язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Иқтисодиётнинг умумий масалалари/ Дастурлар, концепциялар ва уларни амалга ошириш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.11.2008 й. ПФ-4058-сон "Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида"ги Фармони

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

28.11.2008 й.

N ПФ-4058



ИҚТИСОДИЁТНИНГ РЕАЛ СЕКТОРИ

КОРХОНАЛАРИНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ,

УЛАРНИНГ БАРҚАРОР ИШЛАШИНИ ТАЪМИНЛАШ

ВА ЭКСПОРТ САЛОҲИЯТИНИ ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА*


Жаҳон молия-иқтисодий кризисининг салбий оқибатларини бартараф этиш, иқтисодиёт реал сектори базавий тармоқларининг иқтисодий ўсиши барқарор суръатлари ва макроиқтисодий мутаносиблиги ҳамда барқарор ишлашини таъминлаш, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, экспорт қилувчилар, саноатнинг етакчи тармоқлари корхоналари ҳамда кичик бизнесни аниқ манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқилган Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Қуйидагилар республика иқтисодиёти реал сектори соҳасида жаҳон молия-иқтисодий кризисининг салбий оқибатларини бартараф этишнинг ҳал қилувчи омиллари деб ҳисоблансин:

энг аввало иқтисодиётнинг базавий тармоқларида модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш жараёнларини фаоллаштириш, сифатли, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий мослашувчан минитехнологияларни татбиқ этиш;

ички ва ташқи бозорларда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг рақобатбардошлигини янада ошириш, экспорт қилувчи корхоналар томонидан янги товарлар турларини сотиш ҳажмларини кенгайтириш ҳамда маҳсулот сотишнинг истиқболли бозорларини ўзлаштириш;

иқтисод қилишнинг қаттиқ тартибини жорий этиш, жумладан, технологик жараёнларни рационализациялаш, ишлаб чиқаришда материаллар, электр ва энергия сарфини ҳамда бошқа сарф-харажатларни камайтириш ҳисобига ишлаб чиқариш харажатлари ва маҳсулот таннархини кескин камайтириш;

техник ва ишлаб чиқариш интизомига риоя қилиш, маҳсулот сифатини бошқаришнинг халқаро стандартларини татбиқ этиш;

мослашувчан нарх-наво сиёсатини амалга ошириш, жаҳон бозорларида нарх-наво конъюнктураси тез ўзгариб бораётган шароитда экспорт механизмларини такомиллаштириш.


3. Тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурида белгилаб қўйилган корхоналарнинг муттасил барқарор ишлашини таъминлаш, экспортга йўналтирилган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, шунингдек жаҳон молия-иқтисодий кризисининг салбий оқибатларини бартараф этиш борасидаги қўшимча омиллар ҳамда ресурсларни сафарбар этиш чора-тадбирларини сўзсиз бажариш Вазирлар Маҳкамасининг, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарларининг энг муҳим вазифаси этиб белгилансин.


4. Иқтисодиётнинг реал сектори базавий тармоқлари корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари дастури амалга оширилишининг мониторинги ҳамда тизимли назоратини таъминлаш учун 2-иловага* мувофиқ таркибда Ишчи гуруҳ тузилсин.

Ишчи гуруҳ (Р.С.Азимов):

мазкур Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг амалга оширилиши устидан қаттиқ тизимли назоратни;

ушбу Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурида назарда тутилган ҳукумат қарорлари ва дастурлар лойиҳалари ўз вақтида ишлаб чиқилиши ҳамда тасдиқлаш учун белгиланган муддатларда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

жумладан, тармоқлар, минтақалар ва алоҳида корхоналар миқёсида қабул қилинган чора-тадбирлар натижаларининг мунтазам мониторинги ўтказилиши ва ҳар ойда кўриб чиқилишини;

дунёда нарх-наво ўсиши, жаҳон ва минтақа бозорлари коньюнктурасининг ўзгариши, иқтисодиёт ривожининг ички тенденциялари таҳлилидан келиб чиқиб, корхоналарнинг барқарор ва самарали ишлашини таъминлаш борасида қўшимча чора-тадбирлар кўриш бўйича таклифлар Вазирлар Маҳкамасига тезкорлик билан киритилишини таъминласин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурида назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини, шунингдек экспортни кенгайтиришда, маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлашда иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари раҳбарлари зиммасига иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўриш, уларнинг асосли буюртманомалари бўйича айланма маблағларни тўлдириш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун кредит ресурсларини тезкор, шу жумладан, имтиёзли асосда ажратиб бериш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


7. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 49-сон, 477-модда.