язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Ўзбекистон Республикасининг 02.07.1992 й. 636-XII-сон "Таълим тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.07.1992 й.

N 636-XII



ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА


Таълим олиш ҳуқуқи шахснинг асосий ҳуқуқларидан биридир.

Таълим Ўзбекистон Республикасида жамиятни ижтимоий-иқтисодий, маънавий ва маданий ривожлантиришнинг устувор соҳаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси таълим соҳасидаги давлат сиёсатини умуминсоний қадриятларни, халқнинг тарихий тажрибасини, маданий ва фан бобидаги кўп асрлик анъаналарини, жамиятнинг истиқболдаги ривожини ҳисобга олган ҳолда юргизади.

Таълим илм бериш ва тарбияни ўз ичига олади, у республиканинг ақл-заковат ва илм борасидаги куч-қувватини ривожлантириш, жамият, оила ва давлат олдидаги ўз масъулиятини англайдиган ҳар жиҳатдан баркамол эркин шахсни шакллантириш мақсадини кўзлайди.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг

таълим тўғрисидаги қонунлари

Таълим Конституцияга, "Ўэбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, ушбу Қонунга ва уларга мувофиқ ҳолда чиқариладиган бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ рўёбга чиқарилади.

Қорақалпоғистон Республикасида таълимга доир масалалар Қорақалпоғистон Республикасининг Конституцияси ҳамда қонунлари билан тартибга солиб борилади.



2-модда. Таълим тўғрисидаги қонунларнинг вазифалари

Таълим тўғрисидаги қонунлар фуқароларнинг илм олиш соҳасидаги конституциявий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, жисмоний ва юридик шахсларнинг таълим соҳасидаги ўзаро муносабатларининг принциплари, ҳуқуқ-ваколатлари ва масъулиятларини, Ўзбекистон Республикасида таълим эркин ривожланишининг ҳуқуқий кафолатларини белгилаб беради.



3-модда. Таълим соҳасидаги давлат

сиёсатининг асосий принциплари

Таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари қуйидагилардан, чунончи:

таълим ва тарбиянинг инсонпарварлиги ҳамда демократиклиги;

таълим тизимининг узлуксизлиги ва изчиллиги;

давлат таълим тизимининг илмийлиги ва дунёвийлиги;

таълимда умуминсоний ва миллий-маданий қадриятларнинг устуворлиги;

давлат таълим стандартлари доирасида ҳамманинг таълим олиши учун имконият яратилганлиги;

таянч (тўққиз синф ҳажмидаги) таълимнинг мажбурийлиги;

таълим, маънавий ва жисмоний тарбия дастурларини танлашга ягона табақалаштирилган ёндашув;

билимдонлик ва истеъдодни рағбатлантириш;

таълим муассасаларида чет тилларни ўрганиш, дин тарихи ва жаҳон маданияти соҳасида билим олиш учун шароитлар яратиш;

таълим муассасаларининг сиёсий партиялар ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларнинг таъсиридан ҳоли бўлиши;

тарбияланувчилар ва таълим олувчиларни ҳурматлаш;

педагог шахсини, унинг ижтимоий мавқеини ҳурматлаш;

амалдаги қонунлар доирасида мулкчиликнинг барча шаклларидаги таълим муассасаларининг тенг ҳуқуқлилиги, уларнинг мустақиллигидан иборатдир.



4-модда. Илм олиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси келиб чиқиши, жинси, тили, ёши, ирқи, миллати, эътиқоди ва динга муносабатидан, ижтимоий аҳволи, машғулотининг тури, турар жойи, республика ҳудудида қанчадан бери яшаётганлигидан қатъи назар барчанинг таълим олиши учун тенг ҳуқуқларни кафолатлайди.

Таълим муассасаларига қабул қилиш шартлари давлат бошқарув идоралари томонидан тасдиқланадиган қоидалар билан белгиланади. Таълим, олиш ҳуқуқи:

таълим олиш учун ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

давлат тасарруфидаги ва давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш;

давлат тасарруфидаги таълим муассасаларида бепул таълим олиш ва давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасаларида белгиланган меъёрлар доирасида таълим олиш;

таълимнинг кундузги, кечки, сиртқи, оиладаги ва экстернат таълим каби турли шаклларидан фойдаланиш, давлат таълим муассасаларида шартнома асосида пуллик таълимни йўлга қўйиш;

барча турдаги таълим муассасаларини битирувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичи ўқув юртига киришларида тенг ҳуқуққа эга эканлиги билан таъминланади.

Бошқа давлатларнинг фуқаролари таълимни шартномалар ва битимларда белгиланган шартларда ва тартибда республика таълим муассасаларида оладилар.



5-модда. Таълим тиллари

Таълим муассасаларида таълим беришда қайси тилдан фойдаланиш "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.



6-модда. Таълимнинг давлат стандартлари

Ўзбекистон Республикасида мулкчиликнинг барча шаклидаги ўқув юртлари учун мажбурий бўлган маълумот савиясига ва ўқув дастури ҳажмларига нисбатан қўйиладиган асосий талабларни белгилаб берувчи, таълимнинг жаҳон тажрибаси мезонларига мос давлат стандартлари белгиланади.

Таълимнинг давлат стандартларини белгилаш ва жорий этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати томонидан белгиланади.



II БЎЛИМ. ТАЪЛИМ ТИЗИМИ

7-модда. Ўзбекистон Республикасида таълим тизими

Ўзбекистон Республикасида таълимнинг ягона тизими амал қилиб у қуйидагиларни ўз ичига олади:

мактабгача тарбия;

умумий таълим;

мактабдан ташқари таълим;

ҳунар-техника таълими;

ўрта махсус таълим;

олий таълим;

илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш;

кадрларнинг касб-кор малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш;

оиладаги таълим;

мустақил таълим.

Таълим тизими ўқув режалари ва дастурлари мувофиқлаштирилганлиги, таълим босқичлари ва шаклларининг изчиллиги, таълимнинг давлат стандартларига мос келиши билан таъминланади.



8-модда. Мактабгача таълим

Мактабгача таълимнинг вазифаси бола камолоти асосларини шакллантиришдан, унинг билимга қизиқишини, маданий-ахлоқий эҳтиёжларини, дастлабки меҳнат кўникмаларини, илмга муҳаббат қўйишини ўстиришдан, саломатлигини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Мактабгача тарбия оилада ва мактабгача тарбия муассасаларида олиб борилади.



9-модда. Умумий таълим

Умумий таълим узлуксиз: давлат таълими тизимида асосий бўғин бўлиб, таълим олувчилар илмий билим, меҳнат ва бошланғич касб-кор кўникмалари, ишбилармонлик асосларини эгаллашларини, шунингдек ўз ижодий қобилиятлари ва маънавий фазилатларини ривожлантиришларини таъминлайди.

Умумий таълим уч босқич: бошланғич (I-IV синфлар), таянч (V-IX синфлар) ва ўрта (X-XI (XII) синфлар) босқичдан иборат бўлиб, бошланғич, таянч ва ўрта мактабларда, бошқа ўрта ўқув юртларида (гимназиялар, лицейлар ва бошқаларда) амалга оширилади.

Таянч таълими мажбурий бўлиб, таълим олувчиларга ўрта таълим муассасаларида, турли хил ҳунар ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олишни давом эттириш ҳуқуқини беради.

Ҳар бир босқичда таълим олувчининг ёши ва таълимнинг давомийлик муддати тегишли таълим муассасасининг устави билан белгиланади.

III босқич таълим муассасаларига ўқувчилар қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади.

Ўрта умумий таълим муассасаларида ихтисослашган таълим амалга оширилиши, ўқувчилар танлови бўйича курслар жорий этилиши ва фанлар чуқур ўргатилиши мумкин. Бундай курсларнинг дастурлари умумтаълим муассасалари томонидан тасдиқланади.



10-модда. Мактабдан ташқари таълим

Болалар ва ўсмирларнинг шахсий талаб-эҳтиёжларини тўлароқ қондириш, уларнинг бўш вақтини ва дам олишини ташкил этиш мақсадида давлат идоралари, мулкчиликнинг турли шаклидаги корхоналар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар маданий-ахлоқий, табиий-илмий, техника, спорт ва бошқа йўналишдаги мактабдан ташқари муассасалар барпо этишлари мумкин.

Турли хилдаги мактабдан ташқари муассасалар фаолиятига давлат томонидан кўмак берилади, бу фаолият таълим идоралари томонидан мувофиқлаштирилади, уларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган низомлари билан тартибга солинади.



11-модда. Ҳунар техника таълими

Ҳунар-техника таълими меҳнат ва касб-кор маҳорати ҳамда кўникмалари олишни, ишчи кадрлар тайёрлашни, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни мақсад қилиб қўяди.

Ҳунар таълими ҳунар билим юртларида, ўқув-ишлаб чиқариш, ўқув-курс комбинатларида, марказларида, бошқа ўқув юртларида ёки бевосита ишлаб чиқаришда олиб борилади.

Ҳунар-техника таълими таянч таълими асосида бир вақтнинг ўзида умумий ўрта таълим бериш ёки фақатгина касб ўргатиб қўя қолиш ёхуд бошқа таълим асосида фақатгина касб ўргатиш орқали амалга оширилади.

Давлат тасарруфидаги ҳунар-техника билимлари ўргатиладиган таълим муассасаларида дастлабки касбни ўрганаётган, шунингдек иш билан таъминлаш давлат хизматининг йўлланмаси билан қайта тайёргарликдан ўтаётган фуқароларнинг таълим олиши бепулдир.



12-модда. Ўрта махсус таълим

Ўрта махсус таълим ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мақсадини қўллайди.

Ўрта махсус таълим техникумларда, билим юртларида, коллежларда ва бошқа ўрта махсус ўқув юртларида, шу жумладан, ўзга хилдаги ўқув юртлари (ҳунар-техника билим юртлари ёки олий ўқув юртлари) билан қўшилган ўрта махсус ўқув юртларида таянч, ўрта ва ҳунар-техника таълими негизида амалга оширилади.

Давлат тасарруфидаги ўрта махсус билим ўргатиладиган таълим муассасаларида дастлабки касбни ўрганаётган, шунингдек иш билан таъминлаш хизматининг йўлланмаси билан қайта тайёргарликдан ўтаётган фуқароларнинг таълим олиши бепулдир.



13-модда. Олий таълим

Олий таълим ўзи танлаган фаолият соҳасида чуқур умумилмий ва махсус билимни зарур касб-кор кўникмаси билан уйғунлаштирадиган юқори малакали мутахассислар, шунингдек илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш мақсадини кўзлайди.

Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш умумий ўрта, ўрта ҳунар техника, ўрта махсус таълим асосида амалга оширилади. Олий ўқув юртларида таълим олиш учун саралаш ва ўқишга қабул қилиш қонунлар билан тартибг солинади.

Олий ўқув юртларидаги таълим икки босқичли асосда, Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати тасдиқлаган Низомга мувофиқ изчил тарзда бакалавр ва магистр даражаси бериш орқали амалга оширилади.

Сиртқи ёки мустақил таълим тарзида ўрганишга йўл қўйилмайдиган касб ва ихтисослар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати томонидан белгиланади. Фуқаролар шартнома (пуллик) асосида иккинчи олий маълумот олишга ҳақлидирлар.

Олий ўқув юртларининг фаолияти ўз уставлари билан тартибга солинади, Олий ўқув юртлари қонунларда белгиланган тартибда вақти-вақти билан аттеcтация ва аккредитациядан ўтказиб турилади.



14-модда. Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш

Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш узлуксиз таълим тизимида олий босқич ҳисобланиб, шахс ва жамият эҳтиёжларини, шунингдек жамиятнинг бундай кадрларга бўлган талаб-эҳтиёжини қондиришни таъминлайди.

Илмий ва илмий-педагогик ходимлар тайёрлаш, илмий даражалар ва унвонлар бериш тартиби қонунлар билан белгиланади.

Олий таълим тизимидаги илмий фаолият шартномалар, контрактлар, давлат буюртмалари, дастурлари, лойиҳалари бўйича, шунингдек ўз илмий манфаатларига мувофиқ илмий жамоалар, айрим муассасалар томонидан амалга оширилади. Шу мақсадда илмий, илмий-ишлаб чиқариш  бўлинмалари, бирлашмалари, уюшмалари, талаба ёшларнинг илмий-техника ижодиёти марказлари ва бошқа тузилмалар тузилади.



15-модда. Кадрларнинг малакасини ошириш

ва уларни қайта тайёрлаш

Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш ижтимоий ривожланиш, фан-техника тараққиёти талабларига, ишлаб чиқаришдаги, меҳнат бозоридаги ўзгаришларга мувофиқ равишда, шунингдек одамларнинг шахс талаб-эҳтиёжларини ҳисобга олиб, касбий билим ҳамда кўникмаларини чуқурлаштириш ва бойитиш, шунингдек янги ихтисос ўргатиш мақсадида амалга оширилади.

Кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш давлат маблағлари ҳисобидан, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, айрим шахслар билан шартномалар асосида давлат тасарруфидаги ва бошқа хил ўқув юртлари базасида амалга оширилади. Таълимнинг шакллари, муддатлари ва мазмуни буюртмачи билан келишилган ҳолда ўқув юртлари томонидан белгиланади.



16-модда. Оиладаги таълим

Ота-оналар ва оиланинг бошқа аъзолари шахснинг жисмоний, маънавий камолоти ва ақл-заковат жиҳатидан ривожланишига асос солишлари лозим. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар боланинг маълумотни оилада олиши учун имконият яратиб беришга ҳақлидирлар. Бундай ҳолларда ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан таълим муассасаси, таълимни бошқарувчи тегишли идора ўртасида шартнома тузилиб, унда бола, оила ва жамиятнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда томонларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва бошқа мажбуриятлари белгилаб қўйилади.

Болаларга уй шароитларида таълим бериш ўқув юртларининг дастурлари бўйича амалга оширилиб, кейинчалик экстернат тартибида аттестациядан ўтказилади.

Оилада таълим олаётган шахслар тегишли аттестациядан ўтгач, таълимнинг исталган босқичидан бошлаб ўқишни таълим муассасасида давом эттиришга ҳақлидирлар.

Давлат оиладаги таълимга ёрдам кўрсатади. Тегишли давлат муассасалари томонидан қонунларда белгиланган тартибда методик, диагностик, маслаҳат ёрдами берилади. Қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда оилага компенсация тўланиши мумкин.



17-модда. Мустақил равишда билим олиш

Давлат одамларнинг мустақил равишда ўз маълумотлари, маданий ва касб-кор савияларини оширишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлайди ва бунинг учун зарур шароитлар яратиб беради.

Билим ёки малака даражасини мустақил равишда оширган шахсларга экстернат тартибида имтиҳон топшириш имконияти яратиб берилади.



18-модда. Таълим тўғрисидаги ҳужжатлар

Аккредитациядан ўтган таълим муассасаларининг битирувчиларига, мактабгача таълим муассасалари бундан мустасно, таълим тўғрисидаги белгиланган намунадаги ҳужжат берилади.

Таълим тўғрисидаги белгиланган намунадаги ҳужжат мустақил равишда, оилада билим олиш орқали таълим олган ёки ўз билим ёхуд малакаси даражасини оширган, экстернат тартибида имтиҳонларни муваффақиятли топширган шахсларга ҳам берилади.

Аспирантура, докторантурани тугатиб, диссертация ёқлаганидан кейин фан номзоди ёки фан доктори илмий даражаси ва диплом берилади.

Давлат таълим тўғрисидаги ҳужжатлар амалдаги халқаро қоидаларга мувофиқ келишини таъминлайди.



III БЎЛИМ. ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ БОШҚАРИШ

19-модда. Таълим тизимини бошқаришнинг

давлат-ижтимоий хусусияти

Ўзбекистон Республикасида таълим тизимини бошқариш давлат-ижтимоий хусусиятига эгадир.



20-модда. Ўзбекистон Республикасининг

таълим соҳасидаги ваколатлари

Таълим соҳасида Ўзбекистон Республикасининг тасарруфига олий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан амалга ошириладиган:

таълим соҳасида ягона давлат сиёсати белгилаш ва амалга ошириш;

таълим соҳасида ҳуқуқий бошқаришни амалга ошириш;

таълимни ривожлантириш, уни моддий-техника жиҳатидан таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва рўёбга чиқариш;

таълимни давлат томонидан бошқарилишининг марказий идораларини шакллантириш ва уларга раҳбарлик қилиш;

таълим муассасалари ташкил этиш, уларни қайтадан тузиш ва тугатиш тартибини белгилаш, улар тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

таълим тўғрисидаги ҳужжатлар намуналарини ва уларни бериш тартибини тасдиқлаш;

таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш, аккредитация қилиш ва уларга лицензиялар бериш тартибини, педагогик ва илмий кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибини белгилаш;

таълимнинг жаҳон даражасига мос давлат стандартларини белгилаш;

республика бюджетининг таълимга йўналтириладиган улушини белгилаш;

таълимни пул билан таъминлашнинг давлат меъёрларини, шу жумладан, таълим олувчилар ва педагог ходимларни моддий таъминлашнинг меъёрларини, таълим муассасаларига солиқ солиш таълим олувчилар ва педагог ходимларга имтиёзлар бериш тартибини белгилаш;

таълим ва фанни ривожлантириш республика фондини шакллантириш;

педагог кадрлар тайёрлашни ташкил этиш ваколатлари киради.



21-модда. Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларининг

таълим соҳасидаги ҳуқуқ-ваколатлари

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари:

таълим муассасалари тармоқларининг ўз ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг талаб-эҳтиёжларига мос келишини таъминлайдилар;

республика идоралари тасарруфидаги ўқув юртлари ва таълим муассасаларидан ташқари ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасалари ташкил этадилар, уларни қайта ташкил этадилар ва тугатадилар, уларнинг уставларини рўйхатдан ўтказадилар;

мулкчиликнинг турли шаклларига асосланган маҳаллий аҳамиятга молик таълим муассасалари очиш учун лицензиялар берадилар;

ўз ваколатлари доирасида ўз ҳудудларидаги таълим муассасалари учун пул билан таъминлашнинг миқдорларини, иш ҳақи тўлаш шартлари ва солиқ имтиёзларини белгилайдилар, корхоналар, ташкилотлар, кооперативлар, акциядор муассасалар ва ташкилотларнинг ихтиёрий бадаллари, бошқа бадаллар ва ионалар ҳисобидан таълимни ривожлантириш фондларини шакллантирадилар;

таълим бўйича кенгашлар, таълим муассасалари раҳбарияти билан биргаликда таълим олувчилар ва таълим ходимларининг ижтимоий талаб-эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайдилар;

ўз ҳудудларида ишчи кадрлар ва мутахассисларга бўлган эҳтиёжни аниқлайдилар;

турар жойларда болалар ва ёшларни тарбиялаш, уларнинг қобилиятларини ўстириш ва талаб-эҳтиёжларини қондириш учун лозим шарт-шароитлар яратадилар;

вакиллик қилишга доир масалаларни белгиланган тартибда ҳал этадилар;

ўз ваколатлари доирасида таълимнинг, педагог ходимлар касб-кор тайёргарлигининг даражасига нисбатан қўйилган давлат талабларига риоя этилиши устидан ўз ҳуқуқ-ваколатлари доирасида назоратни амалга оширадилар.



22-модда. Ўзбекистон Республикасида

таълимни бошқариш давлат идоралари

Ўзбекистон Республикасида таълимни бошқаришни давлат ҳокимияти ва бошқарувининг олий ҳамда маҳаллий идоралари томонидан ваколат берилган махсус давлат идоралари амалга оширадилар.

Таълимни бошқариш давлат идоралари таълим муассасалари давлат томонидан белгиланган талаблар ва меъёрлар бажарилишини таъминлайдилар, кимнинг тасарруфида эканлиги ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, таълим муассасаларига услубий раҳбарликни амалга оширадилар.


23-модда. Таълим муассасаларини бошқариш

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларини бошқариш Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва шу муассасаларнинг Уставига мувофиқ ҳолда амалга оширилади.

Давлат тасарруфидаги таълим муассасасига умумий раҳбарлик иши унинг белгиланган тартибда тузиладиган ва амал қиладиган кенгаши томонидан олиб борилади.

Давлат тасарруфидаги таълим муассасасига бевосита раҳбарлик мудир, директор, ректор ёки бошқа раҳбар томонидан амалга оширилади.

Давлат тасарруфидаги ўрта умумий таълим, ҳунар-техника ва ўрта махсус таълим муассасаларининг раҳбарлари лавозимга давлат бошқарувининг тегишли идораси томонидан белгиланган тартибда тайинланадилар.

Давлат тасарруфидаги олий ўқув юртларининг ректорларини тегишли вазирликлар ва идораларнинг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тайинлайди ва бу ректорлар ўқув-тарбия жараёнининг аҳволи учун тўлиқ жавобгар бўладилар.

Давлат тасарруфида бўлмаган республика аҳамиятига молик таълим муассасаларининг раҳбарлари муассислар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишиб тайинланади.


24-модда. Таълим муассасаларини бошқаришда

жамоатчиликнинг иштироки

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларини бошқариш ўқувчилар, талабалар, педагог ходимлар, хизматчилар, ота-оналар, жамоатчиликнинг бошқа вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Таълим тизимида:

жамоанинг умумий йиғилиши (конференцияси);

ягона умумтаълим сиёсатини ўтказишда жамоатчилик ва давлат ҳамкорлигининг шакли сифатида таълим муассасасининг кенгаши;

таълим ходимлари ноҳия, шаҳар, вилоят конференциялари, республика съезди;

таълим масалалари бўйича ҳудудий кенгашлар, олий ўқув юртлари ректорларининг кенгашлари ва ўрта махсус ўқув юртлари директорларининг кенгашларидан иборат ижтимоий ўзини ўзи бошқариш идоралари фаолият кўрсатиши мумкин.

Таълим соҳасидаги жамоат бирлашмаларининг фаолияти қонунларга мувофиқ амалга оширилади.



25-модда. Таълимни бошқариш давлат идоралари

билан давлат тасарруфида бўлмаган таълим

муассасаларининг ўзаро муносабатлари

Давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомга мувофиқ бундай фаолият билан шуғулланиш учун рухсат (лицензия) олганларидан кейингина таълим бериш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг таълим тўғрисидаги қонунлари бузилган ҳолларда давлат таълим бошқарув органлари низо суд тартибида ҳал этилгунга қадар бу муассасалар фаолиятини тўхтатиб туришга ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига мувофиқ уларнинг раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклиф киритишга ҳақлидир.

Давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасаларига қабул давлат ўқув юртлари учун белгиланган тартибда ва муддатларда ўтказилади.



26-модда. Таълимни бошқариш давлат идоралари

билан ўзга бўйсунувдаги таълим муассасаларининг

ўзаро муносабатлари

Таълимни бошқариш давлат идоралари тармоқ ва бошқа давлат идоралари, ташкилотлари, муассасалари ва корхоналари бўйсунувида бўлган таълим муассасаларида Ўзбекистон Республикасининг таълимга доир қонунларига риоя этилишини назорат қилиб борадилар.



IV БЎЛИМ. ТАЪЛИМ ЖАРАЁНИ ҚАТНАШЧИЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ, ВАЗИФАЛАРИ ВА МАСЪУЛИЯТЛАРИ

27-модда. Таълим олувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Таълим олувчилар:

ўз инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши, виждон эркинлиги, ахборот эркинлиги, ўз қарашлари ва эътиқодларини эркин ифода этиш;

давлат стандартларига мувофиқ таълим олиш;

ўқув юртини танлаш, шунингдек таълим муассасасининг уставига мувофиқ таълим соҳаси, шакллари ва муддатларини, якка тартибдаги дастурларини танлаш;

таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш;

турли хил илмий фаолият, конференциялар, олимпиадалар, кўргазма ва танловларда иштирок этиш;

олган малакаларига мувофиқ равишда ўз касблари, ихтисослари бўйича таълимни давом эттириш, шартнома асосида қўшимча таълим олиш;

ёш хусусияти ва саломатлиги ҳолатига монанд меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;

иш жойида ҳақ тўланадиган қўшимча таътил олиш, кисқартирилган иш вақти ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим олувчи шахслар учун қонунларда назарда тутилган бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Таълим олувчиларни ўқиш вақти ҳисобидан таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб этиш тақиқланади, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Таълим олувчиларнинг вазифалари:

Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, ахлоқ ва одоб қоидаларига риоя этиш;

таълим муассасасининг устави ва ички тартиб қоидаларига риоя этиш;

ўз билимлари, амалий кўникмалари, касб-кор маҳоратларини мунтазам равишда мустаҳкамлаб бориш ҳамда ўзларининг умуммаданий савияларини оширишдан иборатдир.

Таълим олувчиларнинг бошқа ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, таълим муассасалари тўғрисидаги низомлар ҳамда уларнинг уставлари билан белгиланади.



28-модда. Таълим олувчиларни ижтимоий

жиҳатдан ҳимоя қилиш

Таълим олувчилар белгиланган тартибда стипендиялар, нафақалар, ётоқхоналар, интернатлар, имтиёзли ёки бепул овқат билан ва бошқа имтиёзлар билан таъминланадилар.

Таълим олувчиларга кутубхона фонди, ўқув-ишлаб чиқариш, илмий, спорт, маиший ва соғломлаштириш базаларидан, транспорт хизматидан, театр ва бошқа томоша муассасаларининг хизматидан белгиланган тартибда бепул ёки имтиёзли шартларда фойдаланиш кафолатланади.

Давлат иқтидорли ёшларга моддий жиҳатдан кўмак бериш, Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлардаги етакчи таълим муассасаларида ўқиш ва тажриба ошириш имкониятини яратиш йўли билан доимий ғамхўрлик кўрсатади.



29-модда. Таълим олувчиларнинг

саломатлигини муҳофаза қилиш

Таълим муассасалари таълим олувчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашни кафолатловчи шарт-шароитлар яратадилар. Ўқув-меҳнат топшириқлари, таълим олувчиларнинг машғулот ва овқатланиш тартиб-қоидаси, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби таълимни бошқариш давлат идораларининг соғлиқни сақлаш идоралари билан келишиб олинган тавсиялари асосида таълим муассасалари томонидан белгиланади.

Таълим олувчиларнинг қонунларда белгиланган ўқиш, меҳнат қилиш ва дам олиш шарт-шароитларига риоя этилиши учун таълим муассасасининг муассиси масъул бўлади.



30-модда. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи

шахсларнинг ҳуқуқлари, мажбурият ва масъулиятлари

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар:

ўзларининг балоғатга етмаган болалари учун таълим шаклларини, умумтаълим муассасаси тури ва ўқитиш тилини танлаш;

таълим муассасаси маъмуриятидан ўқув юртлари уставларига монанд зарур шарт-шароитлар яратилишини талаб қилиш;

болага ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар:

болаларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғлом бўлиши тўғрисида ғамхўрлик қилишлари;

боланинг қадр-қимматини ҳурматлашлари, болада меҳнатсеварлик, яхшилик ва мурувват туйғусини, Ватанга, ёши улуғларга, давлат тили ва она тилига, оилага, миллий, тарихий қадриятлар ва маданият қадриятларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш туйғусини тарбиялашлари;

қонунлар, ҳуқуқлар ва инсон эркинликларига ҳурмат туйғусини тарбиялашлари;

болаларнинг таълим муассасаларида ўқиши учун ёки белгиланган талаблар ҳажмида уйда тўлақонли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишлари шарт.

Боланинг тарбияси ва камол топиши учун ота-онанинг зиммасига масъулият тенг юкланади.

Болалар таълим олишга монелик қилаётган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



31-модда. Педагогик фаолият билан шуғулланиш

Юксак ахлоқий фазилатларга, тегишли маълумот ва касб-кор тайёргарлигига эга шахсларга давлат тасарруфидаги таълим муассасаларида педагог ва тарбиячи сифатида ишлаш учун рухсат этилади.

Педагог ходимлар битим асосида Ҳукумат тасдиқлаган Низомга мувофиқ ишга қабул қилинадилар.

Малакаси пастлиги ёки саломатлиги касбга оид вазифаларини бажаришига монелик қилаётганлиги туфайли ўз лавозимига номуносиблиги аниқланган тақдирда, шунингдек у муаллимлик фаолиятини давом эттириш учун йўл қўйиб бўлмайдиган ахлоқсизлик содир этган тақдирда, қонунларда белгиланган тартибда педагоглик ишидан четлаштириладилар.

Педагогик фаолияти билан шуғулланишга тўсқинлик қилувчи тиббий кўрсаткичларнинг рўйхати ва касб жиҳатдан номуносибликка доир масалаларни ҳал этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати томонидан белгиланади.



32-модда. Педагог ходимларнинг ҳуқуқлари

Педагог ходимлар:

ўзларининг касб-кор шаъни ва қадр-қимматларини ҳимоя қилиш;

таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш;

касб фаолияти учун шарт-шароитлар билан таъминланиш, малакаларини ошириш, қайта тайёргарликдан ўтиш, таълим шакли, услуби ва воситаларини танлашда ташаббус кўрсатиш;

якка тартибда педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга.

Педагог ходимларни ўз касб-кор вазифаларини бажаришдан чалғитиш тақиқланади, қонунларда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.



33-модда. Педагог ходимларнинг мажбуриятлари

Педагог ходимлар:

касб-корнинг юксак даражасида таълим беришлари, таълим олувчилар ўқув дастурларини мажбурий ҳисобланган давлат талаблари даражасида ўзлаштиришларини таъминлашлари;

педагогларнинг ахлоқ-одоб қоидаларига риоя этишлари, бола, ўқувчи ва талаба шахсининг қадр-қимматини ҳурматлашлари, уларни меҳнат, қонунларга, ота-оналар ва хотин-қизларга, маънавий, тарихий; маданий-миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашлари;

ўзларининг бутун фаолиятлари ва шахсий намуналари билан умуминсоний ахлоқ қоидаларига: ҳақиқат, адолат, ватанпарварлик, инсонпарварлик, яхшилик ва бошқа ҳайрли хислатларга нисбатан ҳурматни қарор топтиришлари;

ўсиб-улғайиб келаётган авлодни бир-бирини тушуниш, халқлар ўртасида, шунингдек барча элатлар, миллатлар ва диний гуруҳлар ўртасида тинчлик, аҳил-иноқлик руҳида тарбиялашлари;

болалар ва ёшларни зўравонлик кўринишларидан ҳимоя қилишлари;

ўзларининг касб кўникмалари ва муаллимлик маҳоратларини доимо такомиллаштириб боришлари шарт.

Педагог ходимларнинг бошқа мажбуриятлари таълим муассасаларининг уставларида белгилаб қўйилади.



34-модда. Давлат тасарруфидаги таълим муассасалари

ходимларини ижтииоий жиҳатдан ҳимоя қилиш

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларининг педагог ходимлари:

меҳнатга ҳақ тўлашнинг нарх-наво индексининг ўзгаришларига мувофиқ ҳолда мунтазам равишда тузатишлар киритиб бориладиган кафолатланган даражасига эга бўлиш;

муаллимлик фаолиятининг малака ва натижаларига қараб, табақалаштирилган иш ҳақи олиш, шунга мувофиқ равишда қисқартирилгаи иш вақтига эга бўлиш, узайтирилган ҳақи тўланадиган таътил олиш;

қишлоқ жойларда ва шаҳар типидаги посёлкаларда иситиладиган ва ёритиладиган уй-жойлардан бепул фойдаланиш;

якка тартибда уй-жой қуриш учун ўзларига ер участкалари биринчи навбатда ажратиб берилиши ва бинокорлик материалларини биринчи навбатда сотиб олиш;

ўзлари яшаётган давлат идоралари  тасарруфидаги уйлар ҳамда квартираларни бепул шахсий мулкка айлантириб олиш, уй-жой ва коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашда имтиёзлардан фойдаланиш;

пенсияга чиққанларидан кейин педагоглик фаолиятини давом эттирганлари тақдирда пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқларига эга.

Таълим муассасалари меҳнатга ҳақ тўлаш учун ажратилган мавжуд маблағлар доирасида ставкаларга, мансаб окладларига мустақил равишда табақалаштирилган қўшимча ҳақлар белгилаш ва меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда уни рағбатлантиришни ташкил этишнинг турли шаклларини қўллашга ҳақлидирлар.

Қишлоқларда жойлашган давлат тасарруфидаги таълим муассасаларида ишловчи педагогларга нисбатан қишлоқ хўжалик мутахассислари учун белгиланган имтиёзлар татбиқ этилади.

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларнинг ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари, ишлаб чиқариш устахоналари (цехлари) ва ўқув хўжаликлари ходимларига нисбатан давлат тасарруфидаги тегишли корхоналарнинг ва бошқа корхоналарнинг худди шу соҳа ходимлари учун белгиланган имтиёзлар ва афзалликлар татбиқ этилади.

Давлат ҳокимияти ва бошқарувининг маҳаллий идоралари, корхоналар, ташкилотлар, кооперативлар ва бошқа муассасалар давлат тасарруфидаги таълим муассасаларининг ходимларига қўшимча ижтимоий имтиёзлар беришга ҳақлидирлар.

Педагог ходимларни пенсия билан таъминлаш тартиби Ўзбекистон Республикасида Пенсия таъминоти тўғрисидаги қонун билан белгиланади.



V БЎЛИМ. ТАРБИЯ ВА ТАЪЛИМНИНГ АЛОҲИДА

ШАРТ-ШАРОИТИГА МУҲТОЖ БОЛАЛАР ҲАМДА

ЎСМИРЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН

ҲИМОЯ ҚИЛИШ

35-модда. Етим болалар ва ота-онаси ёки уларнинг ўрнини

босувчилар раҳнамолигидан маҳрум бўлган болаларга

таълим бериш ҳамда уларни боқиш

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларида ва лицензияга эга, давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасаларида етим болалар ва ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар раҳнамолигидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш ҳамда уларни боқиш тўлиқ давлат таъминоти асосида амалга оширилади. Тарбияланувчиларни бошқа турдаги таълим муассасаларига асоссиз равишда ўтказиш тақиқланади.

Етим болалар турмушда ва ишга жойлашишда ҳамда кейинги босқич таълим муассасасига киришда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда давлат кўмагидан фойдаланадилар.



36-модда. Жисмоний ва руҳий жиҳатдан нуқсонлари бўлган,

шунингдек узоқ вақт даволанишга муҳтож болалар ҳамда

ўсмирларнинг тарбияси ва таълим олиши

Жисмоний ёки руҳий жиҳатдан ривожланишида нуқсонлари бўлган, шунингдек узоқ муддат даволанишга муҳтож болалар ва ўсмирларга таълим бериш, уларни тарбиялаш ҳамда даволаш учун махсус таълим муассасалари барпо этилади ва иш олиб боради. Бундай таълим муассасаларига болалар ва ўсмирларни йўллаш ҳамда уларни бу муассасалардан чиқариб юбориш болаларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар фикри ҳисобга олинган ҳолда руҳият, тиббиёт ва педагогика мутахассисларидан иборат комиссиянинг хулосасига асосангина амалга оширилади. Махсус таълим муассасаларининг тарбияланувчилари қисман ёки тўлиқ давлат таъминотида бўладилар, улар бепул даволанадилар, овқатланадилар ва уларга ясама ортопедия воситалари, ногиронлар аравачалари текин берилади.



37-модда. Ижтимоий ёрдамга ва саломатлигини тиклашга

муҳтож шахслар учун ўқув-тарбия муассасалари

Тарбия ва таълимнинг алоҳида шарт-шароитларига муҳтож болалар ва ўсмирлар учун тарбиянинг алоҳида тартиби жорий этилган махсус ўқув-тарбия муассасалари барпо этилади ва улар тарбияланувчилар таълим олиши, касб ўрганиши ва ижтимоий ўзини тиклашини таъминлайдилар.

Вояга етмаганларни махсус ўқув-тарбия муассасаларига жойлаштириш Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ фақатгина суднинг ҳукми ёки ҳал қилув қарорига биноан амалга оширилиши мумкин.

Ахлоқ тузатиш-меҳнат муассасаларида сақланаётган шахсларга илм олиш учун ва мустақил равишда таълим олиш учун шарт-шароит яратиб берилади.



VI БЎЛИМ. ТАЪЛИМ МУАССАСАСИНИНГ

ҲУҚУҚИЙ МАҚОМИ. ТАЪЛИМНИНГ МОДДИЙ

БАЗАСИ ВА УНИ ПУЛ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

38-модда. Таълим муассасаларининг муассислари

Қуйидагилар, чунончи:

давлат бошқаруви республика ва маҳаллий идоралари;

мулкчиликнинг барча шаклидаги муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар;

жамоат бирлашмалари;

диний ташкилотлар;

ажнабий мамлакатларнинг ташкилотлари ва халқаро ташкилотлар таълим муассасаларининг муассислари бўлишлари мумкин.


39-модда. Таълим муассасаларининг ҳуқуқий мақоми

Таълим муассасаси мустақил юридик шахс бўлиб, қонунларда белгиланган тартибда барпо этилади.

Давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқини қўлга киритади.

Таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайдиган қоидалар асосида ва шу қоидаларга мувофиқ ишлаб чиқиладиган низомлар асосида фаолият кўрсатадилар.

Таълим муассасаларига муайян мақом (гимназия, лицей, дорилфунун, академия ва шу кабилар мақоми) берилиши таълимни бошқариш тегишли идоралари томонидан аттестация асосида амалга оширилади.

Таълим муассасалари ўзаро битим тузишга, ўқув-тарбия комплекслари ва ўқув илмий-ишлаб чиқариш бирлашмалари (уюшмалари) ташкил этишга, ҳудудий ўқув-ишлаб чиқариш бирлашмалари ва уюшмалари таркибига киришга ҳаклидирлар. Бундай комплекс ва бирлашмалар таркибига кирувчи муассасаларнинг вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ўз уставларида белгиланади.



40-модда. Таълим тизимида мулк ҳуқуқи

Таълим муассасалари ва таълим тизимидаги ташкилотларнинг мол-мулки уларнинг муассислари мулки ҳисобланиб, ана шу муассисларнинг қарорига биноан мол-мулк бевосита таълим муассасалари ва ташкилотларига мулк сифатида ёки уларнинг хўжалик юритиши учун берилиши мумкин.

Таълим тизими муассасалари ва ташкилотлари фойдаланаётган ер участкалари тегишли маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан ана шу муассасалар ҳамда ташкилотларга бепул ва узоқ муддат фойдаланиш учун берилади. Бу участкалардан фойдаланиш ҳуқуқи "Ер тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солиб борилади.



41-модда. Таълим муассасаларининг моддий-техника базаси

Таълим муассасаларининг моддий-техника базаси таълим ва тарбия бериш, илмий-методик ва илмий-тадқиқот ишлари ўтказиш ҳамда таълим соҳасида бошқа вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланиладиган ер, бинолар, тажрибахоналар, кутубхоналар, спорт иншоотлари, алоқа воситалари, машиналар ва асбоб-ускуналарни, транспорт воситалари ва бошқа мол-мулкни ўз ичига олади.

Таълим муассасаларининг моддий-техника базаси республика ва маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ҳисобидан, шунингдек пул билан таъминлашнинг қўшимча манбалари ҳисобидан ривожлантирилади;

Таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, шу жумладан, бундай муассасаларни лойиҳалаш ва қуриш ишлари жаҳон тажрибаси ютуқларини ҳисобга олган ҳолда меъёрий асосда устувор тартибда амалга оширилади.

Таълим муассасаларига берилган давлат мол-мулкига солиқ солинмайди, бу мол-мулк тортиб олинмайди ёки улардан кўзланган асосий вазифалардан бўлак мақсадларда фойдаланилмайди.



42-модда. Таълимни пул билан таъминлаш

Давлат тасарруфидаги таълим муассасаларини пул билан таъминлаш республика ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан, корхона, бирлашма, ташкилотларнинг ва айрим шахсларнинг маблағлари ҳамда қўшимча манбалар ҳисобидан давлат меъёрлари асосида амалга оширилади.

Давлат таълимга унинг устуворлигини таъминлайдиган миқдорда ҳар йили маблағлар ажратишни, шунингдек ҳар бир тарбияланувчи ёки таълим олувчига кетадиган харажат меъёрларини мунтазам равишда ошира бориб, жаҳон стандартлари даражасига етказишни кафолатлайди.

Таълим муассасалари аҳолига, корхона ва ташкилотларга таълим борасида ҳақи тўланадиган (пуллик) хизмат кўрсатишга, шунингдек амалдаги қонунларда тақиқланмаган бошқа турдаги тижорат фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидирлар.

Ўқувчилар ва талабалардан таълим учун ҳақ ундириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.

Қуйидагилар, чунончи:

тузилган шартномаларга, шу жумладан, ажнабий давлатлар билан тузилган шартномаларга биноан ходимлар тайёрлаш, уларнинг касб-кор малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашдан олинган маблағлар;

таълим соҳасида кўшимча хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар;

таълим муассасалари корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахсларнинг буюртмалари бўйича бажарган илмий-тадқиқот ишлари ва бошқа ишлар учун олинган маблағлар;

ўқув-ишлаб чиқариш устахоналари, корхоналари, цехларининг ва таълим муассасалари хўжаликларининг маҳсулотларини реализация қилишдан,

уларнинг бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналарни ижарага беришидан олинган даромад йўсинидаги маблағлар;

маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларининг дотациялар, банкларнинг кредитлари ва ссудалари йўсинидаги маблағлар;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар ихтиёрий равишда берадиган пул бадаллари, моддий бойликлар пул билан таъминлашнинг қўшимча манбалари ҳисобланади.

Давлат тасарруфида бўлмаган таълим муассасалари муассислар таъминотида бўладилар. Бундай муассасаларнинг давлат стандартлари даражасида таълим беришни таъминлаётганларига қонунларда белгиланган тартибда маблағ ажратилиши мумкин.



43-модда. Таълимнинг давлат томонидан рағбатлантирилиши

Таълим муассасаларига, шунингдек мулкчиликнинг барча шаклидаги ташкилотлар, корхоналар ва бирлашмаларнинг таълимни ривожлантиришга ажратилаётган маблағларига солиқ солиш тартиби қонунлар билан бошқариб тартибга солиб борилади.

Дарсликлар чоп этадиган, ўқув қўлланмалари чиқарадиган, таълим муассасаларининг эҳтиёжлари учун моддий ресурслар етказиб берадиган корхоналар ва ташкилотларга қонунларга мувофиқ солиқ имтиёзлари берилади.

Маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари, корхоналар, ташкилотлар,. жамоат бирлашмалари ва хусусий шахслар таълим муассасаларини пул билан таъминлаш учун текинга ёки бажарилаётган ишлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун ҳақ тўлаш тартибида ўтказаётган маблағларига солиқ солинмайди, бу маблағлар маҳаллий таълим фондлари ва таълим муассасалари фондларида жамланиши мумкин.

Таълимга ажратиладиган бюджет маблағлари ва таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағларини тортиб олиб қўйиш мумкин эмас.

Йил охирида юзага келадиган пул маблағларининг қолдиғи, улар тушган манбалардан қатъи назар, олиб қўйилмайди ва таълим муассасаларининг хоҳишига қараб сарфланади.



VII БЎЛИМ. ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

44-модда. Халқаро ҳамкорлик

Таълим муассасалари ва таълим тизимидаги корхоналар қонунларда белгиланган тартибда таълимга доир муаммолар юзасидан халқаро ҳамкорликда иштирок этадилар, ажнабий мамлакатларнинг ўқув юртлари ва илмий муассасалари билан бевосита алоқалар ўрнатиш, улар билан биргаликдаги ўқув юртлари очиш ҳукуқига эгалар.

Таълим тизимининг муассасалари ва ташкилотлари қонунларда назарда тутилган доирада ташқи иқтисодий фаолиятда иштирок этадилар, валюта счётларига эга бўлишга ҳақлидирлар.

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда айтилганидан бўлак қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов