язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Валютани тартибга солиш/ Валюта операциялари (битимлар). Хорижий валютада тўловлар/ Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 24.07.2008 й. 1839-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 28.06.2008 й. 15/1-сон Қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 24 июлда 1839-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банк Бошқарувининг

2008 йил 28 июндаги

15/1-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан

валютавий своп операцияларини амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Қонунининг 7, 40 ва 43-моддалари (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда), "Валютани тартибга солиш тўғрисида"ги Қонунининг 9 ва 10-моддаларига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 й., 1-2-сон, 6-модда) мувофиқ, шунингдек Халқаро своплар ва деривативлар ассоциациясининг (International Swaps and Derivatives Association - ISDA) своп битимини тузишнинг намунавий шартлари ва тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ҳамда Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга ошириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом мақсадида қуйидаги атама ва тушунчалар қўлланилади:


валютавий своп операциялари бўйича банк мижозлари (бундан кейинги ўринларда банк мижозлари деб юритилади) - тижорат банкларида чет эл валютасида талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига эга бўлган ва қонунчиликка мувофиқ жорий халқаро операцияларни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектлардир;

валюта биржасининг савдо тизими (бундан кейинги ўринларда савдо тизими деб юритилади) - Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги, шунингдек банкларнинг ўзаро валютавий своп операциялари бўйича электрон савдолар амалга ошириладиган валюта биржасининг автоматлаштирилган электрон тизими;

валюталаш санаси - своп битими шартларини бажариш санаси;


валютавий своп операцияси - битимда белгиланган муддат ва валюта курси бўйича ҳисоблашиш (қайта алмашув) шарти асосида валюталарни бир вақтда сотиб олиш ва сотиш (алмашув) бўйича икки томонлама битимдир. Валютавий своп операцияси икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмини амалга оширишда валюталарнинг дастлабки алмашинуви (спот битим), иккинчи қисмини бажаришда эса, қайта алмашинуви (форвард битими) ва своп шартномасининг ёпилиши содир бўлади;

рақобатли буюртма - буюртмада кўрсатилган максимал харид баҳосидан ошмайдиган баҳо бўйича асбобнинг маълум миқдорини сотиб олишга ёки буюртмада кўрсатилган сотувнинг минимал баҳосидан паст бўлмаган баҳо бўйича асбобнинг маълум миқдорини сотишга қўшимча тасдиқлашни талаб қилмайдиган розиликни ифодаловчи буюртма тури;


рақобатсиз буюртма - буюртманинг энг яхши баҳоси бўйича асбобнинг маълум миқдорини сотиб олиш ва сотишга қўшимча тасдиқлашни талаб қилмайдиган розиликни ифодаловчи буюртма тури;


своп битимининг базавий курси - своп битими тузиладиган санадаги спот-курс. Сўм ва чет эл валютаси ёки икки чет эл валютаси ўртасидаги своп битимини тузишда своп битимининг базавий курси (спот-курс) томонларнинг ихтиёрига кўра эркин белгиланади;

своп битимининг якуний курси - своп битимини тузиш санасидаги форвард-курс. Своп битимининг якуний курси своп битими иштирокчилари томонидан ихтиёрий ўрнатилиши ёки қуйидаги формула бўйича аниқланиши мумкин:


ЯК = БК х (1 + ФСсўм/чет эл х К / 100 х ЙКсўм/чет эл / 1 + ФСчет эл х К / 100 х ЙКчет эл)


ЯК - своп битимининг якуний курси;

БК - своп битимининг базавий курси;

ФСсўм/чет эл - сўмдаги фоиз ставка (агар своп битими икки чет эл валютаси ўртасида тузилса, тегишли чет эл валютасидаги ставка);

ФСчет эл - чет эл валютасидаги фоиз ставка;

К - своп битимининг биринчи ва иккинчи қисми ўртасидаги календарь кунлар сони (бунда битимнинг биринчи ва охирги куни бир кун деб олинади);

ЙКсўм - своп битимининг биринчи қисмини амалга ошириш кунидаги сўм бўйича календарь кунлар сони (365 кун);

ЙКчет эл - своп битимининг биринчи қисмини амалга ошириш кунидаги тегишли чет эл валютаси бўйича календарь кунлар сони (АҚШ доллари, евро, Япония иенаси ва Швейцария франки учун 360 кун, Англия фунт стерлинги учун 365 кун);

своп битимининг баҳоси (своп пункти) - своп битимининг якуний курсини ҳисоблашда фойдаланиладиган катталик. Своп битимининг баҳоси своп битими иштирокчилари томонидан ихтиёрий ўрнатилиши ёки қуйидаги формула бўйича аниқланиши мумкин:

своп битимининг баҳоси (своп пункти) = ЯК - БК.

Своп битими баҳоси (своп пунктлари) мусбат (қўшув белгиси билан) ёки манфий (айириш белгиси билан) бўлиши, шунингдек нолга тенг бўлиши ҳам мумкин;

своп битими бўйича асбоб (бундан кейинги ўринларда асбоб деб юритилади) - маълум қатъий сифатлар (валюта курслари нисбати ва мажбуриятни бажариш муддати) билан тавсифланувчи своп битимининг стандарт предмети;

своп шартнома - валютавий своп операциясини амалга ошириш бўйича битим иштирокчилари томонидан мазкур Низом шартларига мувофиқ тузилган келишувдир;

тизим доирасидаги (автоматик) своп битими - савдо давомида икки "манзилсиз" (яъни, битим бўйича аниқ контрагент кўрсатилмаган буюртма) қарама-қарши буюртмаларга асосланиб тузиладиган битим;

тизимдан ташқари своп битими - томонлари бир-бирини битим бўйича контрагент сифатида кўрсатувчи икки қарама-қарши (муқобил) буюртма асосида савдо давомида тузиладиган своп битими;

Т_0 ҳисоб-китоб коди - чет эл валютаси билан битимларни тузишда фойдаланиладиган ҳисоб-китоблар коди бўлиб, у битимнинг ижроси битим тузилган кунда бажарилиши ва битим тузишда битимнинг ижроси учун пул маблағларининг тўлиқ етарлилиги устидан назорат жараёнларининг амалга оширилишини англатади.


2. Мазкур Низомга мувофиқ валютавий своп операцияси:

Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида;

тижорат банклари ўртасида ўзаро;

банк мижозлари ва тижорат банклари билан амалга оширилиши мумкин.

3. Валютавий своп операцияси миллий ёки чет эл валютасида банкларнинг ликвидлилигини сақлаб туриш, валютадаги активларни диверсификациялаш ва валюта хатарини минималлаштириш ва хеджирлаш (валюта курси ўзгаришидан кўрилиши мумкин бўлган зарар хатари), шунингдек вақтинчалик бўш пул маблағларини жойлаштириш орқали даромад олиш мақсадларида амалга оширилиши мумкин.

4. Ўзбекистон Республикаси банклари томонидан валютавий своп операцияларини амалга оширишда чет эл валютаси сифатида уларнинг хоҳишига кўра исталган чет эл валюталаридан фойдаланилиши мумкин.

Валютавий своп операцияси сўм ва чет эл валютаси билан, шунингдек икки чет эл валютаси ўртасида ҳам амалга оширилиши мумкин.


5. Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги, шунингдек тижорат банкларининг ўзаро валютавий своп операциялари Савдо тизимида тузилади ва бажарилади.

6. Тижорат банклари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги валютавий своп операциялари ушбу Низомга мувофиқ бевосита банкларда амалга оширилади.

7. Тижорат банклари валютавий своп операциясини амалга оширишда Марказий банк томонидан ўрнатилган очиқ валюта позицияси лимитлари:

чет эл валютасининг ҳар бир тури бўйича очиқ валюта позицияси;

очиқ валюта позициялари қиймат катталигига риоя қилишлари лозим.


8. Валютавий своп операциясини ўтказиш мақсадида миллий валютадаги ҳисоб-китоб фоиз ставкалари (бундан кейинги ўринларда сўм бўйича фоиз ставкалари деб юритилади) ва чет эл валютасидаги ҳисоб-китоб фоиз ставкалари (бундан кейинги ўринларда чет эл валютаси бўйича фоиз ставкалари деб юритилади) ўрнатилади.

Сўм бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси миқдорида ёки Ўзбекистон банклари ассоциациясининг банклараро кредит ставкаси бўйича ҳам ўрнатилиши мумкин.

Чет эл валюталари бўйича фоиз ставкалари валюта турига боғлиқ равишда қуйидаги миқдорларда ўрнатилиши мумкин:

АҚШ доллари учун - АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкалари (Federal funds target rate);

Евро учун - Европа Марказий банки қайта молиялаш ставкаси (Minimum bid rate at refinancing tender);

Англия фунт стерлинги учун - Англия банкининг банк ставкаси (bank rate);

Япония иенаси учун - Япония банкининг "овернайт" (overnight funding rate) қайта молиялаш ставкаси;

Швейцария франки учун - Швейцария Миллий банкининг швейцария франкида 3 ойлик Либор ставкаси (3 month Swiss Libor).

Шунингдек, чет эл валюталари бўйича фоиз ставкалари LIBOR ёки ISDAFIX ставкалари миқдорида ёки чет эл марказий (миллий) банкларининг ҳисоб ставкалари миқдорида ҳам ўрнатилиши мумкин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган чет эл валютасидаги фоиз ставкаларига доир маълумотларни REUTERS тизимидан ва Халқаро своплар ва деривативлар ассоциацияси (International Swaps and Derivatives Association - isda.org), Британия банклари ассоциацияси (British Bankers Association - bba.org.uk), шунингдек тегишли чет эл марказий (миллий) банклари веб-сайтларидан ва бошқа манбалардан ҳам олиш мумкин.



II. САВДО ТИЗИМИДА ВАЛЮТАВИЙ СВОП

ОПЕРАЦИЯЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ


9. Савдо тизимида своп битимлари тизим доирасидаги (автоматик) ва тизимдан ташқари тартибда тузилиши мумкин.


10. Своп битими бўйича томонлар сифатида тижорат банклари - чет эл валютасидаги савдолар бўйича валюта биржаси аъзолари (бундан кейинги ўринларда Дилерлар деб юритилади) иштирок этиши мумкин. Чет эл валютасидаги савдолар бўйича валюта биржасининг аъзоси бўлмаган тижорат банклари Дилерлар орқали своп битимларини тузишлари мумкин.

11. Агарда битим яқинроқ валюталаш санасидаги асбоб бўйича "харид" йўналишига эга бўлса, у ҳолда своп битими "харид/сотув" йўналишига эга бўлади.

Агарда битим яқинроқ валюталаш санасидаги асбоб бўйича "сотув" йўналишига эга бўлса, у ҳолда своп битими "сотув/харид" йўналишига эга бўлади.


12. Тизим доирасидаги своп битимларини тузишда савдо иштирокчилари томонидан Савдо тизимига рақобатли ва рақобатсиз буюртмалар киритилади.


13. Тизим доирасидаги своп битимини тузиш учун буюртмаларни тақдим этишда битимнинг қуйидаги параметрлари кўрсатилиши лозим:

своп битими тузиладиган икки асбобнинг номи;

буюртма йўналиши: "харид/сотув" ёки "сотув/харид";

буюртма тури: рақобатли ёки рақобатсиз (тизим доирасидаги битимларда);

битим миқдори;

своп битимининг баҳоси (своп пунктлар).

Барча своп битимлари пул маблағларини олдиндан захиралаш (Т_0 кодли ҳисоб-китоблар) орқали тузилади.


14. Савдо тизимига киритилган буюртма мавжуд муқобил буюртмаларга узлуксиз солиштириш жараёнидан ўтади. Бунда харид учун буюртмалар доимо сотув буюртмаларига нисбатан муқобил ҳисобланади ва аксинча, сотув буюртмалари доимо харид буюртмаларига нисбатан муқобил ҳисобланади.


15. Бир-бирига мос муқобил буюртмалар мавжуд бўлганда, битимнинг автоматик тузилиши содир бўлади, яъни мазкур буюртмани тақдим этган савдо иштирокчисининг қўшимча розилиги ёки тасдиғи талаб этилмайди.


16. Своп битими бўйича ўзаро контрагентини кўрсатган ҳолда тақдим қилинган икки муқобил буюртмаларнинг Савдо тизимида рўйхатга олиниши билан тизимдан ташқари своп битими тузилган ҳисобланади.


17. Тизимдан ташқари своп битимини тузиш учун буюртма тақдим қилишда битимнинг қуйидаги параметрлари кўрсатилиши лозим:

своп битими тузиладиган икки асбобнинг номи;

буюртма йўналиши: "харид/сотув" ёки "сотув/харид";

битим миқдори;

своп битими баҳоси (своп пунктлар);

своп битими бўйича сўнгги контрагент.


18. Буюртмаларнинг стандарт шакллари ва турлари валюта биржаси томонидан белгиланади.


19. Муқобил буюртмаларда своп битимининг юқорида кўрсатилган барча шартларининг мос келиши ушбу битимнинг Савдо тизимида рўйхатга олиниши учун зарур ҳисобланади (мослик шарти).


20. Тизим доирасидаги (автоматик) ёки тизимдан ташқари своп битимларини тузиш учун буюртмалар келиб тушганда, Савдо тизими қуйидагиларни амалга оширади:

битим томонларининг пул позициялари миқдорини битим тузиш учун зарур бўлган, Савдо тизимининг воситачилик ҳақини қўшган ҳолда, пул маблағлари етарлилиги жиҳатидан текширади;

текширув натижаларига кўра буюртмани бекор қилади (етарлилик шартлари бажарилмаган ҳолда) ёки уни томонларнинг пул позицияларини ўзгартирган ҳолда рўйхатга олади;


21. Тизим доирасидаги (автоматик) ёки тизимдан ташқари своп битимларини тузишда Савдо тизими қуйидагиларни амалга оширади:

икки муқобил буюртмани битим параметрларига мослик шартлари бўйича текширади;

битим томонларининг пул позициялари миқдорини ўзгартиради.


22. Тизим доирасидаги (автоматик) своп битими бўйича ҳар қандай буюртма, агар у ушбу вақтгача қондирилмаган бўлса, уни тақдим қилувчи томонидан қайтариб олиниши мумкин.


23. Тизимдан ташқари своп битими бўйича берилган буюртмага жавоб тариқасида келиб тушган буюртма Савдо тизимида рўйхатга олингунга қадар берилган буюртмани тақдим қилувчи уни қайтариб олиши мумкин.


24. Буюртма қайтариб олинганда Савдо тизими қайтариб олинган буюртмага мувофиқ тарзда пул позицияси миқдорини тўғрилайди.


25. Савдо тизимининг воситачилик ҳақи битим тузишда ҳар бир своп битими бўйича ундирилади.


26. Ҳар бир своп битимини тузишда Савдо тизими унга ягона рўйхат рақамини бириктиради ва рўйхатга олади.


27. Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги валютавий своп операциялари Марказий банк ва тижорат банки ўртасида валютавий своп операцияларини ўтказиш бўйича тузилган Бош шартномага (бундан кейинги ўринларда Бош шартнома деб юритилади) мувофиқ ўтказилади.

Бош шартномада қонунчиликда кўзда тутилган бошқа шартлар билан бир қаторда, қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

своп битими тузиладиган икки асбобнинг номи;

Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида своп битимини амалга оширишнинг мажбурий шартлари;

Бош шартноманинг амал қилиш муддати.

28. Марказий банк ва тижорат банки ўртасида своп битими тузишнинг мажбурий шартлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

а) тижорат банки томонидан мажбурий захира талаблари ва очиқ валюта позицияси лимити, шунингдек Марказий банк томонидан ўрнатилган бошқа иқтисодий нормативларнинг ўз вақтида тўлиқ бажарилиши;

б) тижорат банкининг Марказий банк билан олдинги тузилган своп битими бўйича муддати ўтган мажбуриятларининг бўлмаслиги.

29. Марказий банк валютавий своп операцияларини ўтказишнинг умумий лимитини, шунингдек тижорат банклари билан своп операцияларини ўтказишнинг индивидуал лимитларини тасдиқлайди.

30. Марказий банк тижорат банкларига Савдо тизими орқали, битим тузиш назарда тутилган санадан олдинги бир иш кунидан кечикмаган ҳолда своп битимини тузиш тўғрисида маълумот беради.

Марказий банкнинг маълумоти своп битими тузиладиган икки асбобнинг номи тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олиши лозим.


31. Своп битими билан боғлиқ бўлган барча ҳисоб-китоб клиринг операциялари Савдо тизимида ушбу мақсадлар учун очилган махсус ҳисоб рақамлар орқалигина амалга оширилади.

Своп шартноманинг ёпилиш санасида своп битимлари томонлари бўлган Дилерлар своп битими бўйича ўз мажбуриятларини тўлиқ сўндириш учун Савдо тизимининг махсус ҳисоб рақамларига мос валютада пул маблағларини ўтказадилар.

Савдо тизими, пул маблағлари келиб тушгандан сўнг, ўз навбатида бу маблағларни тегишли Дилерларнинг ҳисоб рақамига ўтказиш орқали ҳисоб-китоб клиринг хусусиятидаги операцияларни амалга оширади.


32. Агарда своп шартноманинг ёпилиш санаси савдо кунига тўғри келмаса, бундай ҳолда своп шартноманинг ёпилиш куни деб кўрсатилган санадан кейинги биринчи савдо куни ҳисобланади.


33. Своп шартноманинг ёпилиш санасида Дилернинг пул позицияси своп битими шартларига мос келмаган ҳолда, Дилер своп битими шартлари бўйича ўз мажбуриятини бажармагани учун жавобгар деб топилади.



III. ТИЖОРАТ БАНКЛАРИ ВА БАНК

МИЖОЗЛАРИ ЎРТАСИДАГИ ВАЛЮТАВИЙ

СВОП ОПЕРАЦИЯЛАРИ

34. Валютавий своп операциялари бўйича харид қилинган чет эл валютаси фақатгина жорий халқаро операциялари бўйича амалга оширилаётган тўловлар учун сарфланиши мумкин.

35. Тижорат банклари ва банк мижозлари ўртасидаги валютавий свопни ўтказиш тартиби тижорат банклари томонидан мазкур Низомга мувофиқ ишлаб чиқилади. Ушбу тартиб мажбурий тарзда қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

валютавий своп операциялари ўтказишнинг умумий лимитини ўрнатиш ва бир мижоз билан валютавий своп операциялари ўтказишнинг индивидуал лимитини ўрнатиш тартиби;

тижорат банклари масъул ижрочилари ва мансабдор шахсларининг своп битимини тузиш ташаббуси билан чиқиши, тасдиқдан ўтказиши ва битимни тузишни тасдиқлаши бўйича ваколатларнинг тақсимланишини ўз ичига олган своп битимларини тузиш тартиби;

своп битимларининг базавий ва якуний курсларини, шунингдек своп битимлари бўйича банклар томонидан қўлланиладиган асбобларни аниқлаш тартиби;

валютавий своп операцияларини амалга ошириш бўйича ҳужжатларни юритиш, шу жумладан, ҳужжатларнинг тасдиқланган шакли ва уларни тузишнинг ҳамда валютавий своп операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттиришнинг тартиби;

валютавий своп операцияларини ўтказиш устидан тижорат банкларининг ички аудит хизмати ва ички назорати томонидан мониторинг ва назорат қилиниши;

мижозлар томонидан своп битими шартномавий мажбуриятларини бузиш ҳолларида тижорат банкларининг ҳаракати, шу жумладан, валюта операцияларини ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби бўйича бўлинмаларнинг ва юридик хизматнинг биргаликда ҳаракат қилиш тартиби;

валюта биржасининг савдо тизимида амалга ошириладиган валютавий своп операцияларининг ҳужжатларини юритиш бўйича тижорат банкининг ички жараёни;

валютани тартибга солиш бўйича қонунчиликка ва тижорат банкининг ички ҳужжатларига мувофиқ валютавий своп операцияларини амалга оширишни таъминлайдиган бошқа ҳолатлар.

36. Валютавий своп операциялари тижорат банклари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги тузилган своп шартномаларга мувофиқ ўтказилади.

Своп шартномада хўжалик субъектлари фаолиятининг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонунчиликда кўзда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидагилар ҳам кўрсатилиши шарт:

тузиладиган своп битими бўйича икки асбобнинг номи;

битим суммаси;

своп битимининг баҳоси (своп пунктлари);

календарь кунларидаги своп муддати;

своп битимининг базавий ва якуний курси тўғрисидаги маълумот;

банкнинг воситачилик ҳақининг миқдори.

Томонларнинг келишувига биноан своп шартномада бошқа шартлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


37. Валютавий своп операциялари бозори ривожланишини таҳлил қилиш ва тартибга солиш мақсадида тижорат банклари своп битимлари бўйича Марказий банкка ҳар ойда мазкур Низомнинг 2-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотни тақдим этадилар.


IV. ВАЛЮТАВИЙ СВОП ОПЕРАЦИЯЛАРИНИНГ

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ


38. Своп битими тузилаётганда, ушбу битим кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида своп битими якунидаги айирбошлашга лозим бўлган валюта миқдорида қуйидаги бухгалтерия ўтказмасини амалга ошириш орқали акс эттирилади:

а) агарда, банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини харид қилаётган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида барча АҚШ доллари иштирокидаги битимларда - АҚШ долларини, евро иштирокидаги битимларда - еврони (АҚШ доллари билан битимдан ташқари), Англия фунт стерлинги иштирокидаги битимларда - фунт стерлингни (АҚШ доллари ва евро билан битимлардан ташқари) ва Швейцария франки билан иена битимида - Швейцария франкини харид қилаётган бўлса:

Дт 92736 - "Своп шартларида сотиб олиш";

Кт 96373 - "Своп шартлари билан сотиб олиш контр-ҳисобварағи";

б) агарда, банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини сотаётган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида барча АҚШ доллари иштирокидаги битимларда - АҚШ долларини, евро иштирокидаги битимларда - еврони (АҚШ доллари билан битимдан ташқари), Англия фунт стерлинги иштирокидаги битимларда - фунт стерлингни (АҚШ доллари ва евро билан битимлардан ташқари) ва Швейцария франки билан иена битимида - Швейцария франкини сотаётган бўлса:

Дт 92732 - "Своп шартларида сотиш";

Кт 96371 - "Своп шартлари билан сотиш контр-ҳисобварағи".


39. Своп шартномаси тузилгандан сўнг дастлабки валюта алмашуви амалга оширилади. Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари бажарилади:

а) агарда, банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини харид қилаётган бўлса ҳамда иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида мазкур Низомнинг 38-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ:

чет эл валютаси китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади:

Дт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

Кт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

сўм китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади (ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида - чет эл валютаси китобида):

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

б) агарда, банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини сотаётган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида мазкур Низом 38-бандининг "б" кичик бандига мувофиқ:

чет эл валютаси китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади:

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

сўм китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади (ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида - чет эл валютаси китобида):

Дт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

Кт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари".


40. Своп битими тузилгандан сўнг тижорат банки валютавий своп операциялари ўтказишни таъминлаганлиги учун воситачилик ҳақини ҳисоблайди ва уни қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси орқали акс эттиради:

Дт 16401 - "Ҳисобланган воситачилик ҳақи ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар";

Кт 45924 - "Комиссия ва хизматлардан олинган бошқа даромадлар".

Мижоз томонидан воситачилик ҳақини тўлашда (сўндиришда) қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

Дт 10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (бошқа банк томонидан сўндирилганда)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (мижоз томонидан сўндирилганда);

Кт 16401 - "Ҳисобланган воситачилик ҳақи ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар".


41. Ҳар ойнинг охирги иш куни, шунингдек своп битимлари ёпилганда, тижорат банклари томонидан своп битимлари, валюта курсларининг ўзгариши натижасида олинадиган фойда ёки зарарни аниқлаш мақсадида, битим суммасини чет эл валютасини қайта баҳолаш санасига бўлган жорий курси ва своп битимининг якуний курси орасидаги фарққа кўпайтириш орқали қайта баҳоланади. Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

а) агар қайта баҳолашда реализация қилинмаган фойда аниқланаётган бўлса:

Дт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар";

Кт 45405 - "Ҳосилавий асбоблар билан тузилган битимлар бўйича хорижий валюталардаги фойда";

б) агар қайта баҳолашда амалга ошмаган зарарлар аниқланаётган бўлса:

Дт 55306 - "Ҳосилавий асбоблар билан тузилган битимлари бўйича хорижий валюталарда кўрилган зарарлар";

Кт 22811 - "Своплар бўйича реализация қилинмаган зарарлар".

Своп битимини қайта баҳолашга мисол мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган.


42. Своп шартнома ёпилиш санасида валюталар қайта алмашинади (битим ёпилади). Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмалари амалга оширилади:

а) агар банк своп битимининг иккинчи қисми бўйича чет эл валютасини қайта сотиб олаётган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида мазкур Низом 38-бандининг "б" кичик бандига мувофиқ:

чет эл валютаси китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади:

Дт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

Кт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

сўм китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади (ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида - чет эл валютаси китобида):

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

б) агар банк своп битимининг иккинчи қисми бўйича чет эл валютасини қайта сотаётган бўлса ёки иккита хорижий валюта ўртасидаги своп битимида мазкур Низом 38-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ:

чет эл валютаси китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади:

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

сўм китобида қуйидаги ўтказма амалга оширилади (ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида - чет эл валютаси китобида):

Дт 10301 - "Марказий банкдаги вакиллик ҳисобварағидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома Марказий банк билан тузилган бўлса)

ёки

10501 - "Бошқа банклардаги вакиллик ҳисобварақларидан олинадиган - Ностро" (агар своп шартнома бошқа тижорат банки билан тузилган бўлса)

ёки

20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (агар своп шартнома мижоз билан тузилган бўлса);

Кт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари".


43. Тижорат банки своп шартнома ёпилганда ва битим бўйича мижоз томонидан барча мажбуриятлар бажарилганда ўзлаштирилмаган фойда ёки амалга ошмаган зарарни реализация қилади. Ушбу ҳолатда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

ўзлаштирилмаган фойда реализация қилинганда:

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар";

амалга ошмаган зарар реализация қилинганда:

Дт 22811 - "Своплар бўйича реализация қилинмаган зарарлар";

Кт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари".

Ўзлаштирилмаган фойда реализация қилиниши бўйича мисол мазкур Низомнинг 1-иловасида келтирилган.


44. Своп шартнома ёпилгандан сўнг, бир вақтнинг ўзида, тижорат банки мазкур битимни кўзда тутилмаган ҳолатлар ҳисобварақларида ёпишни амалга оширади. Бунда қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

а) агар банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини харид қилган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида мазкур Низомнинг 38-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ:

Дт 96373 - "Своп шартлари билан сотиб олиш контр-ҳисобварағи";

Кт 92736 - "Своп шартларида сотиб олиш";

б) агар банк своп битимининг биринчи қисми бўйича чет эл валютасини сотган бўлса ёки иккита чет эл валютаси ўртасидаги своп битимида мазкур Низом 38-бандининг "б" кичик бандига мувофиқ:

Дт 96371 - "Своп шартлари билан сотиш контр-ҳисобварағи";

Кт 92732 - "Своп шартларида сотиш".



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


45. Дилер Савдо тизимида валюта биржаси билан тузиладиган Дилер функцияларини бажариши бўйича шартноманинг амал қилиш доирасидан чиқадиган своп битимларини тузиши мумкин эмас.


46. Своп битимларини тузиш ва ижро этиш, шунингдек мажбуриятларни тартибга солиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


47. Мазкур Низом қоидалари Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг халқаро битимлари доирасида тузилган Марказий банк ва тижорат банклари ўртасидаги валютавий своп операцияларига қўлланилмайди.

Ушбу операциялар савдо тизимидан ташқарида бевосита Марказий банк ва тижорат банклари ўртасида томонларнинг келишувларига асосан амалга оширилади.





Низомга

1-ИЛОВА



Своп битимлари бўйича олинадиган

даромадларни ҳисоблаш бўйича

МИСОЛЛАР


1. Своп битимларини қайта баҳолашдан олинадиган даромад


Своп битимларини қайта баҳолаш битимнинг амал қилиш даврида чет эл валютаси жорий курсининг (расмий курс ёки кросс курс) ўзгариши натижасида фойданинг кўпайиши (зарарнинг юзага келиши) эҳтимолидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.

Бунда, банк балансининг актив ва пассивлари бўйича валюта ҳисобварақлари қолдиқларини қайта баҳолаш тўғрисидаги қоидаларга мувофиқ амалга оширилувчи валюта позицияси ҳисобварақлари қолдиқларини қайта баҳолашни своп битимларини қайта баҳолашдан фарқлай олиш керак. Своп битимларини қайта баҳолаш чет эл валютасининг қайта баҳолаш санасида амалдаги жорий курси билан своп битими ёпилишининг келгуси санасидаги якуний курси орасидаги фарқ асосида амалга оширилади, валюта позицияси ҳисобварақлари қолдиқларини қайта баҳолаш эса чет эл валютасининг жорий курси билан олдинги санадаги спот курси (ёки ўтган санага қайта баҳоланган ҳисобварақлари қолдиғи) орасидаги фарқ асосида амалга оширилади. Мазкур ҳолатда спот курс сифатида своп битимининг биринчи қисмини амалга ошириш учун асос бўлган курс ҳисобланади.

а) своп битимини қайта баҳолаш бўйича шартли мисолларни кўриб чиқамиз:

Айтайлик, тижорат банки 2008 йил 25 январда 1 ой муддатга 100 000 АҚШ доллари ва 129 333 000 сўм миқдорида (битим тузиш санасига сўмнинг АҚШ долларига нисбатан расмий курси 1 АҚШ доллари - 1293.33 сўм ) валютавий своп битимини тузди.

Битим шартларига кўра, тижорат банки своп битимининг биринчи қисми бўйича АҚШ долларини сотиб олади/сўмни сотади, своп битимининг иккинчи қисми бўйича АҚШ долларини қайта сотади/сўмни сотиб олади.

Чет эл валюталари бўйича битим тузиш санасига фоиз ставкалари қуйидагича бўлган:

ўзбек сўми бўйича - йиллик 14 фоиз (Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси);

АҚШ доллари бўйича - йиллик 3,5 фоиз (АҚШ ФЗТ ставкаси - Federal funds target rate);

2008 йил 25 февралга битимнинг якуний курси (форвард курс) ушбу Низомнинг 7-бандида келтирилган формула орқали аниқланади:


1304.90 = 1293.33 х (1 + 14 х 31 / 100 х 365 / 1 + 3.5 х 30 / 100 х 360)


2008 йил 30 январда тижорат банки своп битимини қайта баҳолайди. Ушбу санага АҚШ долларининг сўмга нисбатан расмий курси 1294,17 сўм/долл.

Своп битимлари шартлари бўйича тижорат банки битимнинг иккинчи қисми бўйича якуний курс - 1304.90 сўм/доллар бўйича АҚШ долларини сотиши/сўмни сотиб олиши керак, расмий курс эса 1294,17 сўм/долл. ташкил қилади, у ҳолда тузилган своп битимини жорий ва якуний курслар ўртасидаги ижобий фарқ ҳисобига қайта баҳолашда ҳисобланган фойда 1073 минг сўмни ((1304.90 - 1294.17) * 100000) ташкил этади.

Своп битимини қайта баҳолашдан кейин ҳисобланган фойда суммасига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

Дт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар";

Кт 45405 - "Ҳосилавий асбоблар билан тузилган битимлар бўйича хорижий валюталардаги фойда".

Своп битими ёпилганда тижорат банки битимни янгидан қайта баҳолайди.

Бу сафар, битимни ёпиш санаси 2008 йил 25 февралда расмий курс 1295,52 сўм/долларни ташкил этади. Кўриниб турганидек, 2008 йил 30 январда своп битимининг охирги қайта баҳоланишидан кейин сўмнинг АҚШ долларига нисбатан расмий курси 1,35 сўмга пасайган (1295,52 - 1294,17). Бу эса, битимнинг жорий курси якуний курсга нисбатан ижобий фарқнинг 135 минг сўмга ((1295,52 - 1294,17) * 100000) камайганлигини англатади ва шунга мувофиқ, олдин ҳисобланган банкнинг фойдаси қуйидаги бухгалтерия ўтказмасини амалга ошириш орқали камайтирилиши зарур:

Дт 45405 - "Ҳосилавий асбоблар билан тузилган битимлар бўйича хорижий валюталардаги фойда";

Кт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар".

б) икки чет эл валютаси иштирокидаги своп битимларини қайта баҳолашга доир мисолини кўриб чиқамиз

Тижорат банки 2007 йил 23 ноябрда мижоз билан 7 кун муддатга 100 минг евро ва 146,31 минг АҚШ долларилик (битим тузиш санасига евро ва долларнинг кросс курси 1 евро - 1,4631 АҚШ доллари) валютавий своп евро/доллар битимини тузди.

Битим шартларига кўра, тижорат банки своп битимининг биринчи қисми бўйича АҚШ долларини сотиб олади/еврони сотади ва своп битимининг иккинчи қисми бўйича долларни қайта сотади/еврони сотиб олади.

Битим тузиш санасига валюталар бўйича фоиз ставкалари қуйидагича бўлган:

АҚШ доллари бўйича - йиллик 4,5 фоиз (АҚШ ФЗТ ставкаси - Federal funds target rate);

евро бўйича - йиллик 4 фоиз (Европа Марказий банки қайта молиялаш ставкаси - Minimum bid rate at refinancing tender).

2007 йил 30 ноябрга битимнинг якуний курси (форвард курс) қуйидагича:


1.4632 = 1.4631 х (1 + 4.5 х 7 / 100 х 360 / 1 + 4 х 7 / 100 х 360)


Шундай қилиб, битимнинг якуний курси 1 евро - 1,4632 АҚШ доллари, сонли ифодада эса 100 минг евро учун 146,32 минг АҚШ доллари.

Тижорат банки 2007 йил 30 ноябрда своп битими ёпгач, битимни қайта баҳолайди. Ушбу санага АҚШ долларининг еврога нисбатан кросс курси 1,4787 долл/еврони, сўмни АҚШ долларига нисбатан расмий курси эса 1285,23 сўм/долларни ташкил этади.

Битим шартларига кўра, тижорат банки своп битимининг иккинчи қисмига кўра якуний курс - 1,4632 долл/евро бўйича АҚШ доллари сотиши/евро сотиб олиши зарур, 2007 йил 30 ноябрда жорий курс (кросс-курс) эса 1,4787 долл/еврони ташкил этади. У ҳолда своп битимини жорий курс билан якуний курс орасидаги ижобий фарқ ҳисобига қайта баҳолашда банкнинг фойдаси 1550 АҚШ доллари (1,4787 - 1,4632) * 100000) ёки 1 992 минг сўмни (1550 * 1285,23) ташкил этади.

Своп битимини қайта баҳолашдан сўнг фойда суммасига қуйидаги бухгалтерия ўтказмаси амалга оширилади:

Дт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар";

Кт 45405 - "Ҳосилавий асбоблар билан тузилган битимлар бўйича хорижий валюталардаги фойда".

Своп битими ёпилиши ва мижозлар томонидан барча мажбуриятлар бажарилгандан сўнг тижорат банки қайта баҳолашдан олинган фойдани қуйидаги бухгалтерия ўтказмасини амалга ошириш орқали ўзлаштиради:

Дт 17101 - "Валюта позицияси ҳисобварақлари";

Кт 16913 - "Ревальвация натижасида реализация қилинмаган фойда - Своплар".


2. Воситачилик ҳақидан олинадиган даромад


Валютавий своп операциялари ўтказилишини таъминлаганлиги учун ундириладиган воситачилик ҳақидан олинадиган даромад тижорат банклари томонидан ўз тариф сиёсатларига мувофиқ ўрнатилади.

Своп битимининг биринчи қисми тугалланганидан сўнг тижорат банки бухгалтерия ҳисобининг ҳисоблаш методига мувофиқ, валютавий своп операцияларининг ўтказилишини таъминлаганлиги учун воситачилик ҳақини ҳисоблайди ва уни қуйидаги бухгалтерия ўтказмаларини амалга ошириш орқали акс эттиради:

Дт 16401 - "Ҳисобланган воситачилик ҳақи ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар";

Кт 45294 - "Бошқа кўрсатилган хизматлар ва воситачилик учун олинган даромадлар".

Своп битимининг иккинчи қисми тугалланиши ва мижозлар томонидан барча мажбуриятлар бажарилиши билан тижорат банки комиссиядан олинган даромадни қуйидаги бухгалтерия ўтказмасини амалга ошириш орқали ўзлаштиради:

Дт 20200 - "Талаб қилиб олингунча депозитлар" (миллий валютада);

Кт 16401 - "Ҳисобланган воситачилик ҳақи ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар".





Низомга

2-ИЛОВА



____банки бўйича 20__ йил ___________________ ҳолатига

Своп битимлари тўғрисида

МАЪЛУМОТ

Контрагент

номи

Битимнинг биринчи қисми

бўйича сотиб олинган

валюта суммаси


Битимнинг иккинчи

қисми бўйича қайта сотиб

олинаётган валюта суммаси


Битим тузилган сана

Битимнинг базавий курси

Битимнинг ёпилиши санаси

Битимнинг якуний курси

долл.

евро

фунт ст.

иена

шв. франк

сўм

долл.

евро

фунт ст.

иена

шв. франк

сўм

I. Банклараро своп битимлари

















1. Банк А

















2. Банк Б

















II. Жами банклараро своп битимлари

















III. Мижозлар билан своп битимлари

















1. Мижоз А

















2. Мижоз Б

















IV. Жами мижозлар билан своп битимлари

















Жами своп битимлари (II + IV)


















"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 29-30-сон, 293-модда.