язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича Республика реабилитация маркази тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 05.11.2008 й. 240-сон Қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 5 ноябрдаги

240-сон қарорига

2-ИЛОВА



Одам савдоси жабрдийдаларига

ёрдам  бериш  бўйича  Республика

реабилитация маркази тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази (кейинги ўринларда - Республика реабилитация маркази деб аталади)нинг фаолиятини ташкил этиш, шунингдек одам савдоси жабрдийдаларини нормал ҳаёт тарзига қайтариш мақсадида уларга ижтимоий, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш тартибини белгилайди.

2. Республика реабилитация маркази Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига идоравий мансубдир.

3. Республика реабилитация маркази юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.


4. Республика реабилитация маркази ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.


5. Республика реабилитация маркази ўз фаолиятини давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Одам савдоси жабрдийдалари бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Республика реабилитация марказининг хизматларидан фойдаланувчилар ҳисобланади.



II. РЕСПУБЛИКА РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ

ТАМОЙИЛЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Республика реабилитация маркази ўз фаолиятини қуйидаги асосий тамойиллар асосида амалга оширади:

одам савдоси жабрдийдаларининг камситилишига йўл қўймаслик;

одам савдоси жабрдийдаларининг шахсий ҳаёти ва шахси маҳфийлигига риоя қилиш;

ижтимоий ва юридик қўллаб-қувватлаш ҳамда якка тартибда парвариш қилиш.


8. Қуйидагилар Республика реабилитация марказининг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

одам савдоси жабрдийдаларини қулай яшаш ва шахсий гигиена шарт-шароитлари, шунингдек озиқ-овқат, доривор воситалар ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш;

одам савдоси жабрдийдаларига кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш;

одам савдоси жабрдийдалари хавфсизлигини таъминлаш;

одам савдоси жабрдийдаларининг қариндошлари билан мулоқот ўрнатишида кўмаклашиш;

одам савдоси жабрдийдаларига, уларнинг қариндошларига ва васийларига одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот бериш;

одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий реабилитация қилишда кўмаклашиш;

одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ва реабилитация қилиш соҳасида хорижий мамлакатларнинг илғор методикаларини ўрганиш ҳамда амалиётга татбиқ этиш;

нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда одам савдоси жабрдийдаларини тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


III. РЕСПУБЛИКА РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Республика реабилитация маркази одам савдоси жабрдийдаларига комплекс хизматлар кўрсатади.


10. Одам савдоси жабрдийдаларини Республика реабилитация марказига жойлаштириш одам савдоси жабрдийдаларининг ихтиёрий хоҳиши ҳамда реабилитация марказининг директори, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари томонидан қабул қилинадиган қўшма қарор асосида амалга оширилади.


11. Одам савдоси жабрдийдалари Республика реабилитация марказига ўттиз кун муддатгача жойлаштирилади. Зарурият бўлганда одам савдоси жабрдийдаларининг яшаш муддати уч ой муддатгача узайтирилиши мумкин. Агар одам савдоси жабрдийдаларининг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғилса яшаш муддати кўрсатиб ўтилган жабрдийдаларни ҳимоя қилиш учун зарур деб ҳисобланган даврга узайтирилади.


12. Одам савдоси жабрдийдаларига реабилитация марказини уларнинг ўзларининг ёзма мурожаатларига мувофиқ ўз хоҳиши билан тарк этиш ҳуқуқи берилади.


13. Республика реабилитация маркази одам савдоси жабрдийдалари бўлган эркаклар ва аёлларни, шунингдек болаларни алоҳида жойлаштиради.


14. Республика реабилитация маркази одам савдоси жабрдийдаларига:

кечиктириб бўлмайдиган тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа ёрдам беради;

ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари тўғрисида ахборот тақдим этади;

хавфсизлигини таъминлайди;

овқатланиш, доривор воситалар ва тиббий буюмлар билан таъминлайди;

қулай яшаш шароитлари ва шахсий гигиена билан таъминлайди;

қариндошлар билан алоқа ўрнатишга кўмаклашади;

одам савдоси жабрдийдалари ижтимоий реабилитация қилинишига кўмаклашади.


15. Одам савдосининг ҳар бир жабрдийдасига соғлиқнинг ҳолатини комплекс текшириб чиқиш ва баҳолаш натижалари, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам зарурлиги бўйича ишлаб чиқиладиган ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режаси асосида ёрдам кўрсатилади. Одам савдоси жабрдийдаларининг ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасининг ягона шакли Республика реабилитация маркази томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

16. Республика реабилитация маркази ёки реабилитация қилишда қатнашувчи бошқа идораларнинг мутахассислари, заруриятга кўра, реабилитация жараёнида одам савдоси жабрдийдаларига тиббий, ижтимоий, психологик, юридик ва бошқа ёрдам кўрсатиш юзасидан реабилитация жараёнига тузатиш киритиш мақсадида ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига тегишли ўзгартиришлар киритиши мумкин.

Реабилитация чора-тадбирлари бажарилгандан кейин реабилитация маркази раҳбарияти томонидан мутасадди врач билан биргаликда ҳар бир шахсни реабилитация қилиш режасига мувофиқ амалга оширилган реабилитация натижалари баҳоланади.


17. Зарурият бўлганда Республика реабилитация маркази одам савдоси жабрдийдаларини даволаш-профилактика муассасаларига, шу жумладан ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига белгиланган тартибда диагностика, даволаш-маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шунингдек (атрофдагилар учун хавф туғдирадиган наркология, психиатрия, дермотовенерология, сил, юқумли касалликлар ва бошқалар бўйича) стационар тиббий ёрдам кўрсатиш учун юборади.

Республика реабилитация маркази раҳбарияти даволаш-профилактика муассасаларига юборишнинг асосланганлиги учун шахсан жавоб беради.

18. Одам савдоси жабрдийдалари реабилитация марказида бўлган даврда уларга, агар бу одам савдоси жабрдийдалари манфаатларига зид бўлмаса, яқин қариндошлар, қонуний вакиллар билан муносабатлар ўрнатиш ва уларни сақлаб туриш шарт-шароитлари таъминланади.


19. Одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация марказидан чиқаришга тайёрлаш ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда реабилитация марказининг масъул ходими кузатуви остида амалга оширилади.


20. Одам савдоси жабрдийдалари реабилитация марказидан чиққанларидан кейин нормал турмуш тарзига тўлиқ қайтгунларига қадар юридик маслаҳат бериш, тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича реабилитация маркази хизматларидан фойдаланишлари мумкин.


21. Одам савдоси жабрдийдаларини ижтимоий реабилитация қилиш ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари билан ҳамкорликда реабилитация маркази томонидан таъминланади.

22. Ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бўлинмалари Республика реабилитация марказининг буюртманомалари бўйича одам савдоси жабрдийдаларига:

одам савдоси жабрдийдаларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи мавжуд суд тартиб-қоидалари ва маъмурий тартиб-қоидалар тўғрисида мақбул шаклдаги ахборотни тақдим этадилар ва бошқа зарур юридик ёрдамни кўрсатадилар;

тиббий кўрикдан ўтиш ва мутахассиснинг маслаҳат бериши воситасида малакали психологик ва тиббий ёрдам берадилар;

профессионал жиҳатдан реабилитация қилинишда ва ишга жойлашишда кўмаклашадилар;

одам савдоси жабрдийдаларининг болалари таълим муассасаларига қатнашини таъминлайдилар.


23. Одам савдоси жабрдийдаси қайтарилган оила устидан, унга нисбатан одам савдоси такроран содир этилишининг олдини олиш мақсадида, бир йил мобайнида мониторинг олиб борилиши керак. Мониторинг мобайнида реабилитация маркази, ички ишлар органлари ҳамда васийлик ва ҳомийлик органлари мутахассислари томонидан шахс қайтгандан кейин унинг оиладаги ҳолати баҳоланади.



IV. РЕСПУБЛИКА РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИНИНГ БОШҚАРУВ ОРГАНЛАРИ


24. Республика реабилитация марказига Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.

25. Республика реабилитация маркази директори:

реабилитация марказининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва реабилитация марказига юкланган вазифалар бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида белгиланган тартибда ходимларнинг штат жадвалини, уларни моддий рағбатлантириш ва тақдирлаш миқдори ва шаклларини тасдиқлайди, таклиф этиладиган мутахассисларга ҳақ тўлаш миқдорларини белгилайди;

реабилитация маркази ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ реабилитация маркази ходимлари узлуксиз ўқишини ва улар мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтишини таъминлайди;

ҳар бир йил якунлари бўйича Одам савдосига қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссиясига реабилитация марказининг фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Реабилитация маркази раҳбари реабилитация марказининг жорий фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.


26. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири, зарурият бўлганда, Республика реабилитация марказининг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг штатда белгиланган сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга.


V. РЕСПУБЛИКА РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА УНИНГ МОЛ-МУЛКИ


27. Қуйидагилар Республика реабилитация маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади:

давлат бюджети маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалардан тушадиган маблағлар.


28. Республика реабилитация марказининг мол-мулкини асосий фондлар (бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, транспорт воситалари ва бошқалар) ва айланма маблағлар, шунингдек қиймати Республика реабилитация марказининг мустақил балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ташкил этади.



VI. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


29. Республика реабилитация маркази белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисобини юритади ҳамда бухгалтерия ва статистика ҳисоботларини тегишли органларга тақдим этади.


30. Республика реабилитация марказининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.



VII. ОДАМ САВДОСИ ЖАБРДИЙДАЛАРИ

ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР ОШКОР

ҚИЛИНГАНЛИГИ УЧУН РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИ ХОДИМЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


31. Республика реабилитация марказининг ходимлари одам савдоси жабрдийдалари тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



VIII. РЕСПУБЛИКА РЕАБИЛИТАЦИЯ

МАРКАЗИНИ ҚАЙТА ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА ТУГАТИШ


32. Республика реабилитация марказини қайта ташкил этиш ёки тугатиш белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 44-45-сон, 445-модда.