб эътироф этилади.


26-модда. Низоларни ҳал қилиш


Биржа, унинг аъзолари ва мижозлари, биржалар фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар ўртасида юзага келадиган низолар суд томонидан ҳал қилинади.

Биржа аъзолари, биржа савдоларининг иштирокчилари ва уларнинг мижозлари ўртасида биржа савдоси қоидаларида назарда тутилган масалалар юзасидан келиб чиқадиган низолар биржанинг ҳакамлик комиссияси ёки суд томонидан ҳал қилинади. Низоларни кўриб чиқиш учун ҳакамлик комиссияси томонидан йиғим ундириш тақиқланади.


27-модда. Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


“Халқ сўзи”, 2001 йил 27 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 2001 йил, 9-10-сон, 171-модда


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2001 йил, 18-сон, 128-модда.