ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг 16.07.2004 й. 3-сон Баёни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ

МАЖЛИСИНИНГ

БАЁНИ

16.07.2004 й.

N 3



Раислик қилувчи:

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

Мирзиёев Ш.М.

Қатнашганлар:


Ўзбекистон Республикаси

Бош вазирининг ўринбосарлари


Р.С.Азимов, А.А,Азизхўжаев, А.Н.Арипов,

Э.М.Ғаниев, С.Т.Иномова, Ў.Т.Султонов,

М.З.Усмонов, Р.Ф.Файзуллаев, Р.Р.Юнусов,

Р.В.Абдуқодиров

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Давлат маслаҳатчисининг

биринчи ўринбосари

В.А.Голишев

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, давлат қўмиталари, компаниялар, уюшмалар, бирлашмалар раҳбарлари, Олий Мажлис қўмиталари раислари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, матбуот вакиллари (рўйхат бўйича).



2004 йилнинг I ярим йиллигида республикани

ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва

Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 7 февралдаги

мажлисида белгиланган устувор вазифаларнинг

бажарилиши тўғрисида


(Асқаров, Ибрагимов, Султонов С., Қаноатов, Тўхтабоев, Бўриев, Болтабоев,

Султонов У., Нажимов, Умаров, Файзуллаев, Холмуҳамедов, Шоисматов,

Шоабдураҳмонов, Мамадиёров, Мирзиёев)



1. Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаоллиги ўсиши натижасида ялпи ички маҳсулотнинг 6,2 фоизга ўсиши таъминланди, бу 2003 йилнинг биринчи ярим йиллиги даражасига (3,8%) нисбатан 1,6 баравар юқоридир.

Саноат (9,6%), транспорт ва алоқа (7,6%), қишлоқ хўжалигида (10,4%) ўсишнинг юқори суръатларига эришилди. 2004 йил ҳосилидан бошоқли экинлар донининг давлат хариди ҳажмини бажариш таъминланади.


Иқтисодиётнинг жадал ўсиши давлат молияси, пул муомаласи тизими ва ташқи савдо секторининг мувозанатланиши билан бирга кечди, бу эса умумий макроиқтисодий барқарорликни ва олтин-валюта захираларининг кўпайишини таъминлади.

Пул массаси устидан қаттиқ назорат қилиниши инфляция даражасини кескин қисқартириш (истеъмол товарлари нархи индекси 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги 4,2 фоиз ўрнига 0,8 фоизни ташкил этди) ва миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш имконини берди. Давлат бюджети даромадлари прогнози 102,7 фоизга бажарилди. Бюджет ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан ижро этилди. Корхоналарга тушадиган ўртача солиқ юкламаси 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги 28,4 фоиздан жорий йилда 27,8 фоизгача пасайди. Иқтисодий ўсиш ва инфляциянинг пасайиши аҳоли ихтиёридаги реал пул даромадлари ўсишининг юқори суръатларини таъминлади (16,7%).

Ташқи савдо айланмаси 24,5 фоизга, экспортнинг ялпи ҳажми ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 25,2 фоизга ўсди. Ташқи савдо балансида 689,1 млн. АҚШ доллари миқдорида ижобий сальдога эришилди.

Янги механизмлар жорий этилиши хусусийлаштириш суръатлари жадаллашишини таъминлади.

1132 давлат корхонаси, объектлар, акциялар пакетлари ва улушлар сотилди, бу 2003 йилнинг биринчи ярим йиллигидагига қараганда 2 баравар кўпдир. Давлат активларини хорижий инвесторларга сотиш 1,6 баравар кўпайди. Хусусийлаштиришдан умумий тушум 1,8 баравар ўсди ва 39,67 млрд. сўмни ташкил этди. Қимматли қоғозлар бозорининг умумий айланмаси 1,9 баравар кўпайди ва 65,2 млрд. сўмни ташкил этди.

Зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор қурилиш корхоналарини хусусийлаштириш, қайта ташкил этиш, таркибий ўзгартириш ва тугатиш юзасидан комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусийлаштирилиши назарда тутилган 570 пудрат қурилиш ташкилотларидан 468 корхона тўлиқ хусусийлаштирилди (82%). тендер савдоларидан фақатгина бюджетдан молиялаштириладиган буюртмалар бўйича шартли иқтисодий самара 8,7 млрд. сўмни ташкил этди.

Маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш доирасида давлат ва хўжалик бошқарувининг 32 органи бўйича қарорлар қабул қилинди, бошқарув ходимлари қарийб 40 минг кишига қисқарди. Юқори ликвидли ресурсларнинг 21 тури бўйича тақсимлаш тизими тугатилди ва уларни биржа савдолари, аукционлар ва тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиш механизми жорий этилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмидан автомобиль бензинининг 8,3 фоизи, дизель ёнилғисининг 17,3 фоизи, қора металлар прокатининг 7,8 фоизи, пахта толасининг 24 фоизи, суюлтирилган газнинг 19,1 фоизи биржа савдолари орқали сотилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, айрим ҳокимликлар давлат активларини инвестиция мажбуриятлари остида бепул бериш юзасидан ташкилий ишларни зарур даражада таъминламаяптилар. Бу айниқса Фарғона, Самарқанд вилоятларида юз бермоқда. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзагромашсервис" уюшмасида, шунингдек Навоий (35%) ва Наманган (34%) вилоятларида хусусийлаштириш дастури топшириқлари бажарилмаяпти.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида "Ўзавтосаноат" уюшмаси корхоналарида 5 лойиҳани амалга ошириш бошланмаган. "Ўзбекнефтгаз", "Ўзқурилишматериаллари" компаниялари, "Ўзбек ипаги", "Ўзагромашсервис" уюшмалари корхоналарида маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг прогноз ҳажмлари таъминланмади.

Айрим назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишининг кўплаб ҳолатлари мавжуд, корхоналарнинг ҳисоб рақамларини судда кўрмасдан ёпиш ҳолларига барҳам берилмаган.

Қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳозирча таъминланмаяпти. Вилоятларнинг ва айниқса қишлоқ туманларининг айрим ҳокимликлари самарасиз фойдаланилаётган ерларни ажратиш ва қайта тақсимлаш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари қатъий бажарилишини қаттиқ назорат қилмаяптилар.

Уй-жой-коммунал хўжалигини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари қониқарсиз амалга оширилмоқда, ушбу соҳада хусусий сектор ниҳоятда суст ривожланмоқда.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7 февралдаги мажлисида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг амалга оширилишини танқидий ўрганиб чиқсинлар ҳамда уларнинг сўзсиз бажарилиши юзасидан тўла-тўкис ташкилий ва иқтисодий чора-тадбирлар кўрсинлар.

Кўриб чиқиш якунлари ва тасдиқланган аниқ чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига 10 кун муддатда ахборот берилсин.


3. Қуйидагиларнинг:

"Ўзагромашсервис" уюшмаси (Султонов), "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси (Раматов), Навоий вилояти ҳокимлиги (Рўзиев, Қаноатов) раҳбарларининг Хусусийлаштириш дастурида мўлжалланган прогноз кўрсаткичларнинг бажарилиши бўйича иши қониқарсиз деб ҳисоблансин. Ишда йўл қўйилган жиддий камчиликлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи М.Исматовнинг ўз лавозимида қолиши мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблансин;

Давлат мулки қўмитасининг (Асқаров) акцияларнинг давлат пакетларини профессионал бошқарувчи компанияларга ишончли бошқарувга бериш бўйича, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий танлов комиссияларининг давлат мулкини инвестиция мажбуриятлари остида бепул бериш бўйича ишлари етарли эмас деб ҳисоблансин.

Кўрсатиб ўтилган раҳбарларга танловлар ўтказишга, инвестиция мажбуриятлари экспертиза қилинишига ва улар бажарилиши устидан қаттиқ мониторинг олиб борилишига пухта тайёргарлик кўрилишини ва корхоналар ва объектларни хусусийлаштириш юзасидан жорий йилга белгиланган топшириқлар сўзсиз бажарилишини таъминлаш мажбурияти юклансин.

Топшириқнинг бажарилиши тўғрисида 9 ойлик якунлари ҳамда умуман 2004 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


4. "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси (Ибрагимов), Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) хусусийлаштириладиган объектларни майдалаштириш ва акциялар пакетларини қабул қилинган Ҳукумат қарорларига мувофиқ хорижий инвесторларга сотиш юзасидан аниқ таклифларни 10 кун муддатда биргаликда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар. 2004 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида Ибрагимов ва Асқаровнинг ушбу масала бўйича ҳисоботи эшитилсин.


5. Молия вазирлиги (Раҳимов) Давлат мулки қўмитаси (Асқаров) билан биргаликда:

2003 йил якунлари бўйича айрим хўжалик жамиятларидаги давлат улуши бўйича дивидендлар ҳисобланмаслигининг сабабларини бир ой муддатда пухта ўрганиб чиқсин ҳамда уларнинг корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган Ҳукумат қарорлари талаблари сўзсиз бажарилишини таъминласин;

хўжалик жамиятларидаги мулкнинг давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ тушиши бўйича комплекс таъсирчан чора-тадбирлар амалга оширилишини ҳамда улардан самарали фойдаланилиши устидан мунтазам назоратни таъминласинлар.


6. Андижон, Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида юз берган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг биржа савдоларини ўтказишга маъмурий аралашиши йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (Тўхтабоев) "Ўзбекнефтгаз" миллий ходдинг компанияси (Азизов), "Ўзметкомбинат" акциядорлик ишлаб чиқариш бирлашмаси (Фармонов), "Ўзбекенгилсаноат" акциядорлик компанияси (Баҳромов), "Ўзпахтасаноат" уюшмаси (Зикриёев), Олмалиқ кон-металлургия комбинати (Санақулов) билан биргаликда биржа савдоларида тузилган контрактларнинг бажарилиши амалиётини бир ой муддатда умумлаштирсинлар, харидорларнинг биржа савдоларида қатнашишини кенгайтириш ва уларга энг кўп қулайликларни таъминлаш, расмийлаштириш тартиб-қоидаларини соддалаштириш, ҳақи тўланган товарлар ўз вақтида етказиб берилишига тўлиқ кафолатни таъминлаш учун барча зарур чора-тадбирларни кўрсинлар.


7. Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова):

Давлат мулки қўмитаси (Асқаров), Молия вазирлиги (Гуськова), Адлия вазирлиги (Полвон-зода), Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси (Тўхтабоев) ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турлари бўйича биржа ва кимошди савдолари ўтказилиши амалиётини 2004 йил якунлари бўйича умумлаштирсин ҳамда уларни сотиш тартибини такомиллаштириш юзасидан 2005 йил 15 январгача таклифлар киритсин;

2005 йил учун юқори ликвидли маҳсулотларнинг моддий балансларини ишлаб чиқишда биржа, кимошди ва ярмарка савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар ҳажмини анча кенгайтиришни назарда тутсин.


8. "Ўзстандарт" агентлиги (Бўриев) Савдо-саноат палатаси билан биргаликда аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари раҳбарлари ва мутахассисларининг Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги 318-сон қарорида белгиланган маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботларининг мазмуни ва механизмларини тушунтириш юзасидан 15 кун муддатда жойларда тадбиркорлик субъектларининг кенг доираси билан учрашувларини ташкил этсин ва ўтказсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (Полвон-зода) қонун ҳужжатларининг давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига асоссиз аралашишини бартараф этишга доир қисмини янада такомиллаштириш юзасидан икки ҳафта муддатда таклифлар ишлаб чиқсин ва киритсин, унда шунингдек:

хўжалик бошқаруви органлари томонидан берилган лицензияларнинг амал қилишини фақат суд органларининг қарорига кўра бекор қилиш механизмини жорий этишни;

жарима жазолари миқдорлари ўрганиб чиқилишини ҳамда қасддан содир этилмаган ва унча жиддий бўлмаган иқтисодий қоида бузишлар учун улар миқдорини пасайтиришни;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишига, тўлақонли рақобат муҳитининг шаклланишига тўсқинлик қилаётган идоравий чеклашлар ва тўсиқларни бартараф этишни назарда тутсин.


10. "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси раиси Ш.Умаров ички бозорни аҳоли ўртасида талаб катта бўлган юқори сифатли истеъмол товарлари билан таъминлаш ҳамда халқаро даражада тан олинган русумдаги маиший техникани биргаликда ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун хорижий инвесторларни жалб қилиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг паст самарадорлиги учун қатъий огоҳлантирилсин.

Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда жорий йилнинг 15 августига қадар минтақавий лойиҳалар рўйхатини ва уларнинг паспортларини ишлаб чиқсинлар ҳамда белгиланган тартибда Ишлаб чиқаришларни маҳаллийлаштириш республика дастурига киритиш учун Махсус комиссияга тақдим этсинлар.


11. Маҳаллийлаштириш комплекс дастурини амалга ошириш масалалари бўйича махсус комиссия (Султонов):

Дастурга киритилган аниқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши аҳволини мунтазам равишда танқидий ўрганиш ва муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўриш амалиётини давом эттирсин;

йирик корхоналарнинг кичик бизнес субъектлари билан кооперациялашувини бир ой муддатда ўрганиб чиқсин ҳамда ўрганиб чиқиш якунлари бўйича кооперация алоқаларининг юқори даражасига эга бўлган янги лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритишни назарда тутувчи механизмни жорий этсин;

Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги (Нажимов), Давлат мулки қўмитаси (Асқаров), Иқтисодиёт вазирлиги (Ҳасанов) билан биргаликда "Ўзэкспомарказ" республика савдо-кўргазма марказида, товар-хом ашё биржаларининг ихтисослаштирилган савдо майдончаларида, Интернет тармоғининг махсус Веб-сайтида маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларнинг экспозициялари ва доимий ишлайдиган кўргазма-савдоларини ташкил этсин.


12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, "Ўзкоммунхизмат" агентлиги, "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2004-2005 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёргарлик кўриш бўйича ишлари ўта қониқарсиз деб ҳисоблансин.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Мамадиёров вилоят корхоналари, ташкилотлари ва ижтимоий соҳа объектлари 2004-2005 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга зарур даражада тайёрлаб қўйилиши таъминланиши учун шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин.

Кўрсатиб ўтилган вазирликлар, идоралар ва ҳокимликларнинг раҳбарлари камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрсинлар ва натижалари тўғрисида 2004 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсинлар.


13. Тошкент шаҳри ҳокими Р.Шоабдураҳмонов шаҳар хўжалиги, уй-жой фонди, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш объектлари куз-қиш даврига тайёрлаб қўйилишини танқидий кўриб чиқсин, йўл қўйилган қолоқликни ҳисобга олган ҳолда қўшимча комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин, ҳар ўн кунда ишларнинг аҳволи тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.


14. Қурилиш, қурилиш материаллари саноати, уй-жой-коммунал хўжалиги ва транспорт комплекси (Файзуллаев), "Ўзкоммунхизмат" агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш концепцияси лойиҳасини 2004 йил 15 сентябргача бўлган муддатда ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.

Концепциянинг асосий йўналишларини ишлаб чиқишда уй-жой мулкдорлари ширкатлари (кооперативлари) фаолият кўрсатишининг ҳуқуқий базасини ишлаб чиқишга, ширкатларнинг аҳолига хизматлар кўрсатаётган бўлинмалар билан шартномавий-ҳуқуқий муносабатларини мустаҳкамлашга ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тузилмаси ва ташкил этилишини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилсин.


15. "Ўзкоммунхизмат" агентлиги (Холмуҳамедов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

аҳоли томонидан коммунал хизматлар истеъмол қилиниши нормативларини ва уй-жой мулкдорлари ширкатлари учун фойдаланилаётган 1 кв.м майдонга фойдаланиш харажатлари миқдорларини белгилаш, уй-жой фондига хизмат кўрсатиш учун бошқарувчи компанияларни танлов орқали танлаб олиш тартибига доир методик тавсияларни;

иссиқлик таъминоти ва сув таъминоти корхоналари томонидан хизматлар кўрсатишда технологик харажатларни ва нобудгарчиликларни ҳисоблаш методикасини бир ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.


16. "Ўзбекэнерго" давлат-акциядорлик компанияси (Шоисматов) ва "Ўзбеккўмир" очиқ акциядорлик жамияти (Клименко) ижтимоий соҳа ташкилотларида ўз вақтида кўмир ғамлаш мақсадида, уларни жорий йилнинг 15 сентябригача шартномаларда кўрсатилган ҳажмларда таъминлаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар кўрсинлар, етказиб берилаётган кўмирнинг сифатига алоҳида эътибор берсинлар.


17. Республика иқтисодиётини 2004-2005 йиллар куз-қиш даврида ишлашга тайёрлаш бўйича республика комиссияси манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда:

1991 йилгача қурилган уй-жойларни мукаммал таъмирлаш бўйича йўл қўйилган қолоқликнинг ўрни тўлдирилишини ва 2005 йил учун тасдиқланган жадвал бажарилишини ҳамда бутун уй-жой фонди куз-қиш даврига сифатли тайёрланишини;

коммуникация тармоқларининг таъмирлаш-тиклаш ишлари тўлиқ тугалланишини ҳамда зарур суюқ ва қаттиқ ёнилғи ҳажми ўз вақтида тайёрланишини таъминласин.

Кўрилган чора-тадбирлар натижалари тўғрисида 2004 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисида ахборот берилсин.


18. Иқтисодиёт вазирлиги (Саидова), Молия вазирлиги (Раҳимов), Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги (Нажимов) манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишилган 2005-2007 йиллар учун Инвестиция дастурини шу йилнинг 15 августигача Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар, бунда давлат инвестициялари улушини қисқартиришни ва хорижий сармоя, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш кўламларини кенгайтиришни назарда тутсинлар.

2005 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурининг аниқ рўйхатини ишлаб чиқишда унга фақат қабул қилинган Ҳукумат қарорлари, тасдиқланган техник-иқтисодий асослар, имзоланган қарз битимлари ҳамда қарз ресурслари олинишини ва аниқ лойиҳалар амалга оширилишини таъминлайдиган бошқа норматив ҳужжатлар мавжуд бўдган лойиҳалар киритилсин.


19. Ташқи иқтисодий алоқалар ва хорижий инвестициялар департаменти (Розуқулов), Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги (Нажимов) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда шу йил 1 сентябргача 2004-2006 йиллар даврида Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ташкил этишнинг ҳудудий Дастурларини ишлаб чиқсинлар.


20. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Халқ таълими вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда шу йил 10 августгача биринчи навбатда қишлоқ жойларида ижтимоий инфратузилма объектларини ишга тушириш бўйича топшириқлар бажарилиши учун қўшимча чора-тадбирлар кўрсинлар, бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 21 майдаги ПФ-3431-сон Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 июлдаги 321-сон қарори талабларига мувофиқ умумтаълим мактабларини мукаммал таъмирлаш, мукаммал реконструкция қилиш, янги умумтаълим мактаблари қуриш ва уларни зарур даражада жиҳозлашга эътибор берсинлар.


21. Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси:

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (Нажмиддинов), Иқтисодиёт вазирлиги (Салимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига фермер хўжаликларига айлантирилиши керак бўлган ширкатлар рўйхати, шунингдек қабул қилинган дастур кўрсаткичларига мувофиқ фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи бозор инфратузилмаси объектларини ривожлантириш бўйича таклифлар киритсин;

Молия вазирлиги (Раҳимов), тижорат банклари билан биргаликда давлат эҳтиёжлари учун харид қилинадиган дон ва пахта хом ашёси ҳажмлари учун фермер хўжаликларига тўғридан-тўғри имтиёзли кредит беришга 2005 йилдан бошлаб ўтишни тўлиқ тугаллаш учун қўшимча комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.


22. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва қишлоқ туманлари ҳокимликлари "Ўзагромашсервис", "Ўзпахтасаноат" уюшмалари билан биргаликда шу йилнинг июль-август ойларида 2004 йил пахта ҳосилини йиғиштириб олишга тайёргарлик кўриш юзасидан зарур агротехник ва ташкилий-иқтисодий чора-тадбирларни амалга оширсинлар, бунда ғўза зараркунандалари ва касалликларининг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг биологик усулларини жорий этиш, шунингдек барча моддий-техник базани шу йил 10 августгача тайёр қилиб қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратсин.


23. Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов), Машинасозлик, металлургия, кимё, ёқилғи, энергетика ва геология комплекси (Султонов) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 5 июлдаги ф-1992-сон Фармойишига мувофиқ иқтисодиётнинг етакчи тармоқлари ва соҳаларида иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштиришнинг тегишли Дастурлари ўз вақтида ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласинлар.


24. Мазкур протоколнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари - тегишли Комплекслар раҳбарлари зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг

Бош вазири                                                                             Ш. Мирзиёев




Время: 0.1951
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск