язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Баҳолаш фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси мулкни баҳолаш Миллий стандартлари/ 10. МБМС N 10 "Кўчмас мул қийматини баҳолаш"/ Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш 10-сон миллий стандарти (МБМС) "Кўчмас мулк қийматини баҳолаш" (АВ томонидан 18.11.2009 й. 2044-сон билан рўйхатга олинган Давлат мулки қўмитасининг 12.10.2009 й. 01/19-18/21-сон Қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 18 ноябрда 2044-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат мулки қўмитасининг

2009 йил 12 октябрдаги

01/19-18/21-сон қарорига

ИЛОВА


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУЛКНИ

БАҲОЛАШ МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


10-СОН (МБМС)


КЎЧМАС МУЛК ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ


Мазкур Ўзбекистон Республикаси Мулкни баҳолаш 10-сон миллий стандарти (МБМС) "Кўчмас мулк қийматини баҳолаш" (кейинги ўринларда 10-сон МБМС деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг "Баҳолаш фаолияти тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1999 й., 9-сон, 208-модда), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 24 апрелдаги ПҚ-843-сонли "Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 18-сон, 145-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги баҳолаш фаолиятининг норматив жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. 10-сон МБМСнинг мақсади кўчмас мулк қийматини баҳолашнинг атама ва тушунчаларини, ахборотга қўйиладиган талабларни, баҳолашни амалга ошириш тартибини, баҳолаш ёндашувлари ва усулларини, баҳолаш натижаларини расмийлаштиришга қўйиладиган талабларнинг ўрнатувчи нормалари ва қоидаларини белгилашдир.


2. 10-сон МБМСда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


аналог - асосий иқтисодий, физик, техник ва бошқа тавсифларга кўра баҳолаш объектига ўхшаш, нархи ўхшаш шартларда тузилган битимдан ёки рақобатли бозорда қилинган таклифдан маълум бўлган бошқа объект;


ялпи рента мультипликатори - кўчмас мулк объектининг сотув нархи ва ялпи (потенциал ёки ҳақиқий) даромади нисбатини акс эттирувчи кўрсаткич;


пул оқими - муайян давр мобайнида кўчмас мулк объектидан олинадиган пул маблағлари оқими;


ер участкаси - ер фондининг қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашиш манзилига, ҳуқуқий режимга ҳамда давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа хусусиятларига эга бўлган қисмидир;


ихтисослаштирилмаган кўчмас мулк - очиқ бозорда сотиб олинадиган, сотиладиган ва ижарага бериладиган кўчмас мулк;


кўчмас мулкка бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини юклаш - гаровга, ижарага бўлган ҳуқуқни, сервитутларни, чеклашларни, шартнома бўйича мажбуриятларни, мулкни ушлаб қолиш ҳуқуқини, суднинг мулкни хатлаш тўғрисидаги қарорини, ҳуқуқларни топширишни ва қонун ҳужжатларида белгиланган, кўчмас мулкка нисбатан олинадиган бошқа ҳуқуқларни ўз ичига олувчи кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқ. Кўчмас мулкка бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини юклаш қонун ҳужжатларига ёки шартномага мувофиқ белгиланади;


капиталлаштириш умумий ставкаси - аналоглар соф операцион даромадларининг уларнинг нархларига нисбатлари таҳлили асосида белгиланадиган кўрсаткич;


қурилиши тугалланмаган объект - қурилиш ишлари бошланган, лекин баҳолаш санасида ҳали тугалланмаган ва (ёки) объект қурилишини молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари белгиланган тартибда расмийлаштирилмаган объект;


ихтисослаштирилган кўчмас мулк - ўз хусусиятига (конструктив хусусиятлари, ихтисослиги, катта-кичиклиги, жойлашган ерига ёки мазкур омиллар бирикмасига) кўра ундан фойдаланишнинг муайян тури билан чекланган фойдали хоссаларга эга бўлган ва очиқ бозорда камдан-кам сотиладиган (корхонанинг бир қисми сифатида сотилган ҳоллар бундан мустасно) кўчмас мулк;


дисконтлаш ставкаси - баҳоланаётган кўчмас мулк объектини яратиш ёки ўзгартириш билан боғлиқ бўлган тахмин қилинаётган барча харажатларни ва ҳисоб-китобларга кўра у келгусида яратадиган даромадни мазкур объектни баҳолаш санасига келтириш учун фойдаланиладиган фоиз ставкаси;


капиталлаштириш ставкаси - баҳолаш объектига ўхшаш кўчмас мулк объектларининг жорий (муайян санадаги) даромаддорлик кўрсаткичи;


тиклаш қиймати - баҳолаш объектига ўхшаш янги объектни ўхшаш материаллар ва технологиялардан фойдаланиб яратиш харажатлари суммаси;


ўрнига белгилаш қиймати - баҳолаш объектига ўхшаш фойдали хоссаларга эга бўлган янги объектни замонавий материаллар ва технологиялар ёрдамида яратиш харажатлари суммаси;


жорий қиймат - тегишли дисконтлаш ставкасидан фойдаланиб муайян санага келтирилган бўлғуси даромадлар қиймати;


яхшилашлар - ер участкасини ундан кейинчалик фойдаланиш учун ўзгартириш борасидаги фаолият натижасида яратилган ва у билан узвий боғлиқ бўлган ер участкасидаги ўзгаришлар. Яхшилашлар бинолар, иншоотлар, муҳандислик системалари ва тармоқлари, кўп йиллик ўсимликларни ва улар билан жамулжам ҳолда конструктив ёки функционал яхлитликни ташкил этадиган бошқа объектларни ўз ичига олади;


соф рента мультипликатори - кўчмас мулк объектининг сотув нархи ва соф операцион даромади нисбатини акс эттирадиган кўрсаткич.



II БОБ. ҚЎЛЛАНИШ СОҲАСИ


3. Қуйидаги кўчмас мулк объектлари 10-сон МБМС қоидалари татбиқ этиладиган баҳолаш объектлари ҳисобланади:

бўш турган (яхшиланмаган) ер участкалари;

иморат қурилган ер участкалари (яхшилашлар амалга оширилган ер участкалари).

Баҳолаш объектлари қиймати уларга бўлган мулкий (ашёвий ва мажбурият) ҳуқуқлар, уларга бошқа шахслар ҳуқуқларининг юкланиши ва мазкур ҳуқуқларга доир чеклашларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.


4. 10-сон МБМС баҳоловчи ташкилотлар, баҳоловчилар ҳамда баҳолаш хизматларининг буюртмачилари учун мўлжалланган ва кўчмас мулк қийматини баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатишда ва кўчмас мулк қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текширишда қўлланилиши мажбурийдир.


5. 10-сон МБМС хусусийлаштириш мақсадида кўчмас мулкни баҳолашда, шунингдек мазкур мақсадда амалга ошириладиган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текширишда қўлланилмайди.


6. 10-сон МБМСни амалиётда қўллашда ушбу 10-сон МБМСнинг иловасида келтирилган Услубий кўрсатмалардан фойдаланиш лозим.



III БОБ. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

СТАНДАРТЛАРИ БИЛАН АЛОҚАДОРЛИК


7. 10-сон МБМС талабларига мувофиқ бажарилган кўчмас мулк қийматини баҳолаш натижаларидан баҳолаш объекти қайси шахслар балансида турган бўлса, шу шахслар бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот маълумотларига тузатиш киритиш учун фойдаланишлари мумкин, башарти бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда активларни бошланғич (тарихий) қийматига мувофиқ баҳолаш умумий қоидаларидан чекиниш назарда тутилган бўлса.


8. Молиявий ҳисобот тузиш мақсадида баҳолашни бажаришда кўчмас мулк унга эгалик қилиш мақсадларига қараб қуйидаги тоифаларга ажратилади:

корхона (бизнес) фаолиятида фойдаланиладиган кўчмас мулк;

ҳозирги ёки бўлғуси ижара даромадини олиш учун ёки капитал қийматини сақлаб туриш ёки кўпайтириш учун фойдаланиладиган инвестицион кўчмас мулк;

ишлаб чиқариш (бизнес) эҳтиёжлари учун ортиқча бўлган кўчмас мулк;

ўзлаштириш ва ривожланиш мақсадлари учун мўлжалланган кўчмас мулк;

товар захиралари сифатида фойдаланиладиган кўчмас мулк.


9. Корхона (бизнес) фаолиятида фойдаланиладиган кўчмас мулкни баҳолашда қуйидагилар баҳолаш базаси сифатида қабул қилинади:

мавжуд фойдаланишдаги бозор қиймати - ихтисослаштирилмаган кўчмас мулк, шу жумладан, тижоратга оид имкониятларга мувофиқ баҳоланаётган кўчмас мулк учун;

ўрнига белгилаш қолдиқ қиймати - ихтисослаштирилган кўчмас мулк учун.

Инвестицион кўчмас мулкни ва ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ортиқча бўлган кўчмас мулкни баҳолашда баҳолаш базаси сифатида бозор қиймати қўлланилади.

Ўзлаштириш ва ривожланиш мақсадлари учун мўлжалланган кўчмас мулкни баҳолашда баҳолаш базаси сифатида:

ихтисослаштирилмаган кўчмас мулк учун - бозор қиймати;

ихтисослаштирилган кўчмас мулк учун - ўрнига белгилаш қолдиқ қиймати қўлланилади.

Товар захиралари сифатида фойдаланиладиган ва жорий активлар ҳисобланадиган кўчмас мулкни баҳолашда мазкур активларнинг бухгалтерия ҳисоби хусусиятларини эътиборга олиш лозим.



IV БОБ. СТАНДАРТ ТАЛАБЛАРИ


10. Кўчмас мулк қийматини баҳолаш қуйидаги босқичлардан ташкил топади:

баҳолашга оид вазифани белгилаш ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисида шартнома тузиш;

ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш;

кўчмас мулкдан энг мақбул ва энг самарали фойдаланишнинг таҳлили;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини танлаш, асослаш ва қўллаш;

баҳолаш натижаларини, қўлланилган баҳолаш ёндашувларини мувофиқлаштириш ва баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

баҳолаш тўғрисида ҳисобот тузиш.



1-§. Баҳолашга оид вазифани белгилаш


11. Баҳолашга оид вазифа буюртмачи томонидан баҳоловчи ташкилот билан ҳамкорликда тузилади ва баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартномага илова сифатида расмийлаштирилади. Баҳолашга оид вазифада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

баҳолаш объектининг тавсифи;

баҳолаш санаси;

баҳолаш мақсади (мақсадлари) ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжали;

баҳолаш мақсадига мувофиқ бўлган қиймат тури;

фаразлар ва чекловчи шартлар;

буюртмачи ёки унинг вакили тақдим этиши лозим бўлган бошланғич ахборот рўйхати;

баҳолаш ишларини бажариш муддатлари.

Баҳолаш мақсадига ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб баҳолашга оид вазифа қўшимча шартларни ўз ичига олиши мумкин.


12. Баҳолаш объектининг тавсифи қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

баҳолаш объектининг номини;

баҳолаш объектининг манзили (жойлашган ери)ни;

баҳоланаётган кўчмас мулк таркиби ҳақидаги унинг ҳар бир таркибий қисмини идентификация қилиш учун етарли бўлган ахборот кўрсатилган маълумотларни;

баҳоланаётган кўчмас мулкка бўлган мулкий ҳуқуқлар, шунингдек мазкур ҳуқуқларга доир чеклашлар ва уларга бошқа шахслар ҳуқуқларининг юкланиши ҳақидаги маълумотларни.

Баҳолаш объектига нисбатан учинчи шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини, мазкур объектдан фойдаланишдаги чеклашларни ва унга бошқа шахслар ҳуқуқларининг юкланишини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, унинг қийматини баҳолаш, агар баҳолашга оид вазифада ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, баҳоловчи томонидан кўрсатилган ҳуқуқлар, чеклашлар ва бошқа шахслар ҳуқуқларининг юкланиши йўқлиги ҳақидаги фараздан келиб чиқиб амалга оширилади.


13. Баҳолаш мақсади сифатида баҳолаш натижаларидан ёки баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдан фойдаланишнинг буюртмачи томонидан мўлжалланаётган усули кўрсатилади.


14. Кўчмас мулк қийматини баҳолашда баҳолаш объектининг бозор қиймати аниқланиши лозим, агар баҳолаш объектини баҳолашда қўлланилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатда ёки баҳолаш объектини баҳолаш тўғрисидаги шартномада ўзгача тартиб ўрнатилган бўлмаса. Бозор қийматидан бошқача қиймат аниқланиши лозим бўлган ҳолатларда қўлланиш сабаблари ҳамда аниқланаётган қиймат ва бозор қиймати ўртасидаги фарқлар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда баён этилиши ва ёритиб берилиши лозим.

Баҳолаш объектининг бозор қиймати олди-сотди битимини тузиш харажатлари ва битим билан боғлиқ бўлган солиқларни ҳисобга олмасдан аниқланади.



2-§. Ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш


15. Баҳоловчи баҳолаш ёндашувлари ва усулларини асосли равишда танлаш ва қўллаш учун зарур ва етарли бўлган ҳажмда баҳолаш объекти ҳақида ахборот ва бозорга оид ахборотни йиғиш ва таҳлил қилишни амалга оширади.


16. Қуйидагилар баҳолаш объекти ҳақидаги ахборот манбалари ҳисобланади:

буюртмачи ёки ўзга ваколатли шахс томонидан тақдим этиладиган бошланғич ахборот;

баҳоловчи баҳолаш объектини кўздан кечириш жараёнида ҳамда баҳолаш объекти мулкдори ва (ёки) ундан фойдаланувчилар билан суҳбатлашиш натижаларига кўра олган ахборот;

учинчи шахслар ва ташкилотлардан олинган, шунингдек оммавий ахборот воситалари ва Интернет тармоғида эълон қилинган ахборот.


17. Бошланғич ахборот қуйидагиларни ўз ичига олиши лозим:

кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва у билан тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани;

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни;

ҳокимият органларининг ер участкасини бериш (ажратиш) тўғрисидаги қарорини;

бинолар ва иншоотларга доир кадастр ҳужжатларини;

баҳолаш объектига бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини юклашлар (баҳолаш объектига бўлган ҳуқуқларга нисбатан чеклашлар) мавжудлиги ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларни;

баҳоланаётган яхшилашларнинг ҳажмий-режалаштириш ва конструктив тавсифларига доир ахборотни ўз ичига олган ҳужжатларни;

баҳолаш объектидан мавжуд фойдаланишга доир ахборотни;

кўчмас мулк объектининг келиб чиқиши ва ривожланиш тарихи ҳақидаги маълумотларни;

баҳолаш объекти ва унинг қисмларининг ривожланиш режалари (янги қурилиш, реконструкция, таъмирлаш) ҳақидаги маълумотларни;

юридик шахсларга қарашли бўлган объектларга нисбатан баҳолаш объектининг сўнгги ҳисобот санасидаги баланс (қолдиқ ва бошланғич) қиймати тўғрисидаги маълумотномани;

ретроспектив ва прогноз молиявий ахбороти, шу жумладан, объектдан тижорат мақсадида фойдаланишнинг асосий кўрсаткичлари (харажатлар моддалари бўйича йиллик фойдаланиш харажатлари, даромадлар манбалари бўйича объектдан фойдаланишдан олинган даромадлар)ни.

Тақдим этилаётган бошланғич ахборот баҳолаш объекти мулкдорининг (агар баҳолаш объекти юридик шахсга қарашли бўлса ва муҳр мавжуд бўлган тақдирда) имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳолдагина ҳақиқий ҳисобланади.

Баҳолаш мақсадига ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб, баҳоловчи бошланғич ахборот рўйхатини кенгайтириши ёки баҳолашни амалга ошириш жараёнида керакли ахборотни талаб қилиб олиши мумкин.


18. Баҳолаш объектини кўздан кечириш чоғида баҳоловчи яхшилашларнинг тавсифлари ва амалдаги ҳолати ҳақида маълумотлар йиғиш мақсадида объектни текширишни амалга оширади. Бунда қуйидагилар аниқланиши лозим:

асосий қурилиш конструкцияларининг типи;

асосий қурилиш материалларининг тури;

геометрик кўрсаткичлар;

қурилиш конструкциялари ва муҳандислик асбоб-ускуналарининг амалдаги ҳолати.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлган тақдирда амалдаги конструктив ечимлар, ишлатилган қурилиш материаллари ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларини ҳужжатларда кўрсатилган маълумотлар билан таққослаш амалга оширилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари мавжуд бўлмаса, баҳолаш объектининг геометрик кўрсаткичлари ўлчаш ишларини бажариш йўли билан аниқланади.

Конструктив элементлар, муҳандислик системалари ва асбоб-ускуналарнинг амалдаги ҳолати сиртдан кўздан кечириш йўли билан аниқланади.


19. Баҳоловчи қуйидагиларни тавсифловчи бозорга оид ахборотни қўшимча равишда йиғиши ва таҳлил қилиши лозим:

баҳолаш объектининг қийматига таъсир этувчи макроиқтисодий (ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва бошқа) омилларни аниқлаш учун баҳолаш объекти жойлашган мамлакат ва минтақадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни;

баҳолаш объекти жойлашган минтақадаги кўчмас мулк бозорини ва унинг баҳолаш объекти мансуб бўлган сегментини;

баҳолаш объекти жойлашган ерни (объектнинг яқин атрофидаги муҳитнинг жорий тавсифи, объект атрофидаги ҳудудни ривожлантириш режалари).



3-§. Энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш таҳлили


20. Энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш таҳлили кўчмас мулк бозор қийматини аниқлашнинг ажралмас қисми ҳисобланади ва баҳолаш объектидан фойдаланишнинг унинг энг катта қийматини таъминлайдиган, юридик жиҳатдан йўл қўйиладиган, физик жиҳатдан амалга ошириш мумкин бўлган ва молиявий жиҳатдан ўзини оқлайдиган вариантини танлашдан иборатдир.


21. Энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш таҳлилини амалга ошириш чегараси ва кўриб чиқилиши лозим бўлган муқобил фойдаланиш вариантлари сони баҳолашга оид вазифа шартлари ва баҳолаш объектининг хусусиятларига қараб белгиланади.

Баҳолаш объектидан энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш таҳлили баҳоловчи томонидан икки босқичда амалга оширилади:

бўш турган (яхшиланмаган) деб қараладиган ер участкаси учун;

яхшилашлар мавжуд бўлган ер участкаси учун.


22. Яхшилашлар мавжуд бўлган ер участкасидан фойдаланиш унинг бозор қиймати бўш турган ер участканинг қийматидан ортиқ бўлган тақдирда энг самарали деб эътироф этилади.

Баҳолаш объекти бозор қийматининг олинган миқдори ер участкасидан фойдаланиш вариантларининг қайси бирига мувофиқ эканлиги баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатилиши лозим.



4-§. Баҳолаш ёндашувлари ва усулларини

танлаш, асослаш ва қўллаш


23. Баҳолаш объектини баҳолашни амалга оширишда баҳоловчи баҳолашнинг даромадга оид, қиёсий ва харажатга оид ёндашувларидан фойдаланиши (ёки фойдаланишдан воз кечиш сабабларини асослаши) лозим.


24. Ҳар бир баҳолаш ёндашуви доирасида 10-сон МБМСда белгиланган усулларни танлашни баҳоловчи баҳолаш мақсади, баҳолаш объектининг хусусияти ва ривожланиш имкониятлари, чекловчи шартлар, ахборот базаси мавжудлиги ва унинг тўлиқлигини ҳисобга олиб мустақил амалга оширади.


25. Баҳолаш объекти қийматини даромадга оид ёндашув билан аниқлаш учун баҳоловчи баҳолаш объектидан кутилаётган даромадларни баҳолаш санасида қийматнинг ягона миқдорига ўзгартиришга асосланган қуйидаги усуллардан бирини қўллайди:

тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули;

пул оқимларини дисконтлаш усули.


26. Тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули жорий фойдаланиш кўрсаткичи энг самарали фойдаланиш кўрсаткичига мувофиқ бўлган амалдаги кўчмас мулк объектини баҳолаш учун қўлланилади.

Тўғридан-тўғри капиталлаштириш усулини қўллаганда баҳоловчи:

баҳолаш объектидан кутилаётган даромадни ҳисоблайди;

капиталлаштириш ставкаси ёки рента мультипликаторини ҳисоблайди;

баҳолаш объекти қийматини даромадни капиталлаштириш ставкасига бўлиш ёки ялпи ёки соф рента мультипликаторига кўпайтириш йўли билан аниқлайди.


27. Ўзгартирилиши лозим бўлган кутилаётган даромад сифатида унинг қуйидаги турларидан бири олинади:

эҳтимол тутилган ялпи даромад, яъни кўчмас мулкдан у тўлиқ юкланган шароитда ҳамда барча йўқотишлар ва харажатларни ҳисобга олмаган ҳолда олиниши мумкин бўлган даромад;

эҳтимол тутилган ялпи даромаддан майдонлардан тўлалигича фойдаланмаслик туфайли юз берган йўқотишларни айириш ва ижара ҳақи олинганда кўчмас мулк объектидан бозор мақсадларида нормал фойдаланишдан олинган бошқа даромадларни қўшиш йўли билан олинадиган ҳақиқий ялпи даромад;

ҳақиқий ялпи даромаддан амортизация ажратмаларини ўз ичига олмайдиган операцион харажатларни айириш йўли билан олинадиган соф операцион даромад.


28. Капиталлаштириш ставкаси баҳоланаётган актив даромадлари тузилиши ва мавжуд ахборотга қараб, қуйидаги усуллардан бири билан ҳисобланади:

бозорни сиқиш усули билан;

боғлиқ инвестициялар усули билан;

капитал харажатлар қопланишини ҳисобга олиш усули билан.

Капиталлаштириш ставкаси ва ялпи ёки соф рента мультипликатори ўзгартирилаётган даромад турига мувофиқ бўлиши лозим.


29. Кўчмас мулк объектининг таркибий қисмларидан бири (ер участкаси ёки яхшилашлар) қиймати ҳақида зарурий бошланғич маълумотлар мавжуд бўлса, бошқа таркибий қисм қиймати кўчмас мулкнинг қийматини унга мувофиқ бўлган капиталлаштириш ставкасидан фойдаланиб ҳисоблаш талаб этиладиган таркибий қисмига мансуб бўлган даромадни тўғридан-тўғри капиталлаштиришдан иборат бўлган қолдиқ техникасини йўллаш йўли билан аниқланади.


30. Пул оқимларини дисконтлаш усули даромадлар ва харажатларнинг ўзгариш динамикаси мунтазам бўлмаган кўчмас мулк объектларини баҳолаш учун қўлланилади. Баҳолаш объекти қиймати пул оқимларини дисконтлаш усули билан баҳолаш объектидан фойдаланишдан келган пул оқимларининг прогноз давридаги жорий қийматлари ва баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги жорий қиймати йиғиндиси сифатида аниқланади.

Пул оқимларини дисконтлаш усулини қўллаганда баҳоловчи:

прогноз даври муддатини аниқлайди;

прогноз даврида олинадиган пул оқимлари қийматларини ҳисоблайди;

баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги қийматини ҳисоблайди;

дисконтлаш ставкасини ҳисоблайди;

баҳолаш объекти қийматини пул оқимларининг жорий қийматлари ва баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги жорий қийматини қўшиш йўли билан аниқлайди.


31. Прогноз даври сифатида, қоида тариқасида, шундай бир давр муддати олинадики, унинг мобайнида кўчмас мулк объекти харажатлар ва даромадларнинг мунтазам бўлмаган оқимларини яратади.


32. Прогноз даврида олинадиган пул оқимлари ўлчови сифатида қуйидаги даромад турларидан бири олинади:

эҳтимолий ялпи даромад;

ҳақиқий ялпи даромад;

соф операцион даромад;

солиқлар тўлангунга қадар қарзга хизмат кўрсатиш бўйича харажатлар чегириб ташланган соф операцион даромадга тенг бўлган пул оқими;

Пул оқимлари номинал ёки реал ўлчовларда ҳисобланади.


33. Баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги қиймати:

баҳолаш объектининг прогноз даври тугаганидан кейинги қиймати унинг баҳолаш санасидаги қиймати билан солиштирганда қанчага ўзгаришини тахмин қилиш йўли билан;

прогноз даври қайси йилда тугаган бўлса, шу йилдан кейин келадиган йил учун даромад қийматини тўғридан-тўғри капиталлаштириш йўли билан аниқланади.


34. Дисконтлаш ставкаси қуйидаги усуллардан бири билан ҳисобланади:

кумулятив тузиш усули билан;

муқобил инвестицияларни таққослаш усули билан;

ўхшаш объектларнинг сотилиши ҳақидаги бозор маълумотларини ажратиш усули билан.

Дисконтлаш ставкаси қўлланилаётган пул оқимининг турига мувофиқ бўлиши ва у билан бир хил қийматларда ҳисобланиши лозим.


35. Баҳолаш объекти қийматини қиёсий ёндашув билан аниқлаш учун баҳоловчи ўхшаш объектлар билан битимларнинг бозор нархларига доир ахборот таҳлилига асосланган қуйидаги усуллардан бирини қўллайди:

сотувларни таққослаш усули;

нарх ва даромад нисбати усули.

Битимларнинг нархларига доир ахборот етарли бўлмаган ҳолда, нархнинг пасайишига скидкани ҳисобга олиб, таклиф нархларига доир ахборотдан фойдаланишга йўл қўйилади.


36. Сотувларни таққослаш усулини қўллаганда баҳоловчи:

кўчмас мулк бозорининг бир сегментига мансуб бўлиши ва улар билан битимлар бозорнинг шу сегментига хос бўлган шартларда амалга оширилиши лозим бўлган аналоглар тўпламини шакллантиради;

баҳолаш объекти бозорига хос бўлган таққослаш бирликларини танлайди;

аналогларни баҳолаш объекти билан таққослаш элементлари (нарх белгиловчи омиллар)га кўра, таққослаш бирликларидан фойдаланган ҳолда солиштиради ва ҳар бир таққослаш элементи бўйича баҳолаш объектига нисбатан ҳар бир аналог нархига тузатишлар киритади;

аналоглар нархларининг тузатиш киритилган қийматларини мувофиқлаштириш йўли билан баҳолаш объекти қийматининг ягона миқдорини чиқаради.


37. Таққослашнинг ҳисобга олиниши шарт бўлган асосий элементларига қуйидагилар киради:

топширилаётган мулкий ҳуқуқлар;

молиялаштириш шартлари;

сотув шартлари;

хариддан кейинги харажатлар;

бозор шартлари;

жойлашган ери;

баҳолаш объектининг физик тавсифлари;

баҳолаш объектининг иқтисодий тавсифлари;

фойдаланиш тури;

кўчмас мулк таркибига кирмайдиган қиймат компонентлари.

Юқорида кўрсатилган таққослаш элементларининг дастлабки бештаси бўйича аналогларнинг нархларига тузатишлар киритиш бирин-кетин бажарилади - ҳар бир кейинги тузатиш олдинги тузатиш натижасига қўлланилади. Қолган таққослаш элементлари бўйича тузатишлар киритиш мустақил асосда - ҳар бир таққослаш элементи учун алоҳида бажарилади.


38. Таққослама сотувларнинг тузатишлар киритилган қийматларини ягона қийматга мувофиқлаштириш, қоида тариқасида, ўртача ўлчанган қийматни ҳисоблаш йўли билан амалга оширилади, бунда аналоглар нархларининг энг кам тузатишлар киритилган қийматларига энг катта оғирлик берилади.


39. Нарх ва даромад нисбати усули ўхшаш объектлар бўйича нарх ва даромад нисбатининг таҳлиллиги ва мазкур таҳлил натижасидан баҳолаш объектини баҳолашда фойдаланишга асосланади. Даромад турига қараб ялпи рента мультипликатори ёки капиталлаштириш умумий ставкаси қўлланилади.

Нарх ва даромад нисбати усулини ялпи рента мультипликатори ёрдамида қўллаганда баҳоловчи:

баҳолаш объектининг ялпи (потенциал ёки ҳақиқий) даромадини ҳисоблайди;

сотув нархи ва тегишли даромад қиймати ҳақида ахборот мавжуд бўлган аналоглар тўпламини шакллантиради;

зарур ҳолда аналогларнинг баҳолаш объекти билан қиёсийлигини оширадиган тузатишлар киритади;

ҳар бир аналог бўйича сотув нархини ялпи даромадга бўлиш йўли билан ялпи рента мультипликаторини ҳисоблайди;

барча аналоглар бўйича ялпи рента мультипликаторининг ўртача ўлчанган қийматини аниқлайди;

баҳолаш объектининг ялпи даромадини ялпи рента мультипликаторининг ўртача ўлчанган қийматига кўпайтириш йўли билан баҳолаш объекти қийматини ҳисоблайди.

Капиталлаштириш умумий ставкаси фойдаланилган ҳолда нарх ва даромад нисбати усулини қўллаганда баҳоловчи:

баҳолаш объектининг соф операцион даромадини ҳисоблайди;

сотув нархи ва соф операцион даромад қиймати ҳақида ахборот мавжуд бўлган аналоглар тўпламини шакллантиради;

зарур ҳолда аналогларнинг баҳолаш объекти билан қиёсийлигини оширадиган тузатишлар киритади;

ҳар бир аналог бўйича соф операцион даромадни сотув нархига бўлиш йўли билан капиталлаштириш умумий ставкасини ҳисоблайди;

барча аналоглар бўйича капиталлаштириш умумий ставкасининг ўртача ўлчанган қийматини аниқлайди;

баҳолаш объектининг соф операцион даромадини капиталлаштириш умумий ставкасининг ўртача ўлчанган қийматига бўлиш йўли билан баҳолаш объекти қийматини ҳисоблайди.


40. Баҳолаш объекти қиймати харажатга оид ёндашув билан ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қиймати ва яхшилашлар тиклаш қиймати (ўрнига белгилаш қиймати)нинг йиғилган эскириш ҳажми чегириб ташланган йиғиндиси сифатида аниқланади.

Баҳолаш объекти қийматини харажатга оид ёндашув билан аниқлашда баҳоловчи қуйидагиларни ҳисоблайди:

ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қийматини;

яхшилашларни тиклаш ёки ўрнига белгилаш харажатларини;

кўчмас мулк объектини яратишда хусусий капиталдан (инвестициялардан) фойдаланиш таваккали учун тадбиркорга (инвесторга) тўланадиган мукофотдан иборат бўлган тадбиркор даромадини;

яхшилашларнинг йиғилган эскириши ҳажмини;

яхшилашларни тиклаш ёки ўрнига белгилаш харажатлари ва тадбиркор даромадининг йиғилган эскириш ҳажмига камайтирилган йиғиндиси сифатида яхшилашлар қийматини;

ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қиймати ва яхшилашлар қийматининг йиғиндиси сифатида баҳолаш объекти қийматини.


41. Бўш турган (яхшиланмаган) деб қараладиган ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қиймати мазкур ер участкасидан энг самарали фойдаланиш йўли тахмин қилинганда қуйидаги усуллардан бири билан ҳисобланади:

сотувлар қиёсий таҳлили усули билан;

тақсимлаш усули билан;

ажратиш усули билан;

ер рентасини капиталлаштириш усули билан;

ер учун қолдиқ усули билан;

мўлжалланаётган ер участкасидан фойдаланиш усули билан.


42. Яхшилашларни тиклаш ёки ўрнига белгилаш харажатлари қурилиш билан бевосита боғлиқ бўлган тўғридан-тўғри харажатлар ва яхшилашларни амалга оширишда қилинадиган, лекин қурилиш-монтаж ишлари таркибига киритилмайдиган билвосита харажатлар йиғиндиси сифатида аниқланади.

Яхшилашларни тиклаш ёки ўрнига белгилаш харажатлари қийматини ҳисоблаш учун қуйидаги усуллардан бири қўлланилади:

қиёсий бирлик усули;

компонентларга ажратиш усули;

айрим нархлар усули, у икки хил асосий турларга эга - ресурсли усул ва базисли-индексли усул;

аналоглар усули.


43. Тадбиркор даромадининг қиймати бозор ахборотига мувофиқ қуйидаги усуллардан бири билан аниқланади:

аналоглар усули билан;

эксперт баҳолаш усули билан;

киритилган харажатлар усули билан.


44. Йиғилган эскириш ҳажми физик, функционал ва ташқи (иқтисодий) эскиришлар натижасида бозор қийматидаги йўқотишлар йиғиндиси сифатида аниқланади. Йиғилган эскиришни баҳолаш учун, баҳолашни бажариш мақсадларига ва мавжуд ахборотга қараб, қуйидаги усуллардан бири қўлланилади:

яхшилашларнинг ҳақиқий ёши ва уларнинг иқтисодий хизмат муддатини таққослашга асосланган иқтисодий ёш усули;

йиғилган эскириш ҳажми яхшилашларнинг тиклаш қиймати ёки ўрнига белгилаш қиймати билан ер участкасининг сотув нархидан мазкур участкага бўлган мулкий ҳуқуқлар қийматини айириш йўли билан ҳисобланган яхшилашлар қиймати ўртасидаги тафовут сифатида аниқланадиган ўхшаш объектларнинг сотув нархлари таҳлилига асосланган бозор экстракцияси усули;

йиғилган эскиришни физик (бартараф этиладиган ва бартараф этиб бўлмайдиган) эскириш, функционал (бартараф этиладиган ва бартараф этиб бўлмайдиган) ва ташқи (иқтисодий) эскириш йиғиндиси сифатида баҳолашга асосланган ажратиш усули.



5-§. Баҳолаш натижалари қўлланилган баҳолаш

ёндашувларини мувофиқлаштириш ва баҳолаш

объектининг якуний қийматини аниқлаш


45. Баҳоловчи баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш учун баҳолашда қўлланилган ёндашувларнинг натижаларини мувофиқлаштиришни амалга оширади.

Турли хил баҳолаш ёндашувлари билан олинган баҳолаш натижалари ўртасида жиддий тафовут мавжуд бўлса, баҳоловчи олинган тафовут сабабларининг таҳлилини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтириши лозим. Баҳолаш натижасининг юқори чегарасидан 30 фоиздан ортиқ қийматга эга бўлган тафовут жиддий тафовут деб ҳисобланиши лозим.


46. Мувофиқлаштириш, қоида тариқасида, турли баҳолаш ёндашувлари билан олинган баҳолаш натижалари учун таққослама ўлчовларни аниқлаш орқали амалга оширилади, бунда баҳоловчи:

баҳолаш мақсадини ва баҳолаш натижаларидан фойдаланиш мўлжалини;

баҳолаш объектининг хусусиятини;

қиймат турини;

баҳолаш ёндашувларини қўллашда фойдаланилган ахборот ҳажми ва сифатини ҳисобга олиши лозим.


47. Мувофиқлаштириш усули ва таққослама ўлчовларнинг танланиши ҳамда бунда, баҳоловчининг барча мулоҳазалари ва фаразлари баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда асосланиши лозим.


48. Баҳолаш объектининг якуний қиймати пул ҳисобида ягона катталик сифатида ифодаланиши лозим.



6-§. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботга қўйиладиган талаблар


49. Баҳолаш натижалари баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган ва баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш объекти қиймати хусусидаги йиғилган ахборот ва ҳисоблашлар асосида тасдиқланган профессионал мулоҳазасини ўз ичига олган баҳолаш тўғрисида ҳисобот сифатида расмийлаштирилиши лозим.


50. Ҳисобот баҳолаш миллий стандартлари талабларига мувофиқлик тўғрисидаги баёнотни ва улардан ҳар қандай четга чиқиш ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.


51. Баҳолаш тўғрисида ҳисоботни тузишда қуйидаги қоидаларга риоя этиш лозим:

баҳолаш объекти қийматини аниқлаш учун етарли бўлган барча очиқ ахборот ҳисоботда баён этилиши лозим;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг мазмуни мазкур ҳисоботдан фойдаланувчиларни чалғитмаслиги ҳамда икки хил талқинга йўл қўймаслиги керак;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда ифодаланган материаллар таркиби ва кетма-кетлиги, баҳолаш жараёни тавсифи, ҳисоблашлар ва ҳисоблашларга изоҳлар баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдан фойдаланувчига қийматни ҳисоблашни амалга ошириш имкониятини бериши ва уни айни шу натижаларга келтириши лозим;

баҳолаш жараёнида оралиқ ва якуний натижаларни аниқлашда фойдаланилмаган ахборот, агар у баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига биноан мажбурий бўлмаса, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилиши мумкин эмас.


52. Кўчмас мулк қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот қуйидаги асосий бўлимлардан иборат бўлиши лозим:

титул варағи;

мундарижа;

умумлаштирувчи қисм (илова хат);

баҳолашга оид вазифа ҳамда асосий фактлар ва хулосалар;

баҳолаш объектининг тавсифи;

баҳолаш объекти бозорининг таҳлили;

энг мақбул ва энг самарали фойдаланиш таҳлили;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларининг танланиши ва қўлланилиши тавсифи;

баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлаш;

иловалар.

Бўлимларни жойлаштириш кетма-кетлиги, уларни номлаш ва бўлимлар доирасида ахборотни гуруҳлаш баҳоловчининг ваколатига киради ва баҳоловчи томонидан бажарилган баҳолаш ҳамда таҳлил ва ҳисоб-китобларнинг натижаларини баён этиш мантиқига мувофиқ амалга оширилади.


53. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг иловаларига қуйидагилар киритилади:

фойдаланилган ҳужжатларнинг нусхалари, шу жумладан, баҳолаш объектига ҳуқуқларни белгиловчи ҳужжатларнинг нусхалари, кадастр ҳужжатлари бўлимларининг нусхалари;

баҳоланаётган объектнинг унинг баҳолаш санасидаги техник ҳолати акс эттирилган фотоматериаллари;

баҳоловчи ташкилот лицензиясининг нусхаси, баҳоловчиларнинг малака сертификатлари ва баҳоловчи ташкилотнинг фуқаролик мажбурияти суғурта полисининг нусхалари;

баҳоловчининг ихтиёрига қараб бошқа материаллар.


54. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳар бир бети рақамланиши ва баҳолаш объектини баҳолашдан ўтказган баҳоловчи (баҳоловчилар) томонидан имзоланиши, шунингдек баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот ип ўтказиб тикилиши ҳамда баҳоловчи ташкилот раҳбарининг имзоси ва шу ташкилот муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланиши лозим. Агар баҳолаш бир нечта баҳоловчилар томонидан бажарилган бўлса, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда мазкур ҳисоботни тайёрлаш жараёнида улар бажарган иш кўрсатилади.


V БОБ. АЙРИМ ТУРДАГИ КЎЧМАС

МУЛКНИ БАҲОЛАШ ХУСУСИЯТЛАРИ


55. Тижорат салоҳиятига мувофиқ баҳоланадиган кўчмас мулк учун баҳолаш базаси мавжуд фойдаланишдаги бозор қийматидир. Мазкур тоифадаги кўчмас мулкка меҳмонхоналар, ресторанлар, барлар, тижорат тиббий-соғломлаштириш муассасалари, спорт, дам олиш, кўнгилочар объектлари ва бошқа шунга ўхшаш объектлар киради.

Тижорат салоҳиятига мувофиқ баҳоланадиган кўчмас мулк объектлари олиниши мумкин бўлган даромаддан келиб чиқиб (фоизлар, солиқлар ҳамда моддий ва номоддий активлар эскириши чегириб ташлангунга қадар) пул оқимларини дисконтлаш усули ёки тўғридан-тўғри капиталлаштириш усули билан баҳоланади.

Тижорат салоҳиятига мувофиқ баҳоланаётган кўчмас мулк баҳосига ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар ва яхшилашлардан ташқари кўчмас мулк билан бириктирилган асбоб-ускуналар ва жиҳозлар ҳамда бериладиган гудвилл (товар-моддий захиралардан ташқари) киритилади.

Бериладиган гудвилл номоддий актив бўлиб, у ўзига хос ном, бизнес обрўси, мижозларнинг афзалликлари, жойлашган ер, сервис маҳсулоти ва иқтисодий самара келтирадиган бошқа шунга ўхшаш омиллар туфайли вужудга келади.


56. Қурилиши тугалланмаган объектнинг қиймати харажатга оид ёндашув билан қуйидаги усуллардан бири ёрдамида ҳисобланади:

қурилиши тугалланмаган объектнинг тиклаш қиймати ёки ўрнига белгилаш қиймати йиғилган эскириш чегириб ташланган ҳолда ҳисобланади;

қурилиш тугалланган кўчмас мулк объектининг қиймати қурилишни тугаллаш харажатлари чегириб ташланган ҳолда ҳисобланади.

Ҳисобланган қийматга ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг бозор қиймати қўшилади.

Қурилиши тугалланмаган объектнинг қиймати даромадга оид ёндашув билан пул оқимларини дисконтлаш усули ёрдамида, баҳолаш объектини тугаллаш ёки реконструкция қилиш (қайта ихтисослаштириш)га инвестицияларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Қурилиши тугалланмаган объектнинг қийматини баҳолашга қиёсий ёндашув аналогларнинг сотилиши ҳақида зарур бозор маълумотлари мавжуд бўлган ҳолда қўлланилади.


57. Табиий ёки техноген хусусиятга эга бўлган омиллар таъсири туфайли шикастланган кўчмас мулк қиймати мазкур кўчмас мулкнинг тиклаш қийматига ёки тиклаш харажатлари чегириб ташланган ўрнига белгилаш қийматига мувофиқдир. Тиклашдан воз кечилган тақдирда, кўчмас мулк қиймати бўш турган деб қараладиган ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қиймати билан уни шикастланган мулкдан тозалаш харажатлари ўртасидаги тафовут сифатида аниқланади.


58. Бинонинг ички қисмида қурилган унинг бир қисми ҳисобланадиган хоналар қийматини аниқлашда ер участкасига бўлган мулкий ҳуқуқлар қиймати ҳисобга олинмайди



VI БОБ. АХБОРОТНИ ОШКОР ЭТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


59. Баҳолаш жараёнида фойдаланилган ахборотни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда ошкор этиш шундай амалга оширилиши лозимки, мазкур ҳисоботнинг баҳолаш фаолияти соҳасида махсус билимларга эга бўлмаган фойдаланувчилар баҳолаш жараёни мантиқини ва баҳолаш объектининг қийматини аниқлаш учун баҳоловчи бажарган амалларнинг аҳамиятини тушуниши керак.


60. Баҳолаш жараёнида қўлланилган барча ахборот ошкор этилиши лозим, маҳфий хусусиятга эга бўлган ахборот бундан мустасно. Маҳфий ахборотни баҳоловчи фақат буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этган шахслар билан келишган ҳолда ёки суднинг тегишли қарорига биноан ошкор этади. Фойдаланилаётган ахборотнинг маҳфийлик даражаси буюртмачи ва (ёки) мазкур ахборотни тақдим этувчи ёки унга бевосита алоқадор бўлган шахслар томонидан белгиланади.


61. Баҳолашда фойдаланилган ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда келтирилган ахборот унинг манбасига ҳавола қилинган бўлиши лозим, бунда мазкур манба ёзма ёки оғзаки эканлиги аҳамиятсиз.



VII БОБ. СТАНДАРТДАН ЧЕТГА ЧИҚИШ ШАРТЛАРИ


62. 10-сон МБМСнинг баҳолаш жараёни ва олинган натижани баён этиш, баҳолашга ва якуний қиймат ҳақидаги хулосага дахлдор бўлган ҳар қандай фаразлар ва чекловчи шартларни ошкор этиш билан боғлиқ талабларидан бирон-бир тарзда четга чиқилишига йўл қўйилмайди.


63. Баҳолаш талаблари мазкур стандарт талабларидан фарқ қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ амалга оширилган тақдирда, баҳоловчи мазкур фарқларни, аниқланаётган қиймат турини танлашга уларнинг таъсирини аниқлаши ва олинган натижани қўллашга чеклашлар белгилаши лозим.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 47-сон, 511-модда.