Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий хўжалик суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 28.12.2007 й. 173-сон "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.2007 й.

N 173


АПЕЛЛЯЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

СУДИДА ИШЛАРНИ КЎРИШДА ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ ХЎЖАЛИК ПРОЦЕССУАЛ

КОДЕКСИНИ ҚЎЛЛАШ ҲАҚИДА


Хўжалик судлари томонидан ишларни апелляция инстанцияси судида кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини тўғри ва бир хилда қўллашни таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 47-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Хўжалик судларига тушунтирилсинки, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўриш тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, хўжалик судларининг хатолари ва қонун бузилишларини тезкорлик билан бартараф этишга имкон беради.


2. Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг (бундан буён матнда ХПК деб юритилади) 156-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар хўжалик судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протест) беришга ҳақлидир. Бундай ҳолда кўрсатилган шахслар (шу жумладан, жисмоний) ишда иштирок этувчи шахсларнинг ХПКнинг 35-моддасида назарда тутилган ҳуқуқларидан фойдаланадилар, хусусан апелляция инстанцияси судида ишни кўришда иштирок этиш, илтимосномалар киритиш, иш материаллари билан танишиш, далилларни тақдим этишга ҳақлидирлар.

3. Хўжалик судлари назарда тутишлари лозимки, апелляция шикояти (протести) нафақат биринчи инстанция судининг қонуний кучга кирмаган бутун ҳал қилув қарорига, балки унинг бир қисмига ҳам берилиши мумкин.

Ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисми ҳам, хулоса қисми ҳам шикоят қилишнинг (протест келтиришнинг) мустақил предмети бўлиши мумкин.

Ишда иштирок этувчи шахслар ХПКнинг 149-моддасига мувофиқ қабул қилинган қўшимча ҳал қилув қарорига ҳам апелляция шикояти (протести) беришга ҳақлидирлар.


4. ХПК 162-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтаришни, ушбу моддада назарда тутилган асослар бўйича судья шикоят олинган кундан бошлаб 5 кундан кечиктирмай якка тартибда амалга оширади.

Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, ХПК 162-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асосларининг рўйхати қатъий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмайди.

ХПК 162-моддасининг иккинчи қисмига кўра апелляция шикоятини (протестини) қайтариш тўғрисида ажрим чиқарилади. Судья апелляция шикоятини (протестини) кузатув хати билан ёки қонунда назарда тутилмаган бошқа усулда қайтаришга ҳақли эмас.

ХПК 162-моддаси биринчи қисмининг 1, 2, 3-бандларига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтариш учун асос бўлган камчиликлар бартараф этилгандан сўнг, у яна умумий тартибда ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ойлик муддат ичида, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан кейин ўн кунлик муддат ичида берилиши мумкин.

ХПКнинг 153-моддасига мувофиқ апелляция шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажрим у чиқарилгандан кейин беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилиши ёки ўша муддатда тилхат олиб топширилиши лозим, уларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, ажрим ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

ХПК 162-моддаси биринчи қисмининг 2, 3-бандларида назарда тутилган апелляция шикоятини (протестини) қайтариш асослари суд томонидан апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилингандан сўнг аниқланган ҳолларда, иш апелляция инстанциясида мазмунан кўриб чиқилиши лозим. Бунда апелляция инстанцияси суди шикоят (протест) берган шахсдан ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга шикоят (протест)нинг нусхалари юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади. Апелляция шикоятини (протестини) берган шахс томонидан шикоят (протест)нинг нусхаси бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш имкони бўлмаганда, суд шикоят (протест)нинг нусхасини ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлиси залида топшириш чораларини кўради. Давлат божи суммаси ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилишда тегишли тарафдан ундирилиши лозим.


5. ХПКнинг 158-моддасига мувофиқ апелляция шикояти (протести) хўжалик суди томонидан ҳал қилув қарори қабул қилингандан кейин бир ой ичида, хўжалик судининг ҳуқуқий таъсир чорасини қўллаш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) эса - у қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида берилади.

Шикоят қилиш (протест келтириш) муддатини ҳисоблаш ҳал қилув қарори қабул қилинган санадан кейинги кундан бошланади. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилган тақдирда, у шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича суд томонидан тикланиши мумкин. Илтимосномада апелляция шикоятини (протестини) берган шахс ҳавола этаётган муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоятда (протестда) ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят (протест) билан бир вақтда берилиши лозим.

Шикоят (протест) бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома ишда иштирок этувчи шахсларни хабардор қилмасдан судьянинг якка ўзи томонидан кўриб чиқилади. Апелляция шикоятини (протестини) бериш муддати ўтказиб юборилганлигининг узрли сабаблари бўлиб, судга бундай шикоят (протест) билан ўз вақтида мурожаат қилишга тўсқинлик қилган ҳолатлар ҳисобланиши мумкин.

Апелляция шикоятини (протестини) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномани кўриш натижаси бўйича ажрим чиқарилади. Ўтказиб юборилган муддат тикланганда ушбу ажримда шикоятнинг (протестнинг) иш юритишга қабул қилинганлиги кўрсатилиши мумкин ва агар ҳал қилув қарорининг ижросини апелляция инстанцияси судида иш кўрилгунга қадар кечиктириш ҳақидаги илтимоснома бўлган бўлса, ажримда уни кўриб чиқиш натижалари ҳам кўрсатилади.

ХПКнинг 99-моддасига кўра ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги ажрим устидан шикоят (протест) қилинмайди.

Ўтказиб юборилган муддатни тиклашни рад этиш тўғрисида апелляция шикоятини (протестини) қайтариш ҳақидаги ажримда баён этилиши мумкин.


6. Судлар шуни назарда тутишлари керакки, апелляция шикояти (протести) шикоят (протест) қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан, хусусан, ишда иштирок этмаган, биринчи инстанция суди унинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилмаган шахс томонидан берилганда, шикоятнинг (протестнинг) ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилиниши рад этилади. Агар апелляция шикояти (протести) ХПКга мувофиқ шикоят қилинмайдиган суд ҳужжатига берилган бўлса, уни ҳам ХПК 117-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига мос ҳолда қабул қилишни рад этиш лозим.

ХПК 146-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган пайтдан қонуний кучга киради. Шу сабабли Олий хўжалик судининг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят (протест) қилинмайди.

ХПКнинг бошқа нормаларига мувофиқ: судья, прокурор, эксперт, котиб, таржимонни рад қилиш ва ўзини ўзи рад қилиш тўғрисидаги масалани кўриш натижалари (ХПКнинг 21-моддаси); ишни бошқа хўжалик судига тегишлилиги бўйича ўтказиш (ХПКнинг 33-моддаси); ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш (ХПКнинг 38-моддаси); процессуал ҳуқуқий ворислик (ХПКнинг 39-моддаси); далилларни талаб қилиб олиш (ХПКнинг 56-моддаси); ашёвий далилларни қайтариш (ХПКнинг 66-моддаси); экспертиза тайинлаш ёки экспертизани тайинлаш ҳақидаги илтимосномани рад этиш (ХПКнинг 67-моддаси); суд топшириғи (ХПКнинг 74-моддаси); даъвони таъминлашнинг бир турини бошқаси билан алмаштириш (ХПКнинг 78-моддаси); иш юритишни тиклаш (ХПКнинг 84-моддаси); процессуал муддатларни тиклаш (ХПКнинг 99-моддаси); суд буйруғини бекор қилиш (ХПКнинг 111-моддаси); ишларни бирлаштириш ва талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш (ХПКнинг 115-моддаси); қарши даъвони қабул қилиш (ХПКнинг 120-моддаси); ишни судда кўришга тайёрлаш ва иш қўзғатиш (ХПКнинг 123-моддаси); ишни кўришни кейинга қолдириш (ХПКнинг 131-моддаси); суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қаноатлантириш (ХПКнинг 208-моддаси) ҳақидаги ажримлар апелляция тартибида шикоят (протест) қилинмайди.

Агар ХПКнинг 149-моддасида белгиланган асослар бўйича биринчи инстанция суди томонидан қўшимча ҳал қилув қарори қабул қилиш ёки ХПКнинг 150-моддасига мувофиқ ҳал қилув қарорига тушунтириш бериш, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар, ҳисоб-китобдаги арифметик хатоларни тузатиш йўли билан ҳал қилув қароридаги камчиликлар бартараф қилинган бўлса ҳам, апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш рад қилиниши мумкин.


7. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, биринчи инстанция судида иштирок этаётган вакил, шу жумладан, адвокат суднинг ҳал қилув қарорига берилган апелляция шикоятини, агар вакил қилинган шахсга берилган ишончномада бундай процессуал ҳаракатни амалга ошириш ХПКнинг 52-моддасига кўра қайд этилган бўлса, имзолашга ҳақли. Агар апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг шикоятга (протестга) имзо қўйган шахснинг уни имзолашга ҳақли эканлигига шубҳа туғилса, аризачига тегишли далилларни тақдим этиш таклиф этилади. Бундай далиллар тақдим этилмаганда, шикоят (протест) ХПК 88-моддасининг 3-бандига мос ҳолда кўрмасдан қоддирилади.


8. Апелляция шикоятини (протестини) иш юритишга қабул қилиш масаласи хўжалик суди судьяси томонидан якка тартибда, у хўжалик судига келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ҳал этилади. Апелляция шикоятини (протестини) қабул қилиш тўғрисида апелляция инстанцияси суди ажрим чиқаради ҳамда у билан апелляция шикояти (протести) бўйича иш қўзғатилади. Ажримда апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш вақти ва жойи кўрсатилади. Ажрим ишда иштирок этувчи шахсларга, апелляция протестини берган прокурорга, шунингдек ХПК 170-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига мувофиқ шикоят берган шахсга юборилади. Апелляция шикояти (протести) иш юритишга қабул қилинганидан кейинги барча суд ҳужжатлари ҳайъатда қабул қилинади.

9. ХПК 15-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, апелляция инстанциясида барча ишлар хўжалик суди томонидан ҳайъатда кўрилади. Агар хўжалик судида апелляция шикоятини (протестини) кўриб чиқиш учун суд таркибини шакллантиришнинг имкони бўлмаса (масалан, рад этиш натижасида ёки судьяларнинг сони етарли бўлмаса), иш апелляция тартибида кўриш учун бошқа хўжалик судига ўтказилади. Бундай ҳолатда ишни қайси хўжалик судига ўтказиш масаласи Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси томонидан "Судлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 53-моддасининг еттинчи хатбошисига асосан ҳал этилади.

10. ХПКнинг 165-моддасига кўра апелляция шикоятини берган шахс қарор чиқарилгунга қадар ундан воз кечишга ҳақли. Протест келтирган прокурор, шунингдек юқори турувчи прокурор суд мажлиси бошлангунча протестни чақириб олишга ҳақли. Суд ХПК 40-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича шикоятдан воз кечишни рад этиб, ишни апелляция тартибида кўриб чиқишга ҳақли.

Апелляция шикоятидан воз кечишни қабул қилиш, шунингдек протестни чақириб олиш, агар ҳал қилув қарори бошқа шахслар томонидан шикоят қилинмаган бўлса, ХПК 165-моддасининг тўртинчи қисмига асосан апелляция инстанциясида иш юритишни тугатишга олиб келади.


11. ХПКнинг 164-моддасига мувофиқ иш апелляция инстанциясида ХПКнинг 21-бобида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ишни хўжалик судининг биринчи инстанциясида кўриб чиқиш қоидалари бўйича кўриб чиқилади. Иш апелляция инстанциясида видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида кўрилиши мумкин. Бунда биринчи инстанция учунгина белгиланган қоидалар қўлланилмайди.

Апелляция инстанциясида хусусан: ишга дахлдор бўлмаган тарафни алмаштириш (ХПКнинг 38-моддаси); даъвонинг асоси ёки предметини ўзгартириш, даъво талаблари миқдорини кўпайтириш ва камайтириш ёхуд даъводан тўлиқ ёки қисман воз кечиш (ХПКнинг 40-моддаси); учинчи шахсларни ишга жалб қилиш (ХПКнинг 41, 42-моддалари); битта даъво аризасида бир нечта талабларни бирлаштириш, бир нечта ишларни битта иш юритишга бирлаштириш, талабларни алоҳида иш юритишга ажратиш (ХПКнинг 115-моддаси); қарши даъвони тақдим этиш (ХПКнинг 120-моддаси) тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди.

Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судида кўришда тақдим этилмаган янги талабларни қабул қилишга ёки кўриб чиқишга ҳақли эмас (ХПК 166-моддасининг учинчи қисми). Бунда янги талаблар деганда, биринчи инстанция судида кўриб чиқилмаган моддий-ҳуқуқий талаблар ҳамда биринчи инстанция судида ишни кўришда иштирок этмаган шахсга нисбатан тақдим этилган талаблар тушунилиши лозим.

Агар апелляция шикоятида (протестида) биринчи инстанция судида кўриш предмети бўлмаган янги талаблар тақдим этилган бўлса, апелляция инстанцияси суди қарорнинг асослантирувчи қисмида ушбу талаблар биринчи инстанция судида кўриш предмети бўлмаганлиги сабабли кўриб чиқилмаслигини кўрсатиши лозим.


12. Апелляция шикояти (протести) бўйича иш юритишнинг тугатилишига у иш юритишга қабул қилингандан кейин ва уни кўриб чиқишга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар вужудга келганда йўл қўйилади.

Агар ҳал қилув қарори қабул қилингандан сўнг ташкилот - ишда иштирок этувчи шахс тугатилган бўлса, ишда иштирок этувчи шахс - фуқаро вафот этган бўлиб, низоли ҳуқуқий муносабат бўйича ҳуқуқий ворисликка йўл қўйилмаса ҳам, апелляция шикояти (протест) бўйича иш юритиш тугатилади (ХПК 86-моддасининг 4, 5-бандлари).

Апелляция инстанцияси судида иш юритишни тугатиш тўғрисидаги ажрим ХПК 87-моддасининг тўртинчи қисмига мос ҳолда кассация тартибида шикоят (протест) қилиниши мумкин.


13. ХПК 166-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ хўжалик суди апелляция инстанциясида ишда мавжуд ва қўшимча тақдим этилган далиллар бўйича ишни қайта кўради. Қўшимча далилларни қабул қилиш ҳақидаги масала ҳал этилаётганда биринчи инстанция судида мазкур далилларни тақдим қилмаганлик сабаблари, уларни апелляция инстанцияси судига тақдим қилишнинг зарурлиги, шунингдек низони тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга далилларнинг дахлдорлиги ҳақидаги арз қилувчининг тушунтиришлари эътиборга олинади. Агар манфаатдор шахс биринчи инстанция судида ўзини инсофсизларча тутганлиги ва суд жараёнини чўзиш мақсадида мазкур далилларни тақдим қилмаганлиги аниқланса, қўшимча далиллар апелляция инстанцияси суди томонидан қабул қилинмаслиги мумкин.

Апелляция шикоятига (протестига) билдирилган ёзма фикрни асослаш учун тақдим этилган қўшимча далиллар апелляция инстанцияси суди томонидан ХПК 166-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган қоидалар бўйича қабул қилинади ва кўриб чиқилади.


14. ХПК 166-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ апелляция инстанцияси суди апелляция шикоятида (протестида) баён этилган важлар билан чекланиб қолмайди ҳамда ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини тўла ҳажмда, шу жумладан, процесснинг барча иштирокчиларига, ҳал қилув қарори устидан шикоят қилган шахсларга нисбатан ҳам, шикоят қилмаган шахсларга нисбатан ҳам текширади. Апелляция инстанцияси судлари ишни кўришда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри аниқланганлиги ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри қўлланилганлиги текширилиши зарурлигини эътиборга олишлари лозим. Суд шикоятнинг (протестнинг) важлари билан чекланиб қолмаслиги сабабли, уни кўриш натижалари бўйича арз қилувчи сўраганидан ўзгача қарор қабул қилишга ҳақли. Шунинг учун ХПКнинг 169-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлганда, апелляция шикоятида (протестида) суд томонидан моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилганлиги ҳақидаги кўрсатма бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади.


15. Ишларни апелляция тартибида кўришда судлар қонун бўйича: биринчи инстанция суди иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ текширганлигини; суд аниқланган деб топган ҳолатларнинг исботланганлигини; суднинг ҳал қилув қарорида баён қилинган хулосалари иш ҳолатларига мувофиқлигини; моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилмаганлигини; мазкур нормалар тўғри қўлланилганлигини аниқлашлари лозим.

Апелляция инстанцияси суд ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини ишдаги мавжуд ҳамда ишни кўришдан олдин ёки кўриш вақтида ишда иштирок этувчи тарафлар ва бошқа шахслар томонидан тақдим қилинган, шунингдек апелляция инстанцияси суди томонидан ишда иштирок этувчи ва бошқа шахсларнинг илтимосномаларига кўра талаб қилиб олинган қўшимча ҳужжатлар бўйича текширади.


16. Апелляция инстанцияси судида ХПКнинг 82, 83-моддаларида назарда тутилган иш юритишни тўхтатиб туриш ҳақидаги қоидалар қўлланилади. Бунда судлар эътиборга олишлари лозимки, ХПКнинг 82-моддасида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганида хўжалик суди иш юритишни тўхтатиб туришга мажбур. ХПКнинг 83-моддасида қайд этилган асослар мавжуд бўлганида эса иш юритишни тўхтатиб туриш масаласи хўжалик суди томонидан ишнинг муайян ҳолатларидан келиб чиқиб ҳал этилади. ХПК 82-моддаси биринчи қисмининг 1-бандини қўллашда шуни назарда тутиш керакки, хўжалик суди иш юритишни ушбу ишни конституциявий, фуқаролик, жиноят ёки маъмурий суд ишларини юритиш тартибида кўрилаётган бошқа иш ёки масала бўйича қарор қабул қилингунга қадар кўриш мумкин бўлмаган ҳодда тўхтатиб туришга мажбур. Ишни кўриш имконияти мавжуд бўлганда иш юритишни тўхтатиб туриш мумкин эмас.


17. Апелляция инстанцияси судлари ХПК 168-моддасида санаб ўтилган ваколатларнинг рўйхати қатъий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслигини ҳисобга олишлари керак.

Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган, суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ, бироқ суд томонидан моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатога йўл қўйилган деб топса, бундай ҳолда апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмини ўзгартиради.

Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тақдим этилган далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва объектив текшириш асосида аниқланган, аммо суднинг хулосалари ушбу ҳолатларга мувофиқ эмас деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ва янги қарор қабул қилади.

Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ишнинг фактик ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган ва шу сабабли қабул қилинган ҳал қилув қарори етарли асослантирилмаган деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ва мавжуд бўлган ҳамда янги далиллар асосида янги қарор қабул қилади.

Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ХПК 170-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилган ҳамда бу ҳол нотўғри қарор қабул қилинишига олиб келган деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ёки ўзгартиради.

Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда ХПК 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилган деб топса, апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилади ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади.


18. Апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича апелляция инстанцияси суди ишни кўрган барча (шу жумладан, иш бўйича алоҳида фикрга эга бўлган) судьялар томонидан имзоланадиган қарор шаклидаги суд ҳужжатини қабул қилади. Апелляция инстанцияси судининг қарори ХПК 138-моддасининг иккинчи қисмига мос ҳолда кириш, баён қилиш, асослантирувчи ва хулоса қисмларидан иборат бўлади.

Қарорнинг кириш қисмида: қарорни қабул қилган хўжалик судининг номи; иш рақами; қарорни қабул қилиш санаси ва жойи; ишни кўрган суднинг таркиби; ишда иштирок этган шахсларнинг номлари; низонинг предмети; мажлисда ҳозир бўлган шахсларнинг ваколатлари кўрсатилган ҳолда фамилиялари; мажлисда иштирок этган прокурорнинг фамилияси; суд мажлиси котибининг фамилияси; апелляция шикоятини (протестини) берган шахснинг номи; шикоят (протест) қилинган суд ҳужжатининг қабул қилинган санаси; уни қабул қилган судьяларнинг фамилиялари кўрсатилади.

Қарорнинг баён қилиш қисмида: шикоят (протест) қилинаётган суд ҳужжати мазмунининг қисқача баёни; апелляция шикоятида (протестида) ҳал қилув қарорининг қонунийлиги ва асослантирилганлигини текшириш масаласи қўйилишига сабаб бўлган асослар; апелляция шикояти (протести) юзасидан берилган мулоҳазада баён этилган важлар; суд мажлисида иштирок этган шахсларнинг тушунтиришлари кўрсатилади.

Қарорнинг асослантирувчи қисмида: апелляция инстанцияси суди томонидан аниқланган ҳолатлар; ушбу ҳолатлар тўғрисида суднинг хулосаларига асос бўлган далиллар; қарорни қабул қилишда суд қўллаган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар; қарорни қабул қилишда суд у ёки бу далилларни рад қилишига ҳамда ишда иштирок этувчи шахслар таянган қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўлламаслигига сабаб бўлган важлар; биринчи инстанция судининг суд ҳужжати бекор қилинган ёки ўзгартирилганда, апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция судининг хулосалари билан қўшилмаганлигининг сабаблари; апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича хулосалар кўрсатилади.

Қарорнинг хулоса қисмида: ХПКнинг 168-моддасида назарда тутилган қарорлардан бири; апелляция шикоятини бериш билан боғлиқ суд харажатларининг тарафлар ўртасида тақсимланиши кўрсатилади.

Апелляция инстанцияси судлари ХПК 171-моддасининг қарорнинг мазмуни ҳақидаги нормаларига қатъий риоя этишлари зарур.


19. Апелляция инстанцияси судининг қарори ХПКнинг 150-моддасида назарда тутилган тартибда тушунтирилиши, ёзувдаги хатолар, ҳарфий хатолар ва арифметик ҳисоблашдаги янглишишлар эса тузатилиши мумкин.

21. Ажримлар устидан апелляция шикоятлари (протестлари) ҳал қилув қарорларини шикоят (протест) қилиш назарда тутилган тартибда берилади. Судлар назарда тутишлари керакки, шикоят (протест) қилиш имкони ХПКнинг нормаларида тўғридан-тўғри назарда тутилган ва иш кўришни давом эттиришга тўсқинлик қилаётган ажримларгина шикоят (протест) қилиниши мумкин. ХПКда шикоят (протест) қилиниши назарда тутилмаган бошқа ажримлар юзасидан эътирозлар ишни мазмунан кўриб чиқиш якуни бўйича қабул қилинган суд ҳужжати шикоят (протест) қилинганда билдирилиши мумкин.

ХПК 172-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ биринчи инстанция судининг ажримлари устидан апелляция шикоятлари (протестлари) суднинг ҳал қилув қарорлари устидан берилган апелляция шикоятларини (протестларини) кўриш учун назарда тутилган тартибда кўрилади. Ушбу модданинг учинчи қисмига кўра апелляция инстанцияси суди томонидан даъво аризасини қабул қилишни рад этиш, даъво аризасини қайтариш, иш юритишни тўхтатиб туриш, иш юритишни тугатиш, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажримлар бекор қилинган ҳолларда низо мазмунан кўрилмаганлиги сабабли, иш биринчи инстанция судига кўриш учун ўтказилади.

Ажрим устидан берилган апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича апелляция инстанцияси суди: ажримни ўзгаришсиз, шикоятни (протестни) қаноатлантирмасдан қолдиришга; биринчи инстанция судининг ажримини бекор қилиш ва ишни мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишга ҳақли.

Апелляция шикоятини (протестини) кўриш натижалари бўйича апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилади. Унинг нусхалари қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда ишда иштирок этувчи шахсларга топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат орқали юборилади ёки тилхат олиб топширилади, ушбу шахсларнинг электрон манзиллари мавжуд бўлган тақдирда эса, қарор ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

22. Апелляция инстанцияси судининг мажлисида, шунингдек суд мажлисидан ташқарида алоҳида процессуал ҳаракатлар амалга оширилганда баённома тузилади. Баённоманинг мазмунига, уни олиб бориш ва имзолаш, шунингдек уни тақдим этиш ва баённомага билдирилган эътирозларни кўриб чиқишга ХПКнинг 134-моддасида белгиланган қоидалар қўлланилади.

Ишда апелляция инстанцияси суди мажлиси баённомасининг бўлмаслиги ёки унинг ХПКнинг 134-моддасида кўрсатилган шахслар томонидан имзоланмаганлиги ХПК 188-моддаси учинчи қисмининг 8-бандига мувофиқ апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.


23. ХПКнинг 217-моддасига мувофиқ апелляция инстанцияси суди қарор қабул қилишда ўзи чиқарган янги қарорнинг ижросини кечиктириш ва қарорни бўлиб-бўлиб ижро этиш масаласини ҳал этишга ҳақли.

Бошқа ҳолларда қарорнинг ижросини кечиктириш ёки уни бўлиб-бўлиб ижро этиш, ижро этиш усулини ва тартибини ўзгартириш масалалари биринчи инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.


24. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2001 йил 24 февралдаги "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши ҳақида"ги 91-сонли қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.




























































Время: 0.1806
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск