язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилиш ва архитектура соҳасидаги бошқарув ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.01.2009 й. ПҚ-1049-сон "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.01.2009 й.

N ПҚ-1049



"ҚИШЛОҚҚУРИЛИШЛОЙИҲА"

МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЖАМИЯТ

ЛОЙИҲА-ҚИДИРУВ ИНСТИТУТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ аҳоли пунктларини архитектура жиҳатидан режалаштиришни ташкил этиш ва қишлоқ қурилишини лойиҳалаштириш тизимини тубдан яхшилаш, ривожлантиришнинг бош схемаларига ва архитектуравий режалаштирган ҳолда қуриш лойиҳаларига, қишлоқ турар жойларининг ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларининг намунавий лойиҳаларига мувофиқ қишлоқ аҳоли пунктларини комплекс равишда қуриш, шу асосда қишлоқ қиёфасини қатъиян ўзгартириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўзқишлоқлойиҳа" масъулияти чекланган жамият ва "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув ташкилотларининг лойиҳа институтларини бирлаштириш ва улар негизида устав фондидаги давлат улуши камида 51 фоиз бўлган масъулияти чекланган жамият шаклидаги "Қишлоққурилишлойиҳа" лойиҳа-қидирув институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.


2. Қуйидагилар "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қишлоқда уй-жой ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш тизимини тубдан такомиллаштиришни назарда тутадиган қишлоқ жойларда қурилишни комплекс ривожлантириш бўйича ягона сиёсат олиб бориш бўйича бош ихтисослаштирилган ташкилот функцияларини амалга ошириш;

қишлоқ аҳоли пунктлари ва ҳудудлар қурилишини архитектуравий режалаштириш жиҳатидан ташкил этишнинг бош ривожлантириш режалари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек қурилиш объектлари учун топогеодезия ва муҳандислик-геология қидирув ишларини олиб бориш;

жойларнинг табиий-иқлим шароитлари ва рельефини, республика минтақаларининг ижтимоий-демографик хусусиятларини ҳисобга олиб, замонавий қурилиш материаллари ва технологияларини қўллаган ҳолда қишлоқ турар жойлари, қишлоқда ижтимоий-маданий ва санитария-маиший объектларининг янги намунавий лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

қишлоқ аҳоли пунктларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини - энергия таъминоти, сув таъминоти ва канализация, иссиқлик таъминоти ва газ таъминоти, телекоммуникация ва алоқа тармоқлари ҳамда бошқа объектларни лойиҳалаштириш (магистрал коммуникациялар ва объектлар бундан мустасно);

айрим қишлоқ ҳудудларини ривожлантиришнинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ва лойиҳа ҳужжатларини барча босқичларда белгиланган тартибда тасдиқлаган ҳолда объектларни қуриш;

лойиҳалаштирилган объектлар қурилишининг барча босқичларида сифатли муаллифлик архитектуравий назоратини таъминлаш, қишлоқ аҳоли пунктларида турар жойларни, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш ва қуриш соҳасида норматив ҳамда методологик ҳужжатларни такомиллаштириш;

қишлоқ аҳоли пунктларидаги турар жойлар, ижтимоий-маданий ва санитария-маиший объектлари, ишлаб чиқариш инфратузилмаси ва муҳандислик коммуникацияларининг намунавий лойиҳалари маълумотлар базасини жамлаш, тизимлаштириш ва архивлаштириш.


3. "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтининг ишлаб чиқариш-бошқарув ходимлари чекланган умумий сони 216 нафар бўлган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

"Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти раҳбарига белгиланган тартибда, зарурият бўлганда, институтнинг тасдиқланган тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.

4. "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтининг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш учун 2-иловага** мувофиқ таркибда комиссия ташкил этилсин.

Комиссия (Н. Ханов) икки ой муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан уни юқори малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари амалга оширилишини таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси манфаатдор лойиҳа-қидирув институтлари билан биргаликда "Ўзгазлойиҳа" масъулияти чекланган жамиятнинг газ таъминоти лойиҳалари, "Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш" масъулияти чекланган жамиятнинг сув таъминоти, иссиқлик таъминоти ва канализация тармоғи лойиҳалари бўйича ҳамда "Ўзқишлоқэнерголойиҳа" очиқ акциядорлик жамиятининг электр таъминоти лойиҳалари бўйича зарур техник ҳужжатларни янгидан ташкил этилаётган "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтига белгиланган тартибда топширсин, институтнинг тегишли бўлимларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлашда ёрдам кўрсатсин.


6. Белгилансинки, "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти мажбуриятлар ва тузилган шартномалар бўйича "Ўзқишлоқлойиҳа" масъулияти чекланган жамият ва "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамиятнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


7. "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг норматив ва йўриқнома ҳужжатлари, зарур статистика маълумотлари жўнатилиши мажбурий бўлган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институтини Тошкент шаҳар, А.Қодирий кўчаси, 7-уйдаги "Ўзмеъморқурилиш" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув ташкилотининг биносига жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси "Қишлоққурилишлойиҳа" масъулияти чекланган жамият лойиҳа-қидирув институти ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бўшаб қоладиган бинолардан мақбул фойдаланиш юзасидан икки ой муддатда таклифлар киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                             И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

**) 2-илова берилмайди.






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2009 йил 27 январдаги

ПҚ-1049-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритилаётган

ЎЗГАРТИРИШЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Шаҳарларда йўл қурилишини ташкил этишни такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2005 йил 26 апрелдаги ПҚ-62-сон қарори 3-бандининг тўртинчи хатбошидаги "Ўзқишлоқлойиҳа" МЧЖ лойиҳа институти" сўзлари "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ лойиҳа-қидирув институти" сўзлари билан алмаштирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Лойиҳа-тадқиқот ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 29 апрелдаги ПҚ-847-сон қарорига 1-иловада:

6-банддаги "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари билан алмаштирилсин;

27-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Сув хўжалигини бошқаришни ташкил этишни такомиллаштириш тўғрисида" 2003 йил 21 июлдаги 320-сон қарорига 2-иловадан "Ўзқишлоқлойиҳа" акциядорлик жамияти" сўзлари чиқариб ташлансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Капитал қурилишда хўжалик муносабатлари механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 12 сентябрдаги 395-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 9-сон, 83-модда) 1-иловада:

17-позиция ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;

35-позициядаги "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари билан алмаштирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2003 йил 2 декабрдаги 538-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2003 й., 12-сон, 128-модда) 1-илованинг "Устав фондидаги давлат улуши камида 51 фоиз миқдорида бўлган етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари" бўлимида:

6-позициядаги "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари билан алмаштирилсин;

27-позиция ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "2004 - 2009 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2004 йил 9 июлдаги 321-сон қарорига 4-илованинг 9 ва 10-бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республика комиссия ва кенгашлари таркибини тасдиқлаш ҳақида" 2004 йил 26 июлдаги 358-сон қарорига 12-иловадан "Умаров М.У. - "Ўзқишлоқлойиҳа" АЖ институти директори" сўзлари чиқариб ташлансин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида (Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республика пиллачилик тармоғини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2006 йил 15 ноябрдаги ПҚ-512-сон қарори)" 2007 йил 4 январдаги 7-сон қарорига 1-иловадаги "Ўзқишлоқлойиҳа" ОТАЖ" сўзлари чиқариб ташлансин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Деҳқонобод калийли ўғитлар заводининг ташқи инфратузилма объектлари қурилишини жадаллаштириш тўғрисида" 2007 йил 24 июлдаги 150-сон қарорига илованинг 7-позициясидаги "Ўзмеъморқурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари "Қишлоққурилишлойиҳа" МЧЖ" сўзлари билан алмаштирилсин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 5-сон, 36-модда.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил., 1-сон, 24-модда