язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Якка тартибдаги тадбиркорлар/ Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (ЎзР ВМ 29.07.2009 й. 216-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 29 июлдаги

216-сон қарорига

ИЛОВА


Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий

тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомнинг мақсади учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


оилавий тадбиркорлик - эр-хотин томонидан уларга биргаликдаги умумий мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган уларнинг умумий мулки негизида амалга ошириладиган ҳамда эр-хотиннинг ва уларга ёрдам берувчи оила аъзоларининг шахсий меҳнатига асосланган, юридик шахс бўлмаган жисмоний шахсларнинг биргаликдаги тадбиркорлик фаолияти;


оила аъзолари - эр-хотин, ота-оналар ёки фарзандликка олувчилар ҳамда 15 ёшдан ошган, шу жумладан, фарзандликка олинган болалар;


ҳунармандчилик фаолияти (ҳунармандчилик) - юридик шахс бўлмаган жисмоний шахсларнинг ҳунармандчилик буюмлари ёки товарлари (ишлари, хизматлари)ни ишлаб чиқариш бўйича фаолияти;


ҳунарманд (усто-ҳунарманд, усто) - мустақил равишда ёки шогирдлари ёрдамида махсус кўникмалар, асбоблар ва кичик механизация воситаларидан фойдаланишга асосланган анъанавий технологиялар асосида буюмларнинг функционал хусусиятларининг тарихан қарор топган талабларига ҳамда миллий эстетик нормаларга жавоб берадиган ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни тайёрловчи жисмоний шахс;


ҳунарманднинг шогирди - 15 ёшдан ошган, ҳунарманддан ҳунармандчилик фаолияти буюмлари ёки товарлари (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш бўйича фаолиятни ўрганаётган жисмоний шахс.



II. ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ҲАМДА

ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИ СУБЪЕКТЛАРИНИ

ДАВЛАТ РЎЙХАТИДАН ЎТКАЗИШ, ҲИСОБГА ҚЎЙИШ ВА

РУХСАТ БЕРУВЧИ ҲУЖЖАТЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


3. Оилавий тадбиркорлик ҳамда ҳунармандчилик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига мувофиқ амалга оширилади.


4. Оилавий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда якка тартибдаги фаолиятнинг оилавий тадбиркорлик шаклида амалга оширилиши, шунингдек биргаликдаги тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи оила аъзолари кўрсатилади.


5. Оилавий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштиришда оилавий тадбиркорлик субъекти номидан эр-хотиндан бири улардан биттасининг нотариал тасдиқланган розилигига кўра иш кўради.


6. Ҳунармандчилик фаолияти субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишда якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 17 ноябрдаги ПФ-5242-сон Фармонига 1-иловага мувофиқ ҳунармандчилик фаолияти йўналишлари кўрсатилади.


III. ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ ҲАМДА

ҲУНАРМАНДЧИЛИК  ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


7. Оилавий тадбиркорликни амалга ошириш жараёнида оила аъзолари ўртасидаги ўзаро меҳнат муносабатлари, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва даромадни тақсимлаш масалалари улар томонидан мустақил равишда тартибга солиб борилади.


8. Оилавий тадбиркорлик субъектлари томонидан доимий ходимлар ёллашга йўл қўйилмайди. Истисно ҳолларда оилавий тадбиркорликни амалга оширишда вақтинча бир марталик ишларни амалга ошириш учун оила аъзолари ҳисобланмайдиган фуқароларнинг жалб этилишига йўл қўйилади. Бу ҳолда улар билан ишларни бажариш вақти учун фуқаро-ҳуқуқий шартнома тузилади.


8-1. Оилавий тадбиркорлик субъекти якка тартибдаги тадбиркорлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган рўйхат бўйича фаолият турларини амалга ошириши мумкин.

Оилавий тадбиркорлик субъекти томонидан бир нечта алоҳида объектларда тадбиркорлик фаолияти амалга оширилганда қатъий белгиланган солиқ ҳар бир алоҳида объект учун тўланади.

9. Ҳунармандчилик фаолияти ҳунарманд томонидан давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада кўрсатилган йўналишлар бўйича амалга оширилади. Ҳунарманд ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширишда буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун кўпи билан 5 нафар шогирдни жалб этишга ҳақлидир. Шогирд ушбу Низомнинг 14-банди талабларига риоя этган тақдирда бир неча ҳунармандларда буюмлар ёки товарларни тайёрлаш (ишлар, хизматларни бажариш) бўйича фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.

Бунда, "Уста-шогирд" мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.


IV. 18 ЁШГАЧА БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ ОИЛАВИЙ

ТАДБИРКОРЛИКДА ҲАМДА ҲУНАРМАНДЧИЛИК

ФАОЛИЯТИДА ҚАТНАШИШИ ХУСУСИЯТЛАРИ


10. Оила аъзоси 15 ёшга тўлган тақдирда оилавий тадбиркорликда қатнашиши мумкин.


11. Шахс 16 ёшга тўлганда буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни тайёрлаш учун ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин. 15 ёшга тўлган шахс ота-онасидан биттасининг ёки унинг ўрнини босадиган шахснинг ёзма розилиги билан ҳунарманднинг шогирди сифатида жалб этилиши мумкин.


12. 18 ёшгача бўлган шахс оилавий тадбиркорликда, шунингдек ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашга у умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда албатта ўқиши шарти билан қўйилади.


13. 18 ёшдан кичик шахсларнинг меҳнатидан оилавий тадбиркорликда ёки ҳунармандчилик фаолиятида уларнинг саломатлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда фойдаланиш тақиқланади. Кўрсатиб ўтилган ишларда 18 ёшдан кичик шахсларнинг белгиланган нормалардан ортиқча оғирликдаги юкларни кўтаришига ва ташишига йўл қўйилмайди.


14. Оилавий тадбиркорликда ёки ҳунармандчилик фаолиятида қатнашаётган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар учун бир ҳафтада 36 соатлик, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса - бир ҳафтада 24 соатлик иш вақтидан ошмаслиги лозим.


V. ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ ҲАМДА

ҲУНАРМАНДЧИЛИК ФАОЛИЯТИНИ

ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


15. Оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва қўллаб-қувватлаш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Савдо-саноат палатаси ҳамда тижорат банклари билан биргаликда қуйидаги йўналишларда тизимли чора-тадбирларни бажариш йўли билан амалга оширилади:

устахоналар учун хоналарни ижарага бериш, махсус жойларни ажратиш ва обод қилиш, ҳунармандлар ишлаб чиқарган буюмлар ва товарларни сотиш учун ихтисослаштирилган дўконлар ва шохобчаларни ташкил этиш;

ҳунармандчилик субъектларини маҳаллий хом ашё, материаллар, асбоблар ва кичик механизация воситалари билан таъминлашда, ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаларини ўтказишда, ёшларни ҳунармандчилик кўникмаларига ўқитиш учун зарур шарт-шароитлар яратишда амалий ёрдам кўрсатиш;

устачиликни ўрганаётган шогирдларга Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан қонун ҳужжатларида белгиланган шакл ва тартиб бўйича "Усто-шогирд" стипендияси тўлаш;

оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик субъектларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзли микрокредитлар ажратиш.



VI. ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК ҲАМДА

ҲУНАРМАНДЧИЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


16. Оилавий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек ҳунармандлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ижтимоий суғурта қилиниш ва иш даврларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнат стажига ҳисоблаш;

амалга оширилаётган фаолият турига мувофиқ бўлган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш, шунингдек уларни мустақил равишда ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бошқача тарзда сотиш;

амалга оширилаётган фаолиятдан олинган даромадни барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасарруф этиш;

ишлаб чиқарилаётган буюмлар ёки товарлар (хизматлар, ишлар)га мустақил равишда нарх белгилаш;

ишлаб чиқарилган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда идентификациялаш;

қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.

Ҳунармандчилик субъектлари - "Ҳунарманд" уюшмасининг аъзолари:

ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилади;

ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади;

қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди.

17. Оилавий тадбиркорлик субъектлари, шунингдек ҳунармандлар қуйидагиларга мажбур:

ишлаб чиқарилаётган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)нинг лозим даражада сифатли бўлишини таъминлаш;

буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқаришда бевосита қатнашиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган хавфсизлик техникасини ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларини, шунингдек 18 ёшгача бўлган шахслар ишини тартибга солувчи меҳнат қонунчилиги нормаларини таъминлаш;

ўқувчиларга тегишли мукофотлар тўлаш;

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси деб аталади) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни, шу жумладан, суғурта бадалларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлаш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариш.


18. Шогирд қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўқитиш "Усто-шогирд" усули бўйича амалга оширилган тақдирда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан стипендия олиш;

Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган тақдирда пенсия билан таъминланиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлардан фойдаланиш.


19. Шогирд қуйидагиларга мажбур:

агар у қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат таълимининг тўлиқ курсини тугалламаган бўлса, умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда ўқиш;

амалга оширилаётган ҳунармандчилик фаолиятига ўқиш доирасида ҳунарманднинг кўрсатмаларини бажариш;

хавфсизлик техникаси ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва нормаларига риоя этиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни бажариш.



VII. ОИЛАВИЙ ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИ

ВА ЁРДАМ БЕРУВЧИ ОИЛА АЪЗОЛАРИ

ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР


20. Оилавий тадбиркорлик субъектлари ва ёрдам берувчи оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар оилавий муносабатларда фуқароларнинг тенг ҳуқуқлик принциплари, ўзаро ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам ва оила олдида унинг барча аъзоларининг масъулият ҳисси, боланинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бола меҳнатининг энг ёмон ва мажбурий шаклларига йўл қўймаслик, оила аъзолари томонидан ўз ҳуқуқларининг тўсқинликсиз амалга оширилишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоясини таъминлаш асосида қурилади.



VIII. ҲУНАРМАНД ВА ШОГИРДЛАР

ЎРТАСИДАГИ МУНОСАБАТЛАР


21. Ҳунарманд ва шогирдлар ўртасидаги муносабатлар ўзаро аҳдлашув, ихтиёрийлик, меҳнатга мажбур қилишга йўл қўймаслик ва ижтимоий адолат, иш муомаласи одатларига, шунингдек маҳаллий одатларга ва анъаналарга риоя қилиш асосида қурилади.


22. Ҳунарманднинг шогирдларига иш ҳақи тўлаш миқдори ҳунарманд томонидан ўзаро келишув бўйича, уларнинг буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқаришдаги меҳнат улушидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


23. Ҳунарманднинг шогирди томонидан ишлаб чиқарилган буюмлар ёки товарлар (ишлар, хизматлар) сифатини назорат қилиш ҳунарманд томонидан амалга оширилади.


24. Ҳунарманд ўз мажбуриятлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкий жавобгар бўлади.



IX. ЯКУНИЙ ҚОИДА


25. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 30-31-сон, 347-модда.