язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат/ Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 20.10.2010 й. 2149-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 20.10.2010 й. 223-мх-сонли буйруғи билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 20 октябрда 2149-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2010 йил 20 октябрдаги

223-мҳ-сонли буйруғига

ИЛОВА


Нотариус стажёрининг фаолиятини

ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 2-сон, 42-модда) 2-2-моддасига мувофиқ нотариус стажёрининг (кейинги ўринларда стажёр деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Стажёр томонидан нотариус мақомига эга бўлишга тайёрланиш ва унинг касбий билимларини ҳамда кўникмаларини ҳосил қилиш стажировканинг асосий вазифасидир.


2. Стажировка етарли иш шароитига (компьютер воситалари, иш жойи ва шу кабилар) эга бўлган нотариал идорада ўталади.

3. Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси стажёр бўлиши мумкин. Бунда стажёрнинг стажировканинг тугаш муддатида йигирма беш ёшдан кичик ва олтмиш беш ёшдан катта бўлмаслиги инобатга олиниши лозим.

Қуйидагилар стажёр бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколатлари ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун тугатилган шахс - уч йил мобайнида.

4. Давлат нотариал идораларида стажёрлар сони ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади. Бунга иш ҳажми, келгусида қўшимча нотариусларга бўлган талаб ва ишдан бўшаб ёки бошқа ишга ўтиб кетаётган нотариуслар сони асос қилиб олинади.

Давлат нотариал идораси нотариусининг стажёри Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда адлия бошқармаси деб юритилади) томонидан, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёри Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси деб юритилади) томонидан мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган талабларга жавоб берадиган шахслар орасидан танлаб олинади.

5. Стажировка ўтаганлар тегишли адлия бошқармаси ва Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси томонидан алоҳида китобда рўйхатга олиб борилади.

6. Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган ва нотариал фаолият бўйича етарли тажрибага эга бўлган нотариус тайинланади. Бунда, навбат асосида ва қоида тариқасида, бир нотариусга битта стажёр бириктирилади.

Давлат нотариал идораси нотариуси хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус сифатида фаолиятини қайта ташкил этганда, стажировка ўташ муддати якунланмаган нотариус стажёри стажировка ўташни ушбу хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус раҳбарлигида давом эттиради.

7. Стажёр раҳбари стажёрнинг стажировка даврида нотариал фаолиятга доир масалаларни ўзлаштириб боришида масъул ҳисобланади.


8. Стажёрга раҳбар этиб яқин қариндошлар (ота-она ва болалар, эр-хотинлар) тайинланиши мумкин эмас.


9. Стажировка ўталишини ўрганиш, умумлаштириш ва назорат қилиш адлия бошқармаси ва Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


II. СТАЖИРОВКА ЎТАЛИШИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


10. Давлат нотариал идораси нотариусининг стажёрини ишга қабул қилиш тегишлилиги бўйича адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрини ишга қабул қилиш тегишлилиги бўйича Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади.

Бунда, давлат нотариал идораси нотариусининг стажёрлигига номзод томонидан тегишли ҳудуддаги адлия бошқармасига, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуснинг стажёрлигига номзод томонидан эса, Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилиши лозим.

Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси номзод томонидан тақдим этилган ҳужжатлар нусхасини тавсияномага илова қилган ҳолда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусга юборади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишига асос номзоднинг мазкур Низомнинг 3-бандида белгиланган талабларга мос келмаслиги ҳисобланади.

11. Стажёрни ишга қабул қилишда қуйидаги ҳужжатлар талаб қилинади:

а) ариза;

б) белгиланган шаклда тўлдирилган шахсий варақа;

в) паспорт нусхаси;

г) таржимаи ҳол;

д) олий маълумот тўғрисидаги диплом ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш тўғрисидаги гувоҳномаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);

е) меҳнат дафтарчасининг иш жойидан ёки нотариал тасдиқланган нусхаси ёхуд юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи "Электрон меҳнат дафтарчаси" тизимидан кўчирма;

ж) аввалги иш жойидан тавсифнома.

11-1. Стажёрликка қабул қилинадиган шахс нотариус, адвокат, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими лавозимида ишлаган бўлса, унинг ушбу лавозимларда ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этмаганлигини аниқлаш мақсадида тегишли идоралардан маълумотлар олинади.

12. Давлат нотариал идораси нотариус стажёрини ишга қабул қилишда фуқаронинг ҳужжатлари келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.

13. Давлат нотариал идорасига стажёрликка қабул қилиш тегишлилиги бўйича адлия бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади. Ушбу буйруқ билан стажировка раҳбари ҳам тайинланади. Буйруқ чиқариш учун стажёр билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт) асос бўлади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрини ишга қабул қилиш тегишлилиги бўйича Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармасининг тавсиясига асосан ушбу бошқарма томонидан бириктирилган нотариуснинг буйруғи билан амалга оширилади. Буйруқ чиқариш учун стажёр билан тузилган меҳнат шартномаси (контракт) асос бўлади.

14. Меҳнат шартномаси (контракт) тарафлар келишуви бўйича меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилади.



III. СТАЖИРОВКАНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Стажировка ўталаётган нотариал идора стажёрнинг асосий иш жойи ҳисобланади.

Стажёр илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлашга ҳамда шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.


16. Стажировка ўташ муддати бир йилдир.

Суриштирувчи, терговчи, прокурор, адлия органларининг иши нотариат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқарув ходими ёки адвокат сифатида камида уч йил ишлаган шахслар, агар уларнинг ваколатлари тугатилган пайтдан эътиборан беш йил ўтмаган бўлса, олти ой муддат стажировка ўтайди.

Узоқ муддат (касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола парваришлаш таътиллари, ҳарбий йиғинларга чақирилганлик ва шу кабилар билан боғлиқ ҳолда) ишда бўлмаган вақт стажировка муддатига қўшилмайди.

17. Давлат нотариал идораси нотариус стажёрининг шахсий иши тегишлилиги бўйича адлия бошқармасида, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрининг шахсий иши эса, тегишлилиги бўйича Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармасида юритилади.

18. Стажёрнинг ёхуд стажировкага раҳбар нотариуснинг узоқ муддат касаллиги ёки бошқа узрли сабабларга (ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари, бола парваришлаш таътиллари, ишдан ажралган ҳолда малака ошириш, стажировкага раҳбар нотариуснинг лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилиши ёки тугатилиши кабилар) кўра стажировканинг маълум муддати ўталмай қолган тақдирда, тегишли адлия бошқармаси раҳбарининг буйруғига ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармасининг тавсиясига кўра стажировка ана шу даврга узайтирилиши ёки стажёр бошқа нотариус ҳузурида стажировка ўташ учун бириктирилиши мумкин.

19. Давлат нотариал идораларида стажёрлар меҳнатига белгиланган тартибда тегишлилиги бўйича адлия бошқармаси томонидан ҳақ тўланади.

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус стажёрининг меҳнатига унга раҳбар этиб тайинланган нотариус томонидан ҳақ тўланади.

20. Иш вақти, меҳнат таътили, ижтимоий суғурта ва бошқа меҳнат қонунчилигига оид масалаларда нотариуслар учун белгиланган қоидалар стажёрларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.


21. Адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси раҳбари томонидан тегишлилиги бўйича стажёрнинг ўзлаштириши лозим бўлган ва нотариал фаолиятга тааллуқли бошқа масалаларни ўзида мужассамлаштирган стажировка ўташ режаси (кейинги ўринларда режа деб юритилади) тасдиқланади ва ушбу режа асосида стажёрлар ўз вазифаларини амалга оширади. Режада фуқаролик ва нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг тўлиқ ўрганилиши, шунингдек нотариал тасдиқланадиган ёки шаҳодатланадиган ҳужжатлар лойиҳалари билан ишлаш масалалари ҳамда стажёрнинг касбий билим ва кўникмаларга эга бўлишига йўналтирилган тадбирлар назарда тутилиши лозим.

23. Стажёр ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Стажёрни нотариал фаолият билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга жалб этишга йўл қўйилмайди.

Стажёр нотариал фаолият билан мустақил шуғулланишга ҳақли эмас.


24. Стажёрнинг вазифасига қуйидагилар киради:

нотариал идорада иш юритиш;

нотариал ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

статистик ҳисоботларни тузиш ва таҳлил қилишда қатнашиш;

нотариал амалиётни умумлаштиришда иштирок этиш;

архив ишларини юритишни ўрганиш.


25. Стажёрнинг стажировка ўташ даврида амалга оширган ишлари ҳамда режаларнинг бажарилиши юзасидан тегишлилиги бўйича адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси томонидан ҳар чоракда бир марта мониторинг олиб борилади. Мониторинг натижалари юзасидан маълумотнома тузилади ва тегишли тавсиялар берилади.

26. Стажировка даврида стажёр нотариал фаолиятнинг барча йўналишларидаги соҳаларда касбий билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим. Бунда стажировка раҳбари:

стажёрга режада белгиланган тадбирларни бажариш билан боғлиқ материаллардан, хусусан ўрганиш учун зарур бўлган қонун ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятини таъминлайди;

режада назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши ва сифатини мунтазам равишда назорат қилади;

стажёрнинг сиёсий-ҳуқуқий, фуқаролик ва нотариат соҳасидаги умумий билим даражасини, шунингдек нотариал амалиёт билан ишлаш кўникмаларини шакллантиради;

стажёрга зарур маслаҳатлар ва тушунтиришлар беради;

стажёрнинг иш вақтидан мақсадли фойдаланилишини таъминлайди.

28. Стажировка даврида стажёр қуйидагиларни ўзлаштириши лозим:

нотариатга тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни;

нотариал амалиёт ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қоидаларини;

меҳнат жамоаси ва фуқаролар билан ўзаро муносабатларда мавжуд бўлган ахлоқий нормаларни.

29. Стажёр хизмат вазифасини бажариш вақтида, шу жумладан, у билан меҳнат шартномаси (контракт) бекор қилинганидан кейин ҳам нотариал идорада амалга оширилган нотариал ҳаракатлардан унга маълум бўлган ахборотларни ошкор қилмаслиги лозим. Бу ҳақда стажёрдан тегишли тилхат олинади.


30. Стажёрга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин.



IV. СТАЖЁРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


31. Стажёр стажировкани ўташ даврида:

адлия бошқармаси ёки Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этиладиган амалий машғулотларда қатнашишга;

нотариал ҳаракатларни амалга оширилишида иштирок этишга;

нотариал идорада мавжуд бўлган ҳуқуқий маълумотлар базаларидан, махсус адабиётлардан фойдаланишга;

қонун ҳужжатларини туркумлаштириш, стажировка раҳбарига топшириқларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва бошқа материаллар тўплаш билан шуғулланишга;

стажировка раҳбари билан биргаликда нотариал тасдиқланиши лозим бўлган ҳужжатларнинг лойиҳаларини тайёрлашга;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этишга ҳақли.


32. Стажёр стажировкани ўташ даврида:

стажировка раҳбари ва бошқа нотариуснинг топшириқларини виждонан, ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда бажариши;

амалга оширилган нотариал ҳаракатлар бўйича ўзларига маълум бўлган ахборотларни сир сақлаши;

нотариал идоранинг меҳнат интизомига риоя этиши шарт.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ стажёр бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


39. Стажёр билан меҳнат шартномаси (контракт) қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

стажёр адлия бошқармасига стажёрлар қаторидан чиқариш тўғрисида ариза тақдим этганда;

стажёрни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

стажёр томонидан нотариуснинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда нотариал идоранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда;

стажёр ўз вазифаларини бажармаган ёки лозим даражада бажармаганда;

стажёр қасддан жиноят содир этганликда айбдор деб топилганлиги тўғрисидаги суднинг ҳукми қонуний кучга кирганда;

стажёр стажёрликка қабул қилинаётганда ўзи ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тақдим этган бўлса;

стажёр Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

стажировка ўташнинг муддати тугаганда.

Меҳнат шартномаси (контракт) қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар бўйича ҳам бекор қилиниши мумкин.

41. Адлия бошқармаси ва Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари ҳар йил стажёрлар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишларни умумлаштириб боради ва бу ҳақдаги маълумотни кейинги йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборади.

42. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 42-43-сон, 369-модда.