язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Бошқа мажбурий тўлов турлари/ Ягона ижтимоий тўлов/ Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 13.04.2010 й. 2095-сон билан рўйхатга олинган 22.03.2010 й. Молия вазирлиги 22-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 2010-13-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 13 апрелда 2095-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва Давлат

солиқ қўмитасининг

2010 йил 22 мартдаги

22, 2010-13-сон қарорига

ИЛОВА



Ягона ижтимоий тўловнинг энг кам миқдори

киритилиши муносабати билан ягона ижтимоий

тўловни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 7-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 29 декабрдаги ПҚ-1024-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги ва 2016 йил 27 декабрдаги ПҚ-2699-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ ягона ижтимоий тўловнинг (бундан буён матнда ЯИТ деб юритилади) энг кам миқдори киритилиши муносабати билан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ЯИТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартибини белгилайди.

Ушбу Низом қуйидагиларга татбиқ этилмайди:

ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронлар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди қисмида юридик шахсларга;

нотижорат ташкилотларига, шу жумладан бюджет ташкилотларига;

янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектларига, давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб, 6 ой давомида, агар мазкур муддатда улар ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурган тақдирда, қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санасидан бошлаб 6 ой ўтгунгача, бироқ уларнинг давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йилдан кўп бўлмаган даврда. Бунда, янгидан ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари, улар давлат рўйхатидан ўтган санасидан 6 ойлик муддат тугаган ойнинг кейинги ойидан бошлаб, ўз эҳтиёжлари учун объектлар қурувчилар эса - қуриб битказилган объектни қабул қилиш ҳужжати тасдиқланган санадан 6 ойлик ёки давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг бир йиллик муддат тугаган ойнинг кейинги ойидан бошлаб, ушбу Низомнинг 1-бандида кўрсатилган ЯИТнинг энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯИТни тўлайдилар .


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. ЯИТ тўловчилари ЯИТни Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида белгиланган тартибда тегишли йил учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан белгиланган ставка бўйича, бироқ:

фермер хўжаликлари ҳар бир ходими учун ойига минимал иш ҳақининг 50 фоизи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда;

микрофирмалар ва кичик корхоналар (фермер хўжаликлари бундан мустасно) ҳар бир ходими учун ойига минимал иш ҳақининг 65 фоизи миқдоридан кам бўлмаган миқдорда;

қолган тўловчилар ҳар бир ходим учун ойига бир минимал иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ЯИТ ҳисоблашади.

Ҳисоблаб чиқарилган ЯИТ суммаси фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган фойдани аниқлашда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 145-моддасига мувофиқ чегириб ташланади, бундан ушбу Низомнинг 12-бандида назарда тутилган ҳолат мустасно.

2. Ушбу Низомни қўллаш мақсадида ходимларга меҳнат шартномаларига ёки ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш предмети бўлган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлаётган жисмоний шахслар киради.



II. ЯИТ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ВА ТЎЛАШ УЧУН

ЯИТНИНГ ЭНГ КАМ МИҚДОРИНИ АНИҚЛАШ

3. ЯИТ тўловчилари ҳисобот ойида ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларидан ва ушбу Низомнинг 1-бандида белгиланган нормативлардан келиб чиққан ҳолда жами корхона бўйича ЯИТнинг энг кам миқдорини аниқлайдилар.

4. ЯИТнинг энг кам миқдори қуйидаги формула асосида аниқланади:

МРяит = К/n * N, бу ерда:

МРяит - ЯИТнинг бир ой учун энг кам миқдори;

К - бир ойда барча ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунлари (бир кунда ишлаган соатларидан қатъи назар) сони, бироқ корхонада ўрнатилган иш кунлари сонидан ортмаган ҳолда. Ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларига, шунингдек йиллик меҳнат таътилларига ва иш ҳақи сақланган ҳолда бериладиган таътилларга тўғри келадиган кунлар ҳам тааллуқлидир. Бир ойда ходимларнинг ҳақиқатда ишлаган кунларини ҳисоблаб чиқаришда қуйидагиларнинг ишлаган кунлари киритилмайди:

пасайтирилган ставкалар бўйича ЯИТ ҳисоблаб чиқариладиган ихтисослаштирилган цехлар, участкалар ва корхоналарда ишловчи ногиронларнинг иш кунлари;

касаначиларнинг иш кунлари (ЯИТ бўйича имтиёз муддати тугагунга қадар);

фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномаларга мувофиқ ишлар бажараётган (хизматлар кўрсатаётган) якка тартибдаги тадбиркорларнинг иш кунлари;

n - корхонада белгиланган бир ойдаги иш кунлари сони;

N - ушбу Низомнинг 1-бан дида белгиланган бир ходим учун бир ойда ЯИТ нормативи. Агар минимал иш ҳақининг миқдори ойнинг 1-кунидан ўзгармаса, у ҳолда ой учун минимал иш ҳақининг ўртача ойлик миқдори қўлланилади.

5. ЯИТнинг энг кам миқдори ҳар ой ҳисоблаб чиқарилади.

6. Агар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ суммаси ЯИТнинг энг кам миқдоридан кам бўлса, у ҳолда ягона солиқ тўлови ЯИТнинг энг кам миқдорининг Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ суммасидан ортган қисмига қўшимча ҳисобланади.

7. Агар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ ҳисоблаб чиқилган ЯИТ ҳақиқий суммаси ЯИТнинг энг кам миқдоридан кўп ёки унга тенг бўлса, у ҳолда ЯИТ ҳақиқатда ҳисобланган сумма миқдорида тўланиши керак.

7-1. Микрофирма ва кичик корхоналари учун белгиланган ЯИТ ставкасини ҳисобот йилида қўллаган, бироқ ҳисобот йили якунлари бўйича белгиланган ходимлар сони мезонига мос келмайдиган ЯИТ тўловчилари (фермер хўжаликлари бундан мустасно) микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган юридик шахслар учун белгиланган ставка (бундан буён матнда умумбелгиланган ставка деб юритилади) бўйича ҳисоблаб чиқарилган ЯИТ суммасини қўшимча ҳисоблайди. Бунда ЯИТнинг белгиланган энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯИТнинг қўшимча ҳисобланган суммасининг қайта ҳисоб-китоби амалга оширилмайди.

Умумбелгиланган ставка бўйича ЯИТнинг қўшимча суммаси ҳисобот йили якуни бўйича тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 4 мартдаги 23, 2013-8-сон "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори (рўйхат рақами 2439, 2013 йил 22 март) билан тасдиқланган Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобида акс эттирилади.

7-2. Агар ҳисобот йилида ЯИТнинг умумбелгиланган ставкасини қўллаган ЯИТ тўловчилари ҳисобот йили якунлари бўйича уларни микрофирма ва кичик корхоналар тоифасига киритиш учун белгиланган ходимлар сони мезонига мос келса, солиқ тўловчиларнинг мазкур тоифаси микрофирма ва кичик корхоналар учун белгиланган ЯИТнинг ставкаси ҳисобот йилидан кейинги йилдан бошлаб қўлланилади ва тегишинча ҳисобот йил учун ЯИТнинг белгиланган энг кам миқдорини ҳисобга олган ҳолда ЯИТнинг қўшимча ҳисобланган суммасининг қайта ҳисоб-китоби амалга оширилмайди.


III. ЯИТНИНГ ЭНГ КАМ МИҚДОРИНИ СОЛИҚ

ҲИСОБОТИДА АКС ЭТТИРИШ ТАРТИБИ

8. Мазкур Низом татбиқ этиладиган тўловчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2013 йил 4 мартдаги "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги 23, 2013-8-сон қарори (рўйхат рақами 2439, 2013 йил 22 март) билан тасдиқланган Ягона ижтимоий тўлов ва фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ҳисоб-китобига тасдиқланган шаклдаги Маълумотнома-ЯИТнинг энг кам миқдори ҳисоб-китобини илова қилишади.


IV. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


10. Тўловчилар ушбу Низомнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда ЯИТни ҳисоблаб чиқаришнинг тўғрилигига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ уни ўз вақтида тўлашга жавобгардирлар.


11. Давлат солиқ хизмати органлари Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ЯИТнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши устидан назоратни амалга оширадилар.


12. Ушбу Низомда назарда тутилган ЯИТни ҳисоблаб чиқаришнинг тартиби бузилган ҳоллар аниқланганда, давлат солиқ хизмати органлари ЯИТнинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига мувофиқ пеня ҳисоблаган ҳолда, ЯИТни қўшимча ҳисоблайдилар. Бунда давлат солиқ хизмати органлари томонидан қўшимча ҳисобланган ЯИТ суммаси тўловчи ихтиёрида қоладиган фойда ҳисобидан ундирилади ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган фойдадан чегирилмайди.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 14-15-сон, 120-модда.