язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Монополияга қарши сиёсат. Табиий монополиялар/ Ўзбекистон Республикасининг 24.04.1997 й. 398-I-сон "Табиий монополиялар тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.04.1997 й.

N 398-I



ТАБИИЙ МОНОПОЛИЯЛАР ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида табиий монополияларга нисбатан давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини белгилайди ҳамда истеъмолчилар билан табиий монополия субъектларининг манфаатлари мос келишига эришишга қаратилгандир.



2-модда. Қонуннинг таъсир доираси


Ушбу Қонун табииий монополия субъектлари, истеъмолчилар ва давлат органлари иштирок этадиган Ўзбекистон Республикаси товар бозорларида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солади.



2-1-модда. Ушбу Қонунда қўлланилаётган асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилмоқда:

Табиий монополиялар - товар бозоридаги шундай ҳолатки, унда технологик хусусиятларга қўра ишлаб чиқариш харажатлари ортиб кетиши муносабати билан муайян турдаги товарларга (ишларга, хизматларга) бўлган талабни қондиришнинг рақобатга асосланган шароитини яратиб бўлмайди ёки бундай шароитни яратиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас;

табиий монополия субъекти - табиий монополия шароитида товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш (реализация қилиш) билан машғул хўжалик юритувчи субъект (юридик шахс).



3-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолиятини тартибга солувчи органлар


Табиий монополия субъектлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва монополияга қарши давлат органи амалга оширади.

Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи органларнинг ваколатлари "Товар бозорларида монополистик фаолиятни чеклаш ва рақобат тўғрисида"ги Қонунга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



4-модда. Табиий монополия субъектларининг

фаолиятини тартибга солиш усуллари


Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи орган томонидан қуйидаги усуллар қўлланилиши мумкин:

нархларни (тарифларни) ёки уларнинг энг юқори даражасасини белгилаш (ўрнатиш) воситасида нархларни тартибга солиш;

хизмат кўрсатилиши шарт бўлган истеъмолчиларни аниқлаш ва (ёки) уларни табиий монополия субъекти реализация қилаётган товар, иш, хизмат (бундан буён матнда товар деб юритилади) билан тўлиқ ҳажмда қондиришнинг имкони бўлмаган тақдирда, таъминлашнинг энг кам даражасини белгилаш;

табиий монополия субъектларининг фаолиятини лицензиялаш.

Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи орган қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усулларни ҳам қўллаши мумкин.



5-модда. Табиий монополия субъектлари

фаолияти устидан давлат назорати


Табиий монополия субъектлари фаолияти устидан давлат назорати монополияга қарши давлат органи томонидан амалга оширилади.

Монополияга қарши давлат органи қуйидагиларни назорат қилади:

амалга оширилиши натижасида табиий монополия субъекти асосий воситаларга нисбатан мулк ҳуқуқини оладиган ёкн товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) учун мўлжалланмаган, уларга нисбатан давлат тартибга солиши қўлланиладиган асосий воситалардан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритадиган битимлар устидан, агар бундай асосий воситаларнинг баланс қиймати табиий монополия субъекти ўз капитали қийматининг ўн фоизидан ортиқ бўлса;

асосий воситаларни лизинг асосида истеъмолчига бериш устидан;

амалга оширилиши натижасида табиий монополия субъекти ушбу Қонунга мувофиқ асосий воситаларга нисбатан тартибга солиш қўлланиладиган, товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) учун мўлжалланган асосий воситаларнинг бир қисмига нисбатан мулк ҳуқуқини ёхуд уларга эгалик қилиш ва (ёки) улардан фойдаланиш ҳуқуқини хўжалик юритувчи бошқа субъектга ўтказадиган битимлар устидан, агар бундай асосий воситаларнинг баланс қиймати табиий монополия субъекти ўз капитали қийматининг ўн фоизидан ортиқ бўлса.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни амалга ошириш учун табииий монополия субъекти монополияга қарши давлат органига тегишли ахборот ҳамда бундай ҳаракатларни амалга оширишга розилик сўраб илтимоснома тақдим этиши шарт.

Илтимосномани кўриб чиқиш тартиби, бундай ахборотнинг мазмуни ва уни тақдим этиш шаклига доир талаблар монополияга қарши давлат органи тасдиқлайдиган қоидаларда белгиланади.

Агар илтимосномада баён қилинган ҳаракатлар салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлса, шунингдек аризачи барча зарур ҳужжатларни тақдим этмаган ёхуд улардаги маълумотлар ишончсиз бўлса, монополияга қарши давлат органи илтимосномани қондиришни рад этишга ҳақли:

Монополияга қарши давлат органи илтимоснома олинган кундан бошлаб ўттиз кундан кечнктирмай ўз қарорини аризачига ёзма равишда хабар қилади.

Монополияга қарши давлат органи аризачидан қўшимча ҳужжатлар сўраб олишга ва башарти, бундай сўров илтимоснома олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай уни кўриб чиқиш муддати узайтирилганлиги тўғрисидаги хабарнома билан биргаликда аризачига юборилган бўлса, илтимосномани кўриб чиқиш муддатини узайтиришга ҳақли.

Агар илтимосномани кўриб чиқиш муддати тугагач, монополияга қарши давлат органининг жавоби олинмаган бўлса ёки илтимосномани қондириш рад этилган бўлса, аризачи судга мурожаат этишга ҳақли.



6-модда. Табиий монополия субъектларининг мажбуриятлари


Табиий монополия субъектлари табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи органга ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этишлари шарт.

Табиий монополия субъектлари товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) имкониятига эга бўлган ҳолда бундай товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) юзасидан айрим истеъмолчилар билан шартнома тузишни рад этишга ҳақли эмас.



7-модда. Табиий монополия субъектлари фаолиятини

тартибга солувчи орган томонидан тартибга солиш

усулларини қўллаш тўғрисида қарорлар қабул

қилиш учун асослар


Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи орган томонидан муайян табиий монополия субъектига нисбатан тартибга солиш усулларини қўллаш тўғрисидаги қарор бу усулларнинг ишлаб чиқарилаётган (реализация қилинаётган) товарлар сифатини ошириш ва уларга бўлган талабни қондиришдаги рағбатлантирувчи роли ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади. Бунда харажатларнинг қанчалик асосли бўлиши баҳоланади на қуйидагилар ҳисобга олинади:

товарлар ишлаб чиқариш (реализация қилиш) харажатлари;

солиқлар ва бошқа тўловлар;

такрор ишлаб чиқариш учун зарур бўлган инвестицияларга эҳтиёж;

товарларни реализация қилишдан кутилаётган фойда;

турли гуруҳ истеъмолчиларнинг товарлар ишлаб чиқариладиган жойдан олислиги;

ишлаб чиқарилаётган (реализация қилинаётган) товарлар сифатининг истеъмолчилар талабига мувофиқлиги;

давлат дотациялари ва давлат ёрдамининг бошқа чоралари.



8-модда. Табиий монополия субъектларининг жавобгарлиги


Табиий монополиялар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун табиий монополия субъектлари монополияга қарши курашга доир қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



9-модда. Табиий монополия субъектлари фаолиятини

тартибга солишни жорий этиш, ўзгартириш ёки

бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш


Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солишни жорий этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, шунингдек тартибга солиш усулларини қўллаш масалалари юзасидан қарорлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда қабул қилинади.

Табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солишни жорий этиш, ўзгартириш ёки бекор қилиш масалалари давлат органлари, истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари ва хўжалик юритувчи субъектларнинг таклифлари асосида кўриб чиқилиши мумкин.



10-модда. Табиий монополия субъектлари фаолиятини

тартибга солувчи органнинг қарорлари (кўрсатмалари)

устидан шикоят қилиш


Табиий монополия субъектлари, давлат органлари, истеъмолчилар, истоъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи органнинг қарорларини (кўрсатмаларини) тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Судга ариза бериш табиий монополия субъектлари фаолиятини тартибга солувчи органнинг қарори (кўрсатмаси) ижросини суд қарори қабул қилингунига ва у қонуний кучга киргунига қадар тўхтатиб туради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов