язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Болалар спортини ривожлантириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.09.2010 й. 211-сон "Спорт мактаблари фаолиятини ҳамда спорт мактаблари тренерлари ва мутахассислари меҳнатини моддий рағбатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.09.2010 й.

N 211



СПОРТ МАКТАБЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ

ҲАМДА СПОРТ МАКТАБЛАРИ ТРЕНЕРЛАРИ ВА

МУТАХАССИСЛАРИ МЕҲНАТИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Болалар ва ёшларнинг мактабдан ташқари спорт таълими тизимини янада такомиллаштириш, спорт захираси ва юксак маҳоратли спортчилар тайёрлаш, тренерлар ва мутахассислар меҳнатини уларнинг тарбияланувчилари юқори спорт натижаларга эришганлиги учун рағбатлантиришни кучайтириш мақсадида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги ПҚ-1271-сон қарори билан тасдиқланган "Баркамол авлод йили" Давлат дастурига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Болалар спорти объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2010 йил 5 майдаги ПҚ-1332-сон қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикасидаги спорт мактаблари асосий фаолияти болалар, ўсмирлар ва ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этишга, спорт захираси ва юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этишга йўналтирилган мактабдан ташқари спорт-таълим муассасалари ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, жамоат ташкилотлари ва спорт федерацияларининг республиканинг ҳар бир туманида (шаҳрида) тегишли моддий-техника базасига эга бўлган, спорт турлари бўйича юқори малакали тренерлар ва мутахассислар билан бутланган камида битта спорт мактаби фаолият кўрсатишини таъминлаш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси қуйидагиларни таъминласинлар:

2010 йил 1 ноябргача, идоравий мансублигидан қатъи назар, республикада фаолият кўрсатаётган Давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактабдан ташқари барча типдаги спорт-таълим муассасаларининг моддий-техника базасини ва тегишли тренер кадрлар билан бутланганлигини хатловдан ўтказиш;

спортчилар тайёрлашни янада самарали ташкил этишни таъминлаш мақсадида 2010 йил 1 декабргача спорт объектлари ва мактабларини қайта ташкил этиш йўли билан спорт мактаблари тармоғини мақбуллаштириш ва фаолиятини тартибга солиш;

спорт мактабларини спорт бўйича тайёргарликнинг замонавий методикалари ва технологияларини эгаллаган малакали тренер кадрлар ва мутахассислар билан босқичма-босқич бутлаш.


4. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги 2010 йил 15 декабргача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

мактабдан ташқари спорт-таълим муассасалари фаолиятини тартибга солиш ва самарадорлигини ошириш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни;

спорт мактаблари, биринчи навбатда, зарур моддий-техника базасига эга бўлмаган қишлоқ туманларидаги спорт мактаблари учун спорт объектлари ва иншоотлар қуриш, уларни реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашни кейинги йилларда Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг манзилли дастурларига киритишга доир таклифларни киритсинлар.


5. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин, Низом 2011 йил 1 январдан бошлаб амалга киритилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, белгиланган тартибда, икки ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда спорт мактабларининг намунавий штатларини ҳамда Спорт мактабларининг ўқувчи-спортчилари, тренерлари ва бошқа мутахассисларини моддий таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни;

спорт-таълим муассасалари ходимларининг малака тавсифларини ва уларга қўйиладиган лавозим талабларини, шунингдек Спорт-таълим муассасаларининг тренер-ўқитувчилари ва инструктор-методистларига малака тоифалари бериш тартиби тўғрисидаги низомни;

спорт-таълим муассасаларида спортчилар тайёрлаш ўқув дастурларининг намунавий режасини тасдиқласинлар.


7. Вазирлар Маҳкамасининг "Спорт мактаблари ва ўқув юртлари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни мувофиқлаштириш тўғрисида" 1996 йил 19 февралдаги 65-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда, белгиланган тартибда, бир ой муддатда идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                     Ш. Мирзиёев



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 38-сон, 331-модда.


“Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами”, 2010 йил, 9-сон, 50-модда