язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Тасвирий санъат. Музейлар/ Ўзбекистон Республикасининг 12.09.2008 й. ЎРҚ-177-сон "Музейлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 26.06.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 28.08.2008 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

12.09.2008 й.

N ЎРҚ-177



МУЗЕЙЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 26 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 28 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади музейларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Музейлар тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари

Музейлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг музейлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Миллий музей фонди - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий турган музей ашёлари ва музей коллекциялари мажмуи;

Миллий музей фондининг Давлат каталоги - Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳар бир музей ашёси ва ҳар бир музей коллекцияси тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжати;

музей - музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этиш учун мулкдор томонидан ташкил этилган доимий фаолият юритувчи нотижорат маданият муассасаси;

музей ашёси - сифати ёки алоҳида белгилари жамият манфаатлари учун сақлаш, ўрганиш ва оммага намойиш этиш заруратини тақозо этувчи маданий бойлик;

музей коллекцияси - ўз келиб чиқиш хусусияти ёки шаклан яқинлиги туфайли ёхуд бошқа белгилари бўйича бирлаштирилгандагина музей ашёси хусусиятига эга бўладиган маданий бойликлар мажмуи;

сақлаш - музейнинг музей ашёси ва музей коллекцияси бут сақланишини таъминлаш учун моддий ва ҳуқуқий шароитлар яратилишини назарда тутувчи фаолият тури;

эълон қилиш - музейнинг музей ашёлари ва музей коллекцияларини омма олдида намойиш этиш, босма нашрларда, электрон ва бошқа турдаги жисмларда такрорлаш орқали жамиятга тақдим этишнинг барча шаклларини назарда тутувчи фаолият тури.


2-БОБ. МУЗЕЙЛАРНИ БОШҚАРИШ

4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг музейларни бошқариш

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, такомиллаштиришга доир дастурлар ва қарорлар қабул қилади;

музейларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш тартибини белгилайди;

давлат музейларининг тоифаларини белгилайди;

Миллий музей фонди тўғрисидаги ва Миллий музей фондининг Давлат каталоги тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибига киритиш ҳамда унинг таркибидан чиқариш тартибини белгилайди;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ҳамда сақлаш тартибини белгилайди;

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини бошқариш тартибини белгилайди;

Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

музей мутахассисларини тайёрлаш ҳамда музей ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тартибини белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси

Маданият вазирлигининг музейларни

бошқариш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги:

Миллий музей фондининг Давлат каталогини юритади;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда Миллий музей фонди таркибига киритади ҳамда унинг таркибидан чиқаради;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтказиш учун махсус рухсатнома беради;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилади;

Миллий музей фонди ҳолати устидан давлат назоратини амалга оширади;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартларини тасдиқлайди;

музей ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти

органларининг музейларни бошқариш

соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда ўз ҳудудида жойлашган музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланишини таъминлайди;

ўз ҳудудидаги давлат музейларини молиялаштириш миқдорини ўз ваколатлари доирасида белгилайди;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



3-БОБ. МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ФОНДИ

7-модда. Миллий музей фондининг таркиби

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари Ўзбекистон халқи маданий меросининг ажралмас қисмидир.

Миллий музей фонди Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисмидан ва давлатга тегишли бўлмаган қисмидан иборатдир.

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг фуқаролик муомаласига фақат ушбу Қонунда белгиланган чеклашларга риоя этилган ҳолда йўл қўйилади.


8-модда. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини

Миллий музей фонди таркибига киритиш

Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибига киритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Музей ашёлари ва музей коллекциялари Миллий музей фондининг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳисобланади.

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари мулкдорига рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.


9-модда. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини

Миллий музей фонди таркибидан чиқариш

Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибидан чиқариш белгиланган тартибда амалга оширилади. Тегишли факт Миллий музей фондининг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан музей ашёлари ва музей коллекциялари Миллий музей фонди таркибидан чиқарилган ҳисобланади.


10-модда. Миллий музей фондининг

Давлат каталогини юритиш

Миллий музей фондининг Давлат каталогини юритиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш мазкур ҳаракатлар Миллий музей фондининг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.


11-модда. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини

Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши мумкин эмас, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига вақтинча олиб чиқиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


12-модда. Миллий музей фонди таркибига киритилган

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг

фуқаролик муомаласи хусусиятлари

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари фақат Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг махсус рухсатномасига биноан тасарруфдан чиқарилиши ёки универсал ҳуқуқий ворислик тартибида ёхуд бошқа усулда бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши мумкин.

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей коллекцияси бўлинмасдир.



13-модда. Миллий музей фонди таркибига

киритилган музей ашёлари ва музей

коллекцияларига бўлган мулк шакллари

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари хусусий ҳамда оммавий мулк шаклларида бўлиши мумкин.


4-БОБ. МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ФОНДИНИНГ

ДАВЛАТГА ТЕГИШЛИ ҚИСМИ

14-модда. Миллий музей фондининг

давлатга тегишли қисми таркиби

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига, кимнинг эгалигида турганлигидан қатъи назар, давлат мулки бўлган музей ашёлари ва музей коллекциялари киради.

Давлат музейлари, бошқа давлат муассасалари томонидан муассислар маблағлари ёки ўз маблағлари ёхуд бошқа маблағлар ҳисобидан олинадиган, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа усулда олинадиган музей ашёлари ва музей коллекциялари Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киради.


15-модда. Миллий музей фондининг давлатга

тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари

ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини тасарруфдан чиқариш мумкин эмас, уларнинг йўқолиши, емирилиши ёки бошқа музей ашёлари ва музей коллекцияларига айирбошланиши ҳоллари бундан мустасно.

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолларда тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан қабул қилинади.


16-модда. Миллий музей фондининг давлатга

тегишли қисми таркибига киритилган музей

ашёларини ва музей коллекцияларини бошқариш

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари оператив бошқариш ҳуқуқи асосида давлат музейларига, бошқа давлат муассасаларига бириктириб қўйилади.

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини оператив бошқариш топширилган давлат музейлари, бошқа давлат муассасалари:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг жисман бут сақланиши ҳамда хавфсизлигини;

музей ашёлари ва музей коллекциялари билан боғлиқ ҳисобга олиш ҳужжатларининг юритилиши ҳамда бут сақланишини;

музей ашёлари ва музей коллекцияларидан илмий, маданий, маърифий ҳамда таълим мақсадларида фойдаланилишини таъминлаши шарт.


17-модда. Миллий музей фондининг давлатга

тегишли қисми ҳолати устидан давлат назорати

Миллий музей фондининг давлатга тегишли қисми ҳолати устидан давлат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текшириш;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллаш ҳамда ахборот олиш.


5-БОБ. МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ФОНДИНИНГ

ДАВЛАТГА ТЕГИШЛИ БЎЛМАГАН ҚИСМИ

18-модда. Миллий музей фондининг

давлатга тегишли бўлмаган қисми таркиби

Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига Миллий музей фонди таркибига киритилган хусусий мулк бўлган музей ашёлари ва музей коллекциялари киради.


19-модда. Музей ашёлари ва музей

коллекцияларини Миллий музей фондининг

давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритиш

Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритиш белгиланган тартибда уларнинг мулкдори аризаси асосида амалга оширилади.


20-модда. Музей ашёлари ва музей

коллекцияларини Миллий музей фондининг

давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибидан чиқариш

Музей ашёлари ва музей коллекциялари йўқолган ёки емирилган ҳолларда уларни Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибидан чиқариш белгиланган тартибда амалга оширилади.


21-модда. Миллий музей фондининг давлатга

тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган

музей ашёлари ва музей коллекцияларини

ҳисобга олиш ҳамда сақлаш

Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини ҳисобга олиш ҳамда сақлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.


22-модда. Миллий музей фондининг

давлатга тегишли бўлмаган қисми

ҳолати устидан давлат назорати

Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми ҳолати устидан давлат назорати қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиши ҳолатини ҳамда уларни сақлаш шароитларини текшириш;

нодавлат музейларга бириктириб қўйилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори олдига уларни сақлаш жойини ўзгартириш ёки уларни тасарруфдан чиқариш тўғрисидаги масалани қўйиш;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳисобини юритиш учун зарур бўлган сўровномалар йўллаш ҳамда ахборот олиш.


23-модда. Миллий музей фондининг давлатга

тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган

музей ашёлари ва музей коллекцияларига оид битимлар

Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари бўйича олди-сотди ёки ҳадя битимлари тузилганда сотиб олувчи ёки ҳадя олувчи ушбу ашёлар ва коллекцияларга нисбатан сотувчи ёхуд ҳадя қилувчида бўлган барча мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт. Мазкур ашёлар ва коллекцияларнинг олди-сотдисида давлат имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари васият ёки қонунга биноан мерос қилиб олинганда меросхўр ушбу ашёлар ва коллекцияларга нисбатан мерос қолдирувчида бўлган барча мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт. Бу мажбуриятлардан бош тортган тақдирда, меросхўр мазкур музей ашёлари ва музей коллекцияларини ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган шартларда сотиши ёки бошқа битим тузиши мумкин. Бу ҳолда давлат имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар сотиб олувчи, ҳадя олувчи ёки меросхўр Миллий музей фондининг давлатга тегишли бўлмаган қисми таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига нисбатан ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминламаса, давлат ушбу ашёлар ва коллекцияларни қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳақини тўлаб олишни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Музей ашёлари ва музей коллекцияларига оид ушбу моддада назарда тутилган битимлар Миллий музей фондининг Давлат каталогида давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан тузилган ҳисобланади.

Ушбу модданинг биринчи-учинчи қисмларида назарда тутилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини давлат томонидан имтиёзли сотиб олиш ҳуқуқи ёки ҳақини тўлаб олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ёки унинг ҳудудий органлари томонидан амалга оширилади.


6-БОБ. МУЗЕЙЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

24-модда. Музейларни ташкил этиш мақсадлари

Музейлар қуйидаги мақсадларда ташкил этилади:

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини аниқлаш ҳамда тўплаш;

маданий, маърифий ва таълим фаолиятини амалга ошириш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини ўрганиш;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини эълон қилиш.

Музейларни ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилганидан ташқари бошқа мақсадлар учун ташкил этишга йўл қўйилмайди.


25-модда. Музейларни ташкил этиш шартлари

Музейларни ташкил этиш учун қуйидаги шартлар мажбурийдир:

музей тематикасига мувофиқ музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мавжудлиги;

музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш ҳамда оммага намойиш этиш талабларига жавоб берадиган моддий-техник базанинг, шу жумладан бино (хона ёки хоналар), зарур кўргазма жиҳозлари, муҳофаза воситалари ҳамда ёнғинга қарши воситаларнинг мавжудлиги;

музей фаолиятини таъминлаш учун зарур молиявий маблағларнинг мавжудлиги.

Музей-қўриқхоналарни ташкил этиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қўшимча шартлар белгиланади.


26-модда. Музейларнинг турлари ва тоифалари

Мулк шаклига кўра давлат ва нодавлат музейлар ташкил этилиши мумкин.

Ихтисослашувига кўра музейлар:

асосий фаолияти музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этишдан иборат бўлган музейларга;

асосий фаолияти тарихий-маданий қўриқхона ва у билан боғлиқ табиий ландшафт таркибига кирадиган моддий маданий мерос объектларини, шунингдек музей ашёлари ва музей коллекцияларини сақлаш, ўрганиш ҳамда оммага намойиш этишдан иборат бўлган музей-қўриқхоналарга бўлинади.

Давлат музейлари аҳамиятига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тоифаларга бўлинади.


27-модда. Музейларни ташкил этиш,

қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби

Музейлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.


28-модда. Музейларни молиялаштириш

Давлат музейларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Нодавлат музейларни молиялаштириш уларнинг мулкдори маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Давлат музейи жойлашган бино бошқа ташкилотларга берилган тақдирда ушбу масала бўйича қарор қабул қилган давлат органи давлат музейини тенг қийматдаги бино билан таъминлаши ҳамда мазкур музейнинг музей ашёлари ва музей коллекцияларини, шунингдек кўргазма жиҳозларини кўчириш билан боғлиқ харажатларни қоплаши шарт.


29-модда. Музейларга бериладиган имтиёзлар

Музейлар учун имтиёзлар қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.


30-модда. Музейларнинг халқаро ҳамкорлиги

Музейларнинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти қонун ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.



7-БОБ. МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ФОНДИНИНГ

ОЧИҚЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ

31-модда. Музей ашёлари ва музей

коллекцияларини кириб кўриш

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекциялари фуқаролар кириб кўриши учун очиқдир.

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш қуйидаги асосларга кўра чекланиши мумкин:

музей ашёлари ва музей коллекцияларининг бут сақланиш ҳолати қониқарсиз бўлганда;

реставрация ишлари амалга оширилаётганда;

музей ашёлари ва музей коллекциялари музей захирахонасида бўлганда.

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда, шу жумладан, музей захирахонасида турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатларида белгиланади.


32-модда. Музей ашёлари ва музей

коллекцияларини эълон қилиш

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини биринчи марта эълон қилиш ҳуқуқи мулкдор томонидан мазкур музей ашёлари ва музей коллекциялари бириктириб қўйилган музейга тегишлидир.

Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳамда музейларда турган музей ашёлари ва музей коллекцияларини такрорлашдан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқларининг бошқа шахсга ўтказилиши музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори белгилаган тартибда музейлар томонидан амалга оширилади.

Музей ашёлари ва музей коллекциялари, музейларнинг бинолари, музейлар ҳудудида жойлашган объектлар тасвирларидан фойдаланган ҳолда тасвирий, босма, ёдгорлик ва бошқа ададли маҳсулотларни ҳамда халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш, музейларнинг номлари ва рамзий белгиларидан фойдаланиш қонун ҳужжатларига мувофиқ музейлар маъмуриятининг рухсати билан амалга оширилади.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

33-модда. Низоларни ҳал этиш

Музейларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


34-модда. Музейлар тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Музейлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


35-модда. Қонун ҳужжатларини

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                            И. Каримов



"Халқ сўзи" 2008 йил 13 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 37-38-сон, 364-модда.