язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Божхона тўловлари/ Божхона тўловлари бўйича имтиёзлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.03.2009 й. ПҚ-1083-сон "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.03.2009 й.

N ПҚ-1083



"ҚИШЛОҚ ҚУРИЛИШ БАНК"

АКЦИЯДОРЛИК ТИЖОРАТ БАНКИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Қишлоқ қиёфасини ва қишлоқ аҳолисининг уй-жой шароитларини сифатли яхшилаш, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани жадал ривожлантириш, уй-жой қурилишини узоқ муддатли имтиёзли кредитлаш тизимини кенг жорий этиш мақсадида ҳамда тасдиқланган "Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили" Давлат дастурига мувофиқ:


1. "Ғалла-банк" акциядорлик тижорат банки акциядорлари қарори ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Марказий банкининг:

"Ғалла-банк" акциядорлик тижорат банки негизида "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкини ташкил этиш тўғрисидаги;

"Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик-тижорат банки устав капиталини 150 млрд. сўм миқдорида шакллантириш, улушларни унинг акциядорлари орасида иловага* мувофиқ тақсимлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилансинки, "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки очиқ акциядорлик жамияти шаклида ташкил этилади ҳамда мужий, молиявий ва бошқа мажбуриятлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг пул маблағларини сақлаш ҳамда ўз вақтида қайтаришни кафолатловчи талаблар бўйича "Ғалла-банк" акциядорлик тижорат банкининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.


2. "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

уй-жой-коммунал, ижтимоий соҳа ва қишлоқ аҳоли пунктларини ободонлаштириш борасидаги эҳтиёжларни амалга оширишда аҳоли ҳамда юридик шахсларга кредит бериш ва банк хизмати кўрсатиш;

қишлоқ жойларда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича уй-жойлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектларини қуриш ҳамда таъмирлашни амалга оширадиган ихтисослаштирилган пудрат ташкилотларга кредит бериш ва лизинг хизматларини кўрсатиш;

янги, замонавий қурилиш материаллари ва конструкциялари ишлаб чиқарадиган, тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича қишлоқда объектлар қуришнинг индустриал ва йиғма технологияларини жорий этадиган барча мулкчилик шаклидаги корхоналарга кредит бериш ва комплекс тарзда банк хизматларини кўрсатиш;

қишлоқ қиёфасини сифатли яхшилашни, қишлоқ жойларда муҳандислик ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва такомиллаштиришни, жумладан, йўллар, энергия ва сув таъминоти тизимлари, қишлоқ врачлик пунктлари, мактаблар, болалар спорти объектларини реконструкция қилиш, қишлоқ аҳоли пунктларини транспорт коммуникациялари, ичимлик суви, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси объектлари, телекоммуникация тармоқлари билан таъминлашни назарда тутган ҳолда инвестиция фаолиятини олиб бориш, шунингдек лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаштириш;

универсал тижорат банки сифатида юридик ва жисмоний шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибдаги бошқа комплекс банк хизматларини кўрсатиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкининг ресурс базасини қуйидагилар ҳисобидан қўшимча шакллантириш манбалари борасидаги таклифлари қабул қилинсин:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг йиллик 3 фоизли фоиз ставкаси бўйича ва 2010 йилда Мактаб таълимини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар ҳисобидан 5 йил имтиёзли давр билан 170,0 млрд. сўмгача миқдорда камида 15 йил муддатга бериладиган мақсадли кредит линияси;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий молия-кредит тузилмаларининг мақсадли, узоқ муддатга мўлжалланган имтиёзли кредитлари, инвестициялари ҳамда грантлари;

"Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки томонидан қўшимча чиқариладиган акциялар ва бошқа қимматли қоғозларни юридик ва жисмоний шахсларга сотишдан тушадиган маблағлар.


4. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан, шу жумладан, "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкининг устав капиталини шакллантириш учун ажратиладиган маблағлар тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини молиялаштиришга мақсадли тарзда йўналтирилади;

жисмоний шахсларга тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун 2014 йилгача кредитлар фоиз ставкаси йилига 7 фоиз, 1 йиллик имтиёзли давр билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 000 бараваригача миқдорда 15 йил муддатгача берилади;

2014 йилдан бошлаб тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жойлар қуриш учун жисмоний шахсларга кредит маблағлари 15 йилгача бўлган муддатга базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 баробаригача бўлган миқдорда, 1 йиллик имтиёзли муддат билан, дастлабки 5 йил давомида йиллик 7 фоиз ва қолган 10 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фоиз ставкасининг 90 фоизидан келиб чиқиб ўртача ҳисобланган йиллик фоиз ставкасида ажратилади;

жисмоний шахсларга қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун кредитлар 20 йил муддатга, 2 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади;

2020 йилда давлат мақсадли дастурларини амалга оширишда жисмоний шахсларга қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун кредитлар 20 йил муддатга, 1 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида берилади;

лойиҳаларни банк томонидан бозор шартлари асосида жалб этилган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш ҳамда бошқа банк хизматларини кўрсатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тижорат асосида амалга оширилади;

2010 йилда Мактаб таълимини ривожлантириш жамғармасига ажратмалар ҳисобига ажратиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 170,0 млрд сўм миқдоридаги мақсадли кредит линиясининг асосий қарз, фоизлар ва бошқа тўловлар суммаси республика бюджети даромадига ўтказилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда банкнинг ресурс базасини мустаҳкамлаш учун халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий молия-кредит тузилмаларининг имтиёзли кредитлари, инвестициялари ҳамда грантларини жалб этишда "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банкига кўмак берсин.

6. "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки фойда ва мулк солиғи, шунингдек олиб келинадиган банк жиҳозлари ва техникаси учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) 2017 йилнинг 1 январигача озод этилсин, бўшайдиган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг банк устав капиталидаги улушини кўпайтиришга мақсадли тарзда йўналтирилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ўн кун муддатда "Қишлоқ қурилиш банк" акциядорлик тижорат банки Кенгашининг шахсий таркибини ва филиал шохобчалари жойлашувини тасдиқласин;

бир ой муддатда тасдиқланган намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибдаги уй-жой қурилишини кредитлаш тартибини тасдиқласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Адлия вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси Ф.М. Муллажонов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              И. Каримов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 14-сон, 154-модда.