язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.08.2008 й. 169-сон "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2008 й.

N 169


ХОРИЖИЙ ФУҚАРОЛАРНИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИГА ЎҚИШГА ҚАБУЛ

ҚИЛИШ  ВА  ЎҚИТИШ  ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Хорижий давлатлар фуқароларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тизимини такомиллаштириш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг таълим ва фан соҳасидаги халқаро шартномаларини бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилаб қўйилсинки:

хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари, шунингдек жамоавий ва якка тартибдаги (шу жумладан, келиш мақсадидан қатъи назар республикага ҳақиқий визалар бўйича келган хорижий фуқаролар билан тузилган) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланган тартибда олдиндан экспертизадан ва рўйхатдан ўтказиладиган шартномалар ва контрактлар асосида амалга оширилади;

хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш бўйича барча ишларни ташкил этиш, ўқув-методик раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш умумтаълим мактабларида - Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан, бошқа таълим муассасаларида - Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади;

хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ҳамда, агар қонун ҳужжатлари ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган тартибда қабул қилинади.

2. Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва таълим муассасаларига эга бўлган бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида ўқиганлик учун тўлов миқдорлари ва тартибини, 2008/2009 ўқув йилига хорижий фуқароларнинг олий таълим муассасаларида ўқиганлиги учун тўлов миқдорини ўқитишнинг реал харажатларидан келиб чиқиб, 2 минг АҚШ долларидан 4 минг АҚШ долларигача миқдорда белгилашни назарда тутган ҳолда, тасдиқлаш учун киритсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида ўқитиш юзасидан намунавий шартнома (контракт)ларга ўн кун муддатда зарур ўзгартириш ва қўшимчалар киритсинлар;

хорижий фуқаролар учун тил марказларининг зарур даражада ишлаши юзасидан доимий назорат ўрнатсинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикасида хорижий фуқароларни ўқитиш тўғрисида" 1994 йил 24 майдаги 266-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Қосимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                    Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 31-32-сон, 304-модда.