ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 12.12.2008 й. 23-сон "Рухий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

12.12.2008 й.

N 23


РУҲИЙ ҲОЛАТИ БУЗИЛГАН ШАХСЛАРГА

НИСБАТАН ТИББИЙ ЙЎСИНДАГИ МАЖБУРЛОВ

ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА СУД

АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижаларини муҳокама этиб, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга кўра, жиноий жавобгарликка фақат ақли расо, яъни жиноят содир этиш вақтида ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини англаган ва ўз ҳаракатларини бошқара олган шахс тортилади. Ақли норасо ҳолатда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахс жавобгарликка тортилмайди (ЖК 18-моддаси).

Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган, яъни жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган шахс жавобгарликка тортилади (ЖК 18-1-моддаси биринчи қисми).

2. Шахс қуйидаги ҳолатлардан бирортаси:

руҳий ҳолати сурункали бузилганлиги;

руҳий ҳолати вақтинчалик бузилганлиги;

ақли заифлиги;

руҳий ҳолати бошқача тарзда бузилганлиги сабабли ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмаган ёки ҳаракатларини бошқара олмаган бўлса, у ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган деб топилади.

3. Агар жиноят содир этган шахсда ҳукм чиқарилгунига қадар ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган бўлса, у жавобгарликдан озод қилинади (ЖК 67-моддаси).

Ҳукм чиқарилганидан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахс жазони ўташдан озод қилиниши лозим (ЖК 75-моддаси).

4. Ақли норасо ҳолатда жиноят содир этган шахсга ёки жиноят содир этгандан кейин ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англай олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган тарзда руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахсга нисбатан суд томонидан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари (ЖК 18-моддаси учинчи қисми, 67-моддаси иккинчи қисми, 75-моддаси иккинчи қисми) қўлланилиши мумкин.

Қонунга кўра (ЖК 2-моддаси иккинчи қисми), тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари бошқа тарздаги жиноят-ҳуқуқий таъсир чораси сифатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ва руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан давлат мажбурлови кўриниши ҳисобланади. Бундай чоралар фақат шахс у томонидан содир этилган қилмишнинг хусусияти ва ўзининг руҳий ҳолатига кўра жамият учун хавфли бўлган ҳоллардагина қўлланилади.

Шахс жамият учун хавфлими ва у тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилишига муҳтожми, деган масала суд-психиатрия экспертизаси хулосаси инобатга олинган ҳолда ҳал қилинади. Бунда суд ЖПК 187-моддасига асосланиб, тарафлар илтимосномасига кўра, ёки ўз ташаббуси билан иш бўйича қўшимча (қайта) суд-психиатрия экспертизаси ёки комплекс (психология-психиатрия, сексология-психиатрия ва ҳ.к.) экспертизаси ўтказилишини тайинлаши мумкин.


5. ЖК 93-моддасига мувофиқ, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига қуйидагилар киради:

яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш;

яшаш жойи бўйича умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида мажбурий даволаниш;

умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида мажбурий даволаниш;

кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш;

жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга учун ихтисослашган шифохонада мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари турини белгилашда суд ҳар доим ЖК 94-моддасида назарда тутилган қоидаларга амал қилиши лозим.

6. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ақли норасо ҳолатда ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланганда жиноят иши жиноят белгилари таркибига кирувчи элемент - субъект йўқлиги туфайли тугатилади (ЖПК 83-моддаси иккинчи банди).


7. Жиноят содир этгандан кейин, бироқ ҳукм чиқарилганга қадар руҳий ҳолати бузилганлиги аниқланган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланганда жиноят ишини юритиш руҳий ҳолат бузилган пайтдан бошлаб, соғайгунга қадар тўхтатилади (ЖПК 366, 569-моддалари).

Шахс тузалгандан сўнг, жиноят ишини юритиш қайта тикланади ва шахс умумий асосларда жиноий жавобгарликка ёки жазога тортилиши мумкин, башарти жиноий жавобгарликка тортиш муддатлари (ЖК 64-моддаси) ўтиб кетмаган ёки шахсни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш учун бошқа асослар юзага келмаган бўлса.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ва жиноят ишини юритишни қайта тиклаш учун шахс даволанган психиатрия муассаси шифокорлар комиссиясининг хулосаси асос бўлади. Агар шахснинг ақли расолиги ёки руҳий ҳолати юзасидан асосли гумон келиб чиқса, суд ЖПК 568-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этган ҳолда суд-психиатрия экспертизаси тайинлаши мумкин.


8. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, жиноят иши бўйича тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ масалалар ЖПК 61-бобида белгиланган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.

Алоҳида иш юритувга ўтиш тўғрисидаги қарор (ажрим) жиноят процесси босқичидан келиб чиқиб, дастлабки тергов органи, прокурор ёки суд томонидан гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчида руҳий бузилиш борлиги тўғрисида суд-психиатрия экспертизаси хулосаси олингандан сўнг қабул қилинади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш бўйича иш юритув бошланганлиги ва суд-психитрия экспертизаси тайинланганлиги тўғрисидаги қарор (ажрим) ўзига нисбатан бундай иш юритув олиб борилаётган шахсга унинг ЖПК 570-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлари тушунтирилган ҳолда эълон қилинади.

9. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида ЖПК 572, 573-моддаларида назарда тутилган тартибда судга юборилган иш судловга тегишлилик тўғрисидаги умумий қоидаларга риоя этилган ҳолда кўрилади.

ЖПК 534-моддасига мувофиқ, жазони ўташдан озод қилинаётган шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масалаларига доир материаллар, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини узайтириш, ўзгартириш ёки тугатишга доир ЖПК 578-580-моддаларида назарда тутилган тартибда судга келиб тушган материаллар тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаган суд ёки бундай чора қўлланилган жойдаги суд томонидан кўрилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар ва материаллар суд томонидан ЖПК 13-моддасида назарда тутилган таркибда кўрилади.

10. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд мажлиси ЖПК 575-моддасида белгиланган тартибда олиб борилади. Суд мажлисида прокурор ва ҳимоячининг иштироки шарт. Суд мажлисига жабрланувчилар, гувохлар, қонуний вакиллар, шунингдек, экспертлар чақирилиши керак.

Суд эксперт-психиатрнинг фикрини инобатга олган ҳолда, суд мажлисига унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласи кўйилган шахсни (у жабрланувчи ёки гувоҳлар томонидан таниб олиниши учун, суд-психиатрия экспертизаси хулосаси тўғрилиги юзасидан шубҳа туғилган ҳолда ва ҳ.к.) чақириши мумкин. Бунда шуни инобатга олиш лозимки, ЖПК 95-моддасига кўра, бундай шахснинг кўрсатувлари иш бўйича далил манбаи сифатида тан олиниши мумкин эмас.


11. ЖПК 51 ва 571-моддаларига кўра, ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган, шунингдек жиноят содир этилганидан кейин руҳий ҳолати бузилганлиги аниқланган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича суд-психиатрия экспертизаси тайинлаш тўғрисида қарор чиқарилган пайтдан бошлаб ҳимоячининг иштироки мажбурий ҳисобланади.

Бундай тоифадаги ишлар бўйича ҳимоячи иштирокининг мажбурийлиги тўғрисидаги процессуал қонун талабларига риоя этмаслик, ЖПК 497-22-моддасига мувофиқ, жиноят-процессуал қонунининг жиддий тарзда бузилиши сифатида баҳоланади.

12. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича ҳимоячи билан бир қаторда ўзига нисбатан бундай масала кўрилаётган шахснинг қонуний вакили иштирок этиши мумкин. Қонуний вакил сифатида, жумладан, болаликка олувчилар, ҳомийлар, васийлар, яқин қариндошлар, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органлари вакиллари тан олиниши мумкин.

Суд қонуний вакилга ишдаги материаллар билан танишиш, далилларни текширишда иштирок этиш, далиллар тақдим этиш, илтимоснома ва раддиялар бериш, қонунда назарда тутилган ҳоларда эса, суд ажрими устидан шикоят бериш (ЖПК 581-моддаси) учун имконият яратиб бериши шарт. Зарурат бўлганда, суд қонуний вакилни гувоҳ сифатида сўроқ қилиши мумкин.


13. Жиноят-процессуал кодекси 566-моддасига кўра, бундай тоифа ишлар бўйича судлар шахс томонидан жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганлигини тасдиқловчи ёки инкор этувчи далилларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун муҳим бўлган бошқа ҳолатларни синчиклаб текширишлари шарт.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари, фақат, иши кўрилаётган шахс томонидан муайян жиноят белгилари мавжуд ижтимоий хавфли қилмиш содир этилганлиги исботланган, шунингдек, суд-психиатрия экспертизасининг шахс ўзининг руҳий ҳолати ва у томонидан содир этилган қилмишнинг хусусиятига кўра, жамият учун хавфли эканлиги ҳамда унга нисбатан у ёки бу турдаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси кўлланилишига муҳтожлиги тўғрисида ЖПК 568-моддаси талабларига жавоб берадиган хулосаси мавжуд бўлган ҳолларда қўлланилиши мумкин.

Руҳий ҳолати бузилган шахснинг содир этилган жиноятга дахлдор эмаслиги аниқланганда суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги иш юритишни тугатиб, ишни жиноят содир этган шахсни аниқлаш учун прокурорга қайтаради.

14. Ақли норасолик, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш, шифохона турини белгилаш, шунингдек шахсни соғлиқни сақлаш органларига умумий асосларда даволаш ёки руҳий ҳолати бузилган шахслар учун мўлжалланган тиббий-ижтимоий муассасаларга жойлаштириш масаласини ҳал қилиш учун бериш тўғрисидаги масалалар бўйича узил-кесил қарор қабул қилиш ваколати судга тегишлидир. Шунинг учун эксперт-психиатрлар хулосаси суд томонидан ишда мавжуд барча материаллар мажмуидан келиб чиққан ҳолда, синчиклаб баҳоланиши лозим.

15. Агар айблов далолатномаси, айблов хулосаси билан келиб тушган иш бўйича суд муҳокамаси вақтида иши кўрилаётган шахсни ақли норасо деб топиш мумкинлиги хусусида асослар келиб чиқса ёки унда жиноят содир этилганидан сўнг руҳий ҳолати бузилганлиги аниқланса, башарти ишни айблов далолатномаси, айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш учун бошқа асослар бўлмаса, суд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги масалани ЖПК 61-бобида белгиланган тартибда ҳал қилиши мумкин.

16. Жиноят қонунида назарда тутилган ижтимоий хавфли қилмиш бир неча шахс томонидан содир этилган ҳолларда, суд улардан айримларининг айбдорлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир пайтда, бошқаларига - ушбу қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган ёки жиноят содир этганидан кейин руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида ажрим чиқаришга ҳақли.

Агар қайд этилган шахсларга нисбатан ишни бирга кўриб чиқиш имконияти бўлмаса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги материаллар алоҳида иш юритувга ажратилиши лозим.


17. Судларга тушунтирилсинки, ақли норасо шахс ҳаракатига фақат содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини тасдиқловчи маълумотлар асосида ҳуқуқий баҳо берилиши мумкин. Бунда кўриб чиқилаётган воқеага бевосита алоқадор бўлмаган ҳолатлар (шахснинг судланганлик ҳолати, унга нисбатан муқаддам тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўлланганлиги ва ҳ.к.) инобатга олинмаслиги керак.


18. Агар қонунда муайян қилмиш учун жиноий жавобгарлик маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг келиб чиқиши белгиланган бўлиб, бироқ уни содир этишда ақли норасо деб топилган шахс муқаддам айнан шундай қилмиши учун маъмурий жавобгарликка тортилмаган бўлса, тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилмайди. Бундай иш жиноят ҳодисаси бўлмаганлиги сабабли тугатилиши лозим. Қабул қилинган қарор тўғрисида суд, соғлиқни сақлаш органларига Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 майдаги "Психиатрия ёрдами тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ шахсга умумий асосларда психиатрия ёрдами кўрсатилиши учун хабар беради.

19. Шахс ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли ҳаракат содир этганлиги ёки руҳий ҳолати жиноят содир этилганидан кейин бузилганлиги исботланган деб топилган ҳолда, ажримнинг тавсиф қисмида қилмишнинг суд томонидан аниқланган ҳолатлари текширилган далиллар асосида баён этилиши, бундай шахснинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва қабул қилинган қарор мотивлари кўрсатилиши лозим. Ажримнинг қарор қисмида шахс жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод қилинганлиги ва муайян турдаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилганлиги ёхуд иш тугатилганлиги ва бундай чоралар қўлланилмаганлиги тўғрисида кўрсатмалар ёритилиши лозим.

20. Қонунга мувофиқ, психиатрия стационари ёки кузатув кучайтирилган бўлинмасига фақат ўзининг руҳий ҳолати ва содир этган қилмишига кўра жамият учун ўта хавфли бўлган шахслар жойлаштирилишини инобатга олиб, бундай чоралар қўллаётганда судлар унинг руҳий ҳолати тўғрисида экспертлар берган хулосага ҳамда содир этилган қилмишнинг хусусияти (ижтимоий хавфлилиги, содир этилиш усули, келиб чиққан оқибатлар оғирлиги) тўғрисида судда аниқланган маълумотларга асосланишлари шарт.

21. Ақли норасо ҳолатида ижтимоий хавфли ҳаракат содир этган ёки жиноят содир этилганидан кейин руҳий ҳолати бузилган шахс томонидан моддий зарар етказилган ҳолда, зарарни ундириш масаласи фуқаролик судлов ишларини юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим бўлиб, бу ҳақда суднинг ажримида кўрсатилган бўлиши керак (ЖПК 577-моддаси бешинчи қисми).

22. Ақли норасо ёки жиноят содир этилганидан кейин руҳий ҳолати бузилган деб топилган шахсларга доир ишлар бўйича ашёвий далиллар масаласи судлар томонидан ЖПК 211-моддаси талабларига монанд ҳал этилиши лозим.

Суд харажатлари, жумладан, ҳуқуқий ёрдам кўрсатганлик учун ҳақ бундай шахслардан ЖПК 320-моддасига кўра, ундирилмасдан давлат ҳисобидан тўланади.

23. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахснинг яқин қариндошлари илтимосномасига кўра, бундай чораларни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи ҳал қилинаётганда (ЖПК 580-моддаси) судлар "яқин қариндошлар" тушунчасига кирадиган шахслар доираси Жиноят кодексининг саккизинчи бўлимида қайд этилганлигига эътибор беришлари лозим.

24. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи ҳал қилинаётганда, судлар тиббиёт муассасаси маъмурияти тақдимномаси ёки қўзғатилган илтимоснома асослантирилганлигини синчковлик билан текширишлари шарт. Бунинг учун судлар амалга оширилган даволаш натижаларини ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари бекор қилингандан сўнг, бу шахс учун яратиладиган шарт-шароитни, шунингдек, келгусида тиббий кузатув ва даволашга зарурат бор-йўқлигини аниқлашлари керак. Бундай мақсадларда суд мажлисига тиббиёт муассасалари вакилларини, шахснинг қонуний вакиллари ёки яқин қариндошларини чақириш зарур.


25. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўллаш масаласи ҳал қилинаётган шахсларга доир ишларни кўриш вақтида ижтимоий хавфли қилмишлар содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланиши ва уларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилиши шарт.


26. Апелляция, кассация инстанция суди тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилиши тўғрилигини текшира туриб, бунга асос бўлган тақдирда, биринчи инстанция суди ажримини бекор қилиши ёки ўзгартириши, шу жумладан, қўлланилган тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси турини алмаштириши мумкин.

Агар ишни апелляция, кассация инстанция судида кўриш пайтида айблов ҳукми чиқарилган шахснинг ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этганлиги ёки унинг руҳий ҳолати бузилганлиги жиноят содир этилганидан кейин аниқланса, бундай шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш масаласи тегишли инстанция суди томонидан ҳал этилади.

27. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисидаги ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                                               Б. Мустафаев


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                              М. Ҳасанов



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2009 й., 1-сон








































Время: 0.1714
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск