язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Алоҳида тадбиркорлик тузилмаларидаги суғурта/ Ўзбекистон Республикасининг 16.04.2009 й. ЎРҚ-210-сон "Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 11.11.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.03.2009 й. маъқулланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

16.04.2009 й.

N ЎРҚ-210



ИШ БЕРУВЧИНИНГ ФУҚАРОЛИК

ЖАВОБГАРЛИГИНИ МАЖБУРИЙ

СУҒУРТА ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 11 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2009 йил 27 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта килиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи - ҳаётни суғурта қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


жабрланувчи - ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан соғлиғига зарар етказилган, суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган ходим;


ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса - ходимнинг у меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ўз вазифаларини иш берувчининг ҳудудида ҳам, ундан ташқарида ҳам бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлишига ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланишига олиб келган ва ходимни бошқа ишга ўтказиш заруриятини келтириб чиқарган, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёки турғун йўқотишига ёхуд вафот этишига сабаб бўлган ҳодиса;


иш берувчи - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний шахс билан меҳнат шартномаси (контракт) тузган юридик ёки жисмоний шахс;


иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи - умумий суғурта қилиш соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


касб касаллиги - ходимнинг унга ишлаб чиқаришнинг зарарли ёки хавфли омили таъсири натижаси бўлган ва унинг касбга оид меҳнат қобилиятини вақтинча ёхуд турғун йўқотишига сабаб бўлган ўткир ёки сурункали касаллиги;


касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси - касбга оид меҳнат қобилиятининг ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса юз бергунига қадар бўлган, фоизларда ифодаланган, тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси томонидан аниқланадиган пасайиши;


меҳнатда майиб бўлиш - ходимнинг касбга оид меҳнат қобилиятини ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса оқибатида вактинча ёки турғун йўқотиши;


наф олувчи - ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган шахс;


суғурта ҳодисаси - иш берувчининг фуқаролик ж-вобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиши даврида ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги белгиланган тартибда тасдиқланган факт;


ходим - иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт) асосида ишлаётган жисмоний шахс.


4-модда. Иш берувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини

суғурта килиш бўйича мажбурияти

Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчи ўз фуқаролик жавобгарлигини ушбу Қонунда белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталаши шарт.



2-БОБ. ИШ БЕРУВЧИНИНГ ФУҚАРОЛИК

ЖАВОБГАРЛИГИНИ МАЖБУРИЙ СУҒУРТА

ҚИЛИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ ШАРТЛАРИ

ВА ТАРТИБИ

5-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш объекти ва субъектлари

Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганда унинг мулкий манфаатлари иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш объектидир.

Иш берувчи, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи (бундан буён матнда суғурталовчи деб юритилади), аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи, жабрланувчи ва наф олувчи иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш субъектларидир.



6-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш шартномаси

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси оммавий шартномадир.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчи суғурта ҳодисаси юз берганда иш берувчига ва (ёки) жабрланувчига ёхуд наф олувчига ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси иш берувчи билан суғурталовчи ўртасида тузилади. Мазкур шартномани тузиш учун иш берувчининг ёзма шаклдаги аризаси асос бўлади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари ва уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида кўрсатилиши лозим бўлган шартларнинг тўлиқ эмаслиги учун жавобгарлик суғурталовчи зиммасида бўлади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бир йил муддатга тузилади. Агар иш берувчининг фаолияти бир йилдан кам бўлган муддатга амалга ошириладиган бўлса, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси иш берувчи мазкур фаолиятни амалга оширадиган муддат учун тузилади.



7-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта

тарифларини тартибга солиш

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларининг энг юқори даражаларини, суғурта тарифларининг тузилишини ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти суммасини белгилашда мазкур тарифларнинг суғурталовчи томонидан қўлланилиши тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонунга мувофиқ белгиланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича белгиланган суғурта тарифларининг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлиши мумкин эмас. Суғурта тарифлари даражаларининг ўзгариши иш берувчи томонидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти тўланиши санасида амалда бўлган суғурта тарифлари бўйича тўланган суғурта мукофоти миқдори шартноманинг амал қилиш муддати ичида ўзгаришига олиб келмайди.



8-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларининг

базавий ставкаси ва коэффициентлари

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифлари базавий ставка ва коэффициентлардан иборатдир.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифининг базавий ставкаси барча иш берувчилар ва суғурталовчилар учун ягонадир.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларининг коэффициентлари иш берувчи томонидан амалга ошириладиган фаолият турларининг хавфлилик даражасига боғлиқ ҳолда белгиланади.

Суғурталовчи ушбу Қонунга мувофиқ белгиланганидан фарқ қиладиган базавий ставкани ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта тарифларининг коэффициентларини қўллашга ҳақли эмас.



9-модда. Иш берувчи фаолияти турларининг

хавфлилик даражасини белгилаш

Иш берувчи фаолияти турларининг хавфлилик даражаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хавфлилик даражалари таснифига ва фаолият турларини муайян хавфлилик даражасига киритиш тартибига мувофиқ белгиланади.


10-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш шартномаси

бўйича суғурта пули

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта пули қуйидагича белгиланади:

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилган санадаги ҳолатга кўра фаолиятини бир йилдан ортиқ амалга ошириб келаётган иш берувчи учун - мазкур шартнома тузилган ойдан олдинги ўн икки ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи миқдорида;

ўз фаолиятини янгитдан амалга ошираётган иш берувчи учун - иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси тузилган ойдан кейин келадиган ўн икки ой учун иш берувчи барча ходимларининг бир йиллик иш ҳақи миқдорида. Бунда йиллик иш ҳақи биринчи ойдаги иш ҳақи миқдорини ўн иккига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқарилади;

фаолиятини бир йилдан кам бўлган муддатга амалга оширувчи иш берувчи учун - иш берувчи барча ходимларининг иш берувчининг мазкур фаолияти амалга ошириладиган муддатдаги иш ҳақи миқдорида.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш муддати давомида йиллик иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда, бу шартноманинг суғурта пули ва суғурта мукофоти қисмига ушбу шартномага ёзма равишда қўшимча келишув тузиш орқали ўзгартишлар киритилади. Бунда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофотини қайта ҳисоб-китоб қилиш мазкур шартнома тузилган санада амалда бўлган суғурта тарифи бўйича, қолган суғурта даври ва суғурта пулига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Агар суғурталовчи иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг амал қилиш даврида суғурта товонини тўлаган бўлса, суғурта пули тўланган суғурта товони суммаси миқдорида камайтирилади. Бунда иш берувчи тўланган суғурта товони суммасига ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг қолган амал қилиш муддатига мутаносиб равишда суғурта мукофотини етти иш куни ичида қўшимча тўлаши шарт.



11-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича

суғурта мукофоти

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти суғурта пулини суғурта тарифига кўпайтириш орқали ҳисоблаб чиқарилади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта мукофоти бир йўла тўланади.



3-БОБ. ИШ БЕРУВЧИНИНГ ФУҚАРОЛИК

ЖАВОБГАРЛИГИНИ МАЖБУРИЙ СУҒУРТА

ҚИЛИШ БЎЙИЧА СУҒУРТА ҲОДИСАСИ ЮЗ

БЕРГАНДА СУҒУРТА ТОВОНИНИ ТЎЛАШ

12-модда. Зарарнинг миқдорини аниқлаш тартиби

Ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта товони етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта пули миқдоридан кўп бўлмаган миқдорда тўланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта товони:

жабрланувчи меҳнатда майиб бўлгунига қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида, унинг касбга оид меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасига мувофиқ белгиланадиган ҳар ойлик тўлов ёки касб касаллиги аниқлангунга қадар олган ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан фоиз ҳисобида белгиланадиган ҳар ойлик тўлов;

марҳумнинг ўртача ойлик иш ҳақи миқдоридаги, унинг ўзига ва қарамоғида бўлган, лекин етказилган зарарнинг ўрни қопланишига ҳақли бўлмаган, меҳнатга қобилиятли шахсларга тўғри келадиган улуш чегириб ташланган ҳолдаги ҳар ойлик тўлов;

қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жабрланувчига ёки наф олувчига бир йўла бериладиган нафақа тўлови;

ходим вафот этган тақдирда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасида белгиланган миқдорда дафн этиш харажатлари;

иш берувчининг қўшимча харажатларини қонун ҳужжатларига мувофиқ компенсация қилиш тарзида амалга оширилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оширилган тақдирда, ходимнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги муносабати билан зарарнинг ўрнини қоплашнинг белгиланган суммаси меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг оширилишига мутаносиб равишда кўпайтирилади. Бунда зарар ўрнини қоплашнинг кўпайтирилган суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча тарзда тўланади.

Жабрланувчига ёки наф олувчига суғурта ҳодисаси юз берганлиги муносабати билан етказилган маънавий зарарни компенсация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


13-модда. Суғурта товонини олиш учун

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси юз берганда, иш берувчи суғурта товонини тўлаш талаби кўрсатилган ёзма шаклдаги ариза билан қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда суғурталовчига мурожаат этади;

иш берувчининг етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги буйруғининг кўчирма нусхаси;

ходимнинг ёки наф олувчининг етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги талаби кўрсатилган, иш берувчининг номига ёзилган аризасининг кўчирма нусхаси;

суғурта ҳодисаси юз бергунига қадар ходим олган ўртача ойлик ёки йиллик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

меҳнат шартномасининг (контрактнинг) кўчирма нусхаси;

касб касаллигида - ходимнинг касб касаллиги тўғрисидаги тиббий хулоса;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса содир бўлганлигини ва ходим учун унинг оқибатини тасдиқловчи ҳужжатлар (ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани махсус текшириш далолатномаси, тиббий-меҳнат экспертиза комиссиясининг хулосаси, низолар юзага келган ҳолларда эса - суднинг қарори).

Ходим вафот этган тақдирда ходимнинг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тартибда тасдиқланган нусхаси ва наф олувчининг зарарнинг ўрни қопланишига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам илова қилинади.

Ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилиш тақиқланади.


14-модда. Суғурта товонини тўлаш тартиби

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товони, агар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бир йилгача муддат учун тўловни назарда тутса, суғурталовчи томонидан жабрланувчига ёки наф олувчига тўланади.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг иш берувчининг ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг соғлиғи ёмонлашганлиги ёхуд вафот этганлиги туфайли келиб чиққан ва ҳар ойлик тусга эга бўлмаган қўшимча харажатларининг компенсация қилинишига доир қисми бўйича суғурта товони суғурталовчи томонидан иш берувчига тўланади. Бунда суғурта товони иш берувчи тақдим этган, у шундай харажатларни амалга оширганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида тўланади.

Агар етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бир йилдан ортиқ муддат учун тўловни назарда тутса, иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта товони суғурталовчи томонидан иш берувчига тўланади. Бунда иш берувчи аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи билан аннуитетлар шартномасини тузиши ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича олинган суғурта товонидан фақат аннуитетлар шартномаси бўйича суғурта мукофотини тўлаш учун фойдаланиши шарт. Агар иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича иш берувчи олган суғурта товони суммаси аннуитетлар шартномаси бўйича тўланиши лозим бўлган суғурта мукофоти миқдоридан кам бўлса, фарқ иш берувчи ҳисобидан қўшимча тўланиши керак.


15-модда. Аннуитетлар шартномаси

Аннуитетлар шартномаси оммавий шартномадир.

Аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи аннуитетлар шартномасида шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига, суғурта пули доирасида тегишинча:

жабрланувчига у ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан унинг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарар учун;

ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда вафот этган тақдирда, суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўлган наф олувчига жорий тўловлар тарзида бир йилдан ортиқ муддат учун суғурта товони тўлаш мажбуриятини олади.

Аннуитетлар шартномаси иш берувчи билан аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи ўртасида тузилади. Аннуитетлар шартномасини тузиш учун иш берувчининг ёзма шаклдаги аризаси асос бўлади.

Аннуитетлар шартномаси шартлари ва уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Аннуитетлар шартномасида кўрсатилиши лозим бўлган шартларнинг тўлиқ эмаслиги учун жавобгарлик аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи зиммасида бўлади.

Аннуитетлар шартномаси қонун ҳужжатларига мувофиқ жабрланувчига меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси белгиланган муддатга ёки наф олувчи суғурта товонини олиш ҳуқуқига эга бўладиган муддатга тузилади.



16-модда. Аннуитетлар шартномаси бўйича

суғурта пули ва суғурта мукофоти

Аннуитетлар шартномаси бўйича суғурта пули жабрланувчига ёки наф олувчига қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрни қопланиши лозим бўлган етказилган зарар миқдорида белгиланади.

Етказилган зарар миқдорини аниқлашда жабрланувчига унинг ўз меҳнат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши муносабати билан тайинланган ногиронлик пенсияси, худди шунингдек бошқа турдаги пенсиялар, нафақалар ва соғлиғи шикастлангунига қадар ҳам, ундан кейин ҳам бўлган бошқа шунга ўхшаш тўловлар ҳисобга олинмайди ва етказилган зарарнинг ўрни қопланиши лозим бўлган миқдори камайтирилишига олиб келмайди (етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига киритилмайди). Жабрланувчи соғлиғи шикастланганидан кейин оладиган иш ҳақи (даромад) ҳам етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига киритилмайди.

Аннуитетлар шартномаси бўйича суғурта мукофоти иш берувчи томонидан аннуитетлар шартномаси бўйича суғуртанинг бутун даври учун бир йўла тўланади.


4-БОБ. ИШ БЕРУВЧИНИНГ ФУҚАРОЛИК

ЖАВОБГАРЛИГИНИ МАЖБУРИЙ СУҒУРТА

ҚИЛИШ СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ

17-модда. Иш берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Иш берувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Қонунга мувофиқ иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузиш учун суғурталовчини ва аннуитетлар шартномасини тузиш учун аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчини танлаш;

суғурталовчидан ва (ёки) аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг ва (ёки) аннуитетлар шартномасининг шартларини тушунтириб беришни талаб қилиш;

суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

йиллик иш ҳақи миқдори камайганда, суғурта мукофотининг йиллик иш ҳақи миқдорининг камайишига ва иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг тугалланмаган даврига мутаносиб қисмини олиш.

Иш берувчи:

ўзи давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан ёки иш берувчилар - жисмоний шахслар учун меҳнат шартномаси (контракт) тузилган санадан эътиборан ўн беш иш кунидан кечиктирмай ўзининг фуқаролик жавобгарлигини ушбу Қонунга мувофиқ суғурталаши;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича ва айрим ҳолларда аннуитетлар шартномаси бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурта мукофотини тўлаши;

йиллик иш ҳақи миқдори ўзгарган пайтдан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда хабар қилиши;

иш берувчи томонидан амалга оширилаётган фаолият турларининг хавфлилик даражаси ўзгарган пайтдан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда билдириши ва зарур бўлган ҳолларда, қўшимча ҳисоблаб чиқарилган суғурта мукофотини тўлаши;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса юз берганлиги ўзига аён бўлган пайтдан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда суғурталовчига ёзма шаклда билдириши;

ходимларни иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан таништириши, шу жумладан, мазкур шартнома бўйича тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни жабрланувчи ёки наф олувчи ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат қилган санадан эътиборан икки иш куни ичида тақдим этиши;

агар суғурта товони жабрланувчи ёки наф олувчи томонидан қилинган суиистеъмолликлар оқибатида асоссиз равишда тўланган бўлса, ортиқча тўланган суғурта товони ҳақида суғурталовчига хабар қилиши ва ортиқча тўланган маблағларни суғурталовчига қайтариш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўриши шарт.

Иш берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


18-модда. Суғурталовчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Суғурталовчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текширишда иштирок этиш ва зарур бўлган ҳолларда тегишли экспертларни жалб этиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисага доир ахборотни текшириш;

суғурта мукофотини аниқлаш учун суғурта хавфини баҳолаш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар бериш.

Суғурталовчи:

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси шартлари билан иш берувчини таништириши, шу жумладан, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

ўз фаолиятини амалга ошириш натижасида олинган, иш берувчи ва (ёки) жабрланувчи ёхуд наф олувчи тўғрисидаги маълумотларнинг маҳфийлигини таъминлаши;

суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, иш берувчи суғурта товонини тўлаш учун мурожаат этганидан кейин ўн беш иш кунидан кечиктирмай бу ҳақда иш берувчига рад этиш сабабларини далиллар билан асослантирган ҳолда ёзма шаклда хабар қилиши;

ушбу Қонуннинг 13-моддасида назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган санадан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай қарор қабул қилиши ва суғурта товонини тўлаши;

ўзи алмаштирилган тақдирда бу ҳақда иш берувчига дарҳол ёзма шаклда хабар бериши шарт.

Суғурталовчи қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


19-модда. Жабрланувчининг ҳуқуқлари

Жабрланувчи қуйидаги ҳукуқларга эга:

иш берувчига ёки суғурталовчига ёхуд аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчига суғурта товонини тўлаш ҳақида ёзма шаклдаги ариза билан мурожаат этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурта товони олиш;

иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг ёки аннуитетлар шартномасининг шартлари тўғрисида иш берувчидан ёки суғурталовчидан ёхуд аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчидан бепул ахборот олиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани текширишда зарурият бўлганда, касаба уюшмаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакилларини ёхуд ўзининг ишончли шахсини жалб этган ҳолда белгиланган тартибда иштирок этиш;

иш берувчидан суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни олиш.


20-модда. Наф олувчининг ҳуқуқлари

Наф олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурта товонини олиш ҳақидаги талаб билан иш берувчига ёки суғурталовчига мурожаат этиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган шартлар асосида ва тартибда суғурталовчи ва (ёки) аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчидан суғурта товонини олиш;

иш берувчидан, суғурталовчидан иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасининг шартлари тўғрисида ҳамда аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчидан аннуитетлар шартномаси шартлари ҳақида бепул ахборот олиш;

ходим ўз меҳнат вазифаларини бажараётганда вафот этганлиги ҳақида иш берувчига хабар қилиш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисани текширишда белгиланган тартибда иштирок этиш, зарур бўлган ҳолларда касаба уюшмаси вакилларини ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи вакилларини ёхуд ўзининг ишончли шахсини жалб этган ҳолда иштирок этиш;

иш берувчидан суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи ҳақидаги барча зарур маълумотларни олиш.


5-БОБ. СУҒУРТАЛОВЧИ ВА АННУИТЕТЛАР

ШАРТНОМАСИ БЎЙИЧА СУҒУРТАЛОВЧИ

ФАОЛИЯТИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

21-модда. Суғурталовчига ва аннуитетлар шартномаси

бўйича суғурталовчига қўйиладиган талаблар

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга ошириш учун суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи белгиланган тартибда фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияга эга бўлиши керак.

Суғурталовчи ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг алоҳида бўлинмаларига эга бўлиши керак, улар иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси ёки аннуитетлар шартномасини тузиш, иш берувчиларнинг ва (ёки) жабрланувчиларнинг ёхуд наф олувчиларнинг суғурта товони тўғрисидаги талабларини кўриб чиқиш ҳамда белгиланган тартибда суғурта товонини тўлаш ваколатига эга бўлиши лозим.

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишда рақобатни чеклаш ёки бартараф этиш, айрим суғурталовчиларга ва аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчиларга бошқаларига нисбатан асоссиз имтиёзлар бериш ёки олиш, иш берувчилар, жабрланувчилар ва наф олувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига қаратилган фаолиятни амалга оширишга йўл қўйилмайди.



22-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта захирасини

шакллантириш

Агар иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишни амалга оширишда мазкур суғурта тури бўйича суғурталовчининг даромадлари ва харажатлари орасидаги фарқ бир йилда ушбу даромадларнинг беш фоизидан ортиқ бўлса, ортиқча сумма кейинги йилларда суғурта товонини тўлаш харажатларини компенсация қилиш учун суғурталовчи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурта захирасини шакллантиришга йўналтирилади.


23-модда. Суғурталовчини ва аннуитетлар шартномаси

бўйича суғурталовчини алмаштириш

Суғурталовчини ва (ёки) аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчини алмаштиришга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

суғурталовчи ёки аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчи қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда;

суғурталовчига ёки аннуитетлар шартномаси бўйича суғурталовчига нисбатан банкротлик таомили қўлланилганда;

суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиянинг амал қилиши белгиланган тартибда тугатилганда ёки у бекор қилинганда.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24-модда. Низоларни ҳал этиш

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



25-модда. Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини

мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


26-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу

Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



27-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши тартиби

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, 17-модданинг иккинчи қисми бундан мустасно.

Ушбу Қонун 17-моддасининг иккинчи қисми қоидалари мазкур Қонун кучга кирганидан кейин олти ой ўтгач амалга киритилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



"Халқ сўзи" 2009 йил 17 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 16-сон, 197-модда.