язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Тижоратчи бўлмаган ташкилотлар/ Бошқа бирлашмалар, иттифоқлар ва тижоратчи бўлмаган ташкилотлар/ Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1996 й. 337-I-сон "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1996 й.

N 337-I



СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАР ТЎҒРИСИДА


1-модда. Сиёсий партия тушунчаси


Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир.


2-модда. Сиёсий партиялар

фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Сиёсий партиялар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга, бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ, шунингдек ўз уставлари асосида амалга оширадилар.


3-модда. Сиёсий партияларни тузиш ва уларнинг

фаолият кўрсатиш принциплари


Сиёсий партиялар фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошириш мақсадида, хоҳиш-иродани эркин билдириш, партияга ихтиёрий равишда кириш ва ундан чиқиш, аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги, ўзини ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик асосида тузилади ва фаолият кўрсатади.

Қуйидаги сиёсий партияларни тузиш ва уларнинг фаолият кўрсатиши тақиқланади:

конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи;

Ўзбекистон Республикаси суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларининг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи;

урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи;

халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи;

миллий ва диний руҳдаги партиялар.


4-модда. Сиёсий партияларга аъзолик


Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир пайтнинг ўзида фақат битта сиёсий партияга аъзо бўлиши мумкин.

Партияга мансублигига кўра фуқаронинг ҳуқуқларини ҳар қандай чеклаш, худди шунингдек унга имтиёзлар ёки устунликлар бериш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти республика барча фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилинишининг кафили сифатида президентлик ваколатларини бажариш муддати давомида сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни тўхтатиб туриши ёхуд бутунлай тўхтатиши шарт.

Қуйидагилар сиёсий партияларга аъзо бўла олмайдилар:

судьялар;

прокурорлар ва прокуратура терговчилари;

ички ишлар, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси органлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари;

ҳарбий хизматчилар;

хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар.

Сиёсий партияларга аъзолик якка тартибда қайд этилади.


5-модда. Сиёсий партиялар фаолиятининг кафолатлари


Давлат сиёсий партиялар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари муҳофаза этилишини кафолатлайди, уставда белгиланган ўз мақсадлари ва вазифаларини бажаришлари учун уларга тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг сиёсий партиялар ички ишларига аралашишлари ёхуд, агар фаолият қонунга ҳамда ўз уставларига мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, улар фаолиятига у ёки бу тарзда тўсқинлик қилишлари ман этилади.

Сиёсий партияларнинг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.

Сиёсий партиялар ташкилотларининг тадбирлари асосан улар аъзоларининг ишдан ташқари вақтида ва ана шу партиялар маблағи ҳисобидан амалга оширилади. Хусусий иш берувчиларнинг ўз ходимларидан улар меҳнат вазифаларини бажараётган пайтда партия номидан сиёсий фаолият билан шуғулланишни талаб қилиши ман этилади.

Сиёсий партиялар аппарати ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги, ижтимоий таъминот ва ижтимоий суғурта ҳақидаги қонун ҳужжатлари татбиқ этилади.


6-модда. Сиёсий партияни тузиш


Сиёсий партияни тузиш учун камида саккизта ҳудудий субъектда (вилоятда), шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳрида яшаётган ҳамда партияга бирлашиш истагида бўлган камида йигирма минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади.

Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.

Ташкилий қўмита ўзи тузилган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз ташаббуси, қўмитанинг таркиби, раҳбари (етакчиси), жойлашган манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши лозим.

Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир.

Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади.

Таъсис съезди ёки конференцияси партия устави ва дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органларини тузади.


7-модда. Сиёсий партиянинг устави


Сиёсий партиянинг уставида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

партиянинг номи, мақсади ва вазифалари;

партиянинг тузилиши;

партия аъзолигига қабул қилиш ва ундан чиқиш шартлари ва тартиби;

партия аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

партия ва унинг ташкилотлари раҳбар органларининг ваколатлари ҳамда уларни тузиш (чақириш) тартиби, уларнинг ваколат муддатлари;

партия раҳбар органларининг фаолиятини назорат қилиш тартиби;

партия ва унинг ташкилотлари маблағларини шакллантириш ҳамда бошқа мол-мулкини сотиб олиш манбалари;

партия раҳбар органи жойлашган манзил;

партия устави ва дастурини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тартиби;

партия фаолиятини қайта ташкил этиш ёки тўхтатиш тартиби.

Уставда партия фаолиятига оид бошқа қоидалар ҳам назарда тутилиши мумкин.



8-модда. Сиёсий партияларни рўйхатга олиш


Сиёсий партиялар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинади.

Сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш учун устав қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида қуйидагилар тақдим этилади:

партия раҳбар органининг камида уч аъзоси имзолаган ариза;

устав;

дастур;

таъсис съезди ёки конференциясининг баёни;

давлат божи қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда тўланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

ушбу Қонун талаблари бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шу жумладан, мазкур партияга бирлашиш истагини билдирган йигирма минг нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ўзлари имзо қўйган рўйхати, сайлаб қўйиладиган органларнинг аъзолари тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, турар жойи ва иш жойи, телефон рақами), раҳбар орган аъзоларига ваколатлар, шу жумладан, рўйхатдан ўтказиш жараёнида ёхуд мунозаралар келиб чиққан тақдирда судда партия номидан иштирок этиш ҳуқуқи берилганлиги тўғрисидаги партия олий органининг қарори.

Сиёсий партияни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза у тушган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш натижаларига биноан сиёсий партияни рўйхатга олиш ёки рўйхатга олишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қарор қабул қилингач, узоғи билан уч кун муддат ичида у сиёсий партия раҳбар органига берилади ёки почта орқали жўнатилади.

Сиёсий партия рўйхатдан ўтган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади ва у ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Сиёсий партиялар уставларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар уларнинг уставларини рўйхатга олиш учун ушбу моддада назарда тутилган тартибда ва муддатларда рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.



9-модда. Сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш


Агар сиёсий партиянинг устави, мақсадлари, вазифалари ва фаолият услуби Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлса ёки олдинроқ худди шундай номдаги сиёсий партия ёки жамоатчилик ҳаракати рўйхатга олинган бўлса, бу партия рўйхатга олинмайди.

Сиёсий партияни рўйхатга олиш рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тақдим этилган ҳужжатлар қонун ҳужжатларининг қайси қоидаларига зид эканлигини кўрсатган ҳолда бу хусусда партия раҳбар органининг ваколатли аъзосига ёзма тарзда хабар қилади. Ушбу сиёсий партия раҳбар органининг ваколатли аъзолари рўйхатга олиш рад этилганлиги тўғрисида хабарнома олинган кундан эътиборан бир ой ичида ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонун ҳужжатларига бутунлай мувофиқ ҳолга келтирган тақдирдагина партияни рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига такрор мурожаат этишга ҳақлидирлар.

Сиёсий партияни рўйхатга олишни рад этиш устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.


10-модда. Сиёсий партиянинг фаолиятини тўхтатиб туриш


Сиёсий партия Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини, ушбу Қонунни, бошқа қонун ҳужжатларини ёки ўз уставини бузган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларининг ёки уставнинг қайси нормалари бузилганлигини кўрсатган ҳолда бу хусусда партия раҳбар органларига ёзма тарзда хабар қилади ва бундай бузишларни бартараф этиш учун муддат белгилайди. Агар бузишлар белгиланган муддат давомида бартараф этилмаса, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди сиёсий партиянинг фаолиятини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриши мумкин.

Сиёсий партиянинг фаолияти тўхтатиб турилган тақдирда, шу муддат давомида партиянинг ҳар қандай оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиши, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориши, сайловларда иштирок этиши ман қилинади.


11-модда. Сиёсий партиянинг фаолиятини тугатиш


Сиёсий партиянинг фаолияти қуйидаги тарзда тугатилади:

партиянинг ўз уставига мувофиқ тарқалиб кетиши орқали, бу ҳақда партия олий органи уч кунлик муддат ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига хабар қилади;

партия ушбу Қонун 3-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган хатти-ҳаракатларни содир этган ҳолларда ёки ўз фаолияти тўхтатиб қўйилганидан сўнг бир йил муддат ичида ўша хатти-ҳаракатларни такрор содир этган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги расмий хабари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган кундан бошлаб сиёсий партиянинг фаолияти тугайди.


12-модда. Сиёсий партияларнинг ҳуқуқлари


Сиёсий партиялар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни эркин тарқатиш, ўз ғоялари, мақсадлари ва қарорларини тарғиб қилиш;

сайлаб қўйиладиган давлат органларидаги ўз вакиллари орқали тегишли қарорларни тайёрлашда иштирок этиш;

қонунда белгилаб қўйилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимияти органлари сайловларида иштирок этиш;

партия фаолияти билан боғлиқ йиғилишлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда оммавий ахборот воситалари таъсис этиш ва бошқа оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари билан иттифоқ (блок) тузиш, улар билан ва бошқа жамоат бирлашмалари билан шартнома муносабатлари ўрнатиш.

Сиёсий партиялар ушбу Қонунда ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларида назарда тутилган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



13-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ўз партияларининг сиёсатини уюшқоқлик билан ўтказиш учун, сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатларнинг таъсис йиғилишларида тузилади. Фракциялар фракциянинг раҳбари берган тегишли ариза ва таъсис ҳужжатларига асосан Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси томонидан рўйхатга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партия фракцияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибини тузишда иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги ташаббус билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш;

Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда фракция вакилига кафолатланган сўз берилиши;

тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикерига ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига, вазирларга, шунингдек бошқа давлат органларининг раҳбарларига сўров билан мурожаат этиш;

Қонунчилик палатасининг қўмиталари Спикер ўринбосарлигига ва комиссиялари раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинаётган масала бўйича фракция фикрини депутатлар орасида тарқатиш;

Қонунчилик палатаси депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

Сиёсий партия фракциясининг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Кенгаши таркибига киради.

Фракцияларнинг фаолиятига ташкилий, техникавий жиҳатдан ва бошқа хизматлар кўрсатиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг девони томонидан таъминланади.


13-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас.


14-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги

ва халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари

Партия гуруҳи - сиёсий партиядан кўрсатилган депутатлар томонидан партия манфаатларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида, халқ депутатлари Кенгашида ифодалаш мақсадида тузиладиган ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган депутатлар бирлашмаси.

Сиёсий партиядан кўрсатилган ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки халқ депутатлари Кенгашига сайланган депутат фақат шу партиянинг партия гуруҳи аъзоси бўлиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ва халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган депутатларнинг таъсис йиғилишларида тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари томонидан рўйхатга олинади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари уларда тегишли сиёсий партиядан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига сайланган камида уч нафар депутат бирлашган тақдирда тузилади.

Партия гуруҳи ҳисобга олиш рўйхатидан ўтказилиши керак.

Партия гуруҳининг фаолияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

партия гуруҳининг ўз ташаббуси билан;

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ёки халқ депутатлари Кенгашининг ваколатлари муддати тугаганда;

партия гуруҳи таркибига кирувчи депутатлар сони уни тузиш учун зарур бўлган меъёрдан камайиб кетганда;

тегишли сиёсий партиянинг фаолияти тугатилганда.


14-1-модда. Партия гуруҳларининг ҳуқуқлари

Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи сессияси кун тартибини шакллантиришда иштирок этиш;

давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи қўмиталари ёки комиссиялари раислигига, раис ўринбосарлигига ва аъзолигига номзодлар юзасидан таклифлар киритиш;

давлат ҳокимиятининг тегишли вакиллик органи сессияси кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига сўз берилишини кафолатлаш;

тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ва Вазирлар Кенгашининг раисларига, вазирларига ҳамда бошқа давлат органлари раҳбарларига, ҳокимларга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликлар бошқармалари, бўлимлари ва бошқа бўлинмаларининг раҳбарларига, шунингдек тегишли халқ депутатлари Кенгаши ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг лойиҳаларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш;

тегишли ҳудудда жойлашган давлат органи раҳбарининг, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ҳисоботини ёки ахборотини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари Кенгашининг сессияларида эшитиш тўғрисида, шунингдек ижтимоий-иқтисодий ривожланиш масалаларини кўриб чиқиш ҳақида таклифлар киритиш. Бунда қарор депутатларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган тақдирда қабул қилинади;

тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ёки халқ депутатлари Кенгашининг сессиясида муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш;

туман (шаҳар) ҳокимининг, шунингдек тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари мансабдор шахсларининг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокимига хулоса тақдим этиш.

Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари вилоят ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси ҳуқуқига эга.

Партия гуруҳларининг тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ва халқ депутатлари Кенгашига киритиладиган масалалар бўйича таклифи албатта кўриб чиқилади.

Партия гуруҳлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия гуруҳлари фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш Жўқорғи Кенгеснинг девони томонидан, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш эса, ҳокимликларнинг тегишли таркибий бўлинмалари томонидан таъминланади.



14-2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутатининг вакили

Сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг депутати билан келишилган ҳолда партиянинг тегишли сайлов округидаги ҳудудий бўлими ходимлари орасидан жамоатчилик асосида ишловчи вакил ажратиб берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг вакили:

депутатнинг сайлов округидаги ўз сайловчилари билан доимий алоқа ўрнатишига кўмаклашади;

сайлов округида жисмоний ва юридик шахсларнинг депутат номига келиб тушган мурожаатларини рўйхатдан ўтказади ва бу ҳақда депутатни хабардор қилади;

депутат томонидан жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишга, шунингдек депутатнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

депутатнинг топшириғига кўра сайлов округи ҳудудида депутатнинг ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ишларни ташкил этади;

депутатнинг ўз ваколатларини амалга оширишга доир бошқа топшириқларини бажаради.



15-модда. Сиёсий партиялар мулки

Бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, нашриётлар, транспорт воситалари, шунингдек уставида назарда тутилган вазифаларни амалга ошириш учун зарур бошқа мол-мулк сиёсий партияларнинг мулки бўлиши мумкин.

Сиёсий партияларни молиялаштириш "Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Сиёсий партиялар фақат уставда назарда тутилган вазифаларни бажариш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширади. Сиёсий партиянинг тадбиркорлик фаолияти натижалари унинг молиявий ҳисоботида акс эттирилиши керак.

Сиёсий партияларнинг тадбиркорлик фаолиятидан олган даромадлари партия аъзолари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва улардан фақат уставда назарда тутилган вазифаларни бажариш учун фойдаланилади.

Сиёсий партиялар ҳар йили барчанинг эътибори учун ўз бюджетларини эълон қилиб боради ва ўз фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ёки у ваколат берган органга белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.

Сиёсий партияларнинг мулки қонун билан муҳофаза қилинади.


17-модда. Сиёсий партиялар фаолиятининг қонун ҳужжатларига

ва ўз уставларига мувофиқлигини назорат қилиш


Сиёсий партияларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонун ҳужжатларига ва ўз уставларига мувофиқлигини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги назорат қилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 йил, 2-сон, 36-модда