язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Ҳарбий хизматни ўташ. Шартнома бўйича ҳарбий хизмат/ Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.01.2009 й. 10-сон Қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 14 январдаги

10-сон қарорига

ИЛОВА



Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва

жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш,

шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли

Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий

хизматчиларни яшаш жойларига

қайтариш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга йиғиш ва жўнатиш, уларни ҳарбий қисмларда қабул қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига қайтариш тартибини, давлат органларининг ушбу ишларни амалга ошириш бўйича вазифаларини белгилайди.


2. Муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартиби ва муддатлари қонун ҳужжатларида белгиланади.



II. ФУҚАРОЛАРНИ МУДДАТЛИ

ҲАРБИЙ ХИЗМАТГА ЙИҒИШ

ВА ЖЎНАТИШ ТАРТИБИ


3. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Бош штаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган шахсларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисидаги қарори эълон қилингандан кейин ўн кун муддатда чақирилувчиларни ҳарбий қисмларга жўнатишнинг умумий жадвалини ишлаб чиқади. Чақирилувчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жадваллари беш кун муддатда ҳарбий округлар қўшинлари қўмондонлари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг марказий бўйсунишдаги қўшинлари ҳарбий қисмлари командирлари, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати қўшилмалари ва ҳарбий қисмлари командирларига, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уларга тегишли қисми бўйича етказилади.

4. Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервига хизматга олиш туман (шаҳар) чақирув пунктида амалга оширилади.

Туман (шаҳар) чақирув пункти фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича чақирув ва тиббий комиссиялар ишини ташкил этиш, фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақируви резервига хизматга чақириш, уларни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларига (кейинги ўринларда "йиғиш пунктлари" деб аталади) ташкилий жўнатиш учун мўлжалланган.

Туман (шаҳар) чақирув пунктлари, қоидага кўра, мудофаа ишлари бўлими билан бир бинода ёки унинг ҳудудида жойлашади.

Туман (шаҳар) чақирув пункти қуйидагиларни ўз ичига олади:

чақирилувчилар чақирув пунктида бўлган вақтда улар орасида маданий-тарбиявий ишлар олиб борадиган хона (100 кишига);

чақирилувчиларга оид ижтимоий-демографик маълумотларни аниқлаштириш учун хона;

чақирилувчиларнинг кийим-кечаги ва шахсий ашёларини сақлаш учун хона (камида 50 кишига);

чақирилувчиларни антропометрик текшириш учун хона;

мутахассис врачлар чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиши учун хона, бир нафар мутахассис врачга бир хона ҳисобидан;

туман чақирув комиссияси мажлисини ўтказиш учун хона;

овқатланиш пункти (буфет);

санитария узеллари.

Чақирилувчиларнинг ҳарбий қисмларга жўнатиш учун мудофаа ишлари бўлимларига келиш вақти уларнинг йиғиш пунктларига ҳарбий командаларнинг ҳарбий қисмларга жўнатилишидан камида 6 соат олдин етиб келиши ҳисобга олинган ҳолда белгиланади.

Чақирилувчиларни йиғиш пунктларига жўнатиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ажратилган автотранспортда мудофаа ишлари бўлимлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамроҳлигида ташкилий равишда ва чақирилувчиларни жўнатиш жадвалларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.

Чақирилувчиларни йиғиш пунктларига жўнатишдан олдин мудофаа ишлари туман бўлимлари:

ҳарбий командага номма-ном рўйхат тузиши;

жўнатилаётган фуқароларга ҳарбий гувоҳномалар бериши ва улардан рўйхатдан ўтказиш гувоҳномалари ва паспортларни олиб қўйиши;

"Армия - ҳаёт мактаби" эслатмасини топшириши шарт.


5. Чақирилувчиларни қўшинларга жўнатиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар йиғиш пунктларида амалга оширилади.

Йиғиш пунктлари чақирилувчиларни назорат тиббий кўригидан ўтказиш, туманлар (шаҳарлар) чақирув комиссиялари томонидан чақирилувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг ҳар хил турлари бўйича тайинлаш тўғрисида қабул қилган қарорларининг қонунийлигини текшириш, чақирилувчиларни сафарбарлик чақируви резервига хизматга олиш, соғлиғининг ҳолатига кўра чақирувни кечиктириш, командаларни шакллантириш, уларни командаларни қабул қилиш ва уларга ҳамроҳлик қилиш учун келган ҳарбий қисмлар вакилларига бериш, муддатли ҳарбий хизматнинг янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларини йўлда зарур бўлган барча зарур нарсалар билан таъминлаш ва командаларни қўшинларга ташкилий жўнатиш учун мўлжалланган.

Йиғиш пунктида қуйидагилар бўлиши керак:

маъмурий бино;

чақирув пункти;

тантанали кузатиш қатнашчилари билан байрамона тушлик қилиш учун ошхона (300 кишига);

чақирилувчилар белгиланган кийим-кечакни қайта кийиб оладиган хонаси бўлган шахсий таркибни санитария кўригидан ўтказиш учун бино (ҳаммом) (50 кишига);

янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилар билан тантанали кузатиш маросимини ўтказиш учун саф тортиш майдони (300 кишига);

назорат-ўтказиш пункти;

ташқи санитария узеллари.

Йиғиш пунктининг маъмурий биноси қуйидагиларни ўз ичига олади:

йиғиш пункти маъмурияти учун бино (йиғиш пункти бошлиғи, йиғиш пункти навбатчиси, ҳарбий командаларни шакллантириш бўлими, ҳарбий қисмлар ва мудофаа ишлари бўлимлари вакилларининг ишлаши учун хоналар);

чақирилувчиларнинг шахсий мослашув салоҳиятини ва интеллектуал даражасини аниқлаш бўйича уларни психологик текст синовидан ўтказиш учун иккита синф (ҳар бири 50 кишига мўлжалланган);

янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни тантанали кузатиш ва уларни ҳарбий қисмлар вакилларига бериш учун бино (300 кишига);

янги чақирилганларни қабул қилиб олиш ва ҳарбий қисмларга кузатиб бориш учун қўшинлардан келган шахсий таркибни жойлаштириш учун бино (50 кишига);

чекка туманлардан келган чақирилувчиларни жойлаштириш учун бино (50 - 100 кишига);

ашёвий мол-мулкни сақлаш учун бино (омборхона);

санитария узеллари.

Йиғиш пунктининг чақирув пункти қуйидагиларни ўз ичига олади:

тиббий (чақирув) комиссиясидан ўтиш учун мудофаа ишлари бўлимларидан келган шахсий таркибни жойлаштириш учун бино (100 кишига);

чақирилувчиларнинг кийим-кечаги ва шахсий ашёларини сақлаш учун хона (50 кишига);

чақирилувчиларни антропометрик текшириш учун хона;

мутахассис врачлар чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиши учун хона, бир нафар мутахассис врачга бир хона ҳисобидан;

вилоят чақирув комиссияси мажлисини ўтказиш учун хона;

ташриф буюрувчиларнинг чақирув комиссияси раиси ва унинг аъзолари томонидан қабул қилиниши учун хона;

флюорография қурилмаси учун хона (жой);

фиброгастродуоденоскопик ва ультратовуш текширишлар ўтказиш учун хона (жой);

санитария узеллари.

Чақирув ва йиғиш пунктлари ҳарбий-ватанпарварлик мавзуси бўйича зарур кўргазмали ташвиқотлар, алоқа воситалари ва овозни кучайтирадиган алоқа аппаратлари билан жиҳозланган бўлиши, электр ва иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминланиши керак.

Бинолар ва хоналар, чақирув ва йиғиш пунктларининг айрим элементлари тасдиқланган намунавий лойиҳалар талабларига мувофиқ бўлиши керак.


6. Йиғиш пунктларида муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилганларни мудофаа ишлари бўлимлари вакилларидан қабул қилиб олиш ва уларни ҳарбий қисмлар вакилларига бериш номма-ном рўйхат бўйича амалга оширилади. Ҳарбий қисмларнинг вакиллари (командаларнинг бошлиқлари) янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларнинг зарур ҳужжатларини оладилар.

Янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни қўшинларга жўнатишдан олдин:

бадан кўздан кечирилади;

кийим-кечак тўлиқ алмаштирилган ҳолда ҳаммомда ювинтирилади ва ашёвий мулк билан таъминланади, бунда янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларнинг фуқаролик кийим-кечаги уларнинг ота-оналарига, ота-оналарга тенглаштирилган шахсларга қайтарилади;

чақирув комиссиясининг қарори эълон қилинади, хавфсизлик чора-тадбирлари ва бориладиган йўлда ўзини тутиш қоидалари бўйича йўриқнома берилади;

тантанали кузатиш ташкил этилади.


7. Муддатли ҳарбий хизматнинг янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларини қайта кийинтириш учун йиғиш пунктларида вақтинчалик кийинтириш пунктлари ташкил этилади.

Чақирув бошлангунга қадар Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизматининг ДХХ Чегара қўшинлари, Давлат хавфсизлик хизматининг бошқа ҳарбий тузилмалари ва Миллий гвардиянинг, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мансабдор шахслари томонидан белгиланган ҳисоб-китобга мувофиқ янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилар учун ашёвий мулк етказилади.

Қишки режа бўйича ашёвий мулк бериш Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Давлат хавфсизлик хизматининг бошқа ҳарбий тузилмалари ва Миллий гвардиянинг, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

8. Мудофаа ишлари бошқармалари бошлиқлари йиғиш пунктларида чақирув комиссияларининг қарорлари билан муддатли ҳарбий хизматга олинган чақирилувчиларга "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасига мувофиқ улар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг муддатли хизматига янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилари эканлигини эълон қилади. Ҳарбий хизматчиларга ҳаво, темир йўл ва автомобиль транспорти қатнови йўлида хавфсизлик чоралари ва хатти-ҳаракат қоидалари бўйича йўриқномалар берилади. Ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг кузатиш учун келган ота-оналарига муддатли ҳарбий хизматни ташкил этиш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, вазифалари ва имтиёзлари, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларининг ҳар хил турларида муддатли ҳарбий хизматни ўташ хусусиятлари тушунтирилади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мудофаа ишлари бошқармалари билан биргаликда янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жадвали олингандан кейин уч кун муддатда уларни ҳарбий қисмларга тантанали кузатиш маросимини ташкил этиш ва ўтказиш режаси тузилади.

Ҳарбий қисмларга юборилаётган янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни тантанали кузатиб қўйиш чақирув комиссияларининг раислари - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ўринбосарлари раҳбарлигида ташкил этилади ҳамда ҳокимликлар, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари иштирокида ўтказилади.

Тантанали кузатиб қўйиш мобайнида:

ҳарбий хизматчиларни муддатли ҳарбий хизматга жўнатишга бағишланган митинг ўтказилади;

ҳарбий хизматчиларга эсдалик совғалари топширилади;

тантанали кузатиб қўйиш қатнашчилари ва ҳарбий хизматчиларга байрам тушлиги ташкил этилади;

ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар концерти намойиш қилинади;

ҳарбий хизматчилар ота-оналар, ҳокимликлар, жамоатчилик вакиллари билан эсдалик учун суратга тушадилар.


10. Тантанали кузатиб қўйиш тугаллангандан кейин ҳарбий хизматчилар хавфсизлик чораларига риоя қилган ҳолда ва Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати ходимлари ҳамроҳлигида ташкилий равишда транспортда хизмат жойларига жўнатиш учун вокзалларга (аэропортларга) юборилади.

Ҳарбий хизматчилар ҳаракат хавфсизлиги шартларига жавоб берадиган, йўловчилар ташиш учун мўлжалланган, техник жиҳатдан тайёр транспорт воситаларида тиббиёт ходимлари ҳамроҳлигида хизмат жойларига етказилади. Ҳарбий хизматчиларни мослаштирилган вагонларда ташиш қатъиян тақиқланади.


11. Оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга кузатиш билан боғлиқ тантанали тадбирларни кенг ёритиш ташкил этилади.



III. ЧАҚИРИЛУВЧИЛАРНИ ҲАРБИЙ

ҚИСМЛАРДА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


12. Ҳарбий қўшилмалар ва ҳарбий қисмларнинг командирлари муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун келган ҳарбий хизматчиларни вокзаллар, аэропортларда шахсан кутиб оладилар ҳамда уларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ҳамроҳлигида бевосита ҳарбий қисмларга ташкилий равишда етказилишини амалга оширадилар.


13. Ҳарбий қисмларда янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш муносабати билан ҳарбий қисмларнинг командирлари, ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида қисмга ҳарбий хизматчилар келганлигига бағишланган тантанали митинглар ўтказилади ҳамда байрам тушлиги ташкил этилади.


14. Қисмларнинг командирлари томонидан ҳарбий хизматчилар бўлинмаларда бўлган дастлабки ўн кунда:

юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича тиббий тадбирлар комплекси (дастлабки тиббий кўриклар, профилактик эмлаш ва санитария кўриги), санитария маданияти даражасини ошириш тадбирлари (шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига риоя қилиш);

жамоатчиликни жалб этган ҳолда жойларда "Сен хизмат қилаётган ўлка" рукни остида мавзули тадбирлар ўтказилади. Бундай тадбирлар давомида ҳарбий хизматчиларга вилоят, туман, шаҳарнинг тарихи, иқтисодий соҳадаги муваффақиятлар ва ютуқлар, вилоят, туман, шаҳарнинг ҳурматли кишилари, ҳарбий қисмнинг ташкил этилиши тарихи, унинг анъаналари ҳамда жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлик борасида эришган ютуқлари тўғрисида ахборот берилади;

муддатли ҳарбий хизматнинг ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларга белгиланган имтиёзлар, ашёлар ва пул, овқат билан таъминлаш нормалари, тиббий ва ҳаммом-кир ювиш хизматлари тартиби маълум қилинади.

чақирилувчиларнинг маънавий-руҳий сифатлари ўрганиб чиқилади;

янгидан чақирилган ҳарбий хизматчилар такрорий тиббий кўрикдан ўтказилади;

ҳарбий хизматчиларни бўлинмаларда штатдаги лавозимлар бўйича тақсимлаш ҳақидаги қарорлар аниқлаштирилади;

ҳарбий қисмдаги қурол-яроғлар ва техника ҳарбий хизматчиларга намойиш қилинади;

шахсий таркиб Ҳарбий қасамёдни, умумқўшин уставларини, муддатли ҳарбий хизматни ўташ масалалари бўйича амалдаги қонун ҳужжатлари қоидаларини ўрганади;

спорт кийим-кечаги ва пойабзал берилади.


15. Ҳарбий хизматчиларни жисмоний юкламаларга мослаштириш мақсадида ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларнинг командирлари, ҳарбий-тиббий хизматлар мутахассисларининг доимий назорати остида:

эрталабки бадантарбияни амалга ошириш жараёнида шахсий таркибни чиниқтириш ва жисмоний тайёргарлик бўйича режали машғулотлар;

ҳарбий хизматчиларнинг юкламаларга якка тартибда жисмоний ва руҳий чидамлилигини, уларнинг ҳарбий хизматчилар организмига таъсири даражасини аниқлаш;

ҳарбий хизматчилар томонидан ҳарбий мутахассисликлар сифатли ўзлаштириб олинишига, жисмоний ва ахлоқий камол топишига, барқарор характер, Ватанга муҳаббатга ва унинг ҳимояси учун тайёр туришга асосланган қатъий ҳаётий нуқтаи назар шаклланишига йўналтирилган муддатли ҳарбий хизматчиларни жанговар ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик руҳида самарали тарбиялашни таъминлаш бўйича тадбирлар амалга оширилади.



IV. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРНИ ЖЎНАТИШ ТАРТИБИ


16. Муддатли ҳарбий хизматчиларни резервга бўшатиш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


17. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Бош штаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш ҳамда муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган шахсларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисидаги қарори эълон қилингандан кейин Мудофаа вазирлигининг ҳарбий округлари, марказий бўйсунишдаги қўшилмалари ва қисмлари штаблари, Миллий гвардиянинг ҳарбий қисмлари ва муассасалари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бирлашмалари, Давлат хавфсизлик хизматининг ҳарбий қисмлари, Ички ишлар вазирлигининг Қоровуллик хизмати қўшилмалари ва қисмлари штаблари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълумотлари асосида ўн кун муддатда Қуролли Кучлар учун ягона бўлган муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш режасини ишлаб чиқадилар.

Бўшатиш режасидан кўчирмалар ҳарбий округлар, Мудофаа вазирлигининг марказий бўйсунишдаги қўшилмалари ва қисмлари штабларига, Миллий гвардиянинг марказий аппарати, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари Бош штабига, ҳарбий қисмларига, Ички ишлар вазирлигининг Қоровуллик қўшинлари Бош бошқармасига, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига юборилади.

18. Ҳарбий қисмлар командирлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий қисм билан тантанали хайрлашувини таъминлайдилар, хайрлашув давомида:

муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларига жўнатишга бағишланган митинглар;

резервга бўшатилган, жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарлик аълочилари бўлган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига кириш учун ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномаларини топшириш;

резервга бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларга ёрдам пули бериш;

эсдалик совғалари топшириш;

ҳарбий хизматчиларнинг қисм қўмондонлиги билан эсдалик учун суратга тушиши;

байрам тушлиги ташкил этилади.


19. Ҳарбий хизматчилар Миллий гвардия, Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларидан, Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларидан, ҳарбий қисмларидан, Ички ишлар вазирлигининг Қоровуллик қўшинларидан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан, кейинчалик яшаш жойларига жўнатиш учун хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда белгиланган муддатларда вокзалларга (аэропортларга) етказилади.

20. Резервга бўшатилаётган ҳарбий хизматчиларга ҳарбий гувоҳнома ва ҳисобга олиш-хизмат қилиш карточкаси, кўрсатма, ҳарбий ташув ҳужжатлари берилади.


21. Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни мудофаа ишлари бошқармасига етказиш ҳарбий қисмларнинг вакиллари ҳамроҳлигида амалга оширилади.



V. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ РЕЗЕРВИГА БЎШАТИЛГАН ҲАРБИЙ

ХИЗМАТЧИЛАРНИ КУТИБ ОЛИШ ТАРТИБИ


22. Резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни тантанали кутиб олиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан жойлардаги мудофаа ишлари бошқармалари билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилади.

Тантанали кутиб олиш давомида:

резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олишга бағишланган митинглар ўтказилади, митингда ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналари иштирок этадилар;

ижодий жамоалар ва бадиий ҳаваскорлар концерти уюштирилади;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жойлардаги органлари вакиллари чиқишлари ўтказилади, бундай чиқишларда ҳарбий хизматчиларга ва уларнинг ота-оналарига ишга жойлаштириш ва касбга ўқитиш юзасидан маълумот берилади, тегишли эслатмалар топширилади;

резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни кутиб олиш бўйича тантанали тадбирлар оммавий ахборот воситаларида ёритилади.

Тантанали тадбирлар тамом бўлгандан кейин резервга бўшатилган ҳарбий хизматчилар мудофаа ишлари бўлимлари вакиллари томонидан хавфсизлик чораларига риоя этилган ҳолда ташкилий тартибда транспортда яшаш жойларига етказилади.


23. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олишни амалга оширади.



VI. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ

ОРГАНЛАРИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ҚУРОЛЛИ КУЧЛАРИДА МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ

ХИЗМАТНИ ЎТАГАН ФУҚАРОЛАРНИ ИШ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ВАЗИФАЛАРИ


24. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Қуролли Кучларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар бошқа тенг шартларда (таълим, касб малакаси ва бошқалар) давлат муассасалари, ташкилотлари ва корхоналарига ишга қабул қилишда мардликнинг армия мактабидан ўтган ва ватанпарварлик тарбияси сингдирилган, ҳарбий тайёргарлик кўрган, мамлакатнинг энг фаол ва тайёрланган кадрлар захираси ҳисобланган шахслар сифатида устунлик ҳуқуқидан фойдаланишини ҳисобга оладилар.

25. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларни касбга ўқитиш ҳамда устун даражада давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига ишга жойлаштириш;

фуқароларнинг кўрсатиб ўтилган тоифасининг бандлигини таъминлаш масалаларида Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари, туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг фаолияти назорат қилинишини;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқаролар билан уларнинг меҳнат ҳуқуқларини тушунтириш бўйича шахсан иш олиб борилишини;

мудофаа ишлари бўлимларининг резервга бўшатилган ҳарбий хизматчилар ишга жойлаштирилиши ва ижтимоий муҳофаза қилиниши тўғрисида белгиланган муддатларда хабардор қилинишини;

резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларни ишга жойлаштириш юзасидан олиб борилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этилишини таъминлайдилар.


26. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Давлат тест маркази, тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

муддатли ҳарбий хизматни ўтаган фуқаролардан бўлган шахсларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришга сифатли тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди;

олий таълим муассасаларига ўқишга киришда тест синовлари ўтказиш давомида муддатли ҳарбий хизмат давомида жанговар ва ижтимоий-сиёсий тайёргарликда юқори кўрсаткичларга эришган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларини олган фуқаролар учун энг кўп тўплаш мумкин бўлган баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча баллар тарзидаги қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни ҳисобга олади;

ҳарбий қисмларнинг қўмондонлиги тавсиялари бўйича резервга бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг олий таълим муассасаларига кириши учун зарур шарт-шароитларни ташкил этиш, тест синови якунлари ва олий таълим муассасаларига ўқишга кириш бўйича қилинган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда ҳисобот тақдим этади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 3-сон, 13-модда.