язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спортнинг алоҳида турлари/ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар футбол федерациялари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 03.12.2009 й. 304-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2009 йил 3 декабрдаги

304-сон қарорига

ИЛОВА



Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар

ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол

ассоциациялари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Намунавий низом Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари фаолиятининг асосий принциплари ва йўналишларини белгилайди.

2. Ушбу Намунавий низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Халқаро Футбол Федерацияси - жаҳонда футболнинг барча турларини, ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва бошқариш юзасидан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ташкилот;


Осиё Футбол Конфедерацияси - мамлакатларнинг Осиё қитъасига кирадиган Миллий футбол федерацияларини бирлаштирувчи ҳамда Осиёдаги футболнинг барча турларини, ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва бошқариш юзасидан мутлақ ҳуқуққа эга бўлган ташкилот;


Ўзбекистон Футбол ассоциацияси (ЎФА) - Ўзбекистонда футболнинг барча турларини, шу жумладан ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи ташкилот;

Спорт ва жисмоний тарбия - оммавий тадбирлар регламенти (Регламент) - спорт ва жисмоний тарбия - оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайдиган ҳамда улар юзасидан шартлар ва талабларни қўлланиш ва бажариш тартибини белгилайдиган қоидалар йиғиндисидан иборат бўлган асосий ҳужжат;


Спорт ва жисмоний тарбия - оммавий тадбирлар тўғрисида низом (Низом) - спорт ва жисмоний тарбия - оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини белгилайдиган асосий ҳужжат;


ўқув-тренировка йиғинлари - спорт йўналишига, педагогик ва тарбиявий характерга эга бўлган, футболчиларни мусобақаларда ва жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда муваффақиятли қатнашишга тайёрлаш учун спорт маҳоратини оширишга йўналтирилган уюштирилган тадбирлар;


футбол бўйича тренер - юқори малакали ва спорт резерви футболчиларини тайёрлаш бўйича мутахассис ҳисобланадиган шахс;


футболчи - ҳаваскорлик ёки профессионал асосда футбол билан мунтазам равишда шуғулланадиган, ўз спорт маҳоратини доимий ошириб борадиган ва футбол бўйича ўтказиладиган мусобақаларда мунтазам қатнашадиган шахс;


футбол бўйича ҳакам - футбол бўйича мусобақаларни ўтказишда уларнинг Қоидаларига ва регламентловчи ҳужжатларига мувофиқ уларни назорат қилиш ва бошқаришни таъминлайдиган шахс;


футбол бўйича терма жамоалар - футболчиларнинг техник-тактик тайёргарлигини такомиллаштириш ва спорт маҳоратини ошириш мақсадида шакллантирилган, раҳбарлар, менежерлар, маъмурлар, тренерлар, футболчилар, врачлар, фармацевтлар, массажчилар, психологлар, илмий ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бошқа мутахассислардан иборат бўлган жамоалар.


3. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий футбол ассоциациялари (кейинги ўринларда ҳудудий ассоциация деб аталади) футболни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган юридик ва жисмоний шахсларни бирлаштирувчи, тегишли ҳудудларда футболнинг барча турларини, шу жумладан ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришни мувофиқлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳисобланади.

4. Ҳудудий ассоциация белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб юридик шахс мақомига эга бўлади.

5. Ҳудудий ассоциация ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Намунавий низомга, шунингдек ўз уставига ҳамда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳужжатларига амал қилади.


II. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ

6. Қуйидагилар Ҳудудий ассоциациянинг мақсади ва вазифалари ҳисобланади:

футболнинг барча турларини, ҳаваскорлик футболини ва профессионал футболни ривожлантиришнинг мувофиқлаштирилишини таъминлаш;

футбол клублари ва жамоаларига уларнинг футбол бўйича ҳудудий, республика ва халқаро мусобақаларга тайёрланишида ва уларда қатнашишида ҳар томонлама кўмаклашиш;

аҳоли кенг қатламлари ўртасида футбол бўйича мусобақалар ўтказишни ташкил этиш;

Ўзбекистон ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларига номзодлар тайёрлаш учун жавоб берадиган асосий футбол клублари сифатида уларнинг ҳузуридаги футбол бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактабларини ривожлантириш ҳамда футбол клублари учун резерв тайёрлаш мониторингини амалга ошириш;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамлар, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

футболни, шу жумладан халқаро аренада ривожлантиришга катта ҳисса қўшган ҳудудий футбол ассоциациялари аъзоларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, футбол фахрийлари ва бошқа мутахассисларни ахборотлар билан, илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга кўмаклашиш;

жойларда футбол бўйича спорт-оммавий тадбирлар ўтказиш орқали тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамфикрлик ғояларини тарғиб қилиш;

футболни тарғиб қилиш ва ривожлантириш, унинг манфаатлари ва қадриятларини ҳимоя қилиш, тегишли ҳудудларда жойлашган турли ташкилотларда футболни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш;

футболни ахборотлар билан, илмий-методик ва моддий-техник жиҳатдан таъминлаш;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамларнинг, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш.



III. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИНГ ФАОЛИЯТИ

7. Ҳудудий ассоциация ўз фаолиятини контрактлар (шартномалар), ўзаро ихтиёрий ҳамкорлик ва ўзаро муносабатларнинг тақиқланмаган бошқа шакллари асосида амалга оширади.

8. Ҳудудий ассоциация мақсади ва вазифаларига эришиш учун:

футбол бўйича чемпионатлар ва кубокларни, турли турнирлар, фестиваллар, конференциялар ва симпозиумларни ташкил этади ва ўтказади;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамлар, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассислар учун, шу жумладан республика ва халқаро курслар, семинарлар ва йиғинлар ташкил қилади ва ўтказади;

тегишли ҳудудда футболни ривожлантиришни мувофиқлаштиради, ҳудудий ассоциация аъзолари, футболчилар, тренерлар ва ҳакамлар, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассислар ўртасида вужудга келиши мумкин бўлган келишмовчиликлар ва баҳсларни тартибга солишни таъминлайди;

Ҳудудий ассоциация уставини, футбол ва унинг қоидаларини бузиш ва суиистеъмол қилишнинг турли шаклларини, мусобақага зарарли ва бошқа салбий методлар ёки амалиётнинг жорий этилишини бартараф этишга йўналтирилган зарур чора-тадбирларни ташкил қилади;

футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил қилади;

футбол бўйича илмий-методик ва оммабоп адабиётлар нашр этиш, шунингдек тадбиркорлик билан шуғулланишни ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа фаолиятни белгиланган тартибда амалга оширади.


9. Ассоциация Ўзбекистон Футбол ассоциациясига футбол бўйича терма жамоаларни, футбол клубларини, футболчилар, тренерлар ва ҳакамларни, шунингдек, тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тавсия этади.

10. Ҳудудий ассоциация:

тегишли ҳудудларнинг терма жамоалари ва футбол клубларининг ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан ўтказиладиган мусобақаларда ва бошқа спорт мусобақаларида қатнашишига;

футболчилар, тренерлар, ҳакамлар ва футбол бўйича бошқа мутахассислар томонидан футбол ўйинлари қоидаларининг, Регламент ва Низомнинг, ўзларининг фаолиятига тааллуқли бошқа ҳужжатлар нормалари ва талабларининг бузилишига;

Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси, Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг тегишли рухсатномаларига эга бўлмаган шахслар томонидан тренерлик ва ҳакамлик фаолияти юритилишига йўл қўймаслик бўйича зарур чора-тадбирларни кўриши керак.

11. Ҳудудий ассоциация футбол бўйича терма жамоаларни ва уларнинг резервини ва/ёки алоҳида футболчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-тренировка машғулотлари йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларидаги ўз фаолиятини ҳам республика ҳудудида, ҳам чет элда амалга ошириши мумкин.

12. Ҳудудий ассоциация ўзининг мақсади, вазифалари ва функцияларини тўлақонли бажариш учун доимий фаолият кўрсатадиган органларга эга бўлиши, зарур маблағларни қидириб топиши, боғланиш телефонлари (факс)га, электрон почта ва сайт (веб-сайт)га эга бўлиши, Ҳудудий ассоциация ходимларига ўз зиммасига юкланган функцияларини тўлақонли ва самарали бажариши учун зарур шарт-шароитлар яратиши керак.

13. Ҳудудий ассоциация ўз ишлари ва тадбирларининг йиллик режаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Футбол ассоциациясига тақдим этади.

14. Ҳудудий ассоциация Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ва бошқа халқаро органларда Ўзбекистон футбол ассоциацияси номидан мустақил равишда вакиллик қилиши мумкин эмас.

15. Ҳудудий ассоциация Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ва Ўзбекистон Футбол ассоциацияси шафелигида тегишли ҳудудда футбол бўйича мусобақалар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради.


IV. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИНГ

РАҲБАРИЯТИ ВА ОРГАНЛАРИ

16. Ҳудудий ассоциация раҳбарияти ва маъмурияти таркибини сайлаш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ ва Ҳудудий ассоциациянинг ўз уставида назарда тутилган ташкилий-ҳуқуқий шаклига мувофиқ белгиланади.

Ҳудудий ассоциациянинг биринчи вице-президенти ва штатлар жадвали ЎФА билан келишган ҳолда Ҳудудий ассоциация томонидан тасдиқланади.

Ҳудудий ассоциация (аппарати)нинг раҳбарияти ва маъмурияти таркиби тузилмаси ушбу Намунавий низомга иловада белгиланган.

17. Ҳудудий ассоциация белгиланган тартибда тегишли ҳудудда футболни янада ривожлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича ўз қўмиталари, кенгашлари ва комиссияларини ташкил этиши, шунингдек жамғармалар ва бошқа ташкилотлар ташкил қилиши, ноширлик фаолияти ҳамда ўзининг мақсади ва вазифаларига мувофиқ бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин.


V. ФУТБОЛДА ШАХСЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ. ФУТБОЛ БЎЙИЧА

СПОРТ ТАДБИРЛАРИНИ ЎТКАЗИШ, ТЕРМА ЖАМОАЛАРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИ


18. Футбол учун мўлжалланган спорт иншоотлари, футбол ташкилотлари, шунингдек терма жамоалар раҳбарлари, футбол клублари ва футбол бўйича бошқа жамоалар, тегишли ҳудуднинг футбол бўйича барча даражалардаги тренерлари Ҳудудий ассоциация билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

19. Футболчилар билан ўқув-тренировка машғулотларини ўтказиш фақат Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан белгиланган тартибда футбол бўйича тренерлик фаолиятига йўл қўйилган шахслар томонидан амалга оширилади.

Футбол бўйича тренерлар, футболчилар, футбол бўйича ҳакамлар ва тегишли ҳудуд футболи бўйича бошқа мутахассисларнинг контрактлари (шартномалари)ни рўйхатдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан белгиланади.

20. Футбол бўйича тренерлар, ҳакамлар ва тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларни тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш бўйича машғулотларни ўтказиш фақат Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан ушбу фаолият билан шуғулланишга белгиланган тартибда қўйилган шахслар томонидан амалга оширилади.

21. Ўқув-тренировка йиғинларини ташкил этиш ва ўтказиш Ҳудудий ассоциация қарорларига мувофиқ амалга оширилади.

22. Ҳудудий ассоциациялар Календарига киритилган футбол мусобақалари ҳудудий мақомидан, даражаси ва кўламидан қатъи назар Ҳудудий ассоциациянинг расмий мусобақалари ҳисобланади ҳамда Ҳудудий ассоциациянинг раҳбарлигида ва ЎФАнинг кузатуви остида ўтказилади.

Ассоциация тақвимига киритилган мусобақаларни бошқариш, уларни ўтказиш Ассоциация томонидан рўйхатдан ўтказилган ҳакамлар томонидан амалга оширилади.

Ассоциациянинг расмий мусобақаларида қатнашишга қўйиш мусобақалар тўғрисидаги Регламентга ва Низомга ҳамда Футбол ўйини қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ассоциациянинг расмий мусобақалари ўтказилаётганда:

Ассоциациянинг аъзолари ҳисобланмаган, Ассоциацияда аккредитациядан ўтмаган ҳамда Ассоциациянинг расмий ҳомийлари ҳисобланмаган ташкилотларнинг рамзлари, логотиплари ва қисқартма сўзларидан реклама мақсадларида фойдаланишга;

Ассоциацияда аккредитациядан ўтмаган жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳар қандай суратга олиш ва трансляцияларга;

Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан маъқулланмаган спорт кийимлари, инвентарь ва жиҳозлардан, шунингдек электрон, ўлчов, техник ва бошқа ёрдамчи воситалардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

23. Тегишли ҳудуднинг турли ташкилотлари томонидан ўтказиладиган футбол мусобақалари Ҳудудий ассоциация томонидан тасдиқланиши керак. Футбол ўйини қоидаларига риоя қилинишини ва турли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган мусобақаларни уларни тартибга солувчи ҳужжатларга мувофиқ бошқаришни назорат қилишни таъминлаш фақат Ҳудудий ассоциация томонидан тавсия этилган футбол ҳакамлари томонидан амалга оширилиши керак.

24. Футболни оммалаштиришга, уни илмий-методик ва техник жиҳатдан таъминлашга, футбол мураббийлари, футболчилар ва футбол ҳакамларининг, шунингдек футбол бўйича бошқа мутахассисларнинг малакасини оширишга йўналтирилган фестиваллар, конференциялар, симпозиумлар, курслар, семинарлар, йиғинлар, спорт-кўнгилочар, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва бошқа спорт тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш Ҳудудий ассоциациянинг қарорига кўра амалга оширилади.

25. Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захираси Ассоциация ва "Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан тасдиқланади.

Терма жамоалар ва уларнинг захирасини шакллантириш шартлари, талаблари ва тартиби белгиланган тартибда тасдиқланади.

Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захираси катта ёшдагилар, ёшлар (ўсмирлар), ўсмирлар ва болалар тоифасига бўлиниши мумкин.

Тегишли ҳудуднинг футбол бўйича терма жамоалари ва уларнинг захирасига киритиш учун футбол ҳакамлари, футболчилар, шунингдек футбол бўйича бошқа мутахассислар Ўзбекистон Футбол ассоциацияси томонидан белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

Тегишли ҳудуднинг терма жамоаларини таъминлаш, уларни тайёрлаш, шу жумладан ўқув-тренировка йиғинлари ўтказиш ҳамда мусобақаларда ва/ёки жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда қатнашиш:

терма жамоа аъзоларининг овқатланиши, йўл юриши, жойлашиши ва суткалик пули, шунингдек уларни фармакология ва тикланиш воситалари, витаминлар ва оқсил-глюкоза препаратлари, умумий даволаниш мақсадидаги дори-дармонлар ва боғлаш материаллари билан таъминлаш;

спорт иншоотлари, жиҳозлар, инвентарь ва техник воситалардан фойдаланганлик учун ижара тўлови;

терма жамоалар аъзоларининг энергияга бўлган эҳтиёжини, сарфланган куч-қуввати ва жисмоний ресурслари компенсацияси учун озиқ-овқатларнинг асосий компонентлари билан таъминлаш;

терма жамоалар аъзоларини зарур спорт буюмлари, кийим-бош, инвентарь ва жиҳозлар билан таъминлаш, уларнинг тикланиш тадбирлари (физиотерапевтик, психологик ва бошқалар);

терма жамоалар аъзоларини тайёрлаш учун аудио ва видео жиҳозлар ҳамда материаллар сотиб олиш, ўқув-методик жиҳатдан таъминлаш ва даволаш-педагогик текширувлар ва назорат қилиш ҳамда терма жамоалар футболчиларини самарали тайёрлаш мақсадида илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва олиб бориш;

терма жамоалар аъзоларини аккредитациядан ўтказишга, уларга виза олиш учун ҳақ тўлаш ва уларнинг мусобақалар, жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда ва ўқув-машқ йиғинларида қатнашганлиги учун бадал тўлаш, допинг-назоратдан ўтиш;

аэропортлар, темир йўл, автомобиль ва сув вокзаллари йиғимларини тўлаш, спорт инвентари ва жиҳозларини транспортда ташиш, ёқилғи-мойлаш материаллари ва бошқа зарур материаллар билан таъминлаш;

футбол мураббийлари ва мутахассислари, шу жумладан хорижий мураббийлар ва мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш, терма жамоалар аъзоларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурта қилиш, вакиллик харажатлари ва кўзда тутилмаган харажатлар (апелляция, даъво, факс, халқаро телефон сўзлашувларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, оғир жароҳатлар олинганда тиббий ёрдам учун ҳақ тўлаш, Интернет хизматлар), шикаст етказганлик учун ҳақ тўлаш ва бошқа харажатлар билан боғлиқ харажатларни тақозо этади.

Терма жамоаларнинг ўқув-тренировка йиғинларида ва/ёки жисмоний тарбия-оммавий тадбирларда қатнашиши билан боғлиқ бошқа харажатлар қонун ҳужжатлари билан тасдиқланган меъёрлар бўйича қопланади.

Хорижий валютадаги харажатлар белгиланган тартибда тасдиқланган меъёрларга, шунингдек Регламент ва/ёки Низомнинг молиявий шартларига ёхуд қабул қилиш шартларига мувофиқ ажратилган ва келишилган маблағлар доирасида аниқланади.



VI. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИНГ МОДДИЙ-ТЕХНИКА

БАЗАСИ, МАБЛАҒЛАРИ ВА МОЛ-МУЛКИ

26. Ҳудудий ассоциация ўз фаолиятини самарали таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз мулки бўлган ва/ёки ижарага олинган маъмурий ва қўшимча биноларга эга бўлиши, спорт базасини (спорт заллари, бассейнлар, майдончалар ва ҳоказоларни) ижарага олиши, тиббиёт хонаси, кино-, фото-, видеолабораториялар, методика хонаси, жиҳозлар ва инвентарь, методик адабиётлар, кўргазмали қўлланмалар, автотранспорт, техник ва электрон воситалар, ер участкалари, бинолар, иншоотлар, турар жой фондига, сўмда ва хорижий валютада пул маблағларига, қимматли қоғозлар ҳамда бошқа кўчар ва кўчмас мулкка эга бўлиши мумкин.

27. Ҳудудий ассоциация ЎФА ёки бошқа ташкилотлар томонидан берилган мол-мулкнинг, шунингдек, Ҳудудий ассоциациянинг ўзи бошқа қонуний асосларда сотиб олган мол-мулкнинг эгаси ҳисобланади.

28. Ҳудудий ассоциациянинг маблағлари ва мол-мулки қуйидаги манбалардан:

кириш бадаллари;

йиллик аъзолик бадаллари;

ҳомийлардан тушадиган маблағлар;

хўжалик фаолиятидан, шу жумладан ноширлик фаолиятидан олинган даромадлар;

Ассоциация уставида назарда тутилган тадбирларни ўтказишдан тушган тушумлар;

Ўзбекистон Футбол ассоциация ва бошқа ташкилотларнинг молиявий қўллаб-қувватлаши, шунингдек жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия бадаллари;

пулли хизматлар кўрсатиш, Ҳудудий ассоциациянинг расмий рамзларидан фойдаланиш, давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлардан тушадиган субсидиялар, шунингдек қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа манбалар ва даромадлардан шакллантирилади.

29. Ҳудудий ассоциациянинг молиявий маблағлари ва даромадлари футболни ривожлантириш ва оммалаштириш қатнашчилари, Ҳудудий ассоциация аъзолари ва ҳар қандай бошқа шахслар ўртасида тақсимланмайди ҳамда фақат Ҳудудий ассоциациянинг тегишли мақсадлари, вазифалари ва фаолияти харажатларига йўналтирилиши мумкин.

30. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланган тартибда Ҳудудий ассоциация томонидан тўланади.


VII. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИНГ ҲИСОБ ВА ҲИСОБОТИ

31. Ҳудудий ассоциация қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз фаолияти натижаларининг бухгалтерия ҳисобини амалга оширади, статистика ҳисоботи юритади, ҳисобот маълумотлари ва баланс ҳисоб-китобларининг ишончлилигини таъминлайди.

32. Ҳудудий ассоциация ва унинг органларининг мол-мулки ва ҳужжатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобга олинади.

33. Ҳудудий ассоциация тегишли ҳудудда футболни ривожлантиришга тегишли барча масалаларда Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан мустаҳкам алоқада ишлайди ва унга ҳисоб беради. Федерация Ўзбекистон Футбол ассоциациясига ҳар йилги ҳисобот тақдим этади.

34. Ҳудудий ассоциация қонун ҳужжатларига мувофиқ рўйхатдан ўтказувчи ва бошқа органларга ҳисоботлар тақдим этади.


VIII. ИНТИЗОМИЙ ЧОРАЛАР


35. Ассоциация томонидан Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ва Ўзбекистон Футбол ассоциациянинг қарорлари, Футбол ўйини қоидалари бузилганлиги учун белгиланган тартибда қуйидаги тегишли интизомий чоралар қўлланилиши мумкин:

Ҳудудий ассоциациянинг жамоа аъзоларига, тегишли ҳудуднинг футбол бўйича спорт тадбирларини оммалаштирадиган ёки ўтказадиган футбол клублари ва ташкилотларига - огоҳлантириш, жарима солиш, ўйинни томошабинларсиз ўтказиш, ўйин натижаларини бекор қилиш, муайян стадионда ўйин ўтказишни тақиқлаш, ўйинни бетараф майдонда ўтказиш, мусобақаларда қатнашишни тақиқлаш, трансферни тақиқлаш, очколарни олиб ташлаш, қуйи дивизионга ўтказиш, аъзоликдан чиқариш;

Ҳудудий ассоциациянинг якка тартибдаги аъзоларига (футбол бўйича тренерларга, футболчиларга, футбол бўйича ҳакамларга, шунингдек тегишли ҳудуддаги футбол бўйича бошқа мутахассисларга) - огоҳлантириш, жарима, мусобақаларда қатнашиш натижаларини бекор қилиш, мусобақаларда иштирок этишдан четлатиш, мусобақаларда иштирок этишни тақиқлаш, ўйинда қатнашишдан маҳрум этиш, мукофотдан маҳрум қилиш, малакасидан маҳрум қилиш ёки уни пасайтириш, тегишли ҳудудда футбол билан боғлиқ бўлган ҳар қандай фаолиятда иштирок этишдан четлатиш.


IX. ҲУДУДИЙ АССОЦИАЦИЯНИ ТУГАТИШ

36. Ҳудудий ассоциацияни тугатиш белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳудудий ассоциацияни тугатиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

37. Кредиторлар талаблари қондирилгандан кейин қолган мол-мулк Ҳудудий ассоциация иштирокчилари (аъзолари), шунингдек раҳбар органлар аъзолари ёки Ҳудудий ассоциация ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас ва улардан футболни ривожлантириш учун белгиланган тартибда фойдаланилади.


X. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


38. Давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар Ҳудудий ассоциацияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши мумкин. Давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ёрдам кўрсатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган контрактлар (шартномалар) асосида амалга оширилади.

39. Ассоциациянинг Ўзбекистон Футбол ассоциациясига аъзолиги Ўзбекистон Футбол ассоциацияси уставига мувофиқ белгиланади.

40. Футбол бўйича пайдо бўладиган барча баҳсли масалалар, қоидага кўра, Ассоциация ва Ўзбекистон Футбол ассоциациясида кўриб чиқилади.

41. Ассоциациянинг хатти-ҳаракати оқибатида Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ёки бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Футбол ассоциациясига жарима санкциялари қўлланилган тақдирда, унда бу санкциялар Федерациянинг ўзи томонидан қопланиши керак.


42. Ассоциациянинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


43. Ассоциация фаолиятини назорат қилиш рўйхатдан ўтказган ва бошқа ваколатли ташкилотлар томонидан, белгиланган тартибда амалга оширилади.


44. Халқаро Футбол Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси ва Ўзбекистон Футбол ассоциациясининг норматив ҳужжатлари Ассоциация ва тегишли ҳудудда футболни ривожлантираётган барча ташкилотлар учун амал қилинадиган ҳужжатлар ҳисобланади.


45. Мазкур Намунавий низомда тартибга солинмаган муносабатлар тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.






Намунавий низомга

ИЛОВА


Ҳудудий футбол ассоциациясининг раҳбарияти

ва маъмурий таркиби (аппарати)нинг

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ


 

 

ПРЕЗИДЕНТ

(Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари)








  





  

 






 

 


 





 

Бош бухгалтер

(1 нафар)


Биринчи вице-президент

(1 нафар)


Вице-президент

(ИИБ бошли?и)








 


 

Болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш бўйича мутахассис

(1 нафар)









Оммавий футбол бўйича мутахассис

(1 нафар)












































Селекция ишлари бўйича мутахассис

(1 нафар)









Аёллар, пляж футболи ва мини футбол бўйича мутахассис

(1 нафар)












































Тренерларни тайёрлаш бўйича мутахассис

(1 нафар)









Судьялар ва инспекторларни тайёрлаш бўйича мутахассис

(1 нафар)












































Маркетинг бўйича мутахассис


(0-1 нафар)









Матбуот котиби


(0-1 нафар)

























 

Изоҳ. Ҳудудий футбол ассоциацияларининг штатлари, зарурият бўлганда, маҳаллий бюджет маблағлари, ҳомийлар маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиявий тушумлар ҳисобига кўпайтирилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 49-сон, 524-модда.