язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш/ Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишни (қайд этишни) ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 30.11.2009 й. 2050-сон билан рўйхатга олинган Ички ишлар вазирининг 13.10.2009 й. 107-сонли Буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2009 йил 30 ноябрда 2050-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Ички ишлар вазирининг

2009 йил 13 октябрдаги

107-сонли буйруғига

ИЛОВА



Автомототранспорт воситаларини қайта

рўйхатдан ўтказишни (қайд этишни) ташкил

этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон "Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини бериш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" ҳамда 2007 йил 27 июндаги 131-сонли "Автомототранспорт воситалари учун рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2007 й., 25-26-сон, 264-модда) қарорларига мувофиқ автомототранспорт воситаларини (тиркамаларини, ярим тиркамаларини) (бундан кейинги ўринларда транспорт воситаси деб юритилади) қайта рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш), шунингдек, уларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта таъмирлаш ва алмаштириш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


транспорт воситасининг эгаси (вакили) - транспорт воситасининг мулкдори ёки қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва доирада транспорт воситасига эгалик қилувчи ёки ундан фойдаланувчи ёхуд уни тасарруф этувчи жисмоний ёки юридик шахс;


яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари - механик равишда деформацияланганлиги, кимёвий реагентлар таъсири остида бўлганлиги ёки юқори ҳароратда (термик) ишлов берилганлиги оқибатида ташқи кўринишини аниқлай олмаслик даражасида ўзгарган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари.


қайта рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш) - тегишли юридик асослар мавжуд бўлганида транспорт воситаларини ҳисобга олишга доир маълумотлар ва ҳужжатларга ўзгартиришлар ҳамда қўшимчалар киритиш.


2. Мазкур Йўриқнома талаблари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 27 июндаги 131-сонли қарори билан жорий этилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг янги намуналарига татбиқ этилади.

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигига тегишли ҳарбий транспорт воситалари, юридик ва жисмоний шахсларга тегишли тракторлар, трактор тиркамалари ва ўзиюрар механизмлар, умумфойдаланиш йўлларида ишлатилмайдиган автомобиллар, шунингдек, трамвай, троллейбусларнинг рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларига нисбатан қўлланилмайди.


II. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ҚАЙТА

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ (ҚАЙД ЭТИШ)


3. Автомототранспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

мулкдор-жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ўзгарганда, шунингдек мулкдор-юридик шахс қайта ташкил этилганда ёки номланиши ўзгарганда;

автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш жойини ўзгартиришни талаб қилмаган ҳолда автомототранспорт воситаси эгасининг яшаш (турар) жойи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда;

юридик шахсларга тегишли юк автомототранспорт воситаларининг, автобус ва микроавтобусларнинг сақлаб туриладиган жойи ўзгарганда;

автомототранспорт воситаларининг ранги ва (ёки) рақамли агрегати ўзгарганда;

автомототранспорт воситаси қайта жиҳозланганда;

автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси ёки рўйхатдан ўтказиш давлат рақам белгиси яроқсиз ҳолга келганда, шикастланганда ёки йўқолганда.

4. Транспорт воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш (қайд этиш) Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматларининг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимлари ёки туманлараро рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлинмалари (бундан кейинги ўринларда РИБ (ТРИБ) деб юритилади) томонидан амалга оширилади.


5. Мазкур Йўриқноманинг 3-бандида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, транспорт воситасининг техник ҳолатидан қатъи назар, юридик ва жисмоний шахслар ўн кун мобайнида РИБ (ТРИБ)ларга мурожаат этишлари шарт.



III. ЯРОҚСИЗ ҲОЛГА КЕЛИБ ҚОЛГАН, ШИКАСТЛАНГАН

ЁКИ БУЗИЛГАН РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ДАВЛАТ

РАҚАМИ БЕЛГИЛАРИНИ ҚАЙТА ТИКЛАШ,

ШУНИНГДЕК УЛАРНИ БОШҚАСИГА

АЛМАШТИРИШ


6. Транспорт воситаларининг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш, шунингдек, уларни бошқасига алмаштириш РИБ (ТРИБ)лар томонидан амалга оширилади.


7. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари таъмирланмайди.

Йўқотилган (ўғирланган), фойдаланиш жараёнида стандарт талабларига риоя этилмасдан бузилган ёки қасддан бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари қайта тикланмайди. Уларнинг ўрнига янги рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари берилади.


8. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш, шунингдек, уларни бошқасига алмаштириш учун транспорт воситаларининг эгалари ёзма равишда РИБ (ТРИБ)ларга мурожаат қиладилар.


9. РИБ (ТРИБ) томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш бўйича мурожаатлари умумлаштирилади ҳамда бир ойда бир марта Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасига (бундан кейинги ўринларда ИИВ ЙҲХББ деб юритилади) буюртма расмийлаштирилади.

10. Буюртмага қуйидагилар илова қилинади:

қабул қилиш-топшириш далолатномаси;

яроқсиз холга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари;

тегишли тўловни тасдиқловчи ҳужжат;

транспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги қайд этиш гувоҳномасининг нусхаси.


11. Буюртмалар асосида яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ИИВ ЙҲХББ қошидаги "Uzavtomotobelgi" Давлат унитар корхонасида (бундан кейинги ўринларда Давлат унитар корхона деб юритилади) қайта ишлаб чиқарилади. Буюртмалар Давлат унитар корхонага келиб тушгандан кейин РИБ (ТРИБ)ларнинг вакили иштирокида мазкур Йўриқноманинг 10-бандида кўрсатилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ҳамда ҳужжатлар текширилади. Тақдим этилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари намунасининг ҳақиқий ҳолати кўриб чиқилади. Яроқсиз ҳолга келиб қолган, шикастланган ёки бузилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари йўқ қилинади ва бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

12. Давлат унитар корхона томонидан рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш ўттиз кун мобайнида амалга оширилади.

13. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари қайта тиклангандан сўнг, улар РИБ (ТРИБ)ларга тақдим этилади ва бу ҳақда Фойдаланишда бўлиб шикастланган ва яроқсиз ҳолга келиб қолган рўйхатга олиш давлат рақами белгиларини қайд этиш китобига ёзиб қўйилади.


14. Автомототранспорт воситаларининг ҳар бир қайта тикланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари ҳақидаги маълумот ИИВ ЙҲХББ ва Ахборот маркази электрон ҳисоб базасига киритилади.

15. Транспорт воситалари рўйхатга олинган кундан бошлаб ўттиз кун ичида ишлаб чиқариш камчилиги оқибатида рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари яроқсиз холга келса, бундай рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш тўловларсиз амалга оширилади.

Бошқа ҳолатларда тўлов асосида амалга оширилади.


16. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайта тиклаш даврида транспорт воситаларига илгари фойдаланишда бўлган яроқли рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари вақтинча фойдаланишга берилади. Бу ҳақда Вақтинча ҳисобга олишни қайд этиш китобига белги киритилади. Транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасига вақтинча фойдаланишга берилаётган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларининг рақамлари, серияси ҳамда унинг амал қилиш муддати тўғрисида тегишли ёзув киритилади ҳамда РИБ (ТРИБ) муҳри билан тасдиқланади. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари вақтинча фойдаланишга берилганда тўлов ундирилмайди.


17. Қайта тикланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қабул қилиб олиш вақтида транспорт воситалари эгалари вақтинча фойдаланишга берилган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қайтарадилар. Улар РИБ (ТРИБ)лар томонидан белгиланган тартибда йўқ қилинади.


17-1. Рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгисини қисқа муддатда қайта тиклаш зарурияти пайдо бўлганда жисмоний ва юридик шахслар ИИВ ЙҲХББга ариза билан мурожаат этишлари мумкин.

Аризага қуйидагилар илова қилинади:

автомототранспорт воситаси эгаси ёки унинг вакилининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

тегишли тўловни тасдиқловчи ҳужжат;

транспорт воситасининг рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги қайд этиш гувоҳномасининг нусхаси.

17-2. ИИВ ЙҲХББ томонидан уч иш куни ичида ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар ўрганилиб, транспорт воситаси кўрикдан ўтказилади. Ҳужжатларда камчиликлар аниқланмаган тақдирда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига ҳамда Давлат унитар корхонасига тегишли топшириқ юборилади.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси шу куннинг ўзида яроқсиз ёки шикастланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини қабул қилади ҳамда қайта тиклаш даврида илгари фойдаланишда бўлган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгиларини вақтинча фойдаланишга беради.

Қайта тикланган рўйхатдан ўтказиш давлат рақами белгилари беш иш куни ичида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан берилади.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДА


18. Ушбу Йўриқнома талабларини бузганликда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2009 йил, 50-51-сон, 545-модда.