язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Пенсия таъминоти/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.02.2010 й. 30-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 19 февралдаги

30-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия

жамғармаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловларини ва бошқа тўловларни тайинлашни, молиялаштиришни, ҳисобга олишни ва уларнинг тўланиши мониторингини олиб боришни, ушбу мақсадларга йўналтириладиган мақсадли молиявий ресурсларни жамлашни амалга ошириш бўйича асосий вазифалари, функциялари ва ваколатларини белгилайди.

2. Жамғарма идоравий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига қарашли ҳамда ўз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирнинг ўринбосарига, Жамғарманинг Кузатув кенгаши раисига ҳисоб беради.

3. Жамғарма ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


4. Жамғарма ўз ишларини давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Жамғарма тизимига:

Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари;

Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари киради.

Жамғарма ижро этувчи аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимларининг таъминоти қуйидаги манбалар ҳисобига амалга оширилади:

Жамғарма ижро этувчи аппарати - Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари;

ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимлари - Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети маблағлари.

6. Жамғарма ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга, шунингдек тегишли муҳр ва штампларга эга бўлади.



II. ЖАМҒАРМАНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Жамғарманинг асосий вазифалари ва функциялари ҳисобланади:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил этиш, фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тайинлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларининг қайта ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш;

пенсиялар ва бошқа тўловларни тўлиқ ҳажмда молиялаштириш ва тўланишини ташкил этиш, улар бўйича ҳисоб ва ҳисоботни юритиш;

тизимли асосда пенсиялар тайинлаш ва уларни қайта ҳисоблашнинг доимий таҳлилини ўтказиш ва мониторингини олиб бориш, фуқароларнинг пенсия таъминотига йўналтириладиган маблағлардан қатъий мақсадли фойдаланилишини таъминлаш;

боқувчисини йўқотган тақдирда, шунингдек меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик туфайли тайинланган пенсияларга тўланган маблағларни даъволар бўйича айбдор юридик ва жисмоний шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил этиш;

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси "б" - "ж"-бандларига мувофиқ тайинланган имтиёзли пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш учун маблағларни юридик шахслардан белгиланган тартибда ундириб олишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-меҳнат экспертизаси хизматлари билан биргаликда ногиронликни белгилаш мониторингини олиб боради;

бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатларини профилактика қилиш, уларнинг олдини олиш ва аниқлаш.

8. Жамғарма ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

а) Жамғарманинг даромадлари бўйича:

Жамғарма мажбурий ва бошқа тўловлардан тушган маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигидаги (кейинги ўринларда Ғазначилик деб аталади) ҳисоб рақамига жамлайди ҳамда пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар бўйича харажатларни молиялаштиришга йўналтиришни таъминлайди;

ҳар йили манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Жамғарма даромадлари тушумлар прогнозини ишлаб чиқади;

давлат ижтимоий суғуртаси тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва уни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида Жамғарма даромадлари ва харажатларининг ўртача ва узоқ муддатли прогнозларини тайёрлайди;

боқувчисини йўқотган тақдирда, шунингдек меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик туфайли тайинланган пенсияларга сарфланган маблағларни "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ айбдор юридик ва жисмоний шахслардан регресс даъволар бўйича белгиланган тартибда ундириб олади;

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддаси "б" - "ж"-бандларига мувофиқ тайинланган имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларни юридик шахслардан регресс даъволар бўйича белгиланган тартибда ундириб олади;

мажбурий ва бошқа тўловлар тушиши ҳисобини олиб боради;

б) пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ҳамда қайта ҳисоблаб чиқиш бўйича:

пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва қайта ҳисоблаб чиқиш учун зарур бўлган тақдимномалар, аризалар ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, уларни қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштиради;

пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни тайинлаш учун юридик шахслар ва фуқаролар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни белгиланган тартибда тайёрлайди, кўриб чиқади ва текширади;

Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимларида пенсиялар тайинлаш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этади;

зарур тарзда расмийлаштирган ҳужжатларга мувофиқ ва пенсиялар тайинлаш бўйича комиссиялар қарорлари асосида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда пенсияларни тайинлайди ва уларни қайта ҳисоблаб чиқади;

пенсионерларнинг пенсия ишларини ва ижтимоий нафақа олувчи шахсларнинг ишларини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларни расмийлаштиради, пенсионерларга пенсия гувоҳномалари беради;

пенсиялар ва ижтимоий нафақалар тайинлаш учун ҳужжатларни расмийлаштиришнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибига риоя этилишини назорат қилади;

ташкилотлар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва деҳқон хўжаликлари аъзолари томонидан тақдим этилган пенсиялар, Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар олиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларнинг ишончлилигини текширади;

в) пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловларга харажатларни амалга ошириш бўйича:

пенсиялар ва ижтимоий нафақаларни ҳисоблаб чиқиш бўйича операцияларни амалга оширади, ишламайдиган пенсионерларга пенсия ва нафақаларни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва банклар орқали, ишлайдиган пенсионерларга эса - ташкилотлар орқали пенсиялар ва ижтимоий нафақалар тўлаш юзасидан топшириқларни расмийлаштиради ва беради;

пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот, банклар томонидан пенсиялар ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва тўғри етказиб берилиши ҳамда тўланиши юзасидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади;

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсларга, шунингдек деҳқон хўжаликлари аъзоларига - улар томонидан ижтимоий суғурта бўйича бадаллар тўланган тақдирда, чақалоқ туғилганда бериладиган нафақалар ҳисоблайди ва тўлайди;

ташкилотларнинг ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар, 16 ёшгача бўлган ногирон боланинг ота-оналаридан бирига (васийга, ҳомийга) бир ойда қўшимча дам олиш куни учун тўлов, Чернобиль ҳалокати оқибатида зарар кўрган фуқароларга компенсация тўловларини ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларга харажатларини молиялаштиради;

бўйсунувидаги муассасаларда харажатлар сметаларини режалаштириш ва ижро этиш, бюджет ҳисобини юритиш, тендер (танлов) савдоларини ўтказиш ва шартномалар тузиш мониторингини олиб боради;

бўйсунувидаги муассасалар ва марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари раҳбарларига бюджет ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш, асоссиз дебиторлик ва кредиторлик қарзларига йўл қўймаслик, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан товарлар, иш ва хизматларни харид қилиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг ходимлари таркибини мустаҳкамлаш масалалари бўйича тавсиялар тайёрлайди;

қонунни бузиш ҳолатларини, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида қуйи муассасаларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади;

г) фуқароларнинг пенсия таъминоти билан боғлиқ бошқа масалалар бўйича:

оммавий ахборот воситалари ёрдамида республика аҳолисини фуқароларнинг пенсия таъминоти масалалари бўйича хабардор қилади;

белгиланган тартибда тайинланган шахсий пенсиялар тўланишини ташкил этади;

имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатларини қўллаш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади, имтиёзли пенсияларни такомиллаштириш ва тартибга солиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини ташкил этади;

жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқади, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади;

Пенсия ва нафақаларни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва тижорат банкларида пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ҳамда бошқа тўловларнинг ўз вақтида тўланиши мониторингини олиб боради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади, фуқароларнинг пенсия таъминоти масалалари бўйича замонавий назарий ишланмаларни ва хорижий тажрибани ўрганади;

Жамғарманинг маблағларини олувчилар, пенсиялар ҳамда Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги ахборотни ишлаб чиқишда қатнашади ва автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашни жорий этади;

пенсия таъминоти масалалари бўйича давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

Жамғарма ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётини умумлаштиради;

пенсия таъминоти масалалари ва Жамғарманинг ваколатига тегишли бўлган бошқа масалалар бўйича ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тадбирларини амалга оширади;

д) Жамғарма ваколатига тегишли масалалар бўйича эътироз-даъво ишлари ўтказилишини ташкил этади ва амалга оширади.

9. Жамғарма ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Жамғарма ваколатига тегишли масалалар бўйича ахборотни давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатлари доирасида Жамғарманинг вазифаларини амалга ошириш учун зарур бўлган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва методик ҳужжатларни ишлаб чиқиш;

мажбурий ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш, шунингдек пенсия таъминотига тегишли бўлган бошқа масалалар бўйича таклифлар киритиш;

Жамғарма ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Жамғарма қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



III. ЖАМҒАРМА ДАРОМАДЛАРИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

МАНБАЛАРИ ВА ТАРТИБИ


10. Жамғарма даромадлари қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

а) мажбурий тўловлар:

белгиланган миқдорлардаги ягона ижтимоий тўлов тушумлари;

жисмоний шахслар айрим тоифаларининг ягона ижтимоий тўловлари;

б) бошқа тўловлар:

боқувчисини йўқотган тақдирда, шунингдек меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик туфайли тайинланган пенсияларни тўлашга харажатларни тўлаш учун регрессив талаблар (даъволар) бўйича иш берувчилар ва фуқаролардан "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ундириладиган маблағларнинг 85 фоизи;

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига мувофиқ муддатидан олдин тайинланган ёшга доир пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш учун ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари;

"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига мувофиқ тайинланган имтиёзли пенсияларни тўлаш харажатларини қоплаш ҳисобига ўтказиладиган юридик шахслар маблағлари;

деҳқон хўжаликлари аъзолари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланадиган ягона ижтимоий тўлов;

ҳисобланган жарималар суммасининг бир қисми ҳамда мажбурий ва бошқа тўловлар ўз вақтида тўланмаганлиги учун пенялар (қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат солиқ хизмати органларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий-техник таъминлаш махсус жамғармасига ҳамда Жамғарма ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасига ундириладиган суммалардан ташқари);

юридик шахс тугатилганда, қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкати), фермер ва деҳқон хўжалиги қайта ташкил этилганда ёки тугатилганда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган, касб касаллигига чалинган ёки соғлиғига бошқача шикаст етказилган ходимга етказилган зарарни қоплаш учун тўланадиган суммалар;

ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун олинган маблағларнинг 60 фоизи;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва ихтиёрий бадаллар.

11. Мажбурий ва бошқа тўловларни ўтказиш Жамғарма даромадларининг белгиланган таснифларига мувофиқ тушумларнинг ҳар бир тури бўйича Жамғарманинг Ғазначиликдаги тегишли ҳисоб рақамлари бўйича амалга оширилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва давлат солиқ хизматининг ҳудудий органлари:

манбалар турлари бўйича Жамғармага мажбурий ва бошқа тўловларнинг тўғри ҳисобланиши, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши назорат қилинишини;

манбалар турлари ва тўловчилар бўйича Жамғармага мажбурий ва бошқа тўловлар ҳисоби юритилишини;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан Жамғармага мажбурий ва бошқа тўловлар тўғри ҳисобланишини, шунингдек Жамғарма билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг ҳолати текширилишини;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий ва бошқа тўловларни ҳисоблаш тартиби ва тўлаш муддатлари бузилганлиги учун юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан молиявий ва маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилишини;

ягона ижтимоий тўловларнинг шахслар бўйича ҳисобини амалга оширишни ва ҳар чоракда Жамғармага юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган шахслар ва деҳқон хўжаликлари аъзолари томонидан тўланган ягона ижтимоий тўловларнинг миқдорлари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилишини таъминлайди.

13. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Жамғарма билан ахборот алмашинувини, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда электрон ҳамкорликни амалга оширади ва Жамғарманинг ижро этувчи аппаратига:

Жамғармага ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар кесимидаги мажбурий ва бошқа тўловлар турлари бўйича (боқиманда) қарздорлик тўғрисидаги тезкор ҳисоботни;

юридик шахслар томонидан чораклик ва йиллик ҳисобот тақдим этилгандан кейин 25 кун мобайнида мажбурий ва бошқа тўловларни ҳисоблаш тўғрисидаги ҳисоботни вазирликлар, идоралар ва ҳудудлар бўйича тақдим этади.


IV. ПЕНСИЯЛАР, ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР,

КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИ ВА БОШҚА

ТЎЛОВЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


14. Жамғарма маблағлари:

а) ишламайдиган фуқароларга:

давлат пенсияларининг барча турлари;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш учун;

б) ишлайдиган фуқароларга:

давлат пенсияларининг барча турлари;

16 ёшгача бўлган ногирон боланинг ота-оналаридан бирига (васийга, ҳомийга) бир ойда қўшимча дам олиш куни учун тўловлар;

қонун ҳужжатларига мувофиқ Жамғарма маблағларидан молиялаштириладиган компенсация тўловлари ва бошқа тўловлар учун сарфланади.


15. Ишламайдиган ва ишлайдиган фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни молиялаштириш учун Жамғарманинг ҳудудий бўлинмалари томонидан Ғазначиликнинг бўлинмаларида ҳисоб рақамлари очилади.


16. Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари тўлов тўланадиган ҳар бир ойнинг 15-кунигача ишламайдиган ва ишлайдиган фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловлар тўлаш учун маблағларга бўлган эҳтиёж ҳажмини белгилайди ҳамда Жамғарманинг ижро этувчи аппаратига буюртманома тақдим этади.


17. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Жамғарма харажатларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда:

жорий тўлов ойининг 15-кунигача - ўтган ойнинг эҳтиёжи ҳисоб-китобидан келиб чиқиб 50 фоиз миқдоридаги суммани;

жорий тўлов ойининг 27-кунигача - амалдаги эҳтиёжнинг тақдим этилган миқдоридан қолган суммани молиялаштиради.


18. Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар учун маблағларни пенсияни етказиб бериш (топшириш) юкланган ташкилот ва банкларнинг ҳисоб рақамларига ўтказади.

Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар, дафн маросими учун нафақалар, 16 ёшгача бўлган ногирон болаларнинг ота-оналаридан бирига қўшимча дам олиш кунлари учун ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловларни тўлашга маблағларни молиялаштиради.


19. Жамғарманинг ҳисоб рақамларидан маблағларни қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган мақсадларда ўтказиш ва вақтинча олиб қўйиш тақиқланади.



V. ЖАМҒАРМА ДАРОМАДЛАРИ ВА ХАРАЖАТЛАРИ

ПРОГНОЗИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


20. Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари ҳар йили 15 июндан кечикмай Жамғарманинг ижро этувчи аппаратига жорий йил учун харажатларнинг кутилаётган ижросини ва келгуси йилга Жамғарма харажатлари прогнозини тақдим этади.


21. Келгуси йилга манбалар ва фойдаланиш йўналишлари бўйича Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогнозлари Жамғарманинг ижро этувчи аппарати томонидан ишлаб чиқилади ва Жамғарманинг Кузатув кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.


22. Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети белгиланган тартибда қабул қилингандан ва келгуси йилга унинг асосий параметрлари тасдиқлангандан кейин Жамғарманинг ижро этувчи аппарати беш кун муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига - минтақалар бўйича келгуси йилга Жамғарма даромадларининг тасдиқланган асосий параметрларини;

Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларига - турлар ва минтақалар бўйича келгуси йилга Жамғарма харажатларининг тасдиқланган асосий параметрларини (йўналишларини) етказади.


23. Жамғарма даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичларини бажариш:

юридик ва жисмоний шахслардан мажбурий ва бошқа тўловлар тушишининг ва йиғилишининг тўлиқлиги юзасидан - давлат солиқ хизмати органлари томонидан;

Жамғарма маблағларини белгиланган тартибда ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштириш, ўз вақтида тайинлаш, тўлаш ва манзилли равишда сарфлаш, шунингдек Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини назорат қилиш юзасидан - Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан таъминланади.


24. Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари Жамғарманинг ижро этувчи аппаратига:

ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-кунигача - ҳудудлар бўйича тўланган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловлар тўғрисидаги тезкор ахборотни;

тасдиқланган шакл бўйича юридик шахсларнинг чораклик ва йиллик ҳисоботлари тақдим этилгандан кейин 15 кун мобайнида - маблағлардан фойдаланиш тўғрисидаги ҳисоботни тақдим этади.



VI. ЖАМҒАРМАНИ БОШҚАРИШ


25. Жамғарманинг Кузатув кенгаши Жамғармани бошқаришнинг юқори органи ҳисобланади, унинг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланади. Жамғарма Кузатув кенгашининг мажлислари йил чорагида камида бир марта ўтказилади. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Кузатув кенгашининг ишчи органи ҳисобланади.

Мажлисни Кузатув кенгаши раиси, у бўлмаганда эса - раиснинг ўринбосари ўтказади. Кузатув кенгаши мажлиси, агар унда кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса ҳуқуқий ваколатли бўлади (кворумга эга бўлади).

Кузатув кенгашининг қарори унинг мажлисда қатнашган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда Кузатув кенгаши раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


26. Жамғарманинг Кузатув кенгаши ваколатларига қуйидагилар тегишли бўлади:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари прогноз параметрларини, шунингдек Жамғарма харажатларининг ҳар йилги сметасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

Жамғарма ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармаларининг амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш ва тасдиқлаш;

вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар масъул ходимларининг Жамғарма ваколатига тегишли бўлган масалалар бўйича ҳисоботларини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Жамғармага мажбурий ва бошқа тўловларнинг тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланишини таъминлаш тўғрисидаги ахборотини эшитиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Жамғарманинг ижро этувчи директорини, унинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш;

Жамғарманинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Пенсиялар тайинлаш бўйича туман (шаҳар) бўлими комиссиялари тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати фаолиятини, айниқса Жамғарма даромадларини шакллантириш, уни ўз вақтида молиялаштириш ва ундан мақсадли фойдаланиш юзасидан назорат қилиш;

топшириқлар, ведомостлар ва почта ўтказмалари бўйича тўланадиган пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловлар жўнатилиши ва етказиб берилиши бўйича хизматларга ҳақ тўлаш миқдорларини тасдиқлаш;

Жамғарма фаолияти ҳамда фуқароларнинг ижтимоий таъминотга ва давлат ижтимоий суғуртасига бўлган давлат томонидан кафолатланган ҳуқуқлари амалга оширилиши билан боғлиқ бошқа функцияларни амалга ошириш.



VII. ЖАМҒАРМА ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


27. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати тузилмаси, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимларининг намунавий тузилмалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан тасдиқланади.


28. Жамғарманинг ижро этувчи аппаратига Жамғарма Кузатув кенгашининг тақдимномаси бўйича, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланадиган ижро этувчи директор бошчилик қилади. Ижро этувчи директор Жамғармага юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва ўз функцияларининг амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради.

Жамғарма ижро этувчи директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари Жамғарма Кузатувчи кенгашининг тақдимномаси бўйича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимга тайинланади.

29. Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари бошлиқлари Жамғарма ижро этувчи директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг қарорига мувофиқ лавозимга тайинланадилар ва лавозимдан озод этиладилар.

30. Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармалари бошлиқларининг ўринбосарлари, Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари Жамғарманинг тегишли ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг тақдимномаси бўйича Жамғарманинг ижро этувчи директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

32. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати, унинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ягона марказлаштирилган тизимни ташкил этади ҳамда қуйи бошлиқларнинг юқори бошлиқларга ҳамда Жамғарма Кузатув кенгашининг раисига бўйсуниши ва ҳисоб бериши асосида ишлайди.


33. Жамғарманинг ижро этувчи директори:

Жамғарма фаолиятига раҳбарлик қилади;

ўз ваколатлари доирасида ижро этувчи директорнинг ўринбосарлари ҳамда ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари Жамғарма ўртасида лавозим вазифаларини тақсимлайди;

ўз ваколатлари доирасида ҳудудий бошқармалар ва туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари Жамғарма томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, йўриқномалар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва ходимларнинг сони доирасида ижро этувчи аппаратнинг штатлар жадвалига ўзгартиришлар киритади ва уни тасдиқлайди, Жамғарманинг таркибий бошқармалари тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ходимларини, Жамғарманинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бошқармаларининг бошлиқлари ўринбосарларини, Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

пул маблағлари ва моддий бойликларнинг бухгалтерия ҳисоби юритилишини, статистика ва бухгалтерия ҳисоботлари тузилишини ва белгиланган тартибда тақдим этилишини ташкил қилади;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларидаги депозитларга ва бошқа молиявий воситаларга жойлаштиради;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ва ваколатларни амалга оширади.


34. Жамғарма ходимларини ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармасини қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантиради:

боқувчисини йўқотган тақдирда, шунингдек меҳнатда майиб бўлганлик ёки ходим меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик туфайли тайинланган пенсияларни тўлашга харажатларни тўлаш учун регрессив талаблар (даъволар) бўйича иш берувчилар ва фуқаролардан "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ундириладиган маблағларнинг 15 фоизи;

мажбурий ва бошқа тўловларнинг Жамғармага ўз вақтида тўланмаганлиги учун ҳисобланган жарималар, пенялар суммасининг 5 фоизи.

Ижтимоий ривожлантириш ва моддий рағбатлантириш жамғармаси, шунингдек Жамғарма маблағларини сарфлаш тартиби тўғрисидаги низом Жамғарманинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.



VIII. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИНГ

ШАКЛЛАНТИРИЛИШИ ВА САРФЛАНИШИ

ҲИСОБИ ЮРИТИЛИШИ УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


35. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш учун назарда тутилган Жамғарма маблағларининг ўз вақтида ва тўлиқ молиялаштирилиши, Жамғарма маблағларидан қатъий мақсадли фойдаланилиши учун жавобгардир.


36. Пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тўлайдиган ташкилотлар Жамғарма маблағларининг ўз вақтида ва мақсадли тўланиши учун жавобгардир.


37. Жамғарманинг ижро этувчи аппарати Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига белгиланган муддатларда даврий бухгалтерия ҳисоботларини тақдим этади.


38. Жамғармага муддатида тўланмаган мажбурий ва бошқа тўловларни ундириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


IХ. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИНГ

ТЎҒРИ ҲИСОБЛАНИШИ, ТЎЛАНИШИ

ВА САРФЛАНИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


39. Пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тўлашда Жамғарма маблағларидан тўғри фойдаланилишини назорат қилиш Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари, шунингдек ташкилотларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари томонидан амалга оширилади.


40. Пенсиялар, ижтимоий нафақалар ва компенсация тўловлари ва бошқа тўловларнинг тўғри тайинланиши ва тўланишини, шунингдек Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий органлари ҳамда Жамғарманинг ички аудит ва молиявий назорат бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Зарурат бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий органлари томонидан, мустақил экспертлар жалб қилинган ҳолда бош, туманлараро, туман ва шаҳар тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан берилган кўрикдан ўтказиш далолатномалари ва хулосалар ҳужжатлари такроран экспертизадан ўтказилиши мумкин.

41. Пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тўлаш бўйича харажатларнинг, шунингдек ташкилотларнинг ижтимоий суғурта бўйича харажатларининг ўз вақтида молиялаштирилиши юзасидан мониторинг олиб бориш Жамғарманинг ижро этувчи аппарати ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда жойлардаги туман (шаҳар) бўлимлари томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 8-сон, 62-модда.