язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат)/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.07.2008 й. ПҚ-930-сон "Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Ижтимоий тадқиқотлар институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.07.2008 й.

N ПҚ-930



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МОЛИЯ

ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА ИЖТИМОИЙ

ТАДҚИҚОТЛАР ИНСТИТУТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш муаммоларини чуқур тизимли тадқиқ қилиш, аҳолининг пул даромадлари ўсиши суръатлари ва таркибининг, бозор ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларини чуқурлаштириш шароитида жамиятдаги ижтимоий табақаланиш жараёнларининг комплекс ижтимоий текширишларини ташкил этиш, шунингдек аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий барқарорлик ва муттасил ижтимоий тараққиётни таъминлаш бўйича илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Ижтимоий тадқиқотлар институти (кейинги ўринларда - Институт деб юритилади) ташкил этилсин.

2. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

республика аҳолисининг турмуш даражасини баҳолаш бўйича ишлаб чиқилган объектив мезонлар асосида мамлакат ва минтақалар доирасида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, аҳоли фаровонлиги ўзгаришларининг суръатлари устидан тизимли мониторинг олиб бориш ва таҳлил этиш;

аҳоли турмуш даражасининг турли кўрсаткичлари, шу жумладан, унинг даромад миқдорлари ва манбаларини тизимли равишда ижтимоий тадқиқ қилиш методологиясини ишлаб чиқиш ва олиб бориш;

жамиятнинг ижтимоий табақаланиш жараёнлари ва суръатини чуқур ўрганиш ҳамда мониторинг қилиш, уларнинг энг қуйи ҳолатлари олдини олиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

маҳаллий истеъмол хусусиятлари, анъаналар, табиий-иқлим шароитлари ва Ўзбекистоннинг бошқа ўзига хосликларини ҳисобга олган ҳолда аҳолининг турли гуруҳлари учун истеъмол саватининг илмий асосланган таркибини белгилаш, мамлакат ва минтақалар кўламида унинг нархи ўзгаришини мониторинг қилиш;

ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларни, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини кузатиб бориш ҳамда таҳлил қилиш билан шуғулланувчи етакчи хорижий тадқиқотчилик, таҳлилий марказлари ва институтларининг иш тажрибасини ўрганиш, шу асосда ундан Институтнинг тадқиқот фаолиятида фойдаланиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш;

аҳоли турмуш даражасининг ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари, мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазият масалалари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини тезкор ахборот-таҳлилий маълумотлар билан таъминлаш.


3. Белгилансинки:

Институт тадқиқотларининг энг муҳим функционал йўналишлари бўйича шакллантириладиган лойиҳалар Институтнинг асосий таркибий бўлинмалари ҳисобланади;

тадқиқот лойиҳаларига илмий иш тажрибасига эга бўлган юқори даражада малакали мутахассислар орасидан танлов асосида тайинланадиган лойиҳалар раҳбарлари бошчилик қиладилар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, лойиҳаларнинг раҳбарлари ва ижрочилари билан бир йилга мўлжалланган, мавзу, мақсадлар, вазифалар ва лойиҳани амалга оширишнинг асосий босқичлари аниқ кўрсатилган меҳнат шартномалари (контрактлари) тузилади;

лойиҳалар раҳбарларининг ҳисоботлари Институт илмий кенгаши мажлисларида мунтазам равишда тинглаб борилади, илмий кенгаш йил якунлари бўйича олиб борилган тадқиқотлар натижалари ва сифатини баҳолайди ҳамда лойиҳа доирасидаги тадқиқотларни давом эттириш ёки уни ёпиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Институт ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, мукофотлаш ва моддий ёрдам кўрсатиш шартлари татбиқ этилади.


4. Ходимларнинг чекланган сони 64 нафар (ёрдамчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари), шу жумладан, 39 нафар илмий ходимлардан иборат бўлган Ижтимоий тадқиқотлар институти тузилмаси иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки, Институт директори Ўзбекистон Республикаси молия вазири томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.

Институт директорига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Институтнинг тасдиқланган тузилмасига зарур ҳолларда ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида ўзгартиш киритиш ҳуқуқи берилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги (Б. Хўжаев):

икки ҳафта муддатда Ижтимоий тадқиқотлар институти тўғрисидаги Низомни тасдиқласин;

икки ой муддатда Институтнинг жойлаштирилишини ва уни зарур компьютер техникаси ҳамда нусха кўпайтириш техникаси, дастурий воситалар, идора мебеллари ҳамда Институт самарали иш олиб бориши учун зарур бўлган бошқа моддий-техника воситалари, методик материаллар билан таъминласин;

2008 йилнинг якунигача Институт бўлинмаларини ижтимоий жараёнларни таҳлил қилиш кўникмаларига эга, мамлакатда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар моҳиятини чуқур англаб етган юқори малакали, тажрибали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин.


6. Институт Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Институтнинг штат жадвалини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


7. Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:

бошқа илмий-тадқиқот ташкилотлари, жамғармалар, таълим муассасалари, шу жумладан, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан қўшма тадқиқотлар олиб бориш учун шартномалар тузиш;

илмий-тадқиқот лойиҳалари ва дастурларини ишлаб чиқиш учун шартнома асосида давлат бошқаруви органлари, идоралар, банклар мутахассисларини, тадқиқот марказлари ходимларини, олимлар ва таълим муассасалари ўқитувчиларини, шу жумладан хорижий муассасалардан жалб этиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, турмуш даражаси ва инсон ривожи муаммоларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳлар, маърузаларни чоп этиш;

Институт зиммасига юкланган вазифалар доирасида марказий органлар, вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлардан барча зарур норматив, статистик ва таҳлилий ахборотларни сўраш ҳамда бепул олиш.


8. Қуйидагилар Институтнинг молиялаш манбалари этиб белгилансин:

Институт таъминоти, унинг моддий-техника базасини шакллантириш, фойдаланиш ва ривожлантириш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш ва Институтнинг бошқа эҳтиёжлари учун ажратиладиган мақсадли бюджет маблағлари;

грант танловлари натижалари бўйича ажратиладиган маблағлар;

вазирликлар ва идораларнинг буюртманомалари бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун улар томонидан ажратиладиган маблағлар;

халқаро молия институтлари ва донор ташкилотларнинг грантлари, амалдаги қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа маблағлар.

Белгилансинки, Институт даромадлари солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди.


9. Институтнинг ўз эҳтиёжлари учун импорт қилинадиган жиҳозлар, жумладан компьютер ва телекоммуникация тизимлари, дастурий таъминот воситалари божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод қилинсин, бўшайдиган маблағлар эса Институт зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга йўналтирилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси аҳоли турмуш даражаси билан боғлиқ барча ўтказиладиган ижтимоий ва бюджет тадқиқотларига оид маълумотларни мунтазам равишда Институтга белгиланган тартибда бепул тақдим этиб борсин.

Институт:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис материаллари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, вазирликлар ва идораларнинг норматив ҳамда йўриқнома тарзидаги ҳужжатлари юборилиши шарт бўлган ташкилотлар рўйхатига;

Институт кутубхонасини шакллантириш учун матбуот нашри ва китоб маҳсулотларидан (ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий нашрлар) биттадан назорат нусхаларини (1 нусха) бепул оладиган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, бошқа вазирликлар ҳамда идораларининг статистик ахборотномалари юборилиши шарт бўлган реестрга киритилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги (Р. Азимов):

2008 йилда Институтнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича унинг жорий таъминоти, ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, ажратилган бинони капитал ва жорий таъмирлаш, мебель, ташкилий техника, алоқа воситалари билан жиҳозлаш, иккита енгил автомобилни харид қилиш ва унинг таъминоти, ахборотнома нашрлари, шу жумладан, хорижий нашрларга обунани ташкил этиш, ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш учун маблағлар ажратсин;

2009 йилдан бошлаб фан учун мўлжалланган маблағлар ҳисобидан ҳар йили Институтга таъминот, техник жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ахборотнома нашрлари, шу жумладан, хорижий нашрларга обунани ташкил этиш, шунингдек мунтазам равишда ижтимоий тадқиқотлар ўтказиш учун маблағлар ажратсин.


12. Тошкент шаҳар ҳокимлиги икки ҳафта муддатда Ижтимоий тадқиқотлар институтини жойлаштириш учун бино ажратсин.


13. Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги (А. Арипов) бир ой муддатда Институтни зарур турдаги алоқа воситалари, жумладан ҳукумат алоқа воситаси билан, шунингдек Интернет тармоғидан фойдаланишни белгиланган тартибда таъминласин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 33-сон, 311-модда.