язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат/ Умумий қоидалар/ Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш бўйича чақирув комиссиялари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.10.2009 й. 265-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 1 октябрдаги

265-сон қарорига

ИЛОВА



Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил

хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви

резервидаги хизматга қабул қилиш бўйича

чақирув комиссиялари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш бўйича чақирув комиссиялари (кейинги ўринларда чақирув комиссиялари деб юритилади) таркибини, фаолият тартибини, вазифаларини ҳамда унинг раиси ва аъзоларининг мажбуриятларини белгилайди.


2. Фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туманларда чақирув комиссиялари тузилади.


3. Чақирув комиссиялари фаолиятининг бошланиши ва тугатилиши "Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги чақирувни ўтказиш ва муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисидаги қарори билан белгиланади.


4. Чақирув комиссиялари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.



II. ЧАҚИРУВ КОМИССИЯЛАРИ ТАРКИБИ


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари тегишли равишда ҳудудий чақирув комиссияларининг раислари этиб тайинланадилар.


6. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссиялари раисларининг ўринбосарлари этиб мудофаа ишлари бошқармаси (бўлими) бошлиқлари тайинланадилар.

Чақирув комиссиялари таркибига қуйидаги мансабдор шахслар ва ташкилотлар вакиллари киритилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари ва туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари;

Республика "Маҳалла" ҳайрия жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлимлари (бўлинмалари) вакиллари;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлимлари (бўлинмалари) вакиллари;

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) хотин-қизлар қўмиталари вакиллари;

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туман бўлими вакиллари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича вакили (Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори буйруғи билан масъул ходим белгиланади);

чақирув комиссияси катта шифокори.


7. Чақирув комиссияларининг шахсий таркиби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.



III. ЧАҚИРУВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


8. Қуйидагилар туман (шаҳар) чақирув комиссияларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни йиғиш тадбирларини уюштириб, ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг яшаш жойларида тантанали равишда кутиб олинишини таъминлаш борасида тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

чақирув комиссияларининг чақирув пунктларида ишлаши учун зарур шарт-шароитлар, жумладан алоқа воситалари, дори-дармонлар, тиббиёт ва хўжалик мол-мулки, автомобиль транспорти билан таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини ташкил этиш;

оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш тадбирларининг кенг тарғиб қилинишини таъминлаш;

чақирувнинг ошкоралигини таъминлаш, чақирув комиссиялари фаолияти юзасидан самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

фуқароларнинг чақирув масалаларига оид мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш.


9. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссиялари зиммасига қуйидаги вазифалар юкланади:

чақирилиш муддатини кечиктириш ёки чақирилишдан озод қилишнинг тўғрилигини текшириш;

чақирилувчиларни ҳарбий касбларга тайинлашда уларнинг жисмоний ва умумий тайёргарлиги, тажрибаси, қобилияти, қизиқиши ва бошқа фазилатларини ҳисобга олишнинг асосланганлигини назорат қилиш;

шаҳар ва туман чақирув комиссиялари аъзоларининг услубий тайёргарлигини ташкил этиш;

чақирув комиссияларининг йиғин пунктларида ишлаши учун зарур шарт-шароитлар, жумладан алоқа воситалари, дори-дармонлар, тиббиёт ва хўжалик мол-мулки, автомобиль транспорти билан таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини амалга ошириш;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни йиғиш тадбирларини уюштириб, ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг яшаш жойларида тантанали вазиятда кутиб олинишини таъминлаш борасида тегишли вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш;

фуқароларнинг туман (шаҳар) чақирув комиссиялари қарорлари юзасидан берган шикоятларини кўриб чиқиш.



IV. ЧАҚИРУВ КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


10. Чақирув комиссиясининг йиғилишлари комиссия раиси томонидан тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.


11. Чақирув комиссияси ўз ишини даставвал чақирилувчиларнинг шахсий йиғмажилдларини ўрганишдан бошлайди.


12. Чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказиш, унинг маънавий ва касбий фазилатларини, шунингдек оила аъзоларининг моддий ва ижтимоий аҳволини ўрганиш натижаларига мувофиқ туман (шаҳар) чақирув комиссияси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва қўшин турини белгилаган ҳолда ҳарбий хизматга чақириш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга тайинлаш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқлилиги ва муқобил хизматга чақириш тўғрисида;

саломатлигига кўра ҳарбий хизматга вақтинча яроқсизлиги тўғрисида;

ҳарбий хизматга чақирилиш муддатини белгиланган тартибда кечиктириш ёки чақирилишдан озод қилиш тўғрисида;

саломатлигига кўра тинчлик давридаги ҳарбий хизматга яроқсизлиги, уруш даврида ҳарбий хизматга чекланган равишда яроқлилиги ва захирага ўтказиш тўғрисида;

ҳарбий хизматга яроқсиз деб топиб, ҳарбий ҳисобдан чиқариш тўғрисида.

Чақирув комиссияси ўз қapopларини баённомалар китобида расмийлаштириб боради.

Баённомалар ҳамда чақирилувчиларнинг йиғмажилдларидаги ҳисобга олиш картаси чақирув комиссияси раиси ва аъзолари томонидан имзоланади.


13. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссияси чақирув тадбирлари тугагандан сўнг 5 кун муддатда фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш, муқобил хизматга чақириш, чақирув муддатини кечиктириш, чақирувдан озод этиш, муддатли ҳарбий хизматга янги чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни тантанали вазиятда кутиб олиш бўйича амалга оширилган ишлар якунлари тўғрисида ахборот тайёрлаб, тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, улар эса ўз навбатида ушбу ахборотни 10 кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этадилар.



V. ЧАҚИРУВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ РАИСЛАРИ ВА

КОМИССИЯ АЪЗОЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


14. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссиялари раисларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг навбатдаги чақирувни ўтказиш ва муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатиш тўғрисидаги қарори эълон қилингандан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) ҳокимликларининг тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳамда тасдиқлашга киритиш;

тегишли равишда йиғин ва чақирув пунктларини чақирув тадбирларини ўтказишга тайёрлаш;

чақирув комиссиялари аъзоларининг услубий тайёргарлигини ташкил этиш, улар ўртасида вазифаларни тақсимлаш ва тасдиқлаш;

чақирув комиссияси фаолиятини бошқариш ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этиш;

чақирув комиссиясининг муддатли ҳарбий хизматга чақирилган фуқароларни ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш ва Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни яшаш жойларида тантанали вазиятда кутиб олиш бўйича фаолиятини ташкил этиш;

фуқароларнинг мурожаатлари, ариза ва шикоятларини ўз вақтида кўриб чиқиш.


15. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссияси раислари туман (шаҳар) чақирув комиссиялари раисларининг фаолиятини мувофиқлаштирадилар.


16. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссиялари раисларининг ўринбосарлари - мудофаа ишлари бошқармаси (бўлими) бошлиқларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўйича вакиллари билан ҳамкорликда мудофаа ишлари бошқармасида чақирилувчилар танловини ташкил этиш;

чақирув комиссияси ишида ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этиш;

тегишли равишда йиғин ва чақирув пунктлари ишини ташкил этиш, чақирув комиссияси аъзоларига амалий ёрдам кўрсатиш;

муддатли ҳарбий хизматга янги чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни жойларда кутиб олиш тадбирлари ижросини назорат қилиш;

чақирилувчиларнинг йиғин ва чақирув пунктларига ўз вақтида етиб келишларини назорат қилиш, шунингдек ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳарбий хизматдан бўйин товлаётган шахсларни қидириб топиш, ушлаш ва мудофаа ишлари органларига олиб бориш чора-тадбирларини кўриш;

ҳарбий хизматчиларнинг саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан қайтарилган ҳар бир ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказиш;

муддатли ҳарбий хизматга чақирилган, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилинган, муддатли ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчилар ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ҳақида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

чақирув ёшига етган ҳар бир шахснинг, у ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини, оиласидаги моддий аҳволини, саломатлигини, судланган-судланмаганлигини, шу жумладан, ички ишлар органлари томонидан юритиладиган профилактик ҳисобга киритилган-киритилмаганлигини аниқлаш ишларини ташкил этиш;

амалга оширилган ишлар тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) ҳокимликлари раҳбариятига белгиланган тартибда ахборот бериб бориш;

муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни жойларда тантанали вазиятда кутиб олиш, уларни ишга жойлаштириш бўйича олиб борилган ишлар тўғрисида маълумотнома тайёрлаш.


17. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссиялари раисларининг ўринбосарлари туман (шаҳар) чақирув комиссиялари раислари ўринбосарларининг иш фаолиятини мувофиқлаштирадилар.


18. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари ва туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ўринбосарлари - чақирув комиссияси аъзоларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ҳар бир чақирилувчи ва чақирув ёшига етган ҳар бир шахсни, у ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси эканлигини, судланган-судланмаганлигини, ички ишлар органлари томонидан юритиладиган профилактик ҳисобга киритилган-киритилмаганлигини аниқлаш;

муқаддам судланган, ички ишлар органлари томонидан юритиладиган профилактик ҳисобга киритилган, терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов олиб борилаётган ишга дахлдор чақирилувчилар рўйхатини мудофаа ишлари органларига тақдим этиш;

чақирув комиссияси ишида ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этиш;

умумий ҳарбий мажбуриятдан бўйин товлаётган чақирилувчиларни қидириб топиш, ушлаш ва мудофаа ишлари органларига олиб боришни таъминлаш;

тегишли равишда йиғин ва чақирув пунктларида, шу жумладан, муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жойларида (темирйўл станциялари, вокзаллар ва аэропортларда) жамоат тартиби сақланишини таъминлаш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга жўнатиш жойларига (темирйўл станциялари, вокзаллар ва аэропортларга) олиб борадиган йўналишларни олдиндан аниқлашни, ажратилган автотранспорт воситаларини ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишни, ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларига риоя этиш борасида йўл-йўриқ беришни, техник жиҳатдан носоз автотранспорт воситаларидан фойдаланилишига йўл қўймаслик чораларини кўришни ва чақирилувчилар ташилаётган автомобилларнинг патруль хизмати автомобиллари кузатувида ҳаракатланишини таъминлаш;

муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатишни, Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари резервига бўшатилган ҳарбий хизматчиларни жойларда тантанали вазиятда кутиб олишни ташкил этишга кўмаклашиш.


19. Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари ўринбосарлари туман (шаҳар) ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ўринбосарларининг иш фаолиятини мувофиқлаштирадилар.


20. Республика "Маҳалла" ҳайрия, Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, шаҳар ва туман бўлимлари (бўлинмалари), хотин-қизлар қўмиталари вакиллари - чақирув комиссияси аъзолари:

фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақиришдан озод этиш ишларининг ошкоралик ва холислик асосида ўтказилиши юзасидан самарали жамоат назоратини таъминлайдилар;

чақирув комиссияси ишида ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этадилар;

чақирилувчиларнинг чақирув комиссияларига ўз вақтида етиб келишларини таъминлаш ишларига кўмаклашадилар;

чақирилувчиларнинг уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувларини ташкил этадилар ва ўтказадилар;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилинаётган чақирилувчиларнинг оилавий ва моддий аҳволини ўрганиш, ушбу ишлар натижаларини мудофаа ишлари бўлимига тақдим этиш ва чақирилувчиларга маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан холисона тавсифнома бериш ишларини ташкил этадилар;

муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган ҳарбий хизматчиларни ҳарбий қисмларга тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган муддатли ҳарбий хизматчиларни жойларда тантанали вазиятда кутиб олиш тадбирларида иштирок этадилар.


21. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) бўлими вакиллари - чақирув комиссияси аъзолари:

фуқароларни муддатли ҳарбий ва муқобил хизматларга чақириш, сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга қабул қилиш, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақиришдан озод этиш ишларининг ошкоралик ва холислик асосида ўтказилиши юзасидан самарали жамоат назоратини таъминлайдилар;

чақирув комиссияси ишида ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этадилар;

муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаган ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан бериладиган тавсияномалар ва бошқа имтиёзлар тўғрисида чақирилувчилар ўртасида тушунтириш ишларини олиб борадилар;

мудофаа ишлари бўлими ҳамда чақирув пунктини чақирилувчиларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, фаол ҳаётий позицияни шакллантириш ҳамда ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъуллик ҳиссини оширишга йўналтирилган кўргазмали тарғибот воситалари билан таъминлашга ёрдам берадилар;

ҳарбий-спорт мусобақаларининг вилоят ва республика босқичларида ғолибликни қўлга киритган чақирилувчиларга ўзлари истаган қўшин турида хизматни ўташи учун (уларнинг ижтимоий-сиёсий ва жисмоний тайёргарликлари ушбу қўшин тури учун белгиланган талабларга жавоб бериши шарти билан) юборилишига тавсиянома берадилар;

муддатли ҳарбий хизматга янги чақирилган ҳарбий хизматчиларни тантанали вазиятда кузатиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилган муддатли ҳарбий хизматчиларни жойларда тантанали вазиятда кутиб олиш тадбирларида иштирок этадилар.


22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича вакиллари - чақирув комиссияси аъзоларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

чақирув комиссиясини чақирилувчиларнинг билим савиясини аниқлаш бўйича тест материаллари билан таъминлаш;

чақирилувчиларнинг билим савиясини аниқлаш бўйича тест синовларини белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий риоя этган ҳолда ўтказиш, натижаларини чақирув комиссияларига ўз вақтида етказиш;

чақирув комиссияси ишида ва комиссия томонидан тегишли қарорлар қабул қилинишида шахсан иштирок этиш.


23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туман (шаҳар) чақирув комиссияларининг катта шифокорлари - чақирув комиссияси аъзоларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

чақирув комиссияси фаолияти бошлангунга қадар шифокорлар хоналарини санитария-гигиена талабларига жавоб беришини, уларда зарур тиббий асбоб-ускуна, анжом ва дори-дармонлар мавжудлигини ва уларнинг яроқлилигини текшириш;

чақирув комиссиясига чақирилувчиларнинг тиббий ҳужжатларини, жумладан, руҳий-асаб, сил касалликлари, наркологик ва тери-таносил касалликлари диспансерлари, ОИТС марказлари, санитария-эпидемиология станциялари ва шу каби бошқа даволаш муассасалари ҳисобида турган чақирув ёшидаги шахсларнинг рўйхати, касаллик тарихидан кўчирмаларини ўз вақтида тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ-4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ чақирилувчиларни тиббий кўрикдан сифатли ўтказиш;

чақирилувчиларнинг ҳисоб карточкаларида шифокор-мутахассислар томонидан қайд этилган ёзув ва хулосаларнинг тўғрилигини текшириш, чақирилувчининг ҳарбий хизматга, хусусан, муайян қўшин туридаги ҳарбий хизматга яроқлилиги, даволаниш учун чақирув муддатини кечиктириш ёки қўшимча тиббий кўрикдан ўтказиш зарурлиги юзасидан қарор қабул қилиш;

чақирув комиссияси раисининг ўринбосари билан биргаликда чақирилувчиларни ўз вақтида қўшимча тиббий кўрик ва даволанишга жўнатиш, уларнинг қўшимча тиббий кўрик ва даволанишдан сўнг кечикмасдан қайтиб келишини назорат қилиш;

чақирув комиссияси раисига чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларида аниқланган барча камчиликлар ҳақида ахборот бериш, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриш;

тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишини таъминлаш мақсадида илгари ўтказилган чақирув тадбирлари жараёнида йўл қўйилган хато-камчиликлар таҳлили асосида тиббий комиссиянинг шифокор-мутахассислари билан ўқув-услубий машғулотлар ўтказиш;

ҳарбий хизматчиларнинг саломатлигига кўра ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафидан қайтарилган ҳар бир ҳолат юзасидан мудофаа ишлари бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда холисона хизмат текшируви ўтказиш;

чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш натижалари бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва чақирув комиссиясига тақдим этиш;

чақирув комиссияси фаолияти якуни бўйича ҳисоботларни тайёрлаш, тегишли равишда киритиш, умумлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Мудофаа вазирликларига тақдим этиш.


24. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссияларининг катта шифокорлари туман (шаҳар) чақирув комиссияларининг катта шифокорлари фаолиятини мувофиқлаштирадилар.


25. Чақирув комиссиялари котибларининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

тиббий текширув ва касалликлар ташҳиси ҳамда чақирилувчиларнинг соғлиғи бўйича шикоятлари асосида шифокор-мутахассисларнинг хулосаларини чақирув комиссиясининг баённомалари китобига киритиш;

чақирув комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларни чақирув комиссиясининг баённомалари китобида ўз вақтида, тўғри расмийлаштириб бориш;

касалликлар ташҳиси тасдиқланмаган, шунингдек бошқа сабабларга кўра Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятлар йиғин пунктидан туман мудофаа ишлари бўлимига қайтарилган чақирилувчиларнинг ҳисобини юритиш;

чақирув комиссиясининг баённомалари китобида комиссиянинг кундалик иш фаолиятига якун ясаб, олиб борилган ишлар юзасидан ҳисоботлар тайёрлаш.


26. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар чақирув комиссияларининг котиблари туман (шаҳар) чақирув комиссиялари котиблари фаолиятини мувофиқлаштирадилар.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


27. Чақирув тадбирларига жалб этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссиялари аъзоларининг доимий иш жойи лавозими ва ўртача иш ҳақи улар мазкур Низомда белгиланган вазифаларни бажараётган бутун давр мобайнида сақланиб қолади.


28. Мазкур Низом талабларини бузган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссиялари аъзолари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


29. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) чақирув комиссияларининг қарорлари юзасидан судга шикоят қилиниши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 40-сон, 435-модда.