язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури/ Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар ташаб бускорларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 01.12.2009 й. ПҚ-1236-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2009 йил 1 декабрдаги

ПҚ-1236-сон қарорига

1-ИЛОВА



Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар,

бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни

маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида

давлат бошқаруви органлари ва лойиҳалар

ташаббускорларининг ўзаро ҳамкорлик

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини (кейинги ўринларда Маҳаллийлаштириш дастури деб юритилади) тузиш, тасдиқлаш ва амалга оширилишини назорат қилиш тартибини, шунингдек ушбу жараёнда унинг асосий қатнашчилари - Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитаси, бошқа вазирликлар ва идоралар, Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллийлаштириш лойиҳалари ташаббускорлари бўлган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмини белгилайди.

2. Маҳаллийлаштириш дастурини тузиш унга:

хўжалик юритувчи субъектлар ташаббус кўрсатган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини;

импорт қилинадиган маҳсулотларнинг ҳажми, таркиби ва турларини чуқур таҳлил қилиш, ташқи бозорлар конъюнктурасини тизимли ўрганиш асосида ишлаб чиқилган Ташқи савдо вазирлигининг таклифлари асосида Иқтисодиёт вазирлиги томонидан жойлаштириладиган тайёр маҳсулотлар, хизматлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини;

монополиялаштириш даражасини ва рақобат муҳити ривожланишини, товарлар (хизматлар)нинг ўзаро бир-бирининг ўрнини босиши ва нарх омилини ҳисобга олган ҳолда товарлар (хизматлар) билан ички бозорнинг тўлдирилганлигини баҳолашдан келиб чиқиб Давлат рақобат қўмитасининг таклифлари асосида тузиладиган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг янги турларини ўзлаштириш лойиҳаларини киритиш йўли билан амалга оширилади.

3. Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат рақобат қўмитасининг (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб юритилади) хулосалари асосида амалга оширилади.

4. Маҳаллийлаштириш дастурини тузиш ва амалга ошириш ишларини мувофиқлаштириш учун Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишни таъминлаш бўйича махсус идоралараро комиссия (кейинги ўринларда махсус комиссия деб юритилади) ташкил этилади. Махсус комиссиянинг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Махсус комиссиянинг ишчи органи ҳисобланади. Унинг ходимларидан котиб бошчилик қиладиган Махсус комиссия Котибияти тузилади.


5. Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини тасдиқлаш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилади.


6. Маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритиш, шунингдек тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қарор:

Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари параметрларига тузатишлар киритиш юзасидан - Махсус комиссия томонидан, маҳаллийлаштиришнинг белгиланган даражасини пасайтириш бундан мустасно;

Махсус комиссиянинг таклифлари бўйича маҳаллийлаштириш лойиҳалари параметрлари ва рўйхатига ўзгартиришлар киритиш юзасидан - Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади.

Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ишлаб чиқариш қувватлари доирасида Махсус Идоралараро комиссия ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилмаган ҳолда лойиҳалар ташаббускорлари томонидан амалга оширилади.


II. МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИНИ ТУЗИШ

БЎЙИЧА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ОРГАНЛАРИ ВА

ЛОЙИҲАЛАР ТАШАББУСКОРЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ФУНКЦИЯЛАРИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


7. Маҳаллийлаштириш дастурини тузиш жараёнида самарали ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ва уни амалга оширишнинг сифатли мониторингини ташкил этиш мақсадида:

а) лойиҳаларнинг ташаббускорлари - вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар:

ташаббус кўрсатилаётган маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлайдилар ҳамда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш учун ҳужжатларни белгиланган тартибда Махсус комиссия Котибиятига тақдим этадилар;

ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг мамлакатимиздаги потенциал харидорларини ва хорижий харидорларни ҳамкорликка жалб қилиш ҳамда ички ва ташқи бозорларда талаб қилинган товарларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга буюртмачиларни фаоллик билан излайдилар, ҳамкорликни ривожлантириш шартларини муҳокама қиладилар ва шартнома билан расмийлаштириш бўйича улар билан музокаралар ташкил этадилар ва олиб борадилар;

маҳаллийлаштириш дастурларини самарали ва ўз вақтида амалга оширадилар ва белгиланган параметрларга эришадилар;

б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги:

импорт контрактлари бўйича электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва юритади ҳамда шу асосда республика тармоқлари ва корхоналари бўйича импорт қилинадиган маҳсулотлар (хизматлар) таркиби ва турларини чуқур таҳлил қилади;

импорт қилинадиган маҳсулотлар таркиби ва турларини чуқур таҳлил қилиш, ташқи бозорлар конъюнктурасини тизимли ўрганиш асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг йўналишлари ва аниқ рўйхатлари бўйича ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга доир таклифларни, шу жумладан экспортга етказиб беришни кенгайтириш учун ишлаб чиқади, кейинчалик ушбу таклифларни Иқтисодиёт вазирлигига тақдим этади;

хорижий компаниялар ва ташкилотларнинг таклифлари ва салоҳиятини ўрганиш асосида импортнинг ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган маҳсулотларнинг энг кўп талаб қилинадиган турларини ўзлаштириш бўйича хорижий шерикларни саноат кооперациясига жалб этишга доир таклифларни ишлаб чиқади ва Махсус комиссия Котибиятига киритади;

белгиланган ҳолатларда маҳаллийлаштириш лойиҳаларини баҳолаш натижалари бўйича экспертиза ўтказади ва хулосалар беради;

в) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:

импортнинг ўрнини босадиган маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича Ташқи савдо вазирлигининг, Давлат рақобат қўмитасининг таклифларини республиканинг хўжалик бирлашмалари ва корхоналари билан биргаликда батафсил ўрганади ҳамда импортнинг ўрнини босадиган маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларнинг янги турларини мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқаришга буюртмаларни жойлаштириш, шу жумладан янги корхоналар ташкил этиш, шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокида корхоналар ташкил этиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади;

мамлакатимиз иқтисодиётини комплекс ва мувозанатли ривожлантиришни таъминлашни, табиий, минерал-хом ашё, ишлаб чиқариш, илмий-техник ва меҳнат салоҳиятидан, шунингдек тегишли инфратузилмадан самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда маҳаллийлаштириладиган ишлаб чиқаришни иқтисодиётнинг муайян тармоқларида ва минтақаларида жойлаштиришга доир таклифларни ишлаб чиқади;

давлат ва хўжалик бошқарувига тегишли органлари, саноат корхоналари билан биргаликда бир нечта ташкилотлар ва корхоналарни жалб этишни талаб қиладиган маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг янги мураккаброқ турларини ўзлаштириш учун узеллар ва деталлар ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг самарали схемаларини, шунингдек ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш тадбирларини ишлаб чиқади;

ишлаб чиқариш қувватлари ва технологик жиҳатдан қайта тақсимлаш, маҳсулотларнинг ишлаб чиқариладиган турлари электрон маълумотлар базасини ишлаб чиқади ва юритади ҳамда шу асосда саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

белгиланган холларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини баҳолаш натижалари бўйича экспертиза ўтказади ва хулосалар беради;

хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртманомаларини, тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхатлари бўйича Ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат рақобат қўмитасининг таклифлари бўйича республика корхоналарида жойлаштирилган буюртмаларни кўриб чиқиш асосида Маҳаллийлаштириш дастурини тузади;

Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишнинг, шу жумладан Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳалар билан белгиланган параметрларга эришишнинг тизимли мониторингини олиб боради, уларни амалга ошириш давомида муаммоли масалаларни аниқлайди ҳамда тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

г) Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси:

монополиялаштириш ва рақобат муҳитини ривожлантириш даражасини, товарлар (хизматлар)нинг ўзаро ўрнини босишини ва нарх омилини ҳисобга олган ҳолда бозорнинг товарлар (хизматлар) билан тўлдирилганлигини баҳолайди ҳамда тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг аниқ рўйхати билан бирга товарлар (хизматлар)ни мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ўзлаштиришнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида Иқтисодиёт вазирлигига таклифлар киритади;

белгиланган ҳолларда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини баҳолаш натижалари бўйича экспертиза ўтказади ва хулосалар беради;

мавжуд бўш ётган ишлаб чиқариш қувватлари, бинолар ва иншоотлар, шу жумладан бепул харид қиймати бўйича аниқ инвестиция мажбуриятлари эвазига таклиф этилаётган қувватлар, бинолар ва иншоотлар маҳаллийлаштириладиган ишлаб чиқаришларни ўзлаштиришни ташкиллаштириш учун улар тўғрисида Иқтисодиёт вазирлигига ҳар чоракда ахборот бериб бориш;

д) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ўзлаштиришга тавсия қилинаётган маҳсулотлар рўйхатини технологик қайта тақсимлаш, асбоб-ускуналар ва республика саноат корхоналари салоҳиятини, фойдаланилаётган ишлаб чиқариш технологияларини ўрганиш асосида янги самарали технологияларни ва илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини, бир нечта ташкилотлар ва корхоналарни жалб этишни талаб қиладиган маҳаллийлаштириладиган маҳсулотларнинг янги мураккаброқ турларини ўзлаштириш учун узеллар ва деталлар ишлаб чиқаришни жойлаштиришнинг оқилона ва энг мақбул схемаси бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;

ж) "Ўзстандарт" агентлиги ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сифати ва дизайни бўйича замонавий талаблар ва стандартлар даражасига етказиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади ва Махсус комиссия Котибиятига киритади;

з) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ёки Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати остидаги кредит маблағлари ҳисобига Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш таклиф қилинаётган лойиҳалар амалга оширилган тақдирда иқтисодий самарадорликни келишиш юзасидан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларини баҳолаш натижалари бўйича экспертиза ўтказади ва хулосалар беради;

и) Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш, молия ва банк тизимларини ислоҳ қилиш, хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш масалалари йиғма ахборот-таҳлил департаменти ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш жараёнларини чуқурлаштириш соҳасида Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари ҳамда барча вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмаларининг ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради.


III. ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪЕКТЛАР ТОМОНИДАН

ТАШАББУС КЎРСАТИЛГАН ЛОЙИҲАЛАРНИ

МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИГА

КИРИТИШ ТАРТИБИ


8. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, хўжалик юритувчи субъектлар - маҳаллийлаштириш лойиҳалари ташаббускорлари (кейинги ўринларда лойиҳа ташаббускори деб юритилади) лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган шакл бўйича Махсус комиссия Котибиятига "бир дарча" принципи бўйича киритади.

Хўжалик юритувчи субъектлар лойиҳаларни Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш бўйича электрон шаклда таклифлар бериш ҳуқуқига эга.

9. Лойиҳа ташаббускори тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


10. Лойиҳа ташаббускоридан қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган қўшимча маълумотларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


11. Махсус комиссия Котибияти лойиҳанинг мақсадидан, уни молиялаштириш манбаларидан келиб чиққан ҳолда тушган таклифларни кўриб чиқиш учун икки кун муддатда ваколатли органларга юборади.


12. Таклифлар бир вақтнинг ўзида қуйидаги ваколатли органлар:

а) Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан:

лойиҳанинг Маҳаллийлаштириш дастури мақсадлари ва вазифаларига мувофиқлиги;

лойиҳани амалга ошириш имконияти;

маҳаллийлаштиришнинг таклиф этилаётган даражасига эришиш имконияти;

лойиҳани Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш ёки лойиҳа параметрларини ўзгартиришнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан лойиҳани амалга оширишнинг умумий иқтисодий мақсадга мувофиқлиги баҳоланади;

б) Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги томонидан:

маркетингнинг таклиф этилаётган концепцияси, шу жумладан маҳаллийлаштириладиган маҳсулотни сотиш истиқболлари;

маҳаллийлаштириладиган маҳсулотни ташқи бозорда сотиш нархлари параметрлари (лойиҳа ташаббускори томонидан маҳсулотни экспорт қилиш назарда тутилган тақдирда);

шунга ўхшаш маҳсулот импортини таҳлил қилиш (ТИФ ТН коди бўйича 10 белги даражасида);

лойиҳани Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш ёки лойиҳа параметрларини ўзгартиришнинг мақсадга мувофиқлиги асосида лойиҳани амалга ошириш самарадорлиги ва имконияти баҳоланади;

в) Давлат рақобат қўмитаси томонидан - рақобат муҳитини, монополия қилиб олиш даражасини, товарларнинг ўзаро бир-бирининг ўрнини босишини ҳисобга олган ҳолда бозорни тўлдириш ва нарх белгилаш баҳоланади;

г) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан (лойиҳа молиялаштиришнинг марказлаштирилган манбалари ёки Ҳукумат кафолати остидаги кредит маблағлари ҳисобига амалга оширилган тақдирда) - лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги баҳоланади.

Зарурият бўлганда Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Иқтисодиёт вазирлигида ваколатли органлар мутахассисларидан иборат вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.


13. Ваколатли органлар лойиҳа ташаббускорларининг таклифларини кўриб чиқиш натижалари бўйича асосланган хулосаларни ҳужжатлар тушган пайтдан бошлаб ўн кундан кеч бўлмаган муддатда Махсус комиссия Котибиятига юборади.

Хулосанинг нусхаси ваколатли орган томонидан лойиҳа ташаббускорига юборилади.


14. Фикр-мулоҳазалар мавжуд бўлган тақдирда ҳужжатлар ваколатли органлар томонидан лойиҳа ташаббускорига пухта ишлаш учун қайтарилади.

Пухта ишланган ҳужжатлар лойиҳа ташаббускорлари томонидан ваколатли органларга тақдим этилади. Ҳужжатларни такрорий кўриб чиқиш ва тегишли хулосаларни Махсус комиссия Котибиятига тақдим этиш ваколатли органлар томонидан илгари билдирилган фикр-мулоҳазалар лойиҳа ташаббускорлари томонидан бартараф этиш шарти билан бир ҳафта муддатда амалга оширилади.

Пухта ишланган лойиҳани кўриб чиқишда ваколатли органлар томонидан янги фикр-мулоҳазалар билдирилишига йўл қўйилмайди.


15. Махсус комиссия Котибияти икки ҳафта муддатда ваколатли органларнинг тушган ижобий хулосаларини умумлаштиради ва махсус Комиссия Протоколи лойиҳасини, зарурият бўлганда, Ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлайди, белгиланган тартибда унинг келишилишини таъминлайди ва Вазирлар Маҳкамаси киритади.

Бир ёки бир нечта ваколатли органнинг салбий хулосаси мавжуд бўлган тақдирда лойиҳани Маҳаллийлаштириш дастурига киритиш тўғрисидаги қарор Махсус комиссия мажлисида тегишли хулосалар асосида қабул қилинади.



IV. МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИГА

КИРИТИЛГАН ЛОЙИҲАЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ МОНИТОРИНГИНИ ОЛИБ БОРИШ


16. Тасдиқланган Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган ҳар бир лойиҳа бўйича лойиҳани амалга оширишнинг тармоқ жадвали ишлаб чиқилади. Жадвалда лойиҳа орқали Иқтисодиёт вазирлиги билан келишиладиган аниқ белгиланган муддатларда белгиланган параметрларга эришиш назарда тутилади.


17. Иқтисодиёт вазирлиги тармоқ жадвали асосида Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишнинг, шу жумладан Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларда белгиланган параметрларга эришишнинг тизимли мониторингини олиб боради, уларни амалга ошириш давомида муаммоли масалаларни аниқлайди ва тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.


18. Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳаларининг ташқи иқтисодий кўрсаткичлар, шунингдек бажарилиши мониторингини олиб боради, уларни амалга ошириш давомида муаммоли масалаларни аниқлайди ва тегишли таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

19. Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлил департаментлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда Маҳаллийлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш мониторингини олиб боришда аниқланган муаммолар ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, барча вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари фаолиятини мувофиқлаштиради.