язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ёқилғи-энергетика комплекси/ Нефть ва газ маҳсулотларини реализация қилиш (етказиб бериш). Ҳисоб-китобларни амалга ошириш/ Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш Қоидалари (ЎзР ВМ 10.01.2000 й. 8-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2000 йил 10 январдаги

8-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

истеъмолчиларига газ етказиб бериш

ҚОИДАЛАРИ


1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1.1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси истеъмолчиларига газ етказиб бериш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.


2. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР


2.1. Мазкур Қоидаларда қуйидаги атамалар ва таърифлар қўлланилади:


газ - газ қазиб чиқарувчи, газ, нефть қазиб чиқарувчилар томонидан ёки газ-нефть қазиб чиқарувчи ташкилотлар, газни қайта ишловчи ташкилотлар, газ узатувчи ташкилотлар томонидан ишлаб чиқариладиган табиий газ, нефть (йўлдош) гази, шунингдек ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган нефтни қайта ишлаш ташкилотлари томонидан ишлаб чиқариладиган ёқилғи гази;

етказиб берувчи - газни етказиб берувчи газ мулкдори ёки унинг ваколатли шахси;

газ таъминоти ташкилоти - газни қабул қилишни, тақсимлашни ва истеъмолчиларга етказиб беришни таъминловчи ташкилот;

газ узатиш ташкилоти - газни қабул қилувчи, узатувчи ва истеъмолчиларга етказиб берувчи ташкилот;

истеъмолчи - корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, юридик шахс бўлмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи, табиий газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланувчи жисмоний шахслар ҳамда аҳоли;

ҳисоб-китоб ойи - йилнинг газ етказиб берувчи ва истеъмолчи ўртасида етказиб берилган газ учун ўзаро ҳисоб-китоб қилиниши керак бўлган ойи;

газ истеъмоли брони - заҳира ёқилғи турларидан энг кўп даражада фойдаланиш шартлари билан технология асбоб-ускуналарининг ҳалокатсиз ишлаши учун зарур бўлган газ истеъмол қилишнинг бир кеча-кундузлик энг кам ҳажми, у ҳар бир аниқ ҳолатда истеъмолчи томонидан "Ўзбекнефтгаз" компанияси билан келишган ҳолда аниқланади;


газ етказиб беришнинг бир кеча-кундузлик ўртача нормаси - газ етказиб беришнинг бир ойлик ҳажмини тегишли ой кунлари сонига бўлиш йўли билан аниқланадиган газ етказиб бериш ҳажми.



3. ГАЗ СОТИШ ТАРТИБИ


3.1. "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси (кейинги ўринларда "Ўзбекнефтгаз" МХК деб аталади) томонидан жорий йилнинг 1 августигача бўлган муддатда келгуси йил учун газни қазиб олиш, қайта ишлаш, узатиш, сақлаш ва тақсимлашдаги ўзининг газга бўлган эҳтиёжлари ва технологик йўқотишлар аниқланади.

3.2. "Ўзбекнефтгаз" МХК тақдим этилган буюртманомалар асосида, ресурс ва газ узатиш имкониятларини, шунингдек ички тармоқ эҳтиёжини ва газ экспорти ҳажмларини ҳисобга олган ҳолда чораклар бўйича (қиш даври учун - ойлар бўйича) тақсимлаган ҳолда келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлаш балансини тузади ҳамда газ истеъмолининг прогноз қилинаётган келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси лойиҳасини тайёрлаш учун жорий йилнинг 15 сентябригача Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Келгуси йил учун республика бўйича табиий газ ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун белгиланган тартибда киритилади.

3.4. Қуйидагилар газ етказиб беришда устунликка эга бўладилар:

- аҳоли;

- қонун ҳужжатларида назарда тутилган табиий монополиялар субъектлари томонидан мажбурий хизмат кўрсатилиши керак бўлган истеъмолчилар;

- газ учун ҳақ тўлаш бўйича қарзи бўлмаган ҳамда жорий (шартномавий) тўловлар бўйича олдиндан ҳақ тўлаш шартлари билан шартнома тузган истеъмолчилар.


4. ИСТЕЪМОЛЧИЛАРГА ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ

4.3. "Ўзтрансгаз" акциядорлик компанияси томонидан истеъмолчиларга газ:

"Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг магистрал газ қувурларига тўғридан-тўғри уланган истеъмолчиларга - тўғридан-тўғри шартномалар бўйича газ қувурларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган газ ҳисоблаш приборлари бўйича;

газ таъминоти ташкилотларига магистрал газ қувурлари ва тармоқларининг бўлиниш чегарасида хўжалик ҳисобидаги газ сарфини  ҳисоблаш приборлари бўйича уни кейинчалик "Ўзтрансгаз" акциядорлик компаниясининг магистрал газ тармоқларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлмаган истеъмолчиларга ҳамда чакана истеъмолчиларга (аҳолига) сотиш учун етказиб берилади.

4.4. Газ етказиб беришнинг барча шартлари шартномаларда назарда тутилади.


4.5. Республика минтақалари бўйича газ етказиб беришнинг ойлик ҳажмлари истеъмолчиларнинг буюртманомалари ҳисобга олинган ҳолда газ-транспорт тизимининг ресурс ва техник имкониятларидан келиб чиқиб газ-транспорт ташкилоти томонидан белгиланади.

4.7. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилоти газ етказиб беришга, истеъмолчи эса ўртача суткалик меъёрлар доирасида ой давомида бир маромда, истеъмолчининг суткалик меъёридан воз кечиш зарурати бўлган ҳолларда - томонлар ўртасидаги диспетчерлик жадваллари бўйича газ олишга мажбурдир.

4.10. Газ таъминоти ташкилоти газ тақсимлаш станциясидан чиқиш жойида газ босимини шартномада назарда тутилган миқдорда сақлаб туради.

4.11. Совуқ тушган даврда аҳолини ва коммунал-маиший истеъмолчиларни газ билан узлуксиз таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан "Ўзнефтгазназорат" инспекцияси, газ етказиб берувчилар, газ узатиш ташкилоти ва газ таъминоти ташкилоти ҳамда истеъмолчилар иштирокида корхоналарни ёқилғининг заҳира турларига ўтказиш жадваллари тузилади, жадваллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган жадваллар барча манфаатдор ташкилотларга жўнатилади. Жадваллар газ етказиб беришнинг режалаштирилган ҳажмлари аҳоли ва коммунал-маиший истеъмолчиларнинг меъёрдаги газ истеъмолини таъминламаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга киритилади. Жадвалга киритилган корхоналар ва ташкилотлар ёқилғининг камаймайдиган заҳирасига эга бўлиши ва совуқ тушган даврда ундан фойдаланишга ўтиши керак.

4.13. Газ таъминоти ташкилоти тақдимномасига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари истеъмолчиларни газ билан таъминлаш жадвалини ва авария пайтида магистрал газ қувурларининг технологик иш тартиби бузилган тақдирда уларни газ тармоқларидан қисман ёки тўлиқ узиш навбатини тасдиқлайдилар.

Тасдиқланган жадваллар барча манфаатдор ташкилотларга жўнатилади ва газ таъминоти ташкилоти томонидан амалга киритилади.

4.14. Газ қазиб олиш, уни қайта ишлаш, узатиш ва истеъмол қилишнинг ягона узлуксиз технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда, "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компаниясининг газ қазиб олиш, узатиш, газ етказиб бериш ва истеъмол қилиш тартиби тўғрисидаги кўрсатмалари газ етказиб берувчилар, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

4.15. Газ етказиб берувчилар, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари ва истеъмолчилар газ берилганда газ конлари, газни қайта ишловчи заводлар, магистрал газ қувурлари, шунингдек турар жойларда, аҳоли яшаш пунктларида ва корхоналарда асбоб-ускуналар ва газ тармоқларининг техник хавфсизлиги ва техник фойдаланиш қоидаларига қатъий риоя қилишлари шарт.


5. ГАЗ САРФИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ГАЗ

УЧУН ҲИСОБ-КИТОБ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


5.1. Газнинг ҳисобга олмасдан етказиб берилишига йўл қўйилмайди.


5.2. Етказиб берилаётган газ миқдори газ тармоқларининг бўлиниш чегарасида ўрнатилган газни ҳисобга олиш приборларининг кўрсаткичлари бўйича, етказиб берувчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича, у мавжуд бўлмаган тақдирда эса - истеъмолчининг газни ҳисобга олиш приборлари бўйича аниқланади ва иккала тараф имзолайдиган газни етказиб бериш - қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади.

5.3. Олинган газ учун ҳисоб-китоб қилиш пломбаланмаган газдан фойдаланиш ускунасининг сутканинг 24 соатида ишлаши ҳисобидан қуйидаги ҳолатларда:

газни ҳисобга олиш приборининг давлат қиёсловидан ўтказиш муддати ўтганда, бунда тегишли ҳисоб-китоб текшириш муддати ўтган пайтдан бошлаб қиёслов ўтказилгандан кейин газни ҳисобга олиш прибори ўрнатилган пайтгача амалга оширилади;

газни ҳисобга олиш приборининг носозлиги, пломбасининг бутлиги бузилганлиги, газни ҳисобга олиш прибори ўзбошимчалик билан жойидан олинганлиги аниқланганда, шунингдек истеъмолчида ва етказиб берувчида газни ҳисобга олиш приборлари мавжуд бўлмаганда етказиб берувчи вакилининг охирги марта келган кунидан бошлаб амалга оширилади.

5.4. Аҳоли фойдаланадиган газ ҳажми аҳоли хонадонларида ўрнатилган ҳисобга олиш приборлари бўйича, улар бўлмаганда - тасдиқланган нормалар бўйича аниқланади.


5.5. Газ сарфини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш, ишлатиш ва текшириш амалдаги нормалар ва қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


5.6. Газ сарфини ҳисобга олиш приборларининг техник ҳолати ва уларнинг текширилиши учун балансида ушбу приборлар бўлган ташкилотлар ва корхоналар раҳбарлари жавоб берадилар.


5.7. Шартнома томонларидан ҳар бири иккинчи томон вакилига истеъмолчилар томонидан газдан фойдаланишни ҳисобга олиш приборларини ва ҳужжатларини текшириш имкониятини яратишга мажбурдир.


5.8. Газнинг улгуржи нархларини давлат томонидан тартибга солиш ва уларни қўллаш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 8 ноябрдаги ПҚ-3379-сон қарорига иловага мувофиқ рўйхатдаги маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва алоҳида хизматлар кўрсатувчи истеъмолчилар табиий газ учун тўловларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган ошиб борувчи коэффициентлар ва тарифлар бўйича тўлайдилар.

5.9. Ҳисоб-китоб ойида етказиб берилган газ ҳажми ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари асосида аниқланади ва ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейин 5 кун мобайнида истеъмолчи ва етказиб берувчи ўртасидаги газни етказиб бериш-қабул қилиш далолатномаси билан расмийлаштирилади. Газни етказиб бериш-қабул қилиш далолатномасини имзоламаслик ёки уни эътирозлар билан имзолаш истеъмолчини унинг учун газ етказиб берувчи томонидан белгиланган ҳажмларда тўловни тўлашдан озод қилмайди. Берилган ёки қабул қилинган газ миқдорини аниқлашга рози бўлмаган тараф бу тўғрида бошқа тарафга ҳисоб-китоб ойи тугагандан кейинги ойнинг 10-кунигача далолатномада эътироз сабабини албатта кўрсатиш йўли билан маълум қилади. Тарафларнинг розилигига эришилмаган тақдирда, эътирозлар сабаблари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

5.10. Газ етказиб бериш шартлари етказиб берувчилар ва истеъмолчилар ўртасида тузиладиган шартномаларда назарда тутилади.


6. ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРУВЧИЛАРНИНГ, ГАЗ УЗАТИШ

ВА ГАЗ ТАЪМИНОТИ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲАМДА

ИСТЕЪМОЛЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА

МАЖБУРИЯТЛАРИ

6.1. Истеъмолчиларнинг газ қурилмалари қониқарсиз, авария вазиятини келтириб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи ходим ҳамда аҳоли ҳаёти учун хавфли ҳолатда бўлган тақдирда газ етказиб берувчи, газдан фойдаланиш хавфсизлигини назорат қилиш органлари тақдимномасига кўра, истеъмолчини хабардор қилган ҳолда, газ етказиб беришни зудлик билан тўхтатиб қўйишга мажбурдир.


6.2. Газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари:

газ етказиб берувчи томонидан кўрсатилган вақт мобайнида форс-мажор ҳолатлари бўлганда;

етказиб берилган газ учун ҳақ тўлаш бўйича қарз мавжуд бўлганда;

газдан фойдаланишдаги камчиликлар ваколатли назорат органлари белгилаган муддатларда бартараф этилмаганда газ етказиб беришни қисман камайтириш ёки батамом тўхтатиб қўйиш ҳуқуқига эга.


6.3. Газ етказиб берувчи газнинг сифати меъёрий талабларга мувофиқ бўлишини таъминлашга мажбурдир.


6.4. Газга ҳид қўшиш газ узатувчи ташкилотлар томонидан, газ ҳиди интенсивлигини назорат қилиш эса газ тармоқлари эгалари томонидан, белгиланган тартибда амалга оширилади.

6.5. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари ва истеъмолчи газ билан таъминлаш объектларини ишлатишнинг техник ҳолати ҳамда тезкор-диспетчерлик интизомига риоя қилиниши учун жавоб берадилар.

6.6. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ва газ таъминоти ташкилотлари ва истеъмолчи объектларда газ етказиб беришни ёки қабул қилиб олишни камайтирувчи авариялар ва носозликлар тўғрисида газ етказиб бериш шартномаларида белгиланган тартибда бир-бирларини хабардор қилишга мажбурдирлар.

6.7. Газ таъминоти ташкилоти, газ узатиш ташкилоти талабига биноан, газдан фойдаланиш тартиби ҳамда истеъмолчиларга етказиб берилган газ учун тўловлар ҳолати тўғрисида тезкор ахборот тақдим этадилар.

6.8. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ёки газ таъминоти ташкилотлари газ етказиб бериш шартномасига кўра, ушбу Қоидаларда назарда тутилган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда, истеъмолчига газ етказиб берилмаслиги ёки тўлиқ етказиб берилмаслиги оқибатида етказилган реал зарарни ва бой берилган фойдани белгиланган тартибда қоплайди.


7. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИГА

ГАЗ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


7.1. Газ етказиб берувчи, газ узатиш ташкилоти, газ таъминоти ташкилоти ва истеъмолчи ушбу Қоидаларни бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.