язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси/ Автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати ва техника хизмати тўғрисида Низом (АВ томонидан 06.04.2009 й. 1936-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг 03.03.2009 й. 19-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 6 апрелда 1936-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон автомобиль ва дарё

транспорти агентлиги бошлиғининг

2009 йил 3 мартдаги

19-сонли буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Автомобилда ташувчининг фойдаланиш

хизмати ва техника хизмати тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 10 мартдаги 118-сонли "Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан автотранспорт воситасида йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи мустақил хўжалик юритувчи субъектларнинг фойдаланиш хизмати ҳамда техника хизматига оид вазифаларни белгилайди.


I. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


автотранспорт воситалари - йўловчилар, багаж, юклар ташишга ҳамда махсус ишларни бажаришга мўлжалланган автомобиллар, шатакчи автомобиллар, тиркама ва ярим тиркамалар.


автомобилда ташувчи - мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида автотранспорт воситасига эга бўлган, тижорат асосида йўловчилар, багаж, юклар ташиш хизматини кўрсатадиган ҳамда бунга махсус рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик ёки жисмоний шахс.


фойдаланиш хизмати - юк ва йўловчилар ташишни белгиланган режа ва шартномаларга мувофиқ равишда ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш, ташиш жараёнини бошқариш, назорат ва таҳлил қилиш, ҳаракатланиш жадвалларини ишлаб чиқиш, йўловчилар ва юкларни хавфсиз ташиш ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи таркибий бўлинма.


техника хизмати - автотранспорт воситаларини техник жиҳатдан шай ҳолда сақлаш ва уларни ривожлантириш ишларини амалга оширувчи таркибий бўлинма.


меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати - корхонада хавфсиз ва соғлом иш шароитлари яратилганлигини ва барча ходимлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва меъёрларига риоя этилишини назорат қилувчи, тармоқ бўлимлари раҳбарларига аниқланган нуқсонларни бартараф этиш ҳақида бажарилиши шарт бўлган кўрсатмалар берувчи, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузаётган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида корхоналарнинг раҳбарларига тақдимномалар киритувчи таркибий бўлинма.



II. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2. Фойдаланиш хизмати автомобилда ташувчи раҳбарига бевосита бўйсунувчи фойдаланиш бўлими бошлиғи томонидан бошқарилади.

Автотранспорт воситалари миқдори 150 тадан ортиқ бўлган тақдирда фойдаланиш хизматини автомобилда ташувчи раҳбарининг ташувларни ташкил этиш ва фойдаланиш бўйича ўринбосари бошқаради. Корхона раҳбари штат таркибига алоҳида фойдаланиш бўлими бошлиғи лавозимини киритиш ҳуқуқига эга.


3. Техника хизмати автомобилда ташувчи раҳбарига бевосита бўйсунувчи ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи томонидан бошқарилади.

Автотранспорт воситалари миқдори 150 тадан ортиқ бўлган тақдирда техника хизмати раҳбар ўринбосари (бош муҳандис ва айни вақтда ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи) томонидан бошқарилади. Корхона раҳбари штат таркибига алоҳида ишлаб чиқариш техник бўлими бошлиғи лавозимини киритиш ҳуқуқига эга.


4. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига асосан, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

5. Юк ташувчи якка тартибдаги тадбиркор фойдаланиш хизмати ва техника хизматини фойдаланиш хизмати ва техника хизмати мавжуд бўлган корхоналар билан шартнома асосида амалга оширади.



III. АВТОМОБИЛДА ТАШУВЧИНИНГ

ФОЙДАЛАНИШ ХИЗМАТИ


1-§. Йўловчилар ташиш жараёнида

фойдаланиш хизматининг вазифалари


6. Йўловчилар ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг ишини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи талабларга мувофиқ равишда ташкил этади;

б) автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малакасини ошириш учун зарур шароитлар яратиб беради;

в) йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи техник носозликлар мавжуд бўлган тақдирда транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўймайди;

г) автомобилда ташувчининг фаолият кўрсатадиган ҳудудидаги мавжуд йўналишлар ҳамда очилиш эҳтимоли бўлган янги йўналишлар бўйича йўловчилар оқимини ўрганади, йўловчилар ташишда автотранспорт воситасидан самарали фойдаланиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва маданиятини ошириш бўйича режалар тузади ва амалга оширади;

д) махсус ваколатли органларга (Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг ҳудудий бўлимлари, Шаҳарда йўловчилар ташишни ташкил этиш комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг шаҳар атрофидаги ва шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларда йўловчилар ташишларни ташкил этиш бўйича комиссиялар, Шаҳарлараро-вилоятлараро ва халқаро йўналишларни жойлаштириш учун очиқ тендерлар ўтказишни ташкил этиш масалалари бўйича идоралараро комиссия ва ҳ.к.) янги йўналишлар очиш ва/ёки мавжудларини ўзгартириш, ҳаракат йўналиши, йўналиш масофаси ва ҳаракатланиш жадвалига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар беради;

е) йўловчилар ташиш йўналишларини жойлаштириш учун бўлиб ўтадиган очиқ тендерларда иштирок этишга талабгор сифатида қатнашади, тендерларда қатнашиш учун керакли ҳужжатларни (тендер таклифлари, тарифлар учун асослар ва ҳ.к.) тайёрлайди;

ж) автотранспорт воситаларининг ҳар бир йўналишдаги иш тартибини белгиловчи йўриқномаларни, автотранспорт воситаларини йўналишга чиқариш ва корхонага қайтариш жадвалини, автотранспорт воситаларининг йўналишлардаги ҳаракатланиш вақтлари меъёрларини ишлаб чиқади, шунингдек автотранспорт воситаларини зарурий анжомлар (экипировкалар) билан таъминлайди;

з) йўл варақаларини расмийлаштириш, белгиланган миқдорда техник жиҳатдан соз, зарурий анжомлар билан таъминланган автотранспорт воситасини жадваллар асосида йўналишга етказиб туриш, фойдаланиш хизматига оид ҳисоб ва ҳисоботни юритиш ишлари бўйича диспетчерлик хизмати фаолияти ҳамда чипта ҳисобчилари иши устидан назорат олиб боради;

и) йўналишлардаги чипта сотувчиларни ва ҳайдовчиларни йўналишга чиқишда чипталар билан таъминланганликларини ҳамда иш якунида улар томонидан тушумларнинг топширилишини назорат қилади;

й) автотранспорт воситасининг йўналишдаги ишини тезкор диспетчерлик хизмати орқали бошқаради, шунингдек йўналишдаги назоратни амалга оширади ҳамда йўналишга техник ёрдам автомобилларининг етказиб берилишини ташкиллаштиради;

к) ҳайдовчилар устидан тегишлича бошқарувни (ишга жалб қилиш, автомобилларга бириктириш) амалга оширади ҳамда автотранспорт воситасининг иш жадвалидан келиб чиққан ҳолда уларнинг иш тартибини белгилайди;

л) йўналишдаги бино ва иншоотлардан (автошоҳбекат, автобошбекат, тўхташ жойлари, диспетчерлик пунктлари) самарали фойдаланишни таъминлайди, уларда шикоят ва таклифлар дафтарларининг мавжудлигини назорат қилади, тушган шикоят ва аризаларнинг қатъий ҳисобини юритади, шунингдек уларни кўриб чиқиб, тегишли муддатда жавоб қайтаради;

м) йўловчи ташиш транспортининг узлуксиз ишлашини таъминловчи бошқа турдаги ишларни амалга оширади.



2-§. Юк ташиш жараёнида

фойдаланиш хизматининг вазифалари


7. Юк ташиш билан шуғулланувчи автомобилда ташувчининг фойдаланиш хизмати қуйидаги вазифаларни бажаради:

а) автомобилда ташувчи хизмат кўрсатувчи ҳудудда мавжуд юк ташиш айланмаси ҳамда юкларнинг мавжудлиги, уларни ташиш йўналишлари ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқади, юк жўнатувчи ва қабул қилувчилар бўйича ташиш режаларини ишлаб чиқади;

б) ташишлар учун буюртма ва аризалар қабул қилади, ташиш бўйича шартномалар тузади, шартномавий тарифларни келишиб олади, ташиш шартлари, шунингдек алоҳида ҳолларда, ортиш-тушириш ишларининг ҳам бажарилишини ташкиллаштиради;

в) юкни жўнатиш ва қабул қилиш манзилларини ўрганиб чиқади, уларнинг автотранспорт воситасини қабул қилишга ҳамда ортиш-тушириш ишларини амалга оширишга тайёргарлигини аниқлайди, кириш йўллари, ёритилиш даражаси, тарозихонаси, ортиш ва тушириш майдонининг ҳолатини, юкловчилар ҳамда ортиш-тушириш механизмлари билан таъминланганлик даражасини текширади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўради;

г) ташувларнинг оралиқ масофасини текширади, юк берувчининг вакиллари ҳамкорлигида уларни тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштиради, оралиқ масофаларнинг рўйхатини тузади;

д) автотранспорт воситасининг йўналишга чиқиш ҳамда корхонага қайтиш жадвалини тузади;

е) автомобилнинг юксиз қатнови имкон қадар кам бўлишини ва ташиш самарадорлигини инобатга олган ҳолда, юк ташиш бўйича ҳаракат жадвали ва йўналишини ишлаб чиқади;

ж) зарур ҳолларда, бир кеча-кундузлик тезкор ташувлар режасини тузади ҳамда ана шу режа асосида ҳар бир автомобиль учун тезкор топшириқни назарда тутувчи йўл варақаларини ёзиб беради ва бажариш учун ҳайдовчиларга топширади;

з) автотранспорт воситасининг йўналишдаги ишини диспетчерлик хизмати орқали бошқаради ва назоратни амалга оширади, шунингдек ҳар бир йўналишга техник ёрдам автомобилларининг етказиб берилишини ташкиллаштиради;

и) ҳайдовчилар устидан маъмурий бошқарувни (ишга жалб қилиш, автомобилларга бириктириш) амалга оширади;

к) халқаро ташувларни амалга ошириш учун ҳайдовчиларнинг рухсатнома бланкалари билан таъминланишларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатади;

л) юк ташиш автотранспортининг узлуксиз ишлашини таъминловчи бошқа ишларни амалга оширади.



3-§. Фойдаланиш хизматининг

ташкилий тузилмаси


8. Фойдаланиш хизмати қуйидагилардан ташкил топади:

диспетчерлар гуруҳи (бош диспетчер ва навбатчи диспетчерлар);

йўналишдаги ходимлар (йўналиш диспетчери ва назоратчилар);

чипта сотувчи кассирлар (йўловчиларни ташишда);

автотранспорт воситалари гуруҳлари бошлиқлари (автотранспорт воситалари миқдори 150 тадан ортиқ бўлганда).


9. Диспетчерлар гуруҳи (бош диспетчер ва навбатчи диспетчерлар):

а) йўловчи ташишда - автобус, микроавтобус, такси ҳаракатини ташкиллаштириш, ҳаракатланиш жадвали ва тартибини ишлаб чиқиш, ташувларни тезкор равишда режалаштириш, автотранспорт воситасини йўналишга чиқариш жадвалининг бажарилиши устидан назорат олиб бориш, йўл варақаларини расмийлаштириш, бериш, қабул қилиш ва таҳлил қилиш, йўналиш диспетчерларини бошқариш, техник ёрдам автомобилларини юбориш, ташкилотлардан йўловчиларни ташиш бўйича буюртмалар олиш ва уларни бажариш;

б) юк ташишда - шартномалар тайёрлаш, ташувларга буюртмалар қабул қилиш, уларни бажаришни тезкор равишда режалаштириш, йўл варақалари ҳамда товар-транспорт юкхатларини расмийлаштириш, бериш, қабул қилиш ва таҳлил қилиш, автотранспорт воситасининг йўналишдаги ишини бошқариш, техник ёрдам автомобилларини юбориш билан шуғулланади.


10. Йўналишдаги ходимлар (йўналиш диспетчери ва назоратчилар):

а) йўловчи ташишда - автобус, микроавтобус, таксиларнинг йўналишдаги ҳаракатини тезкор равишда бошқариш, ҳаракатланиш жадвали ва тартибига риоя этилишини назорат қилиб бориш, йўл ҳужжатларини расмийлаштириш, ҳаракатланишни назорат қилиш журналини юритиш, тушумнинг тўлиқ йиғилишини назорат қилиш;

б) юк ташишда - юкларни ташишга тайёрлаш ҳамда автотранспорт воситалари ҳаракати учун зарур шарт-шароитлар мавжудлигини назорат қилиш, бажарилган ишлар қайдномасини юритишни амалга оширади.


11. Автотранспорт воситалари гуруҳлари бошлиқлари ўз навбатида хавфсиз сақланиши устидан назоратни таъминлайди, автотранспорт воситасининг жадвал асосида ва жамланган ҳолатда йўналишга чиқарилишини кузатиб боради, ҳайдовчилар, уларга бириктирилган ҳаракат воситалари ҳамда иш тартибини белгилаш устидан назоратни амалга оширади.



IV. АВТОМОБИЛДА ТАШУВЧИНИНГ

ТЕХНИКА ХИЗМАТИ


1-§. Техника хизматининг вазифалари


12. Техника хизмати қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

а) янги ва илғор технологияларни татбиқ этган ҳолда, автотранспорт воситасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнларини ташкиллаштиради ҳамда иш фаолияти, таъмирлаш ишлари ва техник хизмат кўрсатиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, узел ва агрегатлар миқдорининг камаймаслигини, шунингдек автотранспорт воситасини ўз вақтида техник жиҳатдан соз ҳолатда йўналишга чиқариш учун тайёрланишини таъминлайди;

б) йўналишда автотранспорт воситасидан техник жиҳатдан тўғри фойдаланилишини назорат қилади, йўналишда иш вақтининг техник сабабларга кўра йўқотилишини бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

в) автотранспорт воситасини йўналишдан қабул қилиб олишни ҳамда унинг тегишли жойда сақланишини ташкил қилади;

г) фойдаланиш анжомлари учун кетадиган сарф-харажатларни қисқартириш тадбирларини амалга оширади, техник хизмат кўрсатиш жараёнида ёнғин хавфсизлиги чораларини таъминлайди;

д) техника хизмати соҳасида кадрлар тайёрлаш ҳамда техник хизмат кўрсатишда банд бўлган ишчилар ва муҳандис-техник ходимлар малакасини ошириш бўйича техник ўқув курсларини йўлга қўяди;

е) техник хизмат кўрсатишда зарур бўлган бино ва иншоотлар, шунингдек асбоб-ускуналар ва жиҳозлардан тўғри фойдаланилишини назорат қилади;

ж) техник хизмат кўрсатиш жараёнидаги жароҳатланиш сабабларини ўрганади, уларни бартараф этиш чораларини кўради, техника хизматига оид ҳисобот ишларини олиб боради;

з) хавфсиз фаолият кўрсатиш ва техник воситалар билан таъминланишга оид бошқа ишларни амалга оширади.



2-§. Техника хизматининг

ташкилий тузилмаси


13. Техника хизматининг ташкилий тузилмаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

гараж бошлиқлари;

устахона бошлиқлари;

таъминот бошлиқлари;

бино, иншоот ва техника воситаларидан фойдаланиш бўйича механиклар;

навбатчи механиклар;

ишлаб чиқариш ва ёрдамчи участкалар усталари.



3-§. Техник хизмат воситалари


14. Автотранспорт воситасининг бир маромда ишлашини таъминлаш учун автомобилда ташувчи қуйидаги бино, иншоот ва техник хизмат воситаларига эга бўлиши шарт:

а) автотранспорт воситасини сақлаш учун совуқ об-ҳавода двигателни ишончли тарзда ишга туширишга имкон берувчи техник воситалар билан таъминланган гараж ёки майдон;

б) автотранспорт воситасига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун рўйхатдаги ҳар 10 та автомобилга камида биттадан тўғри келадиган жиҳозланган автомобиль жойи, техник хизмат кўрсатиш, кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш учун зарур бўлган жиҳозлар ва асбоб-ускуналар мажмуи;

в) ёнилғи-мойлаш ва бошқа турдаги фойдаланиш маҳсулотларини сақлаш ва тарқатиш учун керакли иншоот.


15. Техник хизмат воситалари доимий ва/ёки ҳаракатланувчи бўлиши мумкин.


16. Барча иншоот ва техник хизмат воситалари жойлашуви ва фойдаланилишига кўра автотранспорт воситалари, асбоб-ускуналар, электрожиҳозлар, кўтариш механизмлари, санитар-техник ва бошқа қурилмалардан техник фойдаланиш қоидаларига, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, техника хавфсизлиги ва санитария қоидаларига, гаражларни лойиҳалаш меъёрлари ва шартлари талабларига жавоб бериши керак.


17. Техника хизмати техник жиҳозларнинг узлуксиз ва ишончли ишлашини таъминлашда уларни олдиндан режали таъмирлаш тизимига асосланиши, шунингдек автотранспорт воситасининг кундалик техник хизмати, биринчи техник хизмат, иккинчи техник хизмат ҳамда жорий таъмирни ўз ичига олувчи техник хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш ишларини йўлга қўйиши шарт.


18. Техник хизмат кўрсатиш ишлари тасдиқланган режа ва иш ҳажмига қараб амалга оширилади.



4-§. Автотранспорт воситасини

сақлаш ва йўналишга чиқариш


19. Автотранспорт воситаси усти ёпиқ бино ичида ёки автотранспорт воситасининг туриши учун махсус ажратилган очиқ майдонларда сақланиши мумкин.

Иссиқ туриш жойига биринчи навбатда йўловчи ташувчи автотранспорт воситалари жойланади.


20. Автотранспорт воситаси фойдаланиш хизмати ва техника хизмати ўртасидаги ўзаро келишув ҳамда корхона раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал асосида йўналишга чиқарилади.


21. Йўл варақалари автотранспорт воситасининг техник жиҳатдан созлигини тасдиқловчи маълумот олинганидан кейингина ёзиб берилади.



5-§. Йўналишда техник ёрдам кўрсатиш


22. Техника хизмати йўналишдаги носоз автомобилларга ёрдам кўрсатиш мақсадида техник ёрдам кўрсатиш автомобилини жиҳозлайди.


23. Техник ёрдам кўрсатиш автомобили:

фургон типидаги кузов ёки соябон билан таъминланган бўлиши;

ички чироқлар ҳамда ходимларга мўлжалланган ўриндиқларга эга бўлиши;

исканжали устачилик дастгоҳи билан жиҳозланиши, автомобилларни йўналишда таъмирлаш учун зарур асбоб-ускуналар ва мосламалар мажмуи, энг муҳим эҳтиёт қисмлар, шунингдек хизмат кўрсатилувчи автомобилларни кўтариб туриш имконини берувчи қурилмалар билан таъминланган бўлиши;

автомобилни шатакка олиб тортиш учун қаттиқ шатакка олиш қурилмаси, трос, керакли асбоблар ҳамда сирпанишга қарши занжирлар билан таъминланиши;

ёнилғи ва мой қуйиш учун қўшимча баклар, шунингдек ёнилғи қуйиш учун жиҳозларга эга бўлиши;

ёнғинга қарши воситалар (ўт ўчириш асбоблари, қум тўлдирилган қутилар), биринчи ёрдам учун дори қутиси ҳамда қоронғида таъмирлаш ишларини олиб бориш учун қўшимча ёритиш воситалари билан таъминланган бўлиши керак.



6-§. Автотранспорт воситасини

йўналишдан қабул қилиб олиш


24. Автотранспорт воситасини йўналишдаги иш вақти тугаганидан сўнг қабул қилиш ҳамда корхонага қайтариш жараёнида уларнинг бутлиги ва рақам белгилари текширилади ҳамда носозликларни аниқлаш мақсадида ташқи кўрикдан ўтказилади. Автотранспорт воситасини қабул қилаётганда навбатчи механик йўл варақаси ва қайд этиш дафтарига спидометр кўрсаткичларини ёзиб қўяди ҳамда қайтиш вақтини белгилайди.


25. Ташқи кўрик навбатчи механик томонидан ҳайдовчи иштирокида ўтказилади.

Кўрикдан ўтказиш жараёнида:

а) зарурий анжомлар, радиатор устки қоплами ва кузовнинг (кабина ва платформа) ташқи кўриниши, уларнинг ҳолати;

б) двигателнинг ишлаши;

в) мой, сув, тормоз суюқлигининг оқиб кетмаётганлиги;

г) руль механизмининг тортқилари ва шарли бирикмалар, трос, шланг ва қувурлар, тормоз, раманинг бўйлама тўсинлари, кўндаланг тўсин ва рессоралар, шина, автотиркаманинг тиркаш мосламалари аҳволи текширилади.


26. Кўрик натижалари асосида навбатчи механик зарурат туғилганда, таъмирлаш ишлари рўйхатини тузиб чиқади. Авария ҳолатидаги шикастланишлардан далолат берувчи носозликлар аниқланган тақдирда, навбатчи механик далолатнома тузади.


27. Техник носозликлар туфайли автотранспорт воситаси йўналишдан вақтидан олдин қайтса, навбатчи механик бунинг сабабини аниқлаши, йўл варақасининг тегишли жойига белги қўйиши, ҳаракат таркибининг таъмирдан ўтказилишини ташкиллаштириб, унинг йўналишга қайтарилишини таъминлаши шарт.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


28. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 15-сон, 192-модда.