язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Маданият/ Тасвирий санъат. Музейлар/ Миллий музей фондининг Давлат каталоги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.04.2010 й. 68-сон қарорига 3-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 12 апрелдаги

68-сон қарорига

3-ИЛОВА



Миллий музей фондининг

Давлат каталоги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Музейлар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, Миллий музей фондининг Давлат каталогини (кейинги ўринларда "Давлат каталоги" деб юритилади) шакллантириш ва юритиш тартибини белгилайди.


2. Давлат каталоги - миллий музей фонд таркибига киритилган ҳар бир музей ашёси ва ҳар бир музей коллекцияси тўғрисидаги асосий маълумотлар мавжуд бўлган ҳисобга олиш ҳужжатидир.


3. Давлат каталоги Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан юритилади.

4. Давлат каталоги электрон ва босма маълумотлар базаси кўринишида шакллантирилади.



II. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ

ДАВЛАТ КАТАЛОГИ РЎЙХАТИГА КИРИТИШ ТАРТИБИ


5. Давлат каталоги музей ашёлари ва музей коллекцияларига эгалик қилаётган ёки улардан фойдаланаётган ёхуд тасарруф қилаётган музейлар ва бошқа ташкилотларнинг асосий ҳисоб ҳужжатларидан олинган маълумотлар асосида шакллантирилади.


6. Давлат каталогига музей ашёлари ва музей коллекциялари тўғрисида қуйидаги маълумотлар (электрон ва босма шаклда) киритилади:

юридик ва жисмоний шахсларнинг Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисидаги битимлар реестри;

Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг ўғирланиши ёки йўқотилиши тўғрисидаги маълумотлар.


7. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибига киритиш учун уларга эгалик қилувчилар, улардан фойдаланувчилар ва тасарруф этувчилар Давлат каталогига киритиладиган маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига тақдим этадилар.

8. Давлат каталогига музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳақида киритиладиган маълумотларни тақдим этиш шакли Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тақдим этилган маълумотларни музейнинг асосий ҳисоб ҳужжатларига таққослаш, музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мавжудлигини аниқлаш мақсадида назорат текширувлари ўтказиш ваколатига эга.

10. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Давлат каталогига киритишда уларга эгалик қилаётган, фойдаланаётган, уларни тасарруф қилаётган музейлар ва бошқа муассасалар томонидан музейнинг асосий ҳисоб ҳужжатларида қайд этилган музей ашёси ва музей коллекцияларининг маълумотлар рўйхати (уларнинг ҳар бири ҳақидаги зарур маълумотлар акс эттирилган ҳолда) электрон ва босма шаклларда уч нусхада тайёрланади:

биринчи нусха - музейда сақланади;

иккинчи нусха - юқори бошқарув органида сақланади (мавжуд бўлса);

учинчи нусха - Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига Миллий музей фонди таркибига киритиш учун тақдим этилади.

Тақдим этилган рўйхат босма шаклининг ҳар бир саҳифасида музейнинг бош муҳофизи (фонд мудири) имзоси, шунингдек рўйхатнинг охирида музей директори ва бош муҳофиз (фонд мудири) имзоси, рўйхат расмийлаштирилган сана ва музейнинг муҳри қўйилади.


11. Рўйхатларнинг босма шакли музейлар ва бошқа ташкилотларнинг юқори бошқарув органи (мавжуд бўлса) раҳбари томонидан тасдиқланиб, шу орган томонидан музей ашёлари ва музей коллекцияларини Давлат каталогига киритиш тўғрисида расмий сўров билан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мурожаат этилади.

12. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тақдим этилган ҳужжатлар асосида музей ашёлари ва музей коллекцияларини Давлат каталоги рўйхатига киритади.

13. Музей ашёлари ва музей коллекциялари Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан Миллий музей фонди таркибига киритилган ҳисобланади.


14. Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари мулкдорига рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.


15. Давлат каталогига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг эгалари, улардан фойдаланувчилар ва тасарруф этувчилар тақдим этилган маълумотларга киритилган ҳар қандай ўзгартириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига бир ой муддатда хабар беришлари шарт.

16. Музей маъмурияти, тасарруфида музей ашёлари ва музей коллекциялари бўлган бошқа муассасалар музей ашёлари ёки музей коллекциялари ўғирланиши, йўқотилиши ҳолатлари аниқланганда, бу ҳақда зудлик билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ҳамда бошқа тегишли ташкилотларга хабар беради.

17. Юридик ва жисмоний шахсларнинг Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларига бўлган фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари, шу жумладан, мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш мазкур ҳаракатлар Миллий музей фондининг Давлат каталогида рўйхатдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.


18. Давлат каталогига оид ҳужжатларни сақлаш ва юритиш тартиби, улар билан ишловчи ходимларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан белгиланади.

19. Давлат каталогига киритилган музей ашёлари ва музей коллекциялари тўғрисидаги маълумотлар фақат Давлат каталогини юритишга алоқадор бўлган, яъни музей директори, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, бош муҳофиз, фонд бўлими бошлиқлари, ҳисобга олиш бўлими ходимлари учун очиқ ҳисобланади. Бошқа юридик ва жисмоний шахслар ушбу маълумотлардан фойдаланиш ёки улар билан танишиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига мурожаат қилиши ва ёзма рухсатнома олиши шарт.

Мурожаатномалар ва рухсатномалар белгиланган тартибда қайд этиб борилади.



III. МУЗЕЙ АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ КОЛЛЕКЦИЯЛАРИНИ

ДАВЛАТ КАТАЛОГИ РЎЙХАТИДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


20. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Давлат каталоги рўйхатидан чиқариш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг тегишли буйруғи чиққан вақтдан бошлаб музей ашёлари ва музей коллекциялари Давлат каталоги рўйхатидан чиқарилган ҳисобланади.

Музей ашёлари ва музей коллекциялари чиқарилишига асос бўлган тегишли асосномалар Давлат каталогида рўйхатга олинади.


21. Музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибидан чиқариш учун уларнинг мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига ёзма мурожаат этади.

Мурожаатга музей ашёси ёки музей коллекциясини Миллий музей фондидан чиқариш сабаблари (уларни топиш ёки тиклаш бўйича амалга оширилган чоралар) тўғрисида тўлиқ маълумот, музей ашёси ва музей коллекциясининг фотосуратлари илова қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги зарур ҳолда бошқа қўшимча маълумотларни ҳам талаб қилиши мумкин.

22. Музей ашёлари ёки музей коллекциялари Давлат каталоги рўйхатидан чиқарилганда, улар бир вақтнинг ўзида Миллий музей фонди таркибидан ҳам чиқарилган ҳисобланади.



IV. МИЛЛИЙ МУЗЕЙ ФОНДИНИНГ ДАВЛАТГА ТЕГИШЛИ

БЎЛМАГАН ҚИСМИ ТАРКИБИГА КИРИТИЛГАН МУЗЕЙ

АШЁЛАРИ ВА МУЗЕЙ КОЛЛЕКЦИЯЛАРИ БИЛАН

БОҒЛИҚ БИТИМЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ


23. Битимлар реестрида музей ашёлари ва музей коллекциялари билан боғлиқ бўлган қуйидаги битимлар турлари рўйхатга олинади:

олди-сотди шартномалари;

ҳадя этиш;

айирбошлаш;

доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун топшириш.


24. Музейлар битимни ёки ворислик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни Давлат каталогида рўйхатга олиш тўғрисида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига қуйидагиларни тақдим этади:

битимни ёки ворислик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни Давлат каталогида рўйхатга олиш тўғрисида ариза (аризада битим ёки ворислик предмети ҳисобланган музей ашёлари ва музей коллекцияларини Миллий музей фонди таркибига киритиш тўғрисидаги гувоҳнома, битим тури ва қатнашчилари қайд этилади);

тегишли битим шартномаси ёки меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги ҳужжат нусхаси;

битим ёки ворислик предмети ҳисобланган музей ашёлари ва музей коллекциялари рўйхати ва уларни Миллий музей фонди таркибига киритиш тўғрисидаги гувоҳноманинг асл нусхаси (дубликат).


25. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги белгиланган ҳужжатлар тақдим этилган вақтдан бошлаб бир ой муддатда қуйидагиларни амалга оширади:

ҳужжатларда қайд этилган музей ашёлари ва музей коллекциялари тўғрисидаги маълумотларни Давлат каталоги рўйхатига киритади;

битимни ёки ворислик ҳуқуқини берувчи ҳужжатни битимлар реестрида рўйхатга олади ва рўйхатнинг тартиб рақами кўрсатилган ёзма маълумотнома беради;

битим ёки ворислик предмети бўлган музей ашёлари ва музей коллекцияларининг мулкдори ўзгарганда, уларни янги мулкдор номига қайта расмийлаштиради, мазкур музей ашёлари ва музей коллекцияларининг аввалги мулкдорига берилган гувоҳномани бекор қилади, битим ёки ворислик ўзгариши натижасида ушбу музей ашёлари ва музей коллекциялари таркибида содир бўлган ўзгаришларни қайта рўйхатга олади.


26. Меросхўр музей ашёлари ва музей коллекцияларига нисбатан мерос қолдирувчида мавжуд бўлган мажбуриятлардан бош тортган тақдирда, меросхўр томонидан уларни сотиш ёки бошқа битим белгиланган тартибда амалга оширилмагунча гувоҳнома қайтадан расмийлаштирилмайди.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Давлат музейлари, тасарруфида музейлар бўлган бошқа муассасалар музей ашёлари ва музей коллекцияларини Давлат каталогида рўйхатдан ўтказиш учун улар ҳақида тақдим этилган ҳужжатларда қайд этилган маълумотларнинг ҳақиқийлиги ва талаб даражасида тайёрланиши учун масъулдирлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 14-15-сон, 109-модда.