язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Банк сири ва банклар хавфсизлиги/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банкларда электрон ахборотларни муҳофазалашни ташкил этиш тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 09.07.2001 й. 1047-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 23.06.2001 й. 14/13-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2001 йил 9 июлда 1047-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқарувининг

2001 йил 23 июндаги

14/13-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банкларда

электрон ахборотларни муҳофазалашни

ташкил этиш тўғрисида

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида"ги, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги, "Электрон тўловлар тўғрисида"ги ҳамда "Автоматлаштирилган банк тизимида ахборотни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ банклараро электрон тўлов тизими орқали ўтадиган ахборотларни муҳофазалашни таъминлаш тартибини белгилайди.


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Тўлов тизимининг субъектлари банклараро электрон тўлов тизимида ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлаш бўйича шу жумладан, электрон тўлов хужжатларидан рухсатсиз фойдаланиш, уларга ўзгартиришлар киритиш, уларни йўқотиш, йўқ қилиш ва тўсиб қўйишдан муҳофаза этишни таъминлаш бўйича ушбу йўриқномада белгиланган талабларга риоя этишлари керак.

2. Банклараро электрон тўлов тизимида техника воситалари (кейинги ўринларда - ТВ) билан электрон ҳужжатларни тайёрлашда мазкур йўриқнома талабларига риоя этилиши шарт.

3. Мазкур йўриқнома банк тизимида ахборотларни муҳофаза қилиш воситаларининг жорий этилишига қараб аниқланиши ва тўлдирилиши мумкин.

Банклараро тўлов тизими субъектлари тўлов тизимида ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасини таъминлашнинг қўшимча воситалари ва усулларини белгилашлари мумкин.


2. ЭЛЕКТРОН ТЎЛОВ ТИЗИМИДА

АХБОРОТЛАР БИЛАН ИШЛАШГА

РУХСАТ БЕРИШ


4. Банк муассасаларида электрон тўлов тизими (кейинги ўринларда ЭТТ) орқали қабул қилинадиган ва узатиладиган ахборотлар билан ишлаш учун рухсат қуйидаги шахсларга берилади:

а) банк раҳбари билан амалдаги меҳнат шартномасига мувофиқ тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида ёзма шартнома тузилган ходимга;

б) бош бухгалтерга (бош бухгалтер бўлмаган ҳолларда, унинг ўринбосарига);

Ахборотдан ахборот мулкдорининг рухсатисиз фойдаланишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда йўл қўйилади.

5. ТВга техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланадиган шахслар ҳамда ТВдан фойдаланувчилар мазкур йўриқнома, техник воситаларни ишлатиш бўйича йўриқномалар, шунингдек, ахборотларни муҳофаза қилиш тартибини белгиловчи бошқа меъёрий ҳужжатларни ўрганиб чиққач, уларнинг билими текшириб кўрилгандан кейингина ишга қўйилади.



3. БАНК АХБОРОТЛАРИНИ ХТВДА ТАЙЁРЛАШ

ЖАРАЁНИДА БАНК СИРИНИНГ ОШКОР

ЭТИЛИШИНИ ХИМОЯЛАШНИ ТАЪМИНЛАШ


6. ТВ шовқиндан тўсилган, ташқаридан бегоналарни кузатиши мумкин бўлмаган, ишончли ҳимояланган хоналарда ўрнатилади. Ушбу хоналар қуйидаги жиҳозланиш талабларига жавоб бериши шарт:

а) мустаҳкам деворлар ва ишончли тўсиқларга эга бўлиши;

б) махсус кодли қулфлар ёки бошқа ишончли қулфлар ўрнатилган мустаҳкам эшиклар билан жиҳозланиши;

в) деразалар хонага киришдан ҳимоя қилиш воситаларига эга бўлиши, шунингдек, бегона шахсларнинг кўз ёки махсус қурилмалар билан кузатишидан ҳимоя қилувчи дераза пардалари, зарур ҳолларда, Ички ишлар органлари қўриқлаш бўлинмалари билан боғланган огоҳлантириш қурилмалари билан жиҳозланган бўлиши;

г) ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бериши.


7. ТВ ўрнатилган хоналарга радио нуқталар, электр соатлар ва бошқа кам қувватли қурилмаларни ўрнатиш, ҳамда улардан фойдаланиш таъқиқланади.


8. ТВ ўрнатиладиган хоналар ахборотни ишончли муҳофазалаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда танланиши лозим. Алоҳида технологик участкалар бир-биридан ажратилади. Уларга кириш учун мазкур йўриқноманинг 5-бандида кўзда тутилган шахсларгагина рухсат берилади, бошқа шахсларнинг кириш зарурати туғилса, фақат тегишли раҳбарнинг рухсати билангина амалга оширилади. Ҳар бир хонада фақат унга кириш ҳуқуқига эга бўлган кишиларгина ишлашлари зарур.


9. Банк сири маълумотлари ёзилган ташқи магнит ташувчиларни (дискеталар, СД дисклари, стриммер ленталари ва ҳоказоларни) сақлашга мўлжалланган хоналар эса махсус металл шкафлар ёки сейфлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


10. Иш фаолияти ТВ билан боғлиқ бўлган раҳбарлар тегишли мутахассислар ва юридик хизмат ходимлари билан биргаликда қуйидаги тадбирларни амалга оширилишини таъминлашлари зарур:

а) тегишли банкка ёки унинг бўлинмасига тааллуқли бўлган банк сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхатини аниқлаш;

б) зарур ҳолларда, етказилган зарарни қоплаш мақсадида, қонунчилик талаблардан келиб чиққан ҳолда, кўрсатилган ахборотларга эга бўлган ҳар бир ходим билан Банк сири ва бошқа хизмат маълумотларини сир сақлаш бўйича мажбуриятномани имзолаш;

в) тавсиялардан келиб чиқиб, ахборотларни жамлаш ва қайта ишлаш жараёнида уларни муҳофазалаш мақсадида фойдаланувчилар, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ТВда рухсат этилмаган ахборотлардан фойдаланишларига йўл қўймаслик юзасидан тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш;

г) банк сири ахборотлари ТВдан чиқиб кетиши, бундай маълумотлар ошкор қилинишини ҳамда ТВларни йўқолиши ёки ўғирланишининг олдини олиш, қўшимча нурланиш ва кузатишлар бўлмаслиги чораларини кўриш;

д) ТВда ишлайдиган шахслар сонини чеклаш чораларини кўриш, банк сири ахборотларидан фойдаланиш учун белгиланган тартибга риоя қилиш, шунингдек, ТВга қайта ишлаш учун келиб тушадиган барча ҳужжатларнинг ҳаракати ва бут сақланишини назорат этиш юзасидан чоралар кўриш;

е) ТВни ва дастурий таъминотларни қўллаш бўйича қўйилган талабларга риоя қилиш, ТВдан мақсадли фойдаланиш учун фармойиш билан тизим маъмурларини ва масъул ходимларни тайинлаш;

ж) ТВни “вируслар”дан ҳимоя қилиш мақсадида компьютер ташкил этувчи қисмларини ва дастурларни рухсатсиз ўзгартиришга, эксперт тасдиғидан ўтмаган ва фойдаланишга тавсия этилмаган дастурларни, шунингдек, компьютер ўйинларини ўрнатишга йўл қўймаслик;

з) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ТВларни ишлатиш жараёнида ахборотларни муҳофазалаш бўйича меъёрий ҳужжатлари талабларига риоя қилишни назорат этиш;

и) мунтазам равишда ходимларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга ошириш;

к) ТВ жойлашган хоналарга кириб-чиқишни такомиллаштириш бўйича назорат-рухсатнома тартибини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.


11. ТВ билан ишлайдиган шахслар қуйидагиларни бажаришлари шарт:

а) ТВдан фойдаланишда ахборотларни муҳофазалаш тартиби талабларини мукаммал билиш ва сўзсиз бажариш;

б) ТВда маълумотларни компьютер хотирасига киритиш, қайта ишлаш ва қайта ишлаш натижаларини олиш ҳамда ХТВни таъмирлаш-профилактик ишларни бажаришда белгиланган тартибига риоя қилиш;

в) ахборотларни ўзида сақловчи компьютерлар ва улардаги ҳужжатларнинг ишончли сақланишини таъминлаш;

г) банк сири ахборотлари учун белгиланган рухсат бериш тартибига риоя этиш;

д) электрон архив сақланадиган хонага рухсатсиз кириш учун уринишлар, ахборотларнинг чиқиб кетиши ва бузилишига доир барча ҳоллар тўғрисида зудлик билан тегишли шахсларни (банк раҳбари ва Марказий банкни) хабардор қилиш.


11-1. Банк телекоммуникация тармоғи орқали давлат сири тоифасига кирувчи маълумотлар узатилиши қатъиян ман этилади.

11-2. Марказий банк фармойиши ва мувофиқлаштирилган режа-жадвали асосида тижорат банкларида амалга оширилаётган текширишлар ва ўрганишлар вақтида, текширувчиларга қоғоз ҳужжатлар билан бир қаторда электрон маълумотлардан (электрон ҳужжатлар, электрон база, электрон архив) ҳам банк биносидан олиб чиқиб кетмаслик шарти билан фойдаланишга рухсат этилади.


4. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


12. Мазкур йўриқнома Республика банк тизмида ТВ орқали электрон ҳужжатларга ишлов беришни ташкил этишда ахборот муҳофазасини таъминлаш ҳисобланиб, ТВ ёрдамида ҳужжатларни қайта ишловчи барча банклар учун мажбурийдир.