язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қимматли қоғозлар бозори/ Ўзбекистон Республикасининг 22.07.2008 й. ЎРҚ-163-сон "Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири) (Қонунчилик палатаси томонидан 13.02.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.06.2008 й. маъқулланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.07.2008 й.

N ЎРҚ-163



ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 13 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 27 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва қўлланиш соҳаси


Ушбу Қонуннинг мақсади қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун қуйидаги қимматли қоғозларга нисбатан амал қилади: акциялар, облигациялар, ғазна мажбуриятлари, депозит сертификатлари, қимматли қоғозлар ҳосилалари ва векселлар.



2-модда. Қимматли қоғозлар бозори

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


акция - ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган эгасининг номи ёзилган эмиссиявий қимматли қоғоз;


ахборотни ошкор қилиш - қимматли қоғозлар бозорида манфаатдор шахсларнинг ахборотни олиш мақсадидан қатъи назар, ахборотдан унинг топилиши ва олинишини кафолатлайдиган шаклларда фойдаланишини таъминлаш;


вексель - вексель берувчининг ёки векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг векселда назарда тутилган муддат келганда вексель эгасига муайян суммани тўлашга доир шартсиз мажбуриятини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;


давлат қимматли қоғозлари - Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколат берган орган томонидан чиқарилган облигациялар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг облигациялари;


депо ҳисобварағи - депонентнинг қимматли қоғозларини сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун мўлжалланган депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар йиғиндиси;


депо ҳисобварағидан кўчирма - депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган, депозитарий томонидан бериладиган ҳужжат;


депозитар операциялар - ҳисобга олиш регистрларида депозитарийлар томонидан депозитар операциялар стандартларига мувофиқ бажариладиган операциялар;


депозит сертификати - банкка қўйилган омонат суммасини ва омонатчининг (сертификат сақловчининг) омонат суммасини ҳамда сертификатда шартлашилган фоизларни сертификатни берган банкдан ёки шу банкнинг исталган филиалидан белгиланган муддат тугаганидан кейин олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ноэмиссиявий қимматли қоғоз;


депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрлари - депозитарийда қимматли қоғозларни сақлаш ва қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш бўйича депозитар операциялар стандартлари билан белгиланган ёзувлар тизими;


депонент - депозитарийда депо ҳисобварағига эга бўлган шахс;


инвестиция активлари - қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва қонун ҳужжатларига мувофиқ инвестиция активлари деб эътироф этиладиган бошқа мол-мулк;


инвестор - қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан олувчи юридик ёки жисмоний шахс;


корпоратив облигациялар - акциядорлик жамиятлари ва ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тижорат банклари томонидан чиқариладиган облигациялар;

ноэмиссиявий қимматли қоғозлар - ушбу Қонунга мувофиқ эмиссиявий қимматли қоғозлар тушунчасига оид бўлмаган қимматли қоғозлар;


облигация - облигацияни сақловчининг облигациянинг номинал қийматини ёки бошқа мулкий эквивалентини облигацияни чиқарган шахсдан облигацияда назарда тутилган муддатда олишга, облигациянинг номинал қийматидан қайд этилган фоизни олишга бўлган ҳуқуқини ёхуд бошқа мулкий ҳуқуқларини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз;

фонд биржаси - очиқ ва ошкора биржа савдоларини олдиндан белгиланган вақтда ва белгиланган жойда ўрнатилган қоидалар асосида ташкил этиш ҳамда ўтказиш орқали фақат қимматли қоғозлар савдоси учун шароитлар яратувчи юридик шахс;


эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозлар - мулкий ҳуқуқларнинг реализация қилиниши ўз эгасининг рўйхатдан ўтказилишини талаб этадиган қимматли қоғозлар;


эмиссиявий қимматли қоғозлар - битта чиқарилиши доирасида бир хил белгилар ва реквизитларга эга бўлган, мазкур чиқарилиш учун ягона шартлар асосида жойлаштириладиган ҳамда муомалада бўладиган қимматли қоғозлар;


Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестри - рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг рўйхати;


эмитент - эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида мажбуриятлари бўлган юридик шахс;


эмитентнинг опциони - эмитентнинг муайян миқдордаги қимматли қоғозларини опционда кўрсатилган муддатда қатъий белгиланган нархда сотиб олиш ҳуқуқини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз;


Ўзбекистон Республикасининг ғазна мажбуриятлари - эмиссиявий қимматли қоғозлар эгалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига пул маблағлари киритганликларини тасдиқловчи ва бу қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати мобайнида қатъий белгиланган даромад олиш ҳуқуқини берувчи эмиссиявий қимматли қоғозлар;


қимматли қоғозлар - ҳужжатлар бўлиб, улар бу ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайди, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутади. Қимматли қоғозларнинг қиймати Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида ифодаланади;


қимматли қоғозлар бозори - юридик ва жисмоний шахсларнинг қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ муносабатлари тизими;


қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари - қимматли қоғозлар эмитентлари, қимматли қоғозларнинг эгалари, инвесторлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда биржалар;


қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси - қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мижози (мижоз) - депонент ёки қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахс;


қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият - қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи билан боғлиқ хизматлар кўрсатиш бўйича лицензияланадиган фаолият тури;


қимматли қоғозларга доир битимлар - қимматли қоғозлар олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, мерос қилиб олиш, уларни устав фондига киритиш ва қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа актлар, шунингдек қимматли қоғозлар гарови;


қимматли қоғозларга доир фьючерс - ўзида назарда тутилган муддатда муайян миқдордаги қимматли қоғозларни қатъий белгиланган нархда сотиб олиш ёки сотиш мажбуриятини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз;


қимматли қоғозларни жойлаштириш - қимматли қоғозларни уларнинг дастлабки эгаларига бериш;

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси - депозитарийларда депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларни сақлаш, бундай қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва эмиссиявий қимматли қоғозлар ҳаракати ягона тизимини таъминловчи давлат депозитарийси;


қимматли қоғозларнинг муомаласи - қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган, қимматли қоғозларнинг эгаси алмашувига олиб келадиган бошқа ҳаракатлар;


қимматли қоғозларни номинал сақловчи - қимматли қоғозлар эгаларининг реестрида рўйхатдан ўтказилган, қимматли қоғозларнинг эгаси бўлмаган ҳолда бошқа шахснинг (қимматли қоғозлар эгасининг ёки у вакил қилган шахснинг) топшириғига биноан қимматли қоғозларни сақлаш, ҳисобга олиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни тасдиқлашни амалга оширувчи депозитарий;


қимматли қоғозларни чиқариш - юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларининг объекти сифатида қимматли қоғозлар пайдо бўлишига қаратилган ҳаракатлари;


қимматли қоғозлар эгаси - қимматли қоғозлар ўзига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида тегишли бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


қимматли қоғозлар эгалари реестри - рўйхатдан ўтказилган қимматли қоғозлар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган, уларга қарашли эгасининг номи ёзилган қимматли қоғозларнинг номи, миқдори, номинал қиймати ва тоифаси, шунингдек реестрда рўйхатдан ўтказилган шахсларга ахборотни юбориш имкониятини берадиган маълумотлар кўрсатилган рўйхати;


қимматли қоғозлар эмиссияси - эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш;


қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи - эмитент ва у чиқарадиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек инвесторнинг қимматли қоғозлар олиш тўғрисидаги қарорига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бошқа ахборотни акс эттирувчи ҳужжат;


қимматли қоғозларнинг ҳосилалари - ўз эгаларининг бошқа қимматли қоғозларга нисбатан ҳуқуқларини ёки мажбуриятларини тасдиқловчи ва юридик шахслар томонидан эмитентнинг опционлари, қимматли қоғозларга доир фьючерслар ва бошқа молиявий воситалар тарзида чиқариладиган қимматли қоғозлар.



2-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ЧИҚАРИШ


4-модда. Қимматли қоғозларнинг

чиқарилиш шакли


Қимматли қоғозлар чиқарилиш шаклига кўра бланкалар тарзида ҳужжатли ва депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар тарзида ҳужжатсиз бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозларнинг чиқарилиш шакли қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланади.

Акциялар ҳужжатсиз шаклда чиқарилади.

Облигациялар юридик ва (ёки) жисмоний шахслар учун чиқарилади.


5-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларни

чиқариш тўғрисидаги қарор


Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили);

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор тасдиқланган сана;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорни тасдиқлаган эмитент бошқарув органининг номи;

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номи ва уларнинг чиқарилиш шакли;

эмиссиявий қимматли қоғозлар эгасининг ҳуқуқлари;

эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари;

чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозларнинг сони;

илгари жойлаштирилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг сони;

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидалар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор қонун ҳужжатларига ва эмитентнинг уставига мувофиқ эмитент бошқарув органи томонидан тасдиқланади.

Эмитентнинг мажбуриятлари бажарилишини гаров, банк кафолати ёки қонунда назарда тутилган бошқа усуллар билан қўшимча таъминланадиган облигацияларни чиқариш тўғрисидаги қарорда қўшимча таъминот берган шахс тўғрисидаги ва таъминот шартлари ҳақидаги маълумотлар ҳам кўрсатилиши керак. Бу ҳолда облигацияларни чиқариш тўғрисидаги қарор қўшимча таъминот берган шахс томонидан ҳам имзоланиши керак.

Давлат ташкилоти акциядорлик жамияти этиб ўзгартирилаётганда Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган акцияларнинг эмиссия рисоласи акцияларни чиқариш тўғрисидаги қарордир.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорнинг бир нусхаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида қолади, бир нусхаси эмитентга берилади ва бир нусхаси эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган ҳолда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига топширилади.

Рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқариш тўғрисидаги қарорга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек мазкур қарорни ўз кучини йўқотган деб топиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


6-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг

чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан эмитентнинг аризаси асосида амалга оширилади. Эмитентнинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарор;

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи;

бланка намунаси (ҳужжатли шаклдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилган тақдирда);

рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланадиган бошқа ҳужжатлар.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатлар олинган санадан эътиборан ўттиз кун ичида давлат рўйхатидан ўтказиши ёки эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисида асослантирилган қарор қабул қилиши шарт.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилаётганида эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир нусхасида эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилади ва эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишига берилган рўйхатдан ўтказилганлик рақами кўрсатилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этиладиган ҳужжатларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик эмитент зиммасида бўлади.



7-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг

чиқарилишини давлат рўйхатидан

ўтказишни рад этиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг ҳамда улардаги маълумотларнинг қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги;

эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш тартибига эмитент томонидан риоя этилмаганлиги;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган йиғимларнинг тўланмаганлиги;

эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқаришни амалга ошираётган юридик шахсда уларни чиқариш ҳуқуқининг йўқлиги.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


8-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг

чиқарилишини давлат рўйхатидан

ўтказганлик учун йиғим

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказишда эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қийматининг 0,01 фоизи миқдорида республика бюджетига йиғим тўлайди.

Илгари рўйхатдан ўтказилган чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозларнинг номинал қиймати оширилган тақдирда, эмитент мазкур чиқарилишдаги эмиссиявий қимматли қоғозлар номинал қиймати ошган суммасининг 0,01 фоизи миқдорида республика бюджетига йиғим тўлайди.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун йиғим қуйидаги ҳолларда олинмайди:

акциялар Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган эмиссия рисоласи асосида чиқарилган тақдирда;

илгари рўйхатдан ўтказилган эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишига ўзгартишлар киритилган тақдирда;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган ҳолларда.



9-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозлар

чиқарилишларининг ягона давлат реестри


Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрида қимматли қоғозларнинг номи, сони ва эмитенти тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборот бўлиши лозим.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


10-модда. Эмиссиявий қимматли қоғозлар

чиқарилишини тўхтатиб туриш, эмиссиявий

қимматли қоғозлар чиқарилишини амалга

ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш


Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши:

эмиссия жараёнида қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари эмитент томонидан бузилганлиги аниқланганда, шунингдек эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилиши ҳақида эълон қилинган ахборотда нотўғри маълумотлар аниқланган тақдирда улар бартараф этилгунига қадар тўхтатиб турилади;

уларнинг чиқарилишини тўхтатиб туришга олиб келган қоидабузарликлар эмитент томонидан бартараф этилмаган, шунингдек чиқариш тўғрисидаги қарорда белгиланган муддатда мазкур чиқарилишдаги қимматли қоғозларнинг 60 фоиздан кам қисми жойлаштирилган тақдирда амалга ошмаган деб топилади, мазкур чиқарилишдаги қимматли қоғозларнинг камида 30 фоизи қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида жойлаштирилган ҳоллар бундан мустасно;

суднинг тегишли қарори мавжуд бўлган тақдирда ҳақиқий эмас деб топилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, мазкур чиқарилишнинг барча қимматли қоғозлари муомаладан олиниши лозим, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини жойлаштиришдан эмитент олган маблағлар эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эгаларига қайтарилиши керак.

Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш ва маблағларни эгаларига қайтариш билан боғлиқ чиқимларнинг ўрни эмитент ҳисобидан қопланади.


11-модда. Давлат қимматли қоғозларини чиқариш


Давлат қимматли қоғозларини чиқариш эмиссия рисоласисиз ва давлат қимматли қоғозларининг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Давлат қимматли қоғозлари қисқа муддатли (бир йилгача муддатга), ўртача муддатли (бир йилдан беш йилгача муддатга) ва узоқ муддатли (беш йил ва ундан ортиқ муддатга) этиб чиқарилиши мумкин.


12-модда. Депозит сертификатларини

ва векселларни чиқариш


Депозит сертификатларини чиқариш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Векселларни чиқариш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



3-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ ВА УЛАРНИНГ МУОМАЛАСИ


13-модда. Қимматли қоғозларни жойлаштириш

ва уларнинг муомаласи шартлари


Қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштириш ва уларнинг муомаласига, агар қонунда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, улар давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейингина йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган қимматли қоғозларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритиш квоталари ва тартибини белгилайди.



14-модда. Қимматли қоғозларни жойлаштириш


Эмитентлар қимматли қоғозларни мустақил равишда, шунингдек банклар ва инвестиция воситачилари орқали жойлаштириш ҳуқуқига эга.

Қимматли қоғозларни жойлаштириш қуйидаги турларда амалга оширилиши мумкин:

қимматли қоғозларни хусусий йўсинда жойлаштириш (олдиндан маълум бўлган, сони чекланган инвесторлар орасида ёпиқ обуна қилиш, оммавий эълон бермаган ва реклама кампанияси ўтказмаган ҳолда);

қимматли қоғозларни оммавий жойлаштириш (сони чекланмаган инвесторлар орасида рекламадан фойдаланган ҳолда очиқ обуна қилиш).

Ушбу модданинг иккинчи қисмида санаб ўтилган ҳолларнинг ҳар бири учун қимматли қоғозлар чиқарилишининг энг кам ёки энг кўп ҳажми қонун ҳужжатларида белгиланади.

Акцияларнинг очиқ обунаси қимматли қоғозларнинг фақат биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозоридагина ўтказилади.

Банклар ва инвестиция воситачилари эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишининг жойлаштирилмаган қисмини сотиб олиш мажбуриятини олмаган ҳолда эмиссиявий қимматли қоғозларни эмитент номидан сотиш тўғрисида эмитентлар билан шартномалар тузиши мумкин.

Жойлаштирилаётган қимматли қоғозларнинг сони эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган қимматли қоғозлар сонидан ортиқ бўлмаслиги керак.

Эмитент эмиссиявий қимматли қоғозларнинг ҳақиқатда жойлаштирилган сонини уларнинг чиқарилиши якунлари тўғрисидаги ёзма билдиришномада кўрсатади. Эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши якунлари тўғрисидаги билдиришномани тақдим этиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

Эмитент чиқарилаётган эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришни эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан бир йил ичида тугаллаши шарт.

Эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштириш эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги хабар эълон қилинганидан кейин камида икки ҳафта ўтгач, амалга оширилади.

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарувчи эмитент, шунингдек у билан шартномага кўра эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштиришни амалга оширувчи банклар ва инвестиция воситачилари мазкур қимматли қоғозлар олингунига қадар инвесторга қимматли қоғозлар эмиссия рисоласи ва эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш шартлари билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаши шарт.



15-модда. Қимматли қоғозларнинг муомаласи


Қимматли қоғозлар муомаласи қимматли қоғозлар бозорида юридик ва жисмоний шахслар томонидан битимлар тузиш орқали амалга оширилади.

Қимматли қоғозларнинг биржа бозорида ва уюшган биржадан ташқари бозорида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш ҳамда рўйхатдан ўтказиш уларни ёзма равишда (қоғозда) расмийлаштириш заруратисиз, электрон шаклда амалга оширилади. Қимматли қоғозларга доир бошқа битимлар ёзма шаклда амалга оширилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Ташкил этилган бозорларда олди-сотди битимларини тузиш пайтида улар юзасидан ҳисоб-китоб қилиш муддатлари қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчисининг қоидалари билан, бошқа ҳолларда эса олди-сотди шартномалари билан белгиланади. Белгиланган муддатлар бузилган тақдирда, битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.


16-модда. Қимматли қоғозлар

савдосининг ташкилотчилари


Қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари қуйидагилардир:

фонд биржаси, шунингдек қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фонд бўлимларини ташкил этган бошқа биржалар;

қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси;

қимматли қоғозларнинг мулкдори ёки қимматли қоғозларга бўлган мулкий ҳуқуқ эгаси.

Ушбу модданинг:

биринчи қисми иккинчи хатбошисида кўрсатилган қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш қоидаларини белгилайди;

биринчи қисми учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган қимматли қоғозлар савдосининг ташкилотчилари савдони қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этади.

Фонд биржаси, шунингдек қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фонд бўлимларини ташкил этган бошқа биржалар ва қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятни тегишли лицензия асосида амалга оширади.

Фонд биржасининг, шунингдек қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ фонд бўлимларини ташкил этган бошқа биржаларнинг аъзоларини қимматли қоғозлар савдосида иштирок этишга қўйиш уларда инвестиция воситачиси ёки инвестиция активларини ишончли бошқарувчи сифатида қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бўлган тақдирдагина амалга оширилади.



17-модда. Давлат қимматли қоғозларини

жойлаштириш ва уларнинг муомаласи


Давлат қимматли қоғозларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


18-модда. Депозит сертификатларини ва векселларни

жойлаштириш ҳамда уларнинг муомаласи


Депозит сертификатларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Векселларни жойлаштириш ва уларнинг муомаласи қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



4-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

ПРОФЕССИОНАЛ ФАОЛИЯТ


19-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

профессионал фаолиятни амалга ошириш


Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолият қуйидагилар сифатида амалга оширилади:

инвестиция воситачиси (брокери, дилери);

инвестиция маслаҳатчиси;

инвестиция фонди;

инвестиция активларини ишончли бошқарувчи;

депозитарий;

ҳисоб-китоб-клиринг палатаси;

трансфер-агент;

қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси.

Лицензия талабгорига унинг аризасига биноан қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга ошириш учун ёки мазкур фаолият турининг қисмлари учун лицензия берилиши мумкин. Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни бирга қўшиб олиб бориш учун белгиланган чеклашлар ҳисобга олинган ҳолда берилади.

Фақат қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси бўлган камида икки ходимга эга юридик шахслар (инвестиция фонди бундан мустасно) қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари бўлиши мумкин. Қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малака гувоҳномаси уч йил муддатга берилади.

Қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширувчи юридик шахсларнинг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


20-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

профессионал фаолиятни бирга қўшиб

олиб боришга доир чеклашлар


Инвестиция фондининг фаолияти бошқа турдаги фаолият билан бирга қўшиб олиб борилиши мумкин эмас.

Депозитарийнинг профессионал фаолиятини бирга қўшиб олиб борувчи трансфер-агент инвестиция воситачисининг профессионал фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.

Профессионал фаолиятни бирга қўшиб олиб бориш ва қимматли қоғозлар бўйича операцияларни ўтказишга доир қўшимча чекловлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланади.


21-модда. Инвестиция воситачисининг

(брокерининг, дилерининг) фаолияти


Воситачилик ёки топшириқ шартномаси ёхуд мижознинг воситачиси ёки ишончли вакили сифатида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш учун берилган ишончнома асосида иш олиб борувчи юридик шахс брокердир.

Мижозларнинг битимлар тузиш учун брокерга берилган қимматли қоғозлари ва пул маблағлари, шунингдек брокер томонидан шартномалар асосида мижозлар билан тузилган битимлар бўйича олинган қимматли қоғозлар ва пул маблағлари брокер тегишинча Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ва банкда очадиган (очиладиган) алоҳида ҳисобварақда (ҳисобварақларда) туриши керак.

Брокер ўзига мижози томонидан топширилган пул маблағларидан, мижозга унинг топшириқлари кўрсатиб ўтилган пул маблағлари ҳисобидан бажарилишини ёки улар мижознинг талабига биноан қайтарилишини кафолатлаган ҳолда ўз манфаатларини кўзлаб фойдаланишга, агар бу мижоз билан тузилган шартномада назарда тутилган бўлса, ҳақлидир.

Брокерга пул маблағларидан ўз манфаатларини кўзлаб фойдаланиш ҳуқуқини берган мижозларнинг пул маблағлари брокерга бундай ҳуқуқни бермаган мижозларнинг пул маблағлари турган ҳисобварақдан (ҳисобварақлардан) алоҳида бўлган ҳисобварақда (ҳисобварақларда) туриши керак. Брокер ўз пул маблағларини бу ҳисобвараққа (ҳисобварақларга) ўтказишга ҳақли эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пул маблағларини мижозларга қайтариш ва (ёки) мижозларга қарз бериш ҳоллари бундан мустасно.

Брокер ҳар бир мижознинг пул маблағлари ҳисобини юритиши, қимматли қоғозларга доир битимлар ва операцияларни фақат мижознинг топшириғига биноан ва у билан тузилган шартномага мувофиқ амалга ошириши, амалга оширилган битимлар ва операциялар тўғрисида унга ҳисобот бериб бориши шарт.

Қимматли қоғозларни сотиб олиш ва (ёки) сотиш нархини ошкора эълон қилиш орқали ушбу қимматли қоғозларни ўзи эълон қилган нархларда сотиб олиш ва (ёки) сотиш мажбурияти билан ўз номидан ҳамда ўз ҳисобидан қимматли қоғозларга доир олди-сотди битимлари тузувчи юридик шахс дилердир. Дилер қимматли қоғозлар нархидан ташқари уларга доир олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартларини: сотиб олинадиган ва (ёки) сотиладиган қимматли қоғозларнинг энг кам ва энг кўп миқдорини, шунингдек эълон қилинган нархларнинг амалда бўлиш муддатини ошкора эълон қилиш ҳуқуқига эга. Ушбу эълонда қимматли қоғозларга доир олди-сотди шартномасининг бошқа муҳим шартлари кўрсатилмаган тақдирда, дилер ўз мижози таклиф қилган муҳим шартлар асосида шартнома тузиши шарт. Дилер қимматли қоғозлар олди-сотди шартномасини тузишдан бўйин товлаган тақдирда, унга нисбатан шундай шартнома тузишга мажбур қилиш ҳақида ва (ёки) мижозга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш тўғрисида даъво қўзғатилиши мумкин.

Юридик шахсни - инвестиция воситачисини тугатиш фақат қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвестиция воситачиси ўз мижозларига тегишли бўлган қимматли қоғозларни қайтарганлигини ёзма равишда тасдиқлаганидан кейин амалга оширилиши мумкин.


22-модда. Инвестиция маслаҳатчисининг фаолияти


Қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш, уларнинг муомаласи масалалари, қимматли қоғозлар бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил этиш ҳамда истиқболини белгилаш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатувчи, шунингдек қимматли қоғозлар бозори мутахассисларини қайта тайёрлашни амалга оширувчи юридик шахс инвестиция маслаҳатчисидир.


23-модда. Инвестиция фондининг фаолияти


Инвесторларнинг пул маблағларини жалб қилиш ва уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозларга, бошқа инвестиция активларига, шунингдек банклардаги ҳисобварақларга ва омонатларга қўйиш мақсадида акциялар чиқарадиган юридик шахс - акциядорлик жамияти инвестиция фондидир.

Инвестиция фонди юридик шахснинг бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ўзгартирилишга ҳақли эмас. Инвестиция фондини қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга ошириш учун инвестиция фондига берилган лицензиянинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш инвестиция фондининг белгиланган тартибда тугатилишига олиб келади.


24-модда. Инвестиция активларини

ишончли бошқарувчининг фаолияти


Юридик шахснинг - ишончли бошқарувчининг унга эгалик қилиш учун топширилган ва бошқа шахсга тегишли бўлган:

қимматли қоғозларни, шу жумладан, инвестиция активларини бошқариш жараёнида олинадиган қимматли қоғозларни;

қимматли қоғозларга инвестиция қилиш учун мўлжалланган ва инвестиция активларини бошқариш жараёнида олинадиган пул маблағларини шу шахснинг ёки у кўрсатган шахснинг манфаатларини кўзлаб, ўз номидан ишончли бошқарувни белгиланган муддат мобайнида амалга ошириши инвестиция активларини бошқариш бўйича фаолиятдир.


25-модда. Депозитарий фаолияти


Қимматли қоғозларни сақлаш, уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва тасдиқлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс депозитарийдир.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги депозитарийлар тизими Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсини ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида вакиллик ҳисобварақларини очган депозитарийларни ўз ичига олади.

Депозитарийлар тизимида қимматли қоғозлар ҳаракати қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланадиган депозитар операциялар стандартларига мувофиқ амалга оширилади.

Депозитарийлар:

манфаатдор шахсларнинг қимматли қоғозларни депозитарийда сақлаш ва ҳисобга олиш қоидалари билан танишиб чиқишлари имкониятини таъминлаши;

сақлаш учун қабул қилиб олинган қимматли қоғозларнинг бут сақланишини таъминлаши;

ҳар бир депонентга тегишли қимматли қоғозларнинг сони ва номинал қийматини ҳисобга олиб бориши;

қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатилганлиги, шунингдек уларнинг тугатилганлиги фактлари ҳисобини юритиши;

депо ҳисобварақлари ҳолатига ўзгартишлар киритишга асос бўлувчи бирламчи ҳужжатларни ва депозитар операциялар бўйича ҳужжатларни ўз архивида сақлаши;

депо ҳисобварақлари бўйича операцияларни депонентларнинг ёки улар ваколат берган шахсларнинг ёзма топшириқлари асосида амалга ошириши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларини депо ҳисобварағидан тегишли кўчирма бериш орқали тасдиқлаши;

депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозларнинг мавжудлиги ва ҳаракати, уларнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депо ҳисобварағи бўйича операцияларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, монополияга қарши давлат органи, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг қарорлари асосида тугатиши;

ўз фаолиятига тааллуқли маълумотларни қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, давлат солиқ хизмати органининг, монополияга қарши давлат органининг, шунингдек суднинг, суриштирув ва тергов органларининг талабларига биноан қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ва тартибда тақдим этиши;

ўзи етказган зарарларнинг ўрнини суғурта қилиш, махсус фондлар ташкил этиш орқали ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усул билан қоплаш имкониятини назарда тутиши шарт.

Қимматли қоғозларни номинал сақловчи вазифасини бажараётганда депозитарий ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлар билан бир қаторда:

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг талабига биноан қимматли қоғозлар эгаларининг реестрини шакллантириш учун қимматли қоғозларнинг эгалари тўғрисидаги зарур маълумотларни тақдим этиши;

ўзида ҳисобга олиб бориладиган қимматли қоғозлар ва улар эмитентларининг реквизитларига Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан олинган маълумотлар асосида ўзгартишлар киритиши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ депозитарийларнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Депозитарийлар қуйидагиларга ҳақли эмас:

ўзига сақлаш учун топширилган қимматли қоғозлардан фойдаланишга;

ўзи эмиссия қилган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ҳисобини юритишга;

ўз номидан ва ўз ҳисобидан қимматли қоғозларга доир битимлар тузишга, бундан ўзи эмиссия қилган қимматли қоғозларга доир битимлар мустасно.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган ҳоллардан ташқари, шунингдек қуйидагиларга ҳақли эмас:

бошқа юридик ва жисмоний шахсларга молиявий ёрдам кўрсатиш;

бошқа юридик шахсларнинг устав фондида иштирок этиш.

Депозитарий сифатида фаолиятни тугатиш ёки депозитарийни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, оммавий ахборот воситаларида ўн кунлик муддат ичида тегишли ахборот эълон қилинади. Ўз фаолиятини тугатаётган ёки тугатилаётган депозитарийда сақланаётган қимматли қоғозлар ва ҳисобга олиш регистрлари депонентнинг қарорига биноан бир ҳафталик муддат ичида бошқа депозитарийга ўтказилади, бундай қарор мавжуд бўлмаган тақдирда эса депонентлар танлаган депозитарийларга қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган муддатларда кейинчалик ўтказиш учун Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсига ўтказилади.

Депозитарийни тугатиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган тартиб-таомил якунланганлиги ҳақидаги ёзма тасдиғидан кейин амалга оширилади.



26-модда. Ҳисоб-китоб-клиринг

палатасининг фаолияти


Ўзаро мажбуриятларни (қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ахборотни тўплаш, солиштириш, тузатиш ва уларга доир бухгалтерия ҳужжатларини тайёрлаш) аниқлаш ҳамда қимматли қоғозларни етказиб бериш ва улар юзасидан ҳисоб-китоблар бўйича ўзаро мажбуриятларни ҳисобга олиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс ҳисоб-китоб-клиринг палатасидир.

Ҳисоб-китоб-клиринг палаталари ўзаро мажбуриятларни аниқлаш чоғида тайёрланган қимматли қоғозлар, пул маблағлари ва бухгалтерия ҳужжатларини қимматли қоғозлар бозорининг қайси иштирокчилари учун ҳисоб-китоблар амалга оширилаётган бўлса, шу иштирокчилар билан тузилган шартномалар асосида ижро этиш учун қабул қилади.


27-модда. Трансфер-агент фаолияти


Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш тизимига тааллуқли ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва уларни топшириш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс трансфер-агентдир.

Эмитент, шунингдек қимматли қоғозларга доир битимлар тузувчи шахслар трансфер-агентнинг мижозларидир.

Трансфер-агент эмитентга акциядорларнинг умумий йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш юзасидан хизматлар кўрсатишга ҳақлидир.


28-модда. Қимматли қоғозларнинг биржадан

ташқари савдоси ташкилотчиси фаолияти


Инвесторларга воситачиларни жалб этмай туриб савдода иштирок этиш имкониятини берувчи, қимматли қоғозлар савдосини ташкил этиш бўйича фаолиятни буюртмалар қабул қилиш пунктларидан, махсус компьютер савдо тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга оширувчи юридик шахс (ўз қимматли қоғозларини биржадан ташқари савдони ташкил этиш орқали мустақил равишда реализация қилувчи қимматли қоғозлар мулкдори ёки қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқи эгаси бундан мустасно) қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчисидир.

Қимматли қоғозларнинг биржадан ташқари савдоси ташкилотчиси фаолиятини амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.


29-модда. Қимматли қоғозлар бозоридаги

операцияларни ва битимларни ҳисобга олиш


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси қимматли қоғозлар бозорида ўзи амалга ошираётган барча операциялар ва битимлар ҳисобини юритади, уларни ҳисобга олишга доир ҳужжатларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сақланишини таъминлайди.


30-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчиси ва унинг мижози муносабатлари


Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиси ва унинг мижози муносабатлари қонун ҳужжатлари ҳамда шартнома билан тартибга солинади.

Мижозлар ҳисобидан битимлар тузиш мижозлар билан тузилган шартномалар асосида фақат брокерлар ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар томонидан амалга оширилиши мумкин.



5-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


31-модда. Қимматли қоғозларга бўлган

ҳуқуқларни ҳисобга олишни ташкил этиш


Қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олишни депозитарийлар амалга оширади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Депозитарийлар ўз депонентларининг ҳисобварақларида уларнинг Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидаги вакиллик ҳисобварақларида жамлаб ҳисобга олиб бориладиган ҳужжатсиз қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлари ҳисобини юритади, шунингдек ҳужжатли қимматли қоғозларни сақлайди ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олади.



32-модда. Қимматли қоғозларга бўлган

ҳуқуқларнинг олувчига ўтиши


Ҳужжатсиз қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар олувчига унинг депо ҳисобварағига тегишли кирим ёзуви белгиланган тартибда киритилган пайтдан эътиборан ўтади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда депозитарий томонидан бериладиган депо ҳисобварағидан кўчирма билан тасдиқланади.

Эгасининг номи ёзилган ҳужжатли қимматли қоғозга бўлган мулк ҳуқуқи олувчига қимматли қоғоз бланкасига белгиланган тартибда тегишли ёзув киритилган пайтдан эътиборан ўтади.

Қимматли қоғоз билан тасдиқланадиган ҳуқуқлар ушбу қимматли қоғозга бўлган ҳуқуқлар ўтган пайтдан эътиборан олувчига ўтади.



33-модда. Қимматли қоғозлар

марказий депозитарийси


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси давлат унитар корхонаси шаклида ташкил этилади ҳамда фаолиятини хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар ва бошқа тушумлар ҳисобидан амалга оширади.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси хизматлари учун тарифларнинг миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланади.



34-модда. Қимматли қоғозлар марказий

депозитарийсининг мутлақ вазифалари


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ вазифалари қуйидагилардан иборат:

эмиссиявий қимматли қоғозларни ҳисобга қўйиш, давлат эмиссиявий қимматли қоғозлари бундан мустасно;

эмиссиявий ҳужжатсиз қимматли қоғозларни сақлаш, давлат эмиссиявий ҳужжатсиз қимматли қоғозлари бундан мустасно;

марказий рўйхатдан ўтказувчи сифатида акциялар эгаларининг реестрларини ва корпоратив облигациялар эгаларининг реестрларини юритиш;

давлатнинг унга сақлаш учун топширилган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини, шунингдек қимматли қоғозларни бошқариш бўйича давлат ваколат берган шахсларнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини ҳисобга олиш;

депозитарийларнинг вакиллик ҳисобварақларини юритиш;

ўзида сақланаётган биржа савдоси ва биржадан ташқари савдо иштирокчиларининг қимматли қоғозлари савдога қўйилишидан олдин уларнинг мавжудлиги ҳамда ҳақиқийлигини тасдиқлаш;

ўзида сақланаётган қимматли қоғозлар савдода тузилган битимлар бўйича биржа савдоси ва биржадан ташқари савдо иштирокчиларига етказиб берилишини таъминлаш;

эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш, давлат эмиссиявий қимматли қоғозлари бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

Ўзбекистон Республикасининг резидентлари томонидан чиқарилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага киритилган қимматли қоғозларни ҳисобга олиш;

инвестиция фондлари томонидан чиқарилган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш;

Депозитарийлар депонентларининг ягона базасини юритиш;

депозитарийларда депо ҳисобварақлари бўйича эмиссиявий қимматли қоғозлар (давлат эмиссиявий қимматли қоғозлари бундан мустасно) ҳаракати тўғрисидаги ахборотни тўплаш ва тизимлаштириш.


35-модда. Қимматли қоғозлар марказий

депозитарийсининг марказий рўйхатдан ўтказувчи

вазифасини бажаришдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажараётганда қимматли қоғозларнинг номинал сақловчиларидан акциялар эгалари реестрларини ва корпоратив облигациялар эгалари реестрларини шакллантириш учун зарур маълумотларни сўраш ва олиш ҳуқуқига эга.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажараётганда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажараётганда:

акциялар эгаларининг ва корпоратив облигациялар эгаларининг белгиланган санадаги ҳолатга кўра шакллантирилган реестрларини сақлаши;

акциялар эгаларининг ва корпоратив облигациялар эгаларининг реестрларидаги мавжуд ахборотни ушбу Қонунга мувофиқ тақдим этиши;

акциялар эгаларининг ва корпоратив облигациялар эгаларининг реестрларидаги мавжуд ахборотнинг маҳфийлигини таъминлаши шарт.

Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси марказий рўйхатдан ўтказувчи вазифасини бажараётганда қонун ҳужжатларига мувофиқ унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


36-модда. Депонентнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Депонент қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депозитарийда ўз депо ҳисобварағидаги қимматли қоғозларни қонун ҳужжатларида белгиланган доирада ва тартибда тасарруф этиш;

депозитарийга ўз депо ҳисобварағи бўйича операцияларни амалга ошириш юзасидан топшириқлар бериш (учинчи шахслар олдида мажбуриятлар юклатилган қимматли қоғозларни қимматли қоғозларга мажбуриятлар юклатиш тугаганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмасдан ўтказишга доир фармойиш бундан мустасно), сўров киритиш, топшириқлар бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот талаб қилиш;

ўзига тегишли ҳужжатли қимматли қоғозларни сақлаш ҳамда ҳужжатли ва ҳужжатсиз қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳисобга олишни депозитарийга топшириш;

шартнома шартларига мувофиқ ўз депо ҳисобварағининг ҳолати ҳақида кўчирма олиш ва ўз депо ҳисобварағи бўйича депозитарий томонидан ўтказилган операциялар тўғрисида ҳисобот олиш.

Депонент қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Депонент:

ўз ваколатли шахсининг ваколатлари тугатилганлиги ёки ўзгартирилганлиги тўғрисида депозитарийга хабар қилиши;

ўз реквизитларидаги барча ўзгаришлар ҳақида депозитарийга билдириши;

депозитарийнинг ёзма хабарлари тўғрилигини ва тўлиқлигини текшириши ҳамда аниқланган ноаниқликлар ҳақида депозитарийга ўз вақтида билдириши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ депонентнинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



37-модда. Депозитарийларда қимматли

қоғозларнинг бут сақланиши кафолатлари


Депозитарийларда қимматли қоғозларнинг бут сақланиши қимматли қоғозларни сақлашга доир талабларга жавоб берадиган сақлаш жойларида ҳамда ҳисобга олиш регистрларини депозитар операциялар стандартларига мувофиқ юритиш орқали таъминланади. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида сақланаётган ва ҳисобга олинаётган қимматли қоғозларнинг бут сақланиши Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг маълумотлар ахборот банкида такрорий сақлаб туриш тизими орқали, техник тизимда узилишлар юз берганда ва кутилмаган вазиятлар юзага келган тақдирда, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси маълумотлар банкини тезкор тиклаш орқали ҳам таъминланади.

Қимматли қоғозларнинг депозитарийларда бут сақланиши кафолатларини таъминлаш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


6-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

АХБОРОТНИ ОШКОР ҚИЛИШ


38-модда. Қимматли қоғозлар бозорида ахборотни

ошкор қилиш тўғрисидаги умумий қоидалар


Қимматли қоғозлар бозорида ахборот очиқ ва ошкорадир, қонунда белгиланган ҳолларда ошкор қилинадиган маҳфий ахборот бундан мустасно.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи, қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари, шу жумладан, микрофирмалар ва кичик корхоналар ахборотни:

оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш;

ҳисоботлар, маълумотлар ва бошқа ахборот тақдим этиш орқали ошкор қилади.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси, эмитент, фонд биржаси ушбу Қонунда назарда тутилган ахборотни инвесторларга ва қимматли қоғозларнинг эгаларига қоғозда тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлардан ошмайдиган миқдорда ҳақ олиши мумкин.


39-модда. Эмитентнинг ахборотни ошкор қилиши


Эмитент, давлат қимматли қоғозлари эмитенти бундан мустасно, ахборотни:

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласида;

эмитентнинг йилнинг ҳар чорагидаги ва йиллик ҳисоботида;

эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар тўғрисидаги хабарларда ошкор қилади.

Қимматли қоғозлар эмиссия рисоласида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар (бундан буён матнда рўйхатдан ўтказувчи орган деб юритилади), давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

охирги уч йилдаги ёки, агар эмитент фаолиятни уч йилдан камроқ муддат мобайнида амалга ошираётган бўлса, ҳар бир тугалланган йил учун бухгалтерия баланслари ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботлар;

фаолиятнинг асосий йўналишлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот (хизмат) турлари;

мустақил рейтинг баҳоси, агар унинг шундай баҳоси бўлса, тегишли изоҳлари билан;

эмитентнинг кузатув кенгаши ва ижроия органи таркибига кирувчи шахслар рўйхати, эмитент акцияларининг уларга тегишли миқдори (устав фондидаги улушлари миқдори);

эмитент филиаллари ва ваколатхоналарининг, шўъба ва тобе жамиятларининг жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолдаги рўйхати;

эмитент аффилланган шахсларининг уларга тегишли акциялар миқдори ва типлари кўрсатилган рўйхати;

ходимларнинг охирги уч йилдаги ўртача йиллик сони;

охирги уч йилда муомалага чиқарилган қимматли қоғозлар, уларнинг чиқарилиш ҳажми ва мақсади, улар бўйича ҳисобланган ва эмитент томонидан тўланган дивидендлар (фоизлар) тўғрисидаги маълумотлар;

охирги уч йилда эмитентга нисбатан қўлланилган санкциялар ва эмитент судда жавобгар ёки даъвогар сифатида иштирок этаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар;

қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги қарорга мувофиқ қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш шартлари.

Эмитентнинг ҳар чораклик ҳисоботида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, рўйхатдан ўтказувчи орган, давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

тегишли чорак юзасидан бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот.

Эмитентнинг йиллик ҳисоботида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

эмитентнинг тўлиқ ва қисқартирилган номи, унинг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, рўйхатдан ўтказувчи орган, давлат статистикаси ва солиқ хизмати органлари томонидан берилган рўйхатдан ўтказиш ва идентификация рақамлари;

ўтган йилдаги хўжалик фаолияти натижалари ҳақидаги ахборот;

мансабдор шахсларнинг шахсий таркибидаги ўзгаришларнинг асослари;

тегишли йил юзасидан бухгалтерия баланси ва молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот;

аудиторлик ташкилоти хулосасининг нусхаси;

қўшимча чиқарилган қимматли қоғозлар ҳақидаги асосий маълумотлар;

ҳисобот йилида эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар.

Эмитентнинг фаолиятидаги муҳим фактлар қуйидагилардир:

эмитентнинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарганлиги;

эмитент фаолиятининг қайта ташкил этилганлиги, тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги;

эмитентнинг олий бошқарув органи томонидан қабул қилинган қарорлар;

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларнинг ўзгарганлиги;

мансабдор шахслар шахсий таркибидаги ўзгаришлар;

эмитентнинг филиаллари ва ваколатхоналари, шўъба ва тобе жамиятлари рўйхатидаги ўзгаришлар;

эмитентнинг мол-мулки, банк ҳисобварақлари хатланганлиги, эмитентга нисбатан унинг активлари қийматининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда даъво қўзғатилганлиги;

эмитент устав фондининг ёки асосий ва айланма маблағлари суммасининг 50 фоизидан ортиқ миқдорда кредит олинганлиги;

активларнинг қиймати бир марта 10 фоиздан ортиқроқ миқдорда кўпайганлиги ёки камайганлиги;

миқдори ёки мол-мулкининг қиймати битим тузилган санадаги ҳолатга кўра эмитент активларининг 10 фоизидан ортиғини ташкил этадиган эмитентнинг бир марталик битимлари;

эмитент томонидан йирик битимлар ва манфаатдор шахслар билан битимлар тузилганлиги;

эмитент фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш учун лицензия олганлиги ёки лицензия бекор қилинганлиги, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги;

қимматли қоғозлар чиқарилганлиги, уларнинг чиқарилиши тўхтатиб турилганлиги ва чиқарилиши қайта тикланганлиги, қимматли қоғозларнинг чиқарилиши амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилганлиги;

эмитент қайси юридик шахслар акцияларининг (улушларининг, пайларининг) 10 ва ундан ортиқ фоизига эгалик қилаётган бўлса, ўша юридик шахсларнинг рўйхатидаги ўзгаришлар;

эмитент ўзининг қимматли қоғозлари эгалари олдидаги мажбуриятларини бажариш муддатлари келганлиги;

қимматли қоғозлар бўйича даромадларни ҳисоблаш, эмитентнинг қимматли қоғозлари бўйича даромадларни тўлашнинг бошланганлиги ва тугалланганлиги;

эмитентга нисбатан банкротлик таомили жорий этилганлиги;

ҳисобот йилида кузатув кенгаши ва ижроия органи аъзоларининг эмитент акцияларига (улушларига, пайларига) эгалик қилишидаги ўзгаришлар;

жамият аффилланган шахсларининг рўйхатидаги уларга тегишли қимматли қоғозларнинг миқдори ва номи кўрсатилган ҳолдаги ўзгаришлар.

Эмитент:

а) қимматли қоғозлар эмиссия рисоласини ва эмитентнинг йиллик ҳисоботини барча манфаатдор шахслар танишиб чиқиши учун тақдим этиши;

б) қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг расмий веб-сайтига:

қимматли қоғозлар эмиссия рисоласининг матни билан танишиб чиқиш жойи ва тартиби тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, тўртинчи, бешинчи ва ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган ахборотни қимматли қоғозларни жойлаштириш бошланишига камида икки ҳафта қолганида, бундан қимматли қоғозларни хусусий жойлаштириш мустасно;

эмитентнинг йиллик ҳисоботини акциядорларнинг ёки эмитентнинг бошқа олий бошқарув органининг йиллик умумий йиғилиши ўтказилганидан кейин икки ҳафта ичида;

эмитентнинг биринчи чорак, биринчи ярим йил ва тўққиз ой якунларига доир ҳисоботини ҳисобот ойидан кейинги бир ой ичида;

эмитентнинг фаолиятидаги муҳим факт ҳақидаги хабарни у юз берган санадан эътиборан икки иш куни ичида жойлаштириш йўли билан ошкор қилиши шарт.

Эмитент қонун ҳужжатларига мувофиқ инвесторларга бошқа ахборотни ҳам тақдим этиши мумкин.

Агар эмитентнинг қимматли қоғозлари фонд биржасининг листингига киритилган бўлса, ушбу моддада назарда тутилган ахборотни мажбурий равишда ошкор қилиш фақат фонд биржасининг расмий веб-сайтида амалга оширилади.

Фонд биржаси ушбу моддада назарда тутилган ахборот эмитент томонидан ўз расмий веб-сайтида эълон қилинганлиги учун ҳақ ундиришга ҳақли эмас.


40-модда. Қимматли қоғозлар бозори профессионал

иштирокчисининг ахборотни ошкор қилиши


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвесторнинг талабига биноан:

давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг кўчирма нусхасини;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг кўчирма нусхасини;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг устав фонди, ўз маблағларининг миқдори ва захира фонди тўғрисидаги маълумотларни;

инвестор оладиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотларни;

инвестор оладиган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласидаги маълумотларни, шунингдек ушбу қимматли қоғозларнинг инвестор томонидан ахборот тақдим этиш ҳақида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомидаги нархлари ҳақидаги маълумотларни;

қимматли қоғозларга доир битимларнинг натижалари бўйича ҳисоботни шартномада келишилган муддатларда тақдим этади.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси инвесторларни ушбу моддада назарда тутилган ахборотни олиш ҳуқуқлари ҳақида хабардор қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси:

йилнинг бир чораги давомида фақат бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан операциялар;

бир эмитентнинг қимматли қоғозлари билан бир марталик операция, агар бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур қимматли қоғозлар умумий сонининг камида 15 фоизини ташкил этган бўлса, уларнинг амалга оширилганлиги ҳақида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига икки иш куни ичида ёзма шаклда ахборот беради.


41-модда. Қимматли қоғозлар савдоси

ташкилотчисининг ахборотни ошкор қилиши


Қимматли қоғозлар савдоси ташкилотчиси, қимматли қоғозлар мулкдори ёки қимматли қоғозларга бўлган мулкий ҳуқуқ эгаси бундан мустасно:

савдода битимлар тузиш қоидаларини;

савдога қўйишга рухсат берилган қимматли қоғозлар рўйхатини;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ахборотни ошкор қилади.

Савдо ташкилотчиси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг талабига биноан инвесторларнинг аризаларини, таклифларини ва шикоятларини кўриб чиқиш якунлари ҳақида ахборот тақдим этади.


42-модда. Қимматли қоғозлар эгасининг

ахборотни ошкор қилиши


Қимматли қоғозлар эгаси битим тузиш натижасида эмитент қимматли қоғозлари ҳар қандай турининг 35 ёки ундан ортиқ фоизига эгалик қила бошласа, ушбу ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мазкур битим тузилган санадан эътиборан беш кун ичида ошкор этиши шарт.


43-модда. Инвесторнинг ахборотни ошкор қилиши

Инвестор мустақил равишда ва (ёки) аффилланган шахслар билан биргаликда бир ёки бир нечта битим тузиш натижасида акциядорлик жамияти акцияларининг мазкур акциядорлик жамияти устав фондининг жами йигирма фоизини ва ундан ортиқ фоизини ташкил этувчи акциялар пакетини олганлиги ҳақидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор қилиши шарт.


44-модда. Қимматли қоғозлар бозорини

тартибга солиш бўйича ваколатли давлат

органининг ахборотни ошкор қилиши


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвесторларни оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзи ташкил қилган электрон ахборот-маълумот тизимлари орқали қуйидагилар ҳақида хабардор қилиши шарт:

қимматли қоғозларнинг рўйхатдан ўтказилган чиқарилишлари ҳақида ҳамда чиқарилиши, жойлаштирилиши ва муомаласи тўхтатиб қўйилган ҳамда тикланган, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган қимматли қоғозларнинг чиқарилишлари тўғрисида;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисида;

қимматли қоғозлар бозорида ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун мазкур орган томонидан жавобгарлик чоралари қўлланилган эмитентлар, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари, мансабдор шахслар ҳамда уларга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чораларининг турлари тўғрисида;

ўз даъволари бўйича чиқарилган суд қарорлари тўғрисида.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи инвесторларга ва қимматли қоғозлар эгаларига ушбу Қонунга мувофиқ ахборот тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлар доирасида ҳақ олиши мумкин.



45-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

ахборотнинг маҳфийлиги


Қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мижозлари, улар ҳисобварақларининг ҳолати ва ўтказилган операциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек қимматли қоғозларга доир битимларнинг мазмуни (қимматли қоғозларнинг номи, сони, баҳоси, битим тузилган сана, вақт, биржа савдоси ўтказилган ҳолларда эса савдода иштирок этган шахслар ҳам бундан мустасно) маҳфий ахборот бўлади.

Маҳфий ахборотга эга шахслар бу ахборотдан битимлар тузиш учун фойдаланиш, шунингдек уни битимлар тузиш учун бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас.

Маҳфий ахборотдан фойдаланиш имкониятига эга бўлган шахслар бундай ахборотни ошкор этганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



46-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

маҳфий ахборотни ошкор қилиш


Маҳфий ахборотни ошкор қилиш қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда амалга оширилади.

Мижозларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотномалар уларнинг ўзларига ёки вакилларига, ваколатларига тааллуқли масалалар юзасидан монополияга қарши давлат органига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментига, судларга, қўзғатилган жиноят иши бўлган тақдирда эса тергов ва суриштирув органларига берилади.

Мижозларнинг - жисмоний шахсларнинг ҳисобварақлари бўйича маълумотномалар уларнинг эгалари вафот этган тақдирда, меросхўрларга ёки ҳисобварақнинг эгаси кўрсатган шахсларга, ўз иш юритувидаги мерос ишлари юзасидан нотариал идораларга берилади, чет эл фуқароларига нисбатан эса чет давлатнинг консуллик муассасаларига берилади.

Биржа битимининг мазмуни ҳақидаги ахборот судларга тақдим этилади, тергов ва суриштирув органларига эса қўзғатилган жиноят иши бўлган тақдирда тақдим этилади.

Маҳфий ахборот қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига у қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактларини кўриб чиқаётган ҳолларда ошкор қилинади.

Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ махфий ахборот қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этилади.


47-модда. Давлат қимматли қоғозлари

тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш


Давлат қимматли қоғозлари тўғрисидаги ахборотни ошкор қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР

БОЗОРИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


48-модда. Қимматли қоғозлар бозорини

давлат томонидан тартибга солиш асослари


Қимматли қоғозлар бозорини давлат томонидан тартибга солиш:

қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни ҳамда биржа фаолиятини лицензиялаш ва (ёки) бундай фаолиятга нисбатан мажбурий талаблар белгилаш;

қимматли қоғозлар чиқарилишларини рўйхатдан ўтказиш ҳамда чиқариш тўғрисидаги қарорларда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларга эмитентларнинг риоя этишлари устидан назорат қилиш;

қимматли қоғозлар тўғрисидаги ахборот қонун ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилинишини таъминлаш;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мутахассисларини аттестациядан ўтказиш;

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг фаолияти устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилиш орқали амалга оширилади.



49-модда. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг

ҳуқуқларини ҳимоя  қилиш мақсадида қимматли

қоғозлар бозоридаги чекловлар

Қимматли қоғозлар бозорида қуйидагилар тақиқланади:

эмитентга ёки қимматли қоғозларга тааллуқли ахборотни ошкор қилмасдан қимматли қоғозларни эмиссия қилиш;

чиқарилиши ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ёки тўхтатиб қўйилган қимматли қоғозларни жойлаштириш, уларнинг муомаласи, уларни реклама қилиш ва таклиф этиш;

қимматли қоғозлар эгасининг ўз депо ҳисобварағида бўлган қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлангунига қадар уларга доир битимлар тузиши;

қимматли қоғозлар бозорида ҳийла-найранг ишлатиш;

устав фонди шакллантирилгунига қадар (тижорат банкларининг устав фондини шакллантириш ҳоллари бундан мустасно), шунингдек уни тўлдириш ёки эмитентнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш учун корпоратив облигациялар чиқариш;

облигацияларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганидан кейин облигациялар чиқариш тўғрисидаги қарорнинг шу қарор билан белгиланган облигацияларга доир ҳуқуқлар ҳажмига тааллуқли қисмига эмитент томонидан ўзгартишлар киритиш;

қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчисининг мажбуриятлари бўйича мижознинг қимматли қоғозлари ва пул маблағларини ундириш;

эмиссиявий қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришда ва (ёки) уларнинг муомаласида бир инвесторга бошқасига нисбатан афзаллик белгилаш, қуйидаги ҳоллар бундан мустасно:

а) давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилиш;

б) акциядорлик жамиятининг акциядорларига ўзларига тегишли акциялар сонига мутаносиб равишда қимматли қоғозларни олишда белгиланган тартибда имтиёзли ҳуқуқ бериш;

в) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари томонидан қимматли қоғозларни олишга қонун хужжатлари билан чекловлар жорий этиш.

Акциядорлик жамиятлари ва ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар тижорат банклари корпоратив облигацияларни қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда:

аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланган ўз капиталининг облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги миқдори доирасида;

кейинги уч йил мобайнида рентабеллик, тўловга қобилиятлилик, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг аудиторлик ташкилоти хулосалари билан тасдиқланган ижобий кўрсаткичларига эга бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил рейтинг баҳосини олган бўлса;

инвесторларга тегишли маблағларнинг эмитентлар томонидан тўланиши бўйича тўлов агентлари вазифасини бажарувчи тижорат банклари иштирокида чиқариши мумкин.

Корпоратив облигациялар уларнинг эгаларига эмитентни бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини бермайди.

Юридик ёки жисмоний шахс ёхуд ўзаро келишув билан боғланган ёки бир-бирининг мол-мулкини назорат қилувчи юридик ва жисмоний шахслар гуруҳи томонидан бир ёки бир неча битим натижасида банк акцияларининг 5 фоиздан ортиғини олиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабардор қилинишини, 20 фоиздан ортиғини олиш эса, олдиндан унинг розилигини олишни талаб қилади. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг олдиндан розилигини олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Эмитент ўзи чиқарган акциялар бўйича уларни қайта сотиб олиш шарти билан битимлар тузишга, шунингдек ўзи чиқарган акцияларни ишончли бошқарувга топширишга ҳақли эмас.



50-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга

солиш бўйича ваколатли давлат органи


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш, ривожлантириш, назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни лицензиялайди;

инвесторларнинг ҳамда қимматли қоғозлар эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди;

қимматли қоғозлар бозорини шакллантириш ва тартибга солиш ҳамда унинг иштирокчилари фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқади;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга оширишга доир талабларни, қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг мутахассисларига қўйиладиган малака талабларини белгилайди, уларни аттестациядан ўтказади ва малака гувоҳномалари беради;

эмиссиявий қимматли қоғозларни (давлат қимматли қоғозлари бундан мустасно) муомалага чиқариш, қимматли қоғозларга доир битимларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини, қимматли қоғозларга доир операцияларни ҳисобга олиш ва ҳисобот бериш стандартларини, қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини ва қимматли қоғозларга доир битимларни ҳисобга олиш регистрини юритиш тартибини тасдиқлайди;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг давлат бошқаруви органлари, қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлиги аниқланган ҳолларда улар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган хулосалар ва кўрсатмалар чиқаради, қоидабузарларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ санкцияларни қўллайди;

ўз маблағлари етарли даражада бўлишига доир мажбурий нормативларни ва қимматли қоғозларга доир операциялар бўйича таваккалчиликларни чекловчи бошқа кўрсаткичларни, шунингдек қимматли қоғозларга доир (давлат қимматли қоғозлари бундан мустасно) операциялар юзасидан ҳужжатларни сақлаш муддатларини белгилайди.



51-модда. Қимматли қоғозлар бозорини

тартибга солиш бўйича ваколатли

давлат органининг ҳуқуқлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

инвесторларнинг, қимматли қоғозлар эгаларининг, давлатнинг манфаатларини кўзлаб давлат божи тўламасдан судда даъво қўзғатишга;

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги аниқланган тақдирда қимматли қоғозлар бозори иштирокчисининг фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлмайдиган айрим операцияларни ўз ваколатлари доирасида тўхтатиб туришга;

давлат бошқаруви органларидан, қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларидан ахборот ва ҳужжатларни ўз ваколатлари доирасида сўраш ҳамда олишга;

қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни қўшиб олиб бориш тартибини белгилашга ҳақли.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



52-модда. Қимматли қоғозлар бозорини

тартибга солиш бўйича ваколатли

давлат органининг мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиши ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги фактлари аниқланган тақдирда текширувлар ўтказиши ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни кўриши;

давлат бошқаруви органларидан ҳамда қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларидан инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан олинган ахборотнинг маҳфийлигига риоя этиши, бундан ахборотнинг учинчи шахсларга ошкор этилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

Эмиссиявий қимматли қоғозлар чиқарилишларининг ягона давлат реестрини ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг реестрини юритиши;

ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан юридик ва жисмоний шахсларнинг сўровларига ўттиз кун ичида асослантирилган жавоб бериши;

қимматли қоғозлар бозорининг ҳолати ва унинг иштирокчилари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиши шарт.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



8-БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИ

ИШТИРОКЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


53-модда. Қимматли қоғозлар бозори

иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қимматли қоғозлар бозоридаги ўз таваккалчиликларини суғурта қилиш;

қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари тўғрисида, қимматли қоғозларнинг эмиссиясини тўхтатиб қўйишга, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уларни бекор қилишга доир барча ҳоллар ҳақида, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг даъво аризалари бўйича эмитентларга ёки қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ҳақида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан ахборот олиш;

давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ва етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш.

Инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгалари, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари:

қимматли қоғозларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги, эмитентнинг жорий молиявий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги ахборотни тақдим этишни эмитентдан талаб қилишга;

пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк билан, шунингдек пул қийматига эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар) асосида қимматли қоғозларга қонун ҳужжатларида ва эмитентнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда инвестицияларни амалга оширишга;

қимматли қоғозлар бозорида ўз хизматларини таклиф этаётган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларидан ўзлари тўғрисидаги ахборотни ушбу Қонунга мувофиқ талаб қилишга ҳам ҳақли.

Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва қимматли қоғозлар бозорида ўзлари тузган шартномалар шартларига риоя этишлари шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва уларнинг зиммаларида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



54-модда. Қимматли қоғозлар бозори

профессионал иштирокчиларининг ва

эмитентларнинг жавобгарлиги


Қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентлар инвестор олдида етказилган зарарлар доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар учун мулкий жавобгар бўлади:

қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ахборотни инвесторнинг талабига биноан тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун;

қимматли қоғозлар эмиссиясининг белгиланган тартибини бузганлик учун;

қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик, қимматли қоғозларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган чиқарилишининг рекламаси, шунингдек муомаласи қонун билан тақиқланган қимматли қоғозларнинг рекламаси учун;

улар томонидан инвесторлар билан қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини ҳамда эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг жавобгарлигини чеклайдиган шартномалар тузилганлиги учун;

нархлар борасида ҳийла-найранг ишлатилганликнинг аниқланган фактлари учун, шунингдек қимматли қоғозлар, қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларга доир нархлар тўғрисида, қасддан бузиб кўрсатилган ахборот, шу жумладан, рекламада шундай ахборот тақдим этиш орқали инвесторни қимматли қоғозларни сотиб олишга ёки сотишга ундаганлик учун. Қимматли қоғозлар бозорида нархлар борасида ҳийла-найранг ишлатганлик аломатлари қонун ҳужжатларида белгиланади. Қимматли қоғозлар бозорида нархлар борасида ҳийла-найранг ишлатилганлиги факти суд тартибида эътироф этилади;

инвесторлар билан тузилган шартномалар шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек инвестор билан тузилган шартномада келишилганидан фарқ қиладиган шартлар асосида битим тузганлик учун.

Депозитарий, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, қуйидаги ҳолларда ҳам ўз депонентлари олдида жавобгар бўлади:

ҳужжатли қимматли қоғозлар, қимматли қоғозлар эгалари ва уларга тегишли қимматли қоғозлар тўғрисидаги ёзувлар, қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар йўқотилганда ёки яроқсиз ҳолга келиб қолганда. Депозитарий йўқотилган ҳужжатли қимматли қоғозларни тайёрлашга кетадиган харажатларнинг ўрнини қоплайди ёки уларнинг янгиларини ўз ҳисобидан тайёрлайди, йўқотилган ёзувларни, қимматли қоғозлар чиқарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ва депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувларни тиклайди;

унинг томонидан депонент ўзига тегишли қимматли қоғозлар билан боғлиқ ҳуқуқларини амалга ошира олмаслигига олиб келган ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этилганда. Депозитарий депонентга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплайди.

Қимматли қоғозлар эмитентларининг мажбуриятлари бўйича жавобгарлик эмитентларнинг ўз зиммасида бўлади.



57-модда. Давлат органларининг қарорлари,

улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш


Давлат органларининг ушбу Қонун билан тартибга солинадиган қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.


9-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


58-модда. Инвесторнинг таваккалчилиги


Инвестициялаш объекти сифатида қимматли қоғозларни танлаш ва бу танловнинг тегишли оқибатлари инвесторнинг таваккалчилигидир.



59-модда. Қимматли қоғозлар

бўйича даъво муддатлари


Эмитент ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан қабул қилинган, эмиссиявий қимматли қоғозларни чиқариш билан боғлиқ бўлган қарорларни ҳақиқий эмас деб топиш, эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини, эмиссиявий қимматли қоғозларни жойлаштириш жараёнида тузилган битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун даъво муддати эмиссиявий қимматли қоғозларнинг чиқарилишини жойлаштириш муддати тугаган пайтдан эътиборан бир йилни ташкил этади.

Вексель сақловчининг индоссантларга қарши ва вексель берувчига қарши талаблари бўйича даъво муддати белгиланган муддатда амалга оширилган протест кунидан эътиборан ёки чиқимларсиз оборот тўғрисида шартлашилган тақдирда, тўлов муддати кунидан эътиборан бир йилни ташкил этади.

Индоссантларнинг бир-бирига ва вексель берувчига талаблари бўйича даъво муддати индоссант векселни тўлаган кундан эътиборан ёки унга нисбатан даъво тақдим этилган кундан эътиборан олти ойни ташкил этади.

Ушбу модданинг биринчи-учинчи қисмларида назарда тутилмаган бошқа ҳолларда, шунингдек бошқа қимматли қоғозлар бўйича даъво муддатлари қонунга мувофиқ белгиланади.



60-модда. Низоларни ҳал этиш


Қимматли қоғозлар бозори соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



61-модда. Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.



62-модда. Айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш


Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида"ги 918-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 9, 325-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида"ги 919-XII-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 9, 326-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 23 сентябрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 2022-XII-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, N 11-12, 285-модда) XXI бўлими;

4) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 179-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, N 12, 269-модда) I бўлими;

5) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида"ги 218-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 56-модда);

6) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 25 апрелда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорининг фаолият кўрсатиш механизми тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 219-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 57-модда);

7) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги 231-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 5-6, 69-модда) V бўлими;

8) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 281-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 144-модда) V бўлими;

9) Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 27 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 357-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 56-модда) VII бўлими;

10) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 29 августда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида"ги 672-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 9, 172-модда);

11) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1998 йил 29 августда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорида депозитарийлар фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 673-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, N 9, 173-модда);

12) Ўзбекистон Республикасининг 1999 йил 20 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 832-I-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 йил, N 9, 229-модда) IX бўлими;

13) Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги 262-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 173-модда);

14) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 30 августда қабул қилинган "Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 263-II-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 9-10, 174-модда);

15) Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 447-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 1, 8-модда) IV, X ва XX бўлимлари;

16) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги 671-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, N 9, 171-модда) III бўлими;

17) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 22 сентябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларининг фаолияти тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-7-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 9, 311-модда) 2-моддаси;

18) Ўзбекистон Республикасининг 2005 йил 19 декабрда қабул қилинган "Баъзи давлат бошқарув органларининг қайта ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-14-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 413-модда) 2-моддаси;

19) Ўзбекистон Республикасининг 2006 йил 10 октябрда қабул қилинган "Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилганлиги ҳамда уларнинг молиявий жавобгарлиги эркинлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-59-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, N 10, 536-модда) 10 ва 30-моддалари;

20) Ўзбекистон Республикасининг 2007 йил 23 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий соҳадаги айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-104-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2007 йил, N 7, 325-модда) 1-моддаси.



63-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



64-модда. Ушбу Қонунни кучга киритиш тартиби


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Бланкалар ва сертификатлар тарзида чиқарилган ҳамда ушбу Қонун кучга кирган санада муомалада бўлган акциялар ва корпоратив облигациялар депозитарийга топширилиши ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳужжатсиз шаклга ўтказилиши керак.

Бланкалар ва сертификатлар тарзида чиқарилган ҳамда ушбу Қонун кучга кирган санада муомалада бўлган акциялар ва корпоратив облигацияларга доир битимлар улар депозитарийга топширилганидан кейингина амалга оширилади.

Бланкалар ва сертификатлар тарзида чиқарилган ҳамда акциялар ва корпоратив облигацияларнинг ҳужжатсиз шаклга ўтказилишигача бўлган даврда уларнинг эгалари реестрларини шакллантириш қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи белгилайдиган тартибда Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2008 йил 23 июль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 29-30-сон, 278-модда.