язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд ҳужжатлари/ Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 23.12.2005 й. 136-сон "Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида"ги қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

23.12.2005 й.

N 136


КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИДА

ИШЛАРНИ КЎРИШДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТЎҒРИСИДА


Пленум таъкидлайдики, республикада бозор иқтисодиётининг ривожланиши, мулкчилик шаклларининг ўзгариши, хўжалик юритувчи субъектлар ва хорижий сармоядорлар ўртасида иқтисодий алоқаларнинг кенгайиши хўжалик низолари сонининг кўпайишига олиб келмоқда.

Суд ҳужжатларининг қонунийлигини кассация тартибида текшириш хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этиш усулларидан биридир.

Суд амалиётининг таҳдиди судларнинг ҳал қилув қарори, қарори ва ажримлари устидан берилаётган кассация шикоятлари ва протестларини расмийлаштиришда, иш юритишга қабул қилиш, кўриб чиқиб ҳал қилишда процессуал ҳуқуқ нормаларининг ҳар доим ҳам бир хилда қўлланилиши таъминланмаётганлигини кўрсатмоқда.

Кассация инстанциясида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 47-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларига тушунтирилсинки, хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари, қарорлари, ажримларини кассация инстанциясида кўриш қонунни тўғри, бир хилда қўллаш ва хўжалик судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни тузатишда катта аҳамият касб этади. Шунинг учун кассация инстанцияси судининг эътиборини хўжалик ишларини кассация тартибида кўришнинг қонун билан белгиланган тартибига қатъий риоя қилишга, кассация шикояти (протести)даги важларни ҳар томонлама текширишга ва суд хулосаларининг аниқланган ҳолатларга ва қонунга мос бўлиши лозимлигига қаратиш зарур.


2. ХПКнинг 173-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори ёки қарор қабул қилган шахслар хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанциясининг қарори устидан кассация шикояти, прокурор эса кассация протести беришга ҳақлидир.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисидаги ажрим шикоят (протест) хўжалик судига келиб тушган кундан бошлаб беш кундан кечиктирмасдан шикоят берган шахсга (протест келтирган прокурорга) ҳамда ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, уларнинг электрон манзили мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) биринчи ёки кассация инстанцияси суди томонидан қайтарилганда кассация шикояти (протест)га илова қилинган ҳужжатлар ҳам шу суд томонидан қайтарилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси, ХПКнинг 174-моддасига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг биринчи ва апелляция инстанцияларида қабул қилинган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорлари ва қарорларнинг қонунийлигини текширади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг биринчи инстанцияда қабул қилинган ҳал қилув қарорларининг қонунийлигини кассация тартибида ушбу суднинг Раёсати текширади.


4. ХПКнинг 175-моддасига мувофиқ кассация шикояти (протести) Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди орқали берилади.

Кассация шикояти (протести) ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар хўжалик судига ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Ҳал қилув қарори, қарор қабул қилган хўжалик суди, агарда ХПКнинг 180-моддасида назарда тутилган кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари мавжуд бўлмаса, беш кунлик муддатда кассация шикоятини (протестини) иш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судига юборади. Бундай асослар мавжуд бўлган тақдирда биринчи инстанция судининг судьяси кассация шикоятини (протестини) ХПК 180-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмларига асосан қайтаради.


5. ХПКнинг 176-моддасига мувофиқ, кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарори, қарор қонуний кучга киргандан сўнг бир ой мобайнида берилиши мумкин. Ҳал қилув қарори, қарор устидан шикоят қилиш (протест келтириш) муддати у қабул қилинган сананинг эртасидан бошлаб ҳисобланади.

ХПКнинг 149 ва 150-моддаларига мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорлари, қарорлар ва ажримлар ҳам кассация тартибида алоҳида шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Кассация шикояти (протести) ҳал қилув қарорининг, қарорнинг бир қисмига нисбатан ҳам берилиши мумкин.


6. Кассация шикоятининг (протестининг) мазмуни ХПКнинг 177-моддаси талабларига мос бўлиши керак.

Кассация шикояти уни бераётган шахс ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган шикоятга унинг ҳал қилув қарори, қарор устидан шикоят қилиш ваколатини тасдиқловчи ишончнома илова қилинади.

Агар кассация шикоятини қабул қилиш пайтида судьяда таъсис ҳужжатларига мувофиқ шикоятни имзолаган шахснинг уни имзолашга ҳақли эканлигига шубҳа туғилса, судья кассация шикоятини иш юритишга қабул қилади ва аризачига унинг шикоятни имзолашга ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этишни таклиф қилади.

Кассация шикоятини имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганда кассация инстанцияси суди ХПК 88-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кассация шикоятини кўрмасдан қолдиради.


7. Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, ХПК 180-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган кассация шикоятини (протестини) қайтариш асослари рўйхати қатъий ҳисобланади ва кенгайтирилган тарзда талқин қилинмайди.

Бир вақтнинг ўзида бир неча ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, қарорлар, шунингдек қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан берилган кассация шикояти (протести)ни қабул қилиш ХПКнинг 117-моддаси биринчи қисми 1-бандига мос ҳолда рад этилади. Агар кўрсатилган ҳолатлар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, шикоят (протест) бўйича кассация инстанциясида иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Кассация шикояти (протести) хўжалик судига ўтказиб юборилган апелляция шикояти (протести)ни бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимоснома билан апелляция шикояти (протести) берилгандан кейин келиб тушган ва бу илтимоснома қаноатлантирилган ҳолларда кассация шикояти (протести)ни қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига мос ҳолда рад этилади. Кассация шикояти (протести)нинг қабул қилишни рад этилиши шикоят (протест) берувчига апелляция инстанциясида қарор (ажрим) қабул қилингандан сўнг кассация шикояти (протести) билан хўжалик судига қайта мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди, агар шикоят (протест)ни бериш асослари йўқолмаган бўлса.

Кассация шикоятини (протестини) қайтариш ёки қабул қилишни рад этиш ҳақидаги биринчи инстанция суди судьясининг ажрими бир ойлик муддат ичида кассация инстанцияси судига шикоят (протест) қилиниши мумкин.

7.1. Шикоят (протест) қилиш муддати ўтказилиб берилган кассация шикоятига (протестига) ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома илова қилиниши лозим.

Илтимосномада кассация шикоятини берган шахс томонидан ҳавола қилинаётган муддатни ўтказиб юборганлик сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоятда (протестда) ёки алоҳида аризада баён қилиниши мумкин ва шикоят (протест) билан бир вақтда тақдим қилиниши керак.

Шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома кассация инстанцияси судининг судьяси томонидан якка тартибда, ишда иштирок этувчи шахслар хабардор қилинмасдан кўриб чиқилади.

Кассация шикоятини (протестини) ўз вақтида беришга ҳақиқатда тўсқинлик қилган ҳолатлар кассация шикояти (протести) бериш муддатининг ўтказиб юборилишига узрли сабаблар деб ҳисобланиши мумкин.

Кассация шикояти (протести) бериш учун ўтиб кетган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқиш натижаси бўйича ажрим чиқарилади.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш ҳақидаги ажримда баён этилиши мумкин.

ХПКнинг 99-моддасига мувофиқ ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилиниши мумкин эмас.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида кассация шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажримда баён қилиниши мумкин.

Агар кассация шикояти (протести) ХПК 180-моддаси биринчи қисмининг 5-бандида назарда тутилган асос билан, яъни кассация шикояти (протести) белгиланган муддат ўтганидан кейин берилган ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома бўлмаса ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, ушбу шахс томонидан такроран кассация шикояти (протести) билан мурожаат этилса, кассация шикояти (протести) ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиниши рад этилади.

7.2. Кассация шикоятини (протестини) қайтариш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилганидан сўнг, шикоят берган (протест келтирган) шахс, ХПК 180-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда, хўжалик судига кассация шикояти (протести) билан умумий тартибда ҳал қилув қарори, қарор қонуний кучга киргандан сўнг бир ой ичида мурожаат қилишга ҳақли.


8. Кассация шикояти ҳал қилув қарори, қарор устидан шикоят қилишга ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан берилганда ёки кассация шикояти (протести) кассация тартибида шикоят берилмайдиган (протест келтирилмайдиган) суд ҳужжати устидан берилганда биринчи инстанцияси судининг судьяси ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда шикоятни (протестни) қабул қилишни рад этади. Агар кўрсатилган ҳолатлар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан кейин аниқланса, шикоят (протест) бўйича кассация инстанциясида иш юритиш ХПК 86-моддасининг 1-бандига мос ҳолда тугатилади.

Кассация инстанциясида олдин мазмунан кўрилган иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори, қарор устидан берилган кассация шикоятини (протестини) қабул қилиш ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига мос ҳолда рад этилади.


9. Кассация шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш тўғрисидаги ажримни кассация инстанцияси судининг судьяси чиқаради (ХПКнинг 181-моддаси).

Ажримда кассация шикоятини (протестини) кўриш вақти ва жойи кўрсатилади. Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, кассация протестини келтирган прокурорга, шунингдек ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 5-бандига мувофиқ шикоят берган шахсга ХПКнинг 124-моддасида назарда тутилган тартибда юборилади.

Кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан сўнг барча суд ҳужжатлари ҳайъат томонидан қабул қилинади.


10. ХПКнинг 182-моддасига мувофиқ, кассация инстанцияси суди ишда иштирок этувчи шахсларнинг, шунингдек ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 5-бандига мувофиқ кассация шикоятини берган шахсларнинг илтимосига кўра, агар ариза берувчи шундай чораларни кўрмаслик ҳал қилув қарори, қарорнинг қайтарма ижросини қийинлаштириши ёки бажариб бўлмайдиган қилиб қўйиши мумкинлигини исботласа, кассация инстанциясида иш юритиш тугагунга қадар биринчи ва апелляция инстанцияларида қабул қилинган ҳал қилув қарори, қарорнинг ижросини тўхтатиб қўйишга ҳақли.

Илтимоснома кассация инстанцияси суди томонидан ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан кўриб чиқилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш натижаси бўйича ажрим чиқарилади.


11. ХПКнинг 183-моддасига мувофиқ, кассация инстанциясида иш ХПКнинг 22-бобида назарда тутилган хусусиятлар билан хўжалик судининг биринчи инстанциясида иш кўриш қоидалари бўйича кўриб чиқилади. Бунда фақат биринчи инстанция учун белгиланган қоидалар қўлланилмайди. Кассация инстанцияси судининг мажлиси видеоконференцалоқа режимида ўтказилиши мумкин.

Кассация инстанциясида, хусусан, низоларни ҳал этиш учун ҳакамлик судларига топшириш (ХПКнинг 25-моддаси), ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш (ХПКнинг 38-моддаси), даъвонинг асослари ва предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини ўзгартириш, даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечиш (ХПКнинг 40-моддаси), ишга низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахсларнинг киришиши (ХПКнинг 41-моддаси), ишга низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахсларнинг киришиши (уларни ишда иштирок этишга жалб қилиш) (ХПКнинг 42-моддаси), бир нечта даъво талабларини бирлаштириш ва ажратиш (ХПКнинг 115-моддаси), қарши даъво тақдим этиш (ХПКнинг 120-моддаси) ҳақидаги қоидалар қўлланилмайди. Шунингдек, ишни ўзининг иштирокисиз кўриб чиқишга розилик бермаган даъвогарнинг иштирокисиз низонинг ҳал этилишига йўл қўйилмаслиги (ХПК 130-моддасининг учинчи қисми) ҳақидаги қоида ҳам қўлланилмайди. Бундан келиб чиқадики, ишда иштирок этувчи шахслар кассация инстанциясининг суд мажлисида иштирок этмаган ҳолларда, агар улар тегишли тартибда ишни муҳокама этиш вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган бўлсалар, иш уларнинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин.

Кассация инстанцияси суди ХПКнинг 186-моддасига мос ҳолда биринчи инстанция судида арз қилинмаган янги талабларни қабул қилишга ёки кўриб чиқишга ҳақли эмас. Бунда янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар, шунингдек биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан билдирилган талаблар тушунилади.

Агар кассация шикоятида (протестида) биринчи инстанция судида кўриш предмети бўлмаган янги талаблар арз қилинган бўлса, кассация инстанцияси суди қарорнинг асослантирувчи қисмида ушбу талаблар биринчи инстанция судида кўриш предмети бўлмаганлиги сабабли, кўриб чиқилмаслигини кўрсатиши лозим.

12. Кассация шикояти (протести) хўжалик суди томонидан иш юритишга қабул қилинган бўлиб, кассация шикоятини берган шахс қарор қабул қилингунга қадар ундан воз кечса, протест келтирган прокурор ёки юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошланишидан олдин протестни чақириб олса ва ХПКнинг 184-моддасига кўра суд томонидан кассация шикоятидан воз кечиш қабул қилинса, агар ҳал қилув қарорига, қарорга нисбатан ишда иштирок этувчи бошқа шахслар томонидан шикоят берилмаган бўлса, кассация инстанцияси суди кассация инстанциясида иш юритишни тугатади ва бу ҳақда ажрим чиқаради.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган асослар бўйича кассация инстанциясида иш юритишни тугатиш ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга кассация шикояти (протести) билан мурожаат қилишга тўсқинлик қилмайди.


13. Агар кассация шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан сўнг биринчи ёки апелляция инстанциясининг ҳал қилув қарорини, қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисида ариза берилса, шикоят (протест) бўйича иш юритиш ХПК 82-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига биноан тўхтатиб қўйилади, иш эса ХПКнинг 24-боби тартибида кўриш учун тегишли инстанцияга юборилади.

Агар кассация шикояти (протести) хўжалик судига ҳал қилув қарорини, қарорни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза берилгандан кейин келиб тушган бўлса, биринчи навбатда ариза кўриб чиқилади. Бундай аризани кўриб чиқиш натижалари бўйича суд ҳужжати қабул қилингандан кейин, агар кассация шикояти берган шахс шикоятдан воз кечмаган, прокурор томонидан эса протест чақириб олинмаган бўлса, иш кассация шикояти (протести) билан бирга кассация инстанциясига юборилади.


14. Кассация инстанцияси суди ишни кўриб чиқишда суд томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ текширилганлигини, суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлигини, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари тўғри қўлланганлигини текширади. Бунда суд кассация шикоятида баён этилган важлар билан чекланмаслиги керак. Шунингдек, суд ҳал қилув қарори, қарор ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этмаганлигини ҳам текширади, чунки ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 5-бандига мувофиқ кўрсатиб ўтилган қонун бузилиши ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга асос бўлади.


15. Шуни эътиборга олиш керакки, ХПКнинг 187-моддасида санаб ўтилган кассация инстанцияси судининг ваколатлари қатъий бўлиб, уларни кенгайтирилган тарзда талқин қилишга йўл қўйилмайди.

Агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, суднинг хулосалари бу ҳолатларга мослигини, бироқ суд томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилганлигини аниқласа, унда кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг, қарорнинг асослантирувчи қисмини ўзгартиради.

Агар кассация инстанцияси суди иш ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш асосида аниқланганлигини, аммо суднинг хулосалари бу ҳолатларга мос эмаслигини, шунингдек ишни биринчи ва апелляция инстанцияси судларида кўришда ишнинг ҳолатлари тўлиқ аниқланмаганлигини ва шу муносабат билан ҳал қилув қарори, қарор етарлича асосланмаганлигини аниқласа, кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилади ҳамда янги қарор қабул қилади.

15.1. Кассация инстанцияси суди ХПК 188-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган ҳоллардагина ҳал қилув қарори (қарор)ни бекор қилиш ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи ёки апелляция инстанцияси судига юборишга ҳақли.

Судлар эътиборга олишлари керакки, мазкур модда учинчи қисмининг 9-бандида назарда тутилган арз қилинган талаб бўйича қарорнинг қабул қилинмаганлигига даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талабларининг миқдорини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисидаги аризаларда, қарши даъво аризада кўрсатилган талаблар бўйича ҳал қилув қарори ва (ёки) қарорнинг қабул қилинмаганлиги ҳам киради.

ХПК 188-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асосларнинг рўйхати тугал ҳисобланади ва унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

15.2. Кассация инстанцияси суди даъво аризасини (аризани) қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, апелляция шикоятини (протестини) қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим (қарор)ни бекор қилган тақдирда, ХПК 172-моддасининг учинчи қисмига мос ҳолда иш ажрим ва (ёки) қарор бекор қилинган суд инстанциясига кўриш учун ўтказилади. (ЎзР ОХС Пленумининг 17.06.2016 й. 299-сон Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

Ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш ҳақидаги апелляция инстанцияси судининг қарори бекор қилинган тақдирда, иш апелляция инстанциясига ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 9-бандига мос ҳолда ўтказилади. Агар кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг бундай қарори билан бирга биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори устидан ҳам берилган бўлса, ушбу қоида қўлланилмайди.

16. ХПК 188-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган ёки нотўғри қўлланилган ҳолларда, агар бу қонун бузилиши нотўғри ҳал қилув қарорининг, қарорнинг қабул қилинишига олиб келган ёхуд олиб келиши мумкин бўлса, ҳал қилув қарори, қарор бекор қилинади ёки ўзгартирилади. Бундай оқибатларнинг мавжудлиги ҳар бир аниқ ҳолатда кассация инстанцияси суди томонидан баҳоланади.


16.1. Моддий ҳамда процессуал ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши (ХПК 188-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослар бундан мустасно) кассация инстанцияси суди томонидан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини ёки апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш ҳамда янги қарор қабул қилиш, иш юритишни тугатиш ёки даъвони кўрмасдан қолдириш учун асос бўлади.

Моддий ҳуқуқ нормаларининг нотўғри қўлланилиши деб қуйидагилар ҳисобланади:

қўлланилиши лозим бўлган қонун ҳужжатларининг қўлланилмаганлиги;

қўлланилиши лозим бўлмаган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги;

ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларининг қўлланилганлиги;

қонун ҳужжатларининг нотўғри талқин қилинганлиги.

17. Кассация инстанцияси судининг қарори ХПКнинг 189-моддаси талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Кассация инстанцияси судининг қарорида кассация шикоятида (протестида) баён қилинган барча важларга баҳо берилиши керак.

Агар ижро этилмаган суд ҳужжати бекор қилиниб ёки ўзгартирилиб, даъвони тўла ёки қисман рад этиш тўғрисида янги суд ҳужжати қабул қилинса ёхуд иш юритиш тугатилса ёхуд даъво тўла ёки қисман кўрмасдан қолдирилса, кассация инстанцияси суди қарорининг хулоса қисмида бекор қилинган ёки тегишли қисми ўзгартирилган суд ҳужжати бўйича ундиришни тўла ёки қисман бекор қилиш тўғрисида кўрсатилади.

Кассация инстанцияси суди қарорининг нусхалари қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

18. Ишни кассация инстанциясида кўрган хўжалик судининг қарорида баён қилинган кўрсатмалари, ХПКнинг 190-моддаси талабларига мувофиқ, шу ишни янгидан кўраётган суд учун мажбурийдир. Ушбу кўрсатмаларни бажармаслик иш ҳолатларининг тўлиқ аниқланмаганлигига олиб келган бўлса, ишни янгидан кўришда қабул қилинган ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилишга асос бўлиши мумкин.

Шу билан бирга кассация инстанцияси ҳал қилув қарорини, қарорни бекор қилиш пайтида у ёки бу далилнинг ишончли ёки ишончсизлиги, бир далилнинг бошқаларидан устунлиги, ишни янгидан кўришда қандай қарор қабул қилиниши лозимлиги тўғрисидаги масалаларни олдиндан ҳал қилишга ҳақли эмас.

Кассация инстанцияси ишни янгидан кўриш учун юборишда судларга бажариб бўлмайдиган кўрсатмаларни беришга ҳақпи эмас.


19. Ишни кассация тартибида кўришда ташкилот, давлат органи ёки бошқа орган, мансабдор шахс ёхуд фуқаронинг фаолиятида қонун ҳужжатларининг бузилиши аниқланган тақдирда кассация инстанцияси суди ХПКнинг 152-моддасига асосан хусусий ажрим чиқариши мумкин.

Жиноят аломатлари аниқланганда кассация инстанцияси суди жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда бу ҳақда прокурорга хабар қилишга ҳақли.

20. Ҳал қилув қарори, қарор бекор қилинганда ва иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилганда, Олий хўжалик суди ишнинг мураккаблиги ёки бошқа асосларга кўра уни биринчи инстанция бўйича ўзининг иш юритишига қабул қилишга ҳақли.


21. Хўжалик судининг шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин бўлган ажримлари устидан кассация шикояти (протести) ХПКда назарда тутилган ҳолларда берилади (келтирилади).

ХПК 191-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг ажримларига нисбатан берилган кассация шикоятлари (протестлари) хўжалик судининг ҳал қилув қарори ва қарори устидан бериладиган кассация шикоятларини (протестларини) қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун белгиланган тартиб асосида қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

Ажримларга нисбатан кассация шикоятлари (протестлари) апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтгандан сўнг бир ой давомида ёки апелляция инстанцияси суди томонидан қарор қабул қилингандан кейин бир ой давомида берилади.


22. Кассация инстанцияси суди ХПКнинг 150-моддасига мувофиқ ўзи қабул қилган қарорни тушунтириб беришга, йўл қўйилган ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва ҳисоб-китобдаги янглишишларни тузатишга ҳақли.

23. Суд харажатларини тақсимлаш кассация инстанцияси суди томонидан ХПКнинг 95-моддасида белгиланган қоидаларга асосан амалга оширилади.

Кассация шикояти уни берган шахсга қайтарилган ҳолда тўланган давлат божи ХПК 93-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ қайтарилиши керак.

Кассация шикоятидан воз кечилганлиги муносабати билан иш юритиш тугатилган ҳолда суд харажатлари кассация шикояти берган шахснинг зиммасига юклатилади.


24. Кассация инстанцияси қарорининг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш масалалари ишни биринчи инстанцияда кўриб чиққан хўжалик суди томонидан ҳал этилади.


25. Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатларига кассация тартибида ишларни кўриш амалиётини доимий равишда ўрганиш ва умумлаштириш, бу ҳужжатлардан хўжалик судларининг иш фаолиятида йўл қўйилган хатоларни бартараф этишда ҳамда кассация инстанцияси фаолиятини янада яхшилаш мақсадида кенг фойдаланиш тавсия этилсин.