язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Инвестиция дастури/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.10.2009 й. ПҚ-1213-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.10.2009 й.

N ПҚ-1213


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

2010 ЙИЛГИ ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИ

ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, корхоналарнинг инвестиция фаолиятини жадаллаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта қуроллантириш дастурларини амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни, энг аввало тўғридан-тўғри инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш ва шу асосда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ва бир маромда ривожланишини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар, идоралар ва хўжалик юритувчи субъектлар билан биргаликда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Инвестиция дастури капитал қўйилмаларининг асосий параметрлари, шунингдек 2010 йилги ижтимоий соҳа объектларини фойдаланишга топшириш прогнозлари 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ маъқуллансин.


2. Қуйидагилар:

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2010 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 3-иловага* мувофиқ;

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш фондининг маблағлари ҳисобидан 2010 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 4-иловага* мувофиқ;

бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2010 йилги марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари 5-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати билан хорижий кредитларни жалб этган ҳолда амалга ошириладиган 2010 йилги инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қуйидагилар маъқуллансин:

2010 йилда амалга ошириладиган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, амалдагиларни модернизациялаш ва реконструкция қилиш бўйича йирик инвестиция лойиҳаларининг йиғма рўйхати 7-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағларини жалб этган ҳолда 2010 йилда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 8-иловага* мувофиқ;

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда амалга ошириладиган 2010 йилги инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 9-иловага* мувофиқ;

тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этган ҳолда "Навоий" эркин индустриал-иқтисодий зона ҳудудида амалга ошириладиган 2010 йилги инвестиция лойиҳаларининг аниқ манзилли дастури 10-иловага* мувофиқ;

2010 йилда ишлаб чиқилиши лозим бўлган истиқболли инвестиция таклифларининг йиғма рўйхати 11-иловага* мувофиқ.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, буюртмачи вазирликлар ва идоралар:

ўн кун муддатда Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси, Мактаб таълими жамғармаси ва Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича 2010 йилги қурилишларнинг дастлабки аниқ манзилли рўйхатини келишиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига тақдим этсин;

икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси билан биргаликда 2010 йилда қурилиши янгидан бошланадиган, Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси, Мактаб таълими жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича танлов савдоларини ўтказишни таъминласин;

танлов савдоларининг натижалари тасдиқлангандан сўнг ўн кун муддатда янгидан бошланадиган объектлар бўйича пудрат шартномалари тузилишини таъминласин ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда унинг маҳаллий органларига, шунингдек хизмат кўрсатувчи банкларга молиялашни очиш мақсадида тақдим қилиш учун қурилишларнинг титул рўйхатларини тасдиқласин;

2009 йилнинг 15 ноябригача Давлат бюджети, бюджетдан ташқари Республика йўл жамғармаси ва Мактаб таълими жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича 2010 йилги қурилишларнинг узил-кесил аниқ манзилли рўйхатини келишиб олиш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигига тақдим этсин;

2009 йилнинг 10 декабригача корхоналарнинг шахсий маблағлари, хорижий инвестициялар ва кредитлар, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар бўйича 2010 йилги лойиҳаларни амалга оширишнинг белгиланган тартибда тасдиқланган тармоқли жадвалларини Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига Молия вазирлиги билан биргаликда ўтказилган танлов савдолари ҳамда айрим қурилишлар ва объектлар бўйича маблағларни амалда ўзлаштириш натижаларига кўра тасдиқланган лимитлар доирасида буюртмачилар қурилишларининг аниқ манзилли рўйхатига ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


6. Вазирликлар ва идоралар - халқаро молия институтлари ва хорижий банкларнинг қарз маблағларини жалб этган ҳолда амалга оширилади ган инвестиция лойиҳаларининг буюртмачилари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳамда вакил банклар билан биргаликда қарз битимлари 2009 йилнинг 15 декабригача кучга кириши бўйича чора-тадбирларни якунига етказсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, 11-иловага* киритилган инвестиция лойиҳаларининг ташаббускорлари билан биргаликда уларни амалга ошириш мақсадида батафсил ишлаб чиқилишини таъминласин ҳамда мазкур масала бўйича ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб турсин.


8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишилган ҳолда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги Инвестиция дастурига кирмай қолган лойиҳаларни ўз ичига оладиган минтақавий инвестиция дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

ҳар ойда минтақавий инвестиция дастурларининг амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериш учун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этиб турсин.


9. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси лойиҳа ва қурилиш-монтаж ишларининг сифати ҳамда инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган бутун давр мобайнида марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар қурилиши муддатлари ва шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан назоратни таъминласин.

Олиб борилаётган ишларнинг натижалари тўғрисида ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб турилсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси ва Молия вазирлиги билан биргаликда марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган капитал қурилишда нархларнинг шакллантирилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда ҳар ой якунлари бўйича 2010 йилги Инвестиция дастури бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиуми мажлисларида муҳокама қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб борсин.


12. Ушбу Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Хўжаев зиммаларига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”,

2009 й., 10-сон, 403-модда