ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Пенсия таъминоти / Пенсияларни ҳисоблаб чиқиш, тайинлаш, қайта ҳисоблаш, тўлаш тартиби. Пенсияларга устама хаклар /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 30.12.2009 й. ПФ-4161-сон "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
30.12.2009 й.
N ПФ-4161
ФУҚАРОЛАРНИНГ ПЕНСИЯ ТАЪМИНОТИ
ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ҳамда пенсия таъминоти тизимининг ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш, пенсиялар, компенсация ва бошқа тўловларни бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасидан ўз вақтида молиялаштириш ҳамда уларни тўлиқ ҳажмда тўлаш, шунингдек, республика фуқароларининг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.
Белгилаб кўйилсинки, 2010 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсиялар, шунингдек, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, уларнинг тўланишини ҳисобга олиш ва ўрганиш Пенсия жамғармасининг тегишли ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.
2. Қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари фуқароларнинг пенсия таъминоти масалаларининг бутун комплекси учун масъул бўлган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги тизимига кирувчи функциялар ҳамда тегишли тузилмаларни топшириш ҳисобига ташкил этилади;
Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг топшириладиган тузилмалари штат сони ўрта ҳисобда 20 фоиз қисқаради.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси зиммасига қўшимча равишда қуйидаги асосий вазифалар ва функциялар юклансин:
фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил қилиш, фуқароларга пенсиялар, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлаш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсиялар ҳамда бошқа тўловларнинг миқдорлари қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш;
пенсиялар ҳамда бошқа тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўланишини ташкил қилиш, улар бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритиш;
пенсиялар тайинланиши ва қайта ҳисоблаб чиқилишини тизимли асосда доимий таҳлил қилиш ва ўрганиш олиб бориш, фуқароларнинг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатьиян мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;
меҳнат майиблиги ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик бўйича тайинланган пенсияларни тўлашга маблағларни даъволар бўйича айбдор юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил қилиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги зиммасига:
фуқароларнинг пенсия таъминоти соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини ишлаб чиқиш;
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатларининг мутаносиблигини таъминлаш;
бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни, хусусан, пенсиялар ҳамда бошқа тегишли тўловларни тайинлаш ва тўлашда ўрнатилган қоидаларни қўлланиш қисмида уларнинг бажарилишини мувофиқлаштириш ва назоратни амалга ошириш юзасидан қўшимча вазифалар юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тақдим этсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
“Халқ сўзи”, 2009 йил 31 декабрь
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2009 йил, 52-сон, 559-модда