язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Божхона қонунчилиги/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Божхона расмийлаштируви. Декларациялаш/ Божхона юк декларацияларига тузатиш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 24.09.2010 й. 2143-сон билан рўйхатга олинган Давлат божхона қўмитасининг 19.08.2010 й. 01-02/15-17-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 24 сентябрда 2143-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат божхона қўмитасининг

2010 йил 19 августдаги

01-02/15-17-сон қарорига

ИЛОВА



Божхона юк декларацияларига тузатиш

киритиш, қайта расмийлаштириш ва

бекор қилиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божхона хизмати тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 230-модда), Ўзбекистон Республикасининг "Бож тарифи тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 228-модда), Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 2-сонга илова), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 9 мартдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятини ташкил этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-302-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 10-сон, 75-модда) мувофиқ товарлар божхонада расмийлаштирилиб, муайян божхона режими остига қўйилганидан сўнг қоғоз ёки электрон шаклдаги божхона юк декларацияларига (кейинги ўринларда - БЮД) ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш, шунингдек БЮД маълумотлар базасига тегишли ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


БЮДга ўзгартириш киритиш - БЮДга тузатишлар ва қўшимчалар киритиш;


БЮДдаги хато - декларациялашга тақдим этилган бирламчи ҳужжатлардаги ахборот билан БЮДдаги маълумотлар орасидаги тафовут, шунингдек БЮД графаларидаги нотўғри маълумотлар;


БЮДни бекор қилиш - БЮДнинг юридик ҳужжат сифатида амал қилишини тўхтатиш;


БЮДни қайта расмийлаштириш - аввал расмийлаштирилган БЮДни бекор қилиш ва янги БЮДни расмийлаштириш билан боғлиқ жараён;


ДБҚнинг Эксперт кенгаши - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида божхона ишидаги муаммоли масалаларни кўриб чиқиш учун ташкил этилган Эксперт кенгаши;


декларант - товарларни олиб ўтувчи, товарлар ва транспорт воситаларини ўз номидан декларация қилувчи, тақдим этувчи шахс ёки товарларни олиб ўтувчи шахс номидан иш юритувчи божхона брокери;


ҳудудий божхона органлари - Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент-Аэро" ихтисослаштирилган божхона комплекси.


2. Мазкур Низом талаблари барча расмийлаштирилган БЮДга нисбатан қўлланилади.


3. Товарлар божхонада расмийлаштирилиб, муайян божхона режими остига қўйилганидан кейин БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

божхонада расмийлаштиришда йўл қўйилган хатоларни тузатиш зарурати туғилганида;

ушбу БЮД ёки унинг бир қисми бўйича расмийлаштирилган товарга эгалик қилиш ҳуқуқи ташқи иқтисодий фаолиятнинг бошқа субъектига берилганида;

шартнома (битим) шартлари ўзгарганида;

товарларни ташишга мўлжалланган транспорт воситалари техник жиҳатдан носоз бўлганида;

товарлар қайтарилганда;

БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш учун етарли асос бўладиган бошқа ҳолларда.


4. Товарларнинг божхона қийматига тузатиш киритиш тартиби Божхона қийматини тўғрилаш БҚТ-1 ва БҚТ-2 шаклларини тўлдириш бўйича йўриқнома (рўйхат рақами 920, 2000 йил 20 апрель) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 йил, 8-сон) билан белгиланади.

5. БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ва бекор қилиш масалалари бўйича мурожаат қилиш муддати БЮДни сақлаш муддатидан ошмаслиги лозим.

6. БЮДдаги хатоларни тузатиш мазкур Низомнинг 11-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолатлардан ташқари, унга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш масаласи бўйича аризалар (билдиргилар)ни кўриб чиқиш учун ҳудудий божхона органи бошлиғининг биринчи ўринбосари раҳбарлигида доимий фаолият юритадиган комиссиялар (кейинги ўринларда - Комиссия) ташкил қилинади, уларнинг таркиби ҳудудий божхона органи бошлиғининг буйруғи билан тасдиқланади.

Комиссия таркибига божхона назоратини ташкил этиш, даромадлар ва божхона қиймати, валюта назорати, божхона статистикаси ва таҳлил, суриштирув ҳамда юридик хизмат бўлимларининг мансабдор шахслари киритилади. Комиссия таркибига ҳудудий божхона органи бошлиғи томонидан божхона органларининг бошқа бўлимлари мансабдор шахслари ҳам киритилиши мумкин.


7. Зарурат туғилганда кўриб чиқилаётган БЮДни божхона расмийлаштирувидан ўтказган ва товарларни чиқаришда қатнашган божхона органлари ходимлари, божхона брокерлари ва/ёки товар эгалари Комиссия ишига жалб қилинишлари мумкин.

Комиссия кўрилаётган БЮДни божхона расмийлаштирувидан ўтказган божхона органи мансабдор шахсидан, божхона брокерлари ва/ёки товар эгаларидан ёзма тушунтиришларни тақдим қилишга, шунингдек мазкур масала бўйича зарур бўлган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга.



II. БЮДГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ, ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ЁКИ БЕКОР ҚИЛИШ

БЎЙИЧА АРИЗА БЕРИШ


8. БЮДда хато аниқланиб ва унга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш талаб этилганида, товар эгаси ёки божхона брокери ҳудудий божхона органи бошлиғига ариза билан ёзма мурожаат қилиши керак ва унда мазкур БЮДга ўзгартириш киритиш, бекор қилиш ёки қайта расмийлаштириш учун зарурат бўлганлигининг аниқ сабабларини кўрсатади.

Аризага мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ ҳужжатлар илова қилинади.


9. Ариза ҳудудий божхона органи бошлиғи томонидан Комиссияга кўриб чиқиш учун юборилади.



III. БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ МАНСАБДОР

ШАХСЛАРИ ТОМОНИДАН АНИҚЛАНГАН

БЮДДАГИ ХАТОЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


10. БЮДда хато аниқланганида божхона органи мансабдор шахси бу ҳақда ҳудудий божхона органи бошлиғига билдирги билан хабар қилади. Билдиргига хатоси бўлган БЮДнинг нусхаси, зарурат туғилганда эса декларациядаги хатолар борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.

Божхона органи мансабдор шахсининг талабига кўра декларант мазкур Низомнинг иловасида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этиши шарт.


11. БЮДнинг 1-графаси (учинчи бўлими), 5, 11, 12, 13, 16, 20, 22, 23, 31-графанинг пастки ўнг бурчаги (товар миқдори), 33, 34, 35, 36, 37, 38, 41, 42, 43 ҳамда 44-графанинг 6, 7-бандлари, 45, 47 ва бошқа графаларида божхона тўловларига таъсир этадиган хатоликлар аниқланганда, божхона органи мансабдор шахсининг билдиргиси ҳудудий божхона органи бошлиғи томонидан Комиссияга кўриб чиқиш учун юборилади.

БЮДнинг бошқа графаларида, божхона тўловларига таъсир этмайдиган хатоликлар аниқланганда, божхона органи мансабдор шахсининг ҳудудий божхона органи бошлиғининг тегишли резолюцияси билан билдиргиси асосида Комиссиянинг қарорисиз тузатилади. Бунда билдирги ҳудудий божхона органининг қуйидаги:

божхона назоратини ташкил этиш;

даромадлар ва божхона қиймати;

валюта назорати;

божхона статистикаси ва таҳлил бўлинмалари билан келишилади.

Аниқланган хатоликларнинг характери юзасидан мунозарали ҳолатлар келиб чиққанда, билдирги ҳудудий божхона органи бошлиғи томонидан Комиссияга кўриб чиқиш учун юборилади.



IV. БЮДГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ, ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕКОР ҚИЛИШНИ

КОМИССИЯ ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИШ


12. БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш масалалари товарлар божхона расмийлаштирувидан қайси фаолият ҳудудида ўтказилган бўлса, ўша ҳудудий божхона органи Комиссияси томонидан, мазкур масалани ҳал қилиш учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 10 иш кунидан кечиктирмай, кўриб чиқилади.


13. Комиссия томонидан кўриб чиқилаётган масала бўйича, юкни қабул қилиш ёки жўнатиш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар ўрганиб чиқилиши лозим. Бунда БЮДга ўзгартириш киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилишга олиб келган сабабларга алоҳида эътибор қаратилиши керак.


14. Комиссия кўриб чиқиш натижасида қарор чиқаради, унда қуйидаги маълумотлар акс эттирилади:

ариза (билдирги)нинг қисқача мазмуни;

кўриб чиқилган БЮДнинг маълумот рақами;

БЮДга ўзгартириш киритиш, уни қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш заруратини туғдирган сабаб ва ҳолатлар;

Комиссия томонидан қабул қилинган қарор.

Қарор ҳудудий божхона органи бошлиғининг биринчи ўринбосари ва Комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади, ҳудудий божхона органи бошлиғи томонидан тасдиқланади ҳамда кейинчалик БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш ва БЮД маълумотлар базасидаги электрон нусхасига ўзгартириш киритиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Мурожаат (билдирги) бўйича ижобий қарор чиқарилганда у икки нусхада тузилади, биринчи нусхаси тақдим этилган ҳужжатлар билан Комиссиянинг йиғмажилдида сақланади, иккинчи нусхаси қоғоз шаклдаги БЮДнинг биринчи нусхаси (божхона учун нусха) ёки электрон шаклдаги БЮДнинг қоғоз нусхаси билан бирга божхона пости иш ҳужжатига тикилади. Зарурат туғилганда бошқа манфаатдор шахсларга қарордан кўчирма берилади.

Салбий қарор қабул қилинганда унинг иккинчи нусхаси уч иш куни ичида аризачига юборилади.

Комиссия томонидан БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш ёки бекор қилиш бўйича чиқарилган салбий қарор юзасидан аризачи эътироз билдириб Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига шикоят қилишга ҳақли.


15. Комиссия қароридан шикоят тартибида келган мурожаатларни кўриб чиқилиши ДБҚнинг Эксперт кенгаши томонидан амалга оширилади.

ДБҚнинг Эксперт кенгаши Комиссия қабул қилган қарорни тасдиқлаган тақдирда, аризачи Давлат божхона қўмитасининг ёзма рад жавобини олгандан сўнг эътироз билдириб, белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.



V. БЮДГА ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ, ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ЁКИ БЕКОР ҚИЛИШ


16. Комиссия томонидан БЮДга ўзгартириш киритиш ҳақида қарор чиқарилганда ёки божхона органи мансабдор шахсининг билдиргисига ҳудудий божхона органи бошлиғининг резолюциясига кўра, мазкур БЮДни расмийлаштирган божхона постида БЮДнинг барча (статистик нусхадан ташқари) нусхаларидаги тегишли графаларига матнни "X" белгиси билан ўчириш ва янги матнни ёзиш йўли билан тузатишлар киритилади. Нусхалар орқа томонида ким томонидан, қачон, нимага асосланиб, қайси графада ва нима ўзгартирилганлиги ҳақида қайд қилинади. Ёзув ўзгартириш киритган декларант ва божхона постининг мансабдор шахси муҳрлари билан тасдиқланади.

БЮДнинг электрон нусхасига ўзгартириш киритиш мазкур Низомнинг 18-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган тартибда амалга оширилади.

17. БЮДга киритилган тузатишларнинг умумий сони (тўлдириш вақтида декларант томонидан киритилган тузатишлар билан бирга) тўрттадан ошмаслиги керак. Тузатишлар кўрсатилган сондан ошган ҳолатда, мазкур БЮД қайта расмийлаштирилиши керак.


18. Комиссия томонидан БЮДни қайта расмийлаштириш ҳақида қарор чиқарилганда ёки божхона органи мансабдор шахсининг билдиргисига ҳудудий божхона органи бошлиғининг резолюциясига кўра, бошланғич БЮДни расмийлаштирган божхона постида янги БЮД расмийлаштирилади. Бунда унга аввалги БЮДнинг маълумот рақами ва юкни чиқариш санаси берилади ва уни мазкур Низомнинг 20-бандига мувофиқ бекор қилади. Янги БЮД-нинг 50-"Ишончнома берувчи" графасида аввалги БЮДни бекор қилган қарор ёки билдирги рақами ва санаси ёзилади.

Комиссия томонидан электрон шаклдаги БЮДга ўзгартириш киритиш ёки уни қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганда ёки божхона органи мансабдор шахсининг билдиргисига ҳудудий божхона органи бошлиғининг резолюциясига кўра, мазкур электрон шаклдаги БЮДни расмийлаштирган божхона постида божхона орган мансабдор шахси томонидан, уч иш куни давомида, бошланғич тақдим этилган электрон шаклдаги БЮД "рўйхатга олинган расмийлаштирилган" мақомидан "қайта расмийлаштирилган" мақомига ўтказилади ва унинг ўрнига маълумотлар базасида тўғриланган электрон шаклдаги БЮД рўйхатга олинади.

19. Тегишли графаларида жой бўлмаган тақдирда киритилган ўзгартиришлар ҳақидаги ёзув БЮДнинг орқа томонига қайд қилинади.


20. Комиссия томонидан БЮДни бекор қилиш ҳақида қарор чиқарилганда мазкур БЮДнинг барча нусхаларида (статистика нусхасидан ташқари) пастки чап бурчакда диагонал бўйича "ЎЗБЕКИСТОН-UZBEKISTAN" ёзувига параллель равишда "БЕКОР ҚИЛИНДИ" ёзуви қайд қилинади. Нусхаларнинг орқа томонида мазкур БЮД ким томонидан ва нима асосида бекор қилинганлиги кўрсатилади. Бекор қилинган БЮДнинг биринчи нусхаси Комиссия қарори билан бирга божхона пости йиғмажилдига тикиб қўйилади, мазкур БЮДнинг учинчи, тўртинчи, бешинчи (бундан "экспорт" режимида расмийлаштирилган БЮДнинг бешинчи нусхаси мустасно) ва олтинчи нусхалари Комиссиянинг йиғмажилдида сақланади.

Электрон шаклдаги БЮДни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганда мазкур электрон шаклдаги БЮДни расмийлаштирган божхона постида божхона орган мансабдор шахси томонидан, уч иш куни давомида, бошланғич тақдим этилган электрон шаклдаги БЮД "рўйхатга олинган расмийлаштирилган" мақомидан "бекор қилинган" мақомига ўтказилади.

21. Белгиланган тартибда божхона қиймати корректировкаси расмийлаштирилганда, БЮДга ўзгартириш киритиш ва қайта расмийлаштириш амалга оширилмайди.


22. БЮДнинг 3, 5, 6 (бундан "экспорт" режимида расмийлаштирилган БЮДнинг бешинчи нусхаси мустасно) асл нусхаларидан бирини божхона органига тақдим этишнинг имкони бўлмаганда, аризачи томонидан ёзма равишда тақдим этмаслик сабаби кўрсатилади ва хатга асослантирувчи ҳужжатлар илова қилинади.

БЮДнинг тегишли нусхаларини тақдим этиш имконияти мавжуд эмаслиги тўғрисидаги асослантирувчи ҳужжатларнинг йўқлиги аризани кўриб чиқишни рад этиш учун асос бўла олмайди. Бундай ҳолларда БЮДнинг тақдим этилмаган нусхаларидан фойдаланилганлик учун жавобгарлик аризачи зиммасига юклатилади.

БЮДга ўзгартириш киритиш, бекор қилиш ёки қайта расмийлаштириш бўйича Комиссиянинг ёки ҳудудий божхона органи бошлиғининг ижобий қарори чиқарилганда, божхона органига тақдим этилмаган БЮДнинг нусхаси юридик ҳужжат сифатида ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.



VI. БЮД МАЪЛУМОТЛАР БАЗАСИГА

ЎЗГАРТИРИШ КИРИТИШ


23. Комиссиянинг ижобий қарори ёки ҳудудий божхона органи бошлиғининг резолюцияси олингандан сўнг, уч иш куни давомида, дастлаб БЮД расмийлаштирилган божхона постида БЮД маълумотлар базасига тегишли ўзгартиришлар киритилади.



VII. ЯКУНИЙ ҚИСМ


24. Олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган товарларни божхонада расмийлаштириш тугалланмаган ва божхона юк декларациясининг "Д" графаси тўлдирилмаган тақдирда, БЮДга барча ўзгартиришлар Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 834, 1999 йил 3 ноябрь) мувофиқ киритилади.






Низомга

ИЛОВА



БЮДга ўзгартириш киритиш, қайта расмийлаштириш

ёки бекор қилишда аризага илова қилинадиган ҳужжатлар

РЎЙХАТИ


1. Шартнома (битим) нусхаси;


2. Дастлабки расмийлаштирилган БЮДнинг 3, 5, 6-сон (бундан "экспорт" режимида расмийлаштирилган БЮДнинг бешинчи нусхаси мустасно) нусхалари ёки электрон шаклдаги БЮДнинг юк эгаси ёки божхона брокери учун тайёрлаб берилган қоғоз нусхалари ("экспорт" режимида юк мўлжалланган мамлакатга юбориш учун тайёрлаб берилган нусха бундан мустасно);

3. БЮДни божхонада расмийлаштиришда фойдаланилган ҳисобварақ-фактура нусхалари ва товарнинг бошқа кузатув ҳужжатлари;


4. Зарур ҳолларда импортга расмийлаштирилган БЮДда кўрсатилган шартнома бўйича келган товарлар суммаси ва улар ҳақи тўланганлиги ҳақидаги ваколатли банк маълумотномаси;


5. Зарур ҳолларда экспортга расмийлаштирилган БЮДда кўрсатилган шартнома бўйича тўловлар келиб тушганлиги ҳақида ваколатли банкнинг ҳисоб-китоб маълумотномаси.

Қарор қабул қилиш учун зарур бўлганда аризачи томонидан тақдим этилган бошқа ҳужжатлар ҳам Комиссия ёки божхона органи мансабдор шахси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 38-сон, 339-модда.