язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Олий таълим (бакалавриат, магистратура)/ Республика олимпиадалари, танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.10.2008 й. 226-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 13 октябрдаги

226-сон қарорига

4-ИЛОВА


Республика олимпиадалари, танловлари ва

спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисида

НИЗОМ


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги қарорларига кўра ўтказиладиган республика мусобақаларини: академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича олимпиадаларини, ўқувчиларнинг бадиий-ижодий ихтисосликлар бўйича танловларини, спортнинг шахсий ва команда турлари бўйича спорт мусобақаларини ташкил этишнинг умумий принципларини белгилайди.

2. Қуйидагилар ўқувчи ёшлар ўртасида олимпиадалар, танловлар, спорт мусобақалари ўтказишнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:

ўқувчи ёшларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш;

ўқувчиларда ўзлари танлаган фанлар ва ихтисосликларни чуқур ўрганишга қизиқишни ошириш;

ўқувчиларнинг келажакдаги касбларни тўғри танлашига кўмаклашиш;

ўқув-тарбия жараёнини, ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини такомиллаштириш, улар томонидан қобилиятли ўқувчилар билан аниқ мақсадга йўналтирилган якка тартибдаги ишларни ўтказиш.


3. Республика олимпиадалари ҳар йили академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг IХ, Х, ХI синфлари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгунгача) ҳамда IX синфлар ўқувчилари (мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгандан кейин) ўртасида ўтказилади. Олимпиадаларнинг умумтаълим фанлари рўйхати, уларни умумтаълим мактабларининг IX синф ўқувчилари ўртасида ўтказиш тартиби ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказиш бўйича эса Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланади.

Олимпиадалар тўрт босқичда ўтказилади:

1-босқич - ўқиш жойи бўйича;

2-босқич - туман, шунингдек ҳудуди туманларга бўлинмаган шаҳар бўйича;

3-босқич - вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида;

4-босқич - республика бўйича.

Олимпиаданинг биринчи босқичида умумтаълим мактаблари ва академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг барча ўқувчилари иштирок этишлари мумкин, навбатдаги босқичларда эса фақат олдинги босқичларда I, II, III ўринни эгаллаб, ғолиб бўлганлар қатнашадилар. Академик лицейлар ва умумтаълим мактабларининг I босқичда чуқурлаштирилган фанлар бўйича 1-ўринни эгаллаган ўқувчилари олимпиаданинг II босқичида қатнашмасдан тўғридан-тўғри III босқичида қатнашадилар.

Олимпиадаларнинг барча босқичларида ғолиблар ҳам фанлар бўйича, ҳам курслар (синфлар) бўйича алоҳида-алоҳида аниқланади.

Олимпиадалар босқичларини ташкил этиш ва ўтказиш учун масъулият тегишли равишда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари зиммасига, якунловчи - тўртинчи босқич бўйича эса - мажбурий 12 йиллик таълимга тўлиқ ўтилгунгача Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига ва Халқ таълими вазирлигига, мажбурий 12 йиллик таълимга ўтилгандан кейин эса Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказига юкланади.


4. Ижодкор ёшларнинг республика танловлари:

болалар мусиқа мактаблари ва санъат мактаблари;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва ихтисослаштирилган мусиқа-бадиий мактаб-интернатлари ўқувчиларининг иккита гуруҳи ўртасида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази танлов ихтисосликлари ва шартлар рўйхатини ва танловлар шартларини тасдиқлайди.

Болалар мусиқа мактаблари ва санъат мактаблари ўқувчиларининг мусиқа фанлари бўйича танловлари ҳар уч йилда бир марта қуйидаги босқичлар бўйича ўтказилади:

1-босқич - туман, шунингдек ҳудуди туманларга бўлинмаган шаҳар бўйича;

2-босқич - вилоят бўйича, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида ва Тошкент шаҳрида;

3-босқич - республика бўйича.

Танловларнинг биринчи босқичида ўз таълим муассасаларидаги ҳисобот концертларида энг катта эътибор қозонган ўқувчилар иштирок этадилар.

Иккинчи босқичда I, II, III ўринларни эгаллаган, учинчи - якунловчи босқичда эса танловга тавсия этилган ҳар қайси ихтисослик бўйича фақат I ўринни эгаллаган ўқувчилар иштирок этадилар.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва ихтисослаштирилган мусиқа-бадиий мактаб-интернатлари ўқувчиларининг ижодий танловлари мусиқа ижрочилари ўртасида ҳар икки йилда бир марта, уч турда ўтказилади.

Ушбу танловларга саралаб олиш ва юбориш ҳисобот концертлари якунлари бўйича амалга оширилади. Танлов турлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги белгилаган тартибда ўтказилади. I, II, III ўринларни эгаллаган ўқувчилар фақат сўнгги тур якунлари бўйича аниқланади.

Ўқувчиларнинг ижодий танловлари босқичлари ва турларини ташкил этиш учун масъулият тегишли равишда таълим муассасаларининг раҳбарлари зиммасига, Маданият вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига юкланади.

5. Республика спорт мусобақалари ҳар йили спортнинг ҳар хил турлари бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва умумтаълим мактаблари командалари ўртасида, ўқув йили давомида, қуйидаги босқичлар бўйича ўтказилади:

1-босқич - минтақалар бўйича, болалар спорт мактаблари, спорт клуби ёки жамиятлари таркибида;

2-босқич - республика бўйича, ўша командаларда ёки минтақа терма жамоаси таркибида.

Спорт мусобақаларининг ҳар бир босқичи энг кучли спортчиларни саралаш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ўтказилади.

Халқаро мусобақаларнинг спорт турлари, ўтказиш календари ва мусобақа дастури Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг қарори билан белгиланади.

Республика мусобақаларининг спорт турлари, календари ва дастури Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг қарори билан тартибга солинади.

I, II, III ўринларни эгаллаган ўқувчилар спортнинг ҳар бир тури бўйича аниқланади.

Спорт мусобақалари босқичларини ташкил этиш учун масъулият тегишли равишда академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, тўртинчи финал босқичи бўйича эса - Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлари зиммасига юкланади.

6. Ғолибларни тақдирлаш Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.


7. Республика мусобақаларини ўтказиш бўйича бутун тадбирлар комплексини бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари ўз буйруқлари билан ташкилий қўмиталар, жюрилар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмаларни ташкил этадилар.

Ташкилий қўмиталар олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказишда ягона илмий-услубий ёндашувни таъминлайдилар, жюрилар, ҳакамлар ҳайъатлари, апелляция комиссиялари ва бошқа тузилмалар таркибини шакллантирадилар ва тасдиқлайдилар, тестлар ва синов топшириқларини тайёрлашни ташкил этадилар, баҳолаш мезонларини ва якунлар чиқариш тартибини тасдиқлайдилар, қатнашчиларнинг мусобақага келиши билан боғлиқ барча масалаларни ҳал қиладилар.

Жюрилар, ҳакамлар ҳайъатлари ғолибларни аниқлайдилар ва олимпиадалар, танловлар ва мусобақалар якунларини протокол қарор билан расмийлаштирадилар.

Апелляция комиссиялари олимпиадалар, танловлар ва мусобақалар қатнашчиларининг шикоятлари ва аризаларини кўриб чиқадилар. Комиссияларга, зарурат бўлганда, жюрилар, ҳакамлар ҳайъатлари қарорларини бекор қилиш ва уларга ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади.


8. Олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларнинг ўтказиш муддатлари ва жойлари тегишли ҳокимликлар билан келишилади, улар қатнашчиларни тураржой, озиқ-овқат билан таъминлашда ва бошқа ташкилий масалаларни ҳал этишда ёрдам кўрсатадилар.


9. Академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари мусобақаларини маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланадиган, ушбу мақсадлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида тузилган сметалар бўйича амалга оширилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази олимпиадалар, танловлар ва мусобақалар топшириқларининг мураккаблигига қўйиладиган талабларнинг олий таълим муассасаларига қабул қилинадиган абитуриентлар билимлари даражасига мувофиқ бўлишини таъминлайди.


11. Олимпиада, танлов ва мусобақанинг ҳар бир фани учун халқаро ва республика мусобақалари ғолиблари тест синовисиз ҳамда қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадиган соҳа ихтисосликлари рўйхати ҳар йили Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан белгиланади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 42-сон, 422-модда.