Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида раҳбар ва ўқитувчиларнинг бўш лавозимларини эгаллаш учун уларни танлов асосида танлаб олиш тўғрисида Низом (АВ томонидан 04.01.2002 й. 1093-сон билан рўйхатга олинган қарорга илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2002 йил 4 январда 1093-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими Маркази,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Давлат тест маркази, Меҳнат ва аҳолини

ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг

2002 йил 3 январдаги 3-сон, 19-сон ва

19-сон қарори билан тасдиқланган

қарорга илова



Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида

раҳбар ва ўқитувчиларнинг бўш лавозимларини

эгаллаш учун уларни танлов асосида

танлаб олиш тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 4 октябрдаги 400-сон “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 1998 йил 13 майдаги 204-сон “Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари (таълим муассасалари)даги бўш (вакант) раҳбар, педагог ва муҳандис-педагог (раҳбар ва ўқитувчи) лавозимларига танлов ўтказиш тартибини белгилайди.

Танлов таълим муассасаларига замонавий талабларга жавоб берувчи юқори малакали, чуқур касбий билимга, ижодий ва илмий потенциалга, юксак аҳлоқий ва маънавий сифатларга эга бўлган кадрларни саралаб олиш мақсадида ўтказилади.



§ 1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчи лавозимларига номзодлар танлов асосида қабул қилинадилар. Танлов бўш (вакант) лавозимларга эълон қилинади.

2. Танлов мазкур Низом асосида тузиладиган таълим муассасалари раҳбар ва ўқитувчи лавозимларига танлов ўтказиш комиссияси (Танлов комиссияси) томонидан ўтказилади.

3. Таълим муассасаларига соатбай ҳақ тўлаш асосида ишга қабул қилинаётган шахслар директор буйруғи билан танловсиз расмийлаштирилади.

4. Академик лицейларнинг:

директори ва директор ўринбосарлари лавозимларига ўтказилаётган танловда (асосан умумтаълим фанлари ёки педагогика фанлари бўйича) илмий даража (илмий унвон)-га эга бўлган шахслар ҳамда педагогик соҳа бўйича магистр ёки дипломли мутахассислар ҳам иштирок этишлари мумкин;

ўқитувчи лавозимига ўтказилаётган танловда илмий даража (илмий унвон)ли ёки педагогик мутахассислик бўйича магистр, дипломли мутахассис ва педагогик йўналиш бўйича бакалаврлар иштирок этишлари мумкин.

5. Касб-ҳунар коллежларининг:

директори ва директор ўринбосарлари лавозимларига ўтказилаётган танловда илмий даража (илмий унвон)ли ёки педагогик (касбий-таълим) ёҳуд таълим муассасасининг йўналиши бўйича магистр, дипломли мутахассислар иштирок этишлари мумкин;

умумтаълим фанлар бўйича ўқитувчи бўш ўринларини эгаллаш учун танловда илмий даража (илмий унвон)ли ёки педагогик мутахассислик бўйича магистр, дипломли мутахассис ва бакалаврлар иштирок этишлари мумкин;

махсус фан ва касбий таълим (амалиёт) ўқитувчилари лавозимларига ўтказилаётган танловда таълим муассасаси йўналиши ва ихтисосликларига мос келадиган илмий даража (илмий унвон)ли ёки магистр, дипломли мутахассис ва бакалаврлар иштирок этадилар. Айрим халқ ҳунармандчилиги, спорт ва маданият йўналишларидаги касб-ҳунар коллежларининг касбий таълим (амалиёт) ўқитувчи лавозимларини эгаллаш учун танловда ишлаб чиқариш корхоналарининг юқори разрядли ходимлари ва миллий ҳунармандчилик усталари, шунингдек спорт устаси ёки маданият соҳасида унвонга эга ўрта ёки ўрта махсус маълумотли шахслар ҳам иштирок этишлари мумкин.

6. Академик лицей ёки касб-ҳунар коллежига айлантирилаётган бошқа турдаги таълим муассасаларининг раҳбарлари ва ўқитувчилари танловда умумий асосда иштирок этадилар.

7. Директор ва директор ўринбосарлари лавозимларини эгаллаш учун ўтказилаётган танловда номзодлар ўз-ўзини тавсия этиш (аризасига биноан) ёки бўйсинувида таълим муассасаси бўлган вазирлик ёки идора томонидан тавсия этиш йўли билан иштирок этадилар;

ўқитувчи лавозимини эгаллаш учун ўтказилаётган танловда номзодлар аризаларига биноан иштирок этадилар.

8. Суд ҳукмига кўра педагогик фаолият билан шуғулланиши ман этилган шахслар танловга қўйилмайдилар.

9. Таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларини танловдан ўтказиш бўйича тахминий тест саволлари мажмуи ва танлов ўтказиш графиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (Марказ) томонидан ишлаб чиқилади.



§ 2. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


10. Бўш (вакант) раҳбар лавозимларига танлов Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари, ўқитувчи лавозимларига  таълим муассасалари раҳбарияти томонидан марказий ёки маҳаллий матбуот орқали 2 ой олдин эълон қилинади.

11. Танлов эълон қилинганидан кейин 45 кун давомида:

директор лавозимига танловда иштирок этишни ҳохлаган номзодларнинг аризалари ёки бўйсинувида таълим муассасалари бўлган вазирлик, идоралар, шунингдек таълимни бошқарувчи давлат органларининг тавсияномалари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари орқали Марказга;

директор ўринбосарлари лавозимларига танловда иштирок этишни хоҳлаган номзодларнинг аризалари ёки бўйсинувида таълим муассасалари бўлган вазирлик, идоралар, шунингдек таълимни бошқарувчи давлат органларининг тавсияномалари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига;

ўқитувчи лавозимига танловда иштирок этишни хоҳлаган номзодларнинг аризалари таълим муассасасига тақдим этилади.

12. Ариза ёки тавсияномаларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

сўровнома (кадрларни ҳисобга олиш варақаси) ва таржимаи ҳол;

маълумоти ҳақидаги ҳужжатнинг нусхаси;

илмий даража ва илмий унвонлари ҳақидаги ҳужжатларнинг нусхалари (мавжуд бўлса);

илмий-услубий ишлар ва ихтиролар рўйхати (мавжуд бўлса);

4 х 6 ўлчамдаги 4 дона фотосурат.

Бундан ташқари:

директор, директор ўринбосари лавозимларига номзоднинг таълим муассасасига бўлажак раҳбарлик фаолияти бўйича ихтиёрий шаклда ёзилган режаси (концепция).

13. Директор лавозимига танлов ўтказиш учун Марказ раҳбарининг буйруғи билан Марказ ҳузурида;

директор ўринбосари лавозимига танлов ўтказиш учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари билан ушбу бошқармалар ҳузурида;

ўқитувчи лавозимларига танлов ўтказиш учун таълим муассасалари директорларининг буйруқлари билан таълим муассасалари ҳузурида танлов комиссиялари тузилади.

14. Танлов комиссияси ҳужжатларни ўрганиб номзодларни танловда қатнашишга тавсия этади.

15. Танлов комиссияси 7 кишидан иборат тузилади ва комиссия фаолияти уни аьзоларининг камида 5 нафари қатнашган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Марказ бўйсинувида бўлмаган таълим муассасаларининг раҳбар ва ўқитувчиларини танловдан ўтказишда танлов комиссияларининг таркибига тегишли вазирлик ёки идораларнинг 3 нафар вакиллари киритилади.

16. Танлов комиссияси очиқ овоз бериш асосида ва кўпчилик овоз билан танлов бўйича якуний хулоса қабул қилади. Овозлар тенг бўлган тақдирда комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.



§ 3. ТАНЛОВ ЎТКАЗИШ НАТИЖАЛАРИ


17. Танлов натижаларига кўра танланган директорлар Бош вазир ўринбосари  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий комплекси раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ташкилий-кадрлар ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси хизмати билан биргаликда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг танловдан ўтган директорларини тайинлаш тартибига мувофиқ тайинланадилар.

18. Директор ўринбосарлари лавозимларига комиссия томонидан танлаб олинган номзодлар билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси ёки тегишлича бўйсинувида таълим муассасаси бўлган вазирлик ёки идора белгиланган тартибда меҳнат шартномасини тузади ва буйруқ билан расмийлаштиради.

19. Ўқитувчи лавозимига танлаб олинган номзодлар билан таълим муассасаси директори белгиланган тартибда меҳнат шартномасини тузади ва буйруқ билан расмийлаштиради.

20. Танлов комиссияси хулосасидан норози бўлган шахслар юқори турувчи органга ёки судга шикоят қилишлари мумкин.




























Время: 0.1949
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск