язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида бошқарув/ Ионлаштирувчи нурланиш манбалари айланишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ташкил этиш Қоидалари (ЎзР ВМ 03.04.2009 й. 98-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 3 апрелдаги

98-сон қарорига

ИЛОВА


Ионлаштирувчи нурланиш манбалари айланишини

давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат

қилиш тизимини ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Давлат санитария назорати", "Радиациявий хавфсизлик тўғрисида", "Чиқиндилар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ушбу Қоидалар ионлаштирувчи нурланиш манбалари - ядровий материаллар, радиоактив моддалар, уларнинг таркибидаги радиоактив манбалар ва радиоактив чиқиндилар айланишини давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини (кейинги ўринларда ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими деб аталади) ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Қоидалар ИНМ қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни ташиш, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши, утиллаштирилиши, зарарсизлантирилиши ва кўмиб ташланиши соҳасидаги фаолиятни амалга оширувчи ИНМ айланиши субъектлари, шунингдек ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимининг ваколатли давлат органлари учун мажбурийдир.



II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


3. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ионлаштирувчи нурланиш - радиоактив парчаланишда, ядровий эврилишларда, моддадаги зарядланган зарралар ҳаракатининг секинлашувида ҳосил бўладиган ҳамда муҳит билан ўзаро таъсир этиш чоғида ҳар хил қутбли ионларни ҳосил қиладиган нурланиш;


ионлаштирувчи нурланиш манбаи (ИНМ) - ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва (ёки) радиоактив модда, ядровий материаллар;


ИНМ айланиши субъектлари - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни ташиш, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши, зарарсизлантирилиши ва кўмиб ташланиши бўйича ИНМ айланиши соҳасидаги фаолиятни амалга оширадиган юридик шахслар;


ядровий материаллар - таркибида ядро моддалари мавжуд бўлган ёки бўлинадиган (парчаланадиган) ядро моддалари ишлаб чиқаришга қодир бўлган, шунингдек таркибида ядро материаллари бўлмаган ёки ядро материаллари ишлаб чиқаришга қодир бўлмаган, бироқ ядро ичидаги энергияси портлаб ажралиб чиқилишига (ядро портлаши) мўлжалланган қурилмаларда фойдаланилиши мумкин бўлган материаллар;


радиоактив манба - таркибида ядровий материаллар ёки радиоактив моддалар бўлган ионлаштирувчи нурланиш манбаи;


радиоактив моддалар - таркибида белгиланган радиациявий хавфсизлик нормалари ва қоидаларининг энг кам қийматидан ортиқ активликдаги радионуклидлар бўлган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги ядровий материалларга тегишли бўлмаган моддалар;


радиоактив чиқиндилар - кейинчалик фойдаланиш учун мўлжалланмаган, таркибидаги радионуклидларнинг активлик даражаси қонун ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичлардан юқори бўлган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги моддалар.


III. ИНМНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ ТИЗИМИНИНГ

МАҚСАДЛАРИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Қуйидагилар ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимининг мақсадлари ҳисобланади:

ИНМнинг мавжуд миқдорини аниқлаш;

ИНМ нобудгарчилиги, улардан рухсат берилмаган фойдаланиш ва уларни талон-торож қилишнинг олдини олишни таъминлаш;

ИНМнинг мавжудлиги ва жойи ўзгариши тўғрисида белгиланган тартибда холисона ва ишончли ахборот тақдим этиш.


5. Қуйидагилар барча даражаларда ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ИНМнинг миллий реестрини шакллантириш учун маълумотларни расмийлаштирган ҳолда ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилишни юритишни ташкил этиш;

ИНМ нобудгарчилиги, улардан рухсат берилмаган фойдаланиш ва уларнинг ўғирланишини аниқлаш;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими фаолият кўрсатишини таъминлайдиган норматив ва методик ҳужжатларни, шу жумладан, ИНМнинг миқдори, активлиги ва радионуклид таркибини аниқлаш методикасини ишлаб чиқиш;

замонавий компьютер технологиялари негизида ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ягона дастурий ва ахборот билан таъминлашни ташкил этиш;

радиациявий вазиятни назорат қилишнинг ягона давлат автоматлаштирилган тизими, атроф-муҳит радиациявий мониторингининг давлат тизими, фавқулодда вазиятлар давлат тизими билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари доирасида ахборот айирбошлашни ташкил этиш.



IV. ИНМ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


6. ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш мезонларига жавоб берадиган ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши керак.


7. ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш мезонлари, шартлари ва тартиби, шунингдек потенциал радиациявий хавфсизлик асосида категориялар бўйича ИНМни таснифлаш қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


8. ИНМ категориялари ҳисобга олиш ва назорат қилиш тартиб-қоидалари ва усулларини аниқлашга табақалаштириб ёндашишни таъминлаш мақсадида белгиланади.


9. ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими ваколатли давлат органларини, муҳандислик-техник воситаларини ва ИНМ айланиши соҳасидаги фаолиятни тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ўз ичига оладиган республика, идоравий ва минтақавий даражаларга бўлинади.


10. Қуйидагилар:

республика даражасида - Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси;

идоравий даражада - ИНМ айланиши субъектлари ҳисобланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси;

минтақавий даражада - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимининг ваколатли давлат органлари ҳисобланади.



V. ИНМНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҲИСОБГА

ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ СОҲАСИДА

ВАКОЛАТЛИ ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИ ВА ИНМ

АЙЛАНИШИ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


11. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ўз ваколатлари доирасида:

республика даражасида ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилишни;

ИНМнинг миллий реестри юритилишини;

ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилишни таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини;

давлат томонидан ҳисобга олинадиган ва назорат қилинадиган ИНМ рўйхати белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини;

манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар билан биргаликда ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назоратга қўйилиши мезонлари, шартлари ва тартиблари ишлаб чиқилишини, шунингдек ИНМнинг потенциал радиациявий хавфсизлиги асосида уларнинг категориялари аниқланишини;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини яратиш, унинг фаолият кўрсатиши, уни методик таъминлаш ва такомиллаштириш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилишини;

республика даражасида ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши учун маълумотлар тўпланишини, унинг тизимлаштирилиши ва таҳлил қилинишини;

манфаатдор давлат органлари билан биргаликда ИНМни давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилиш нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилишини;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш шакллари ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини;

ИНМ мавжудлиги ва унинг жойи ўзгариши тўғрисидаги ахборот белгиланган тартибда тақдим этилишини таъминлайди.


12. ИНМ айланиши субъектлари ҳисобланган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўз ваколатлари доирасида:

идоравий даражада ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилинишини;

ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда қатнашишни;

ИНМ давлат томонидан ҳисобга олиниши ва назорат қилиниши учун идоравий мансуб ташкилотлар бўйича ахборот тўпланиши, таҳлил қилиниши, тизимлаштирилиши ва қайта ишланишини;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилишини;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини яратиш, унинг фаолият кўрсатиши ва такомиллаштирилиши соҳасида илмий, методик ва техник ишланмаларни ўтказишда қатнашишни таъминлайди.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ўз ваколатлари доирасида:

ушбу Қоидаларнинг 12-бандида назарда тутилмаган ИНМ айланишини минтақавий даражада давлат томонидан ҳисобга олиш ва назорат қилишни;

ИНМ айланишини ҳисобга олиш ва назорат қилиш тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этилишини;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш бўйича тадбирлар самарадорлиги таҳлил қилинишини;

ИНМ айланиши субъектлари томонидан белгиланадиган радиациявий объектлар учун кузатиш зоналарини, унинг ўлчами ва чегараларини келишишни;

фуқароларни ва атроф-муҳитни радиация аварияси ва унинг оқибатларидан ҳимоя қилиш тадбирлари режаси келишилишини;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини шакллантиришда, унинг фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришда қатнашишни таъминлайди.


14. ИНМ айланиши субъектлари:

ИНМ билан боғлиқ ишларнинг хавфсизлиги ва уларнинг сақланишини таъминлайди;

ИНМ ички ҳисобга олинишини амалга оширади;

ИНМ физик ҳимоя қилинишини таъминлайди;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этади;

кейинчалик қўллаш назарда тутилмаган ИНМ бундай ИНМни утиллаштириш, зарарсизлантириш ёки кўмиб ташлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш ваколатига эга бўлган ихтисослаштирилган ташкилотга ўз вақтида берилишини таъминлайди;

ўқитилган, малака талабларига жавоб берадиган ва тиббий нуқтаи назардан нуқсонлари бўлмаган шахсларни бевосита ИНМ билан ишлашга қўяди;

белгиланган тартибда ахборотнинг маҳфийлигини таъминлайди;

ИНМ айланиши билан боғлиқ фаолиятни амалга оширадиган шахсларни зарур ҳимоя воситалари ва радиация назорати билан таъминлайди;

ИНМ билан боғлиқ режалаштирилаётган битимлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини ўз вақтида хабардор қилади;

ИНМнинг ноқонуний айланиши ҳолатлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат санитария-эпидемиология хизматининг тегишли ҳудудий органига (кейинги ўринларда санитария-эпидемиология хизмати деб юритилади) ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълум қилади.


VI. ИНМНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ

ҚИЛИШ ТИЗИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


15. ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимини ташкил этишда:

ИНМ айланиши субъектларининг ишлаб чиқариш хусусиятлари ҳисобга олинади, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг мавжуд механизмларидан, шунингдек ИНМ тавсифларини ўлчаш учун усуллар ва техник воситалардан фойдаланилади;

республика, идоравий ва минтақавий даражаларда ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш бўйича ахборот манбаларидан фойдаланишнинг чекланган тартиби назарда тутилади;

ИНМ тавсифини аниқлаш учун замонавий илмий-техник усуллар ишлаб чиқилиши ва улардан фойдаланиш таъминланади;

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимининг ваколатли давлат органларини замонавий дастурий таъминлаш ва зарур техник воситалар билан жиҳозлаш чора-тадбирлари амалга оширилади;

ИНМнинг ҳар бир бирлиги устидан назорат қилишнинг бошланғич ва охирги вақтини аниқлаш бўйича талаблар белгиланади;

тақдим этилаётган ахборотнинг бирхиллаштирилган формати ва ҳажми қўлланилади;

ҳисобга олиш ҳужжатларини юритиш, даврий ҳисобот ва ҳисобот маълумотлари таҳлили, янги ҳисобот ҳужжатлари тақдим этиш асосида ҳисобга олиш маълумотларига фақат ҳисобга олиш ҳужжатларига янги ёзув киритиш йўли билан тузатиш киритиш имконияти таъминланади;

ИНМ таркиби ва миқдорини (активлигини) ўлчаш натижалари асосида (уларнинг параметрларини аниқлашнинг ҳисоблаб чиқиш усулларини қўллаш йўл қўйилган ҳоллар бундан мустасно), шунингдек ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилишда ўлчаш воситаларига қўйиладиган талаблар асосида ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш назарда тутилади;

ИНМ қазиб олиш, ишлаб чиқариш, ҳосил қилиш, қайта ишлаш, улардан фойдаланиш, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатиш, уларни ташиш, шу жумладан, уларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилиши, утиллаштирилиши, зарарсизлантирилиши ва кўмиб ташланиши шартлари тўғрисида хабардор қилиш таъминланади.

ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилишни ташкил этишга ва юритишга қўйиладиган талаблар белгиланади;

ИНМ айланиши субъекти томонидан ИНМ олинган тақдирда у тўғрисидаги маълумотлар текширилади;

ИНМ йўқотилган, улардан рухсатсиз фойдаланилган ёки у ўғирланган ҳолларда ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими ваколатли давлат органларини ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилиш тартиби тартибга солинади;

ИНМ мавжудлиги ва активлиги тавсифини аниқлаш мақсадида ИНМ айланиши субъектларида дастлабки хатлов ўтказилиши таъминланади;

халқаро шартномалар доирасида ҳамкорликни амалга ошириш имкони назарда тутилади.


16. Ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими ИНМнинг энг радиациявий хавфли категориясидан бошлаб босқичма-босқич амалга киритилади.


17. Ўз фаолиятида ИНМдан фойдаланадиган ИНМ айланиши субъектлари молиявий-моддий ва маъмурий ресурсларга, шунингдек ИНМ айланишида хавфсизликни таъминлаш учун зарур бўлган техник воситаларга эга бўлиши керак.



VII. ИНМНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН АЛОҲИДА ТАЛАБЛАР


18. ИНМ Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси орқали олиб ўтилганда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ ИНМни ҳисобга олади ва назорат қилади ва 15 кун муддатда ИНМ тўғрисидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига тақдим этади.

19. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси ўз ваколатлари доирасида ҳар чоракда ҳисобот даври тамом бўлгандан кейин 20-кунда белгиланган тартибда ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг тасдиқланган шакли бўйича ядровий материал экспорти ва импорти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига ахборот тақдим этади.

20. СЭС тегишли ҳудудий органининг ИНМ айланиши билан боғлиқ бўлган ташкилотлар объектларининг санитария-гигиена хавфи тўғрисидаги хулосаси мавжуд бўлган тақдирда ИНМ айланиши субъектлари томонидан ИНМ олиниши ва берилишига белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан рухсат берилади.

ИНМ айланиши субъектлари ИНМ олиниши ва берилиши тўғрисида ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг тасдиқланган шакллари бўйича 10 кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасини ва СЭСнинг тегишли ҳудудий органини хабардор қилади.

21. ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизимида ҳисобга олиш бирликлари ахбороти ҳажми, ҳисобот маълумотлари ИНМ типига, уларнинг категориясига қараб аниқланади ва Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган шаклларда акс эттирилади.

22. Ноқонуний айланишдан олиб қўйилган ИНМ қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг қонуний эгасига қайтарилиши ёки утилизация қилиниши (кўмиб ташланиши) керак.

ИНМни ноқонуний айланишдан олиб қўйишда уларни вақтинча сақлаш, ҳисобга қўйиш, физик ҳимоя қилиш, шунингдек қонуний эгасини хабардор қилиш ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда утиллаштириш (кўмиб ташлаш) таъминланади.



VIII. ИНМ АЙЛАНИШИНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҲИСОБГА ОЛИШ ВА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИНИНГ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИГИ


23. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси қуйидаги масалалар:

ядровий материал, радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндилар аҳолига ва атроф-муҳитга таъсир кўрсатишининг олдини олиш бўйича - Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва ҳокимликлар билан биргаликда қўшма тадбирларни ишлаб чиқиш;

Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати билан биргаликда - йўқотилган радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларни излашни ёки топилган радиоактив моддалар ва радиоактив чиқиндиларнинг келиб чиқишини аниқлашни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва ҳокимликлар билан биргаликда - радиациявий вазиятини назорат қилишнинг ягона давлат автоматлаштирилган тизимини, атроф-муҳит, ИНМни сақлаш ва кўмиш пунктлари, ифлосланган радионуклидли ҳудудларнинг радиациявий мониторинги давлат тизимини амалга ошириш;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда - ИНМ айланишида содир бўлган авариялар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва тугатиш ягона тизимини ташкил этиш;

манфаатдор давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек бошқа ташкилотлар билан ахборот айирбошлаш бўйича - ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар воситасида амалга ошириладиган ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш давлат тизимини яратиш ва унинг фаолият кўрсатишида бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан биргаликдаги фаолиятни амалга оширади.


24. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ички ишлар вазирлиги ўз ваколатлари доирасида ИНМни ҳисобга олиш ва назорат қилиш тизими фаолият кўрсатишида табиатни муҳофаза қилиш, радиация, ядро, техник ва ёнғин хавфсизлиги соҳасида давлат томонидан тартибга солишни таъминлайдилар.

25. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати ноқонуний хатти-ҳаракатларни аниқлаш, олдини олиш, ИНМ яширин сотилиши, тарқатилиши ва фойдаланилишига барҳам бериш бўйича тегишли тадбирларни амалга оширадилар.


IX. ИНМНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА НАЗОРАТ

ҚИЛИШ СОҲАСИДА ЖАВОБГАРЛИК


26. Ушбу Қоидалар бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 15-сон, 183-модда.