язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Ногиронлик, вақтинча меҳнатга кобилиятсизлик (ТМЭК, ТМК)/ Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.12.2010 й. 307-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 23 декабрдаги

307-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ногиронни реабилитация қилишнинг

якка тартибдаги дастури тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14-моддасига, Вазирлар Маҳкамасининг "Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати бошқариш тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 8 августдаги 175-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомнинг мақсадлари учун қуйидаги атамалар ва таърифлардан фойдаланилади:


ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури (кейинги ўринларда РЯТД деб аталади) - ногирон учун реабилитация қилишнинг мақбул чора-тадбирлари комплекси, улар ногирон организмининг, шунингдек меҳнат фаолиятининг муайян турларини бажариш қобилиятининг бузилган ёки йўқолган функцияларини тиклашга, компенсация қилишга йўналтирилган тиббий, касбий, ижтимоий ва бошқа реабилитация қилиш чора-тадбирларини амалга оширишнинг айрим турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олади;


тиббий реабилитация қилиш - РЯТДнинг реабилитация қилиш чора-тадбирлари, бу тиклаш терапияси, реконструктив жарроҳлик, протезлаш ва ортезлашдан иборат бўлади;


касбий реабилитация қилиш - РЯТДнинг реабилитация қилиш чора-тадбирлари, ногиронни касбга йўналтириш, унга касб таълими бериш, касб-ҳунар-ишлаб чиқариш мослашувидан ва уни ишга жойлаштиришдан иборат бўлади;


ижтимоий реабилитация қилиш - РЯТДнинг реабилитация қилиш чора-тадбирлари, улар ногироннинг ўзига-ўзи хизмат кўрсатиш, мўлжал олиш, муомала қилиш, ўз хулқ-атворини назорат қилиш, ўқиш ва бошқа қобилиятини тиклашга йўналтирилган ижтимоий-муҳит бўйича мўлжал олдириш ва ижтимоий-маиший мослашувдан иборат бўлади;


бажарувчи ташкилотлар - даволаш-профилактика муассасалари, реабилитация қилиш марказлари, бандликка кўмаклашувчи марказлар ва РЯТДда тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация тадбирларининг бажарувчилари этиб белгиланган бошқа корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар.

3. Ногиронни РЯТД, ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бажарувчи ташкилотлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


4. РЯТД ногирон учун тавсия тусига эга, ногирон тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилишнинг у ёки бу турини, шаклини, ҳажмини, шунингдек умуман дастурни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга.

Ногирон умуман РЯТДни ёки унинг бирон-бир қисмини бажаришни рад этган тақдирда бажарувчи ташкилотлар РЯТДнинг бажарилмаганлиги учун жавоб бермайди.


5. Бажарувчи ташкилотлар, шунингдек тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (кейинги ўринларда ТМЭК деб аталади) ва тиббий маслаҳат комиссиялари (кейинги ўринларда ТМК деб аталади) томонидан РЯТДни бажаришда реабилитация қилиш тадбирларини амалга оширишда изчиллик, комплекслилик ва узлуксизлик, ўтказилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини доимий кузатиб бориш ва назорат қилиш таъминланади.



II. РЯТДНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ


6. Реабилитация қилиш тадбирларини амалга оширишда ТМЭК (ТМК) мутахассислари текшириб кўрилаётган шахсга реабилитация тадбирларининг мақсадини, вазифаларини, прогноз қилинаётган натижаларини, тиббий ва ижтимоий-ҳуқуқий оқибатларини тушунтириши ҳамда текшириш далолатномасида суҳбатлашиш ўтказилган санани кўрсатган ҳолда тегишли ёзувларни қайд этиши шарт.


7. РЯТД ушбу Низомга иловага мувофиқ шакл бўйича:

16 ва ундан катта ёшдаги шахслар учун - ТМЭК томонидан;

16 ёшгача бўлган болалар учун - ТМК томонидан ишлаб чиқилади.


8. РЯТДни ишлаб чиқиш қуйидаги босқичлардан иборат бўлади:

реабилитация-эксперт диагностикасини ўтказиш;

реабилитация потенциали ва реабилитация прогнозини баҳолаш;

ногиронга маиший, ижтимоий ва касбий фаолиятни бажаришда бузилган қобилиятни тиклаш ёки уни компенсация қилиш имконини берадиган тадбирларни, техник воситалар ва хизматларни белгилаш.


9. РЯТДни ишлаб чиқиш ногироннинг (ёки унинг қонуний вакилининг) мажбурий иштирокида ТМЭК (ТМК) томонидан амалга оширилади.


10. Реабилитация-эксперт диагностикасининг мураккаб турларини қўллаш талаб қилинадиган ҳолларда ногирон РЯТДни тўлдириш ва унга тузатишлар киритиш учун ТМЭК (ТМК) томонидан Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказига, минтақавий реабилитация марказларига (кейинги ўринларда РМ деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар тизимидаги даволаш-профилактика ва диагностика муассасаларига белгиланган тартибда юборилиши мумкин.

Ишлаб чиқилган РЯТД ТМЭК (ТМК) раиси ва ногирон (ёки унинг қонуний вакили) томонидан имзоланади, ТМЭК ёки (ТМК) муҳри билан тасдиқланади ва ногиронга (ёки унинг қонуний вакилига) берилади, бу тўғрида махсус рўйхатдан ўтказиш журналларида тегишли ёзув қайд этилади. Шу билан бирга ногиронга ишлаб чиқилган РЯТДга мувофиқ уни тиббий (касбий, ижтимоий) реабилитация қилиш учун зарур бўладиган тадбирлар, техник воситалар ва хизматларни аниқлаш мақсадида у қайси бажарувчи ташкилотга мурожаат қилиши зарурлиги тушунтирилади.


11. Ногирон (ёки унинг қонуний вакили) ишлаб чиқилган РЯТДни рад этган тақдирда ТМЭК (ТМК) томонидан тегишли далолатнома тузилади, унга ногирон (ёки унинг қонуний вакили)нинг ёзма рад этиш хати илова қилинади ва унинг ТМЭК (ТМК) кўрик далолатномасига қўшиб қўйилади.

Ногирон (ёки унинг қонуний вакили) РЯТД мазмунига рози бўлмаган тақдирда у ТМЭКнинг юқори муассасаларига, соғлиқни сақлаш бошқарув органларига ёки белгиланган тартибда судга ёзма ариза беришга ҳақлидир.


12. Бажарувчи ташкилотлар ногирон мурожаат қилган кундан эътиборан 10 кун муддатда ишлаб чиқилган РЯТДга мувофиқ ногиронни тиббий (касбий, ижтимоий) реабилитация қилиш учун зарур бўлган тадбирларни, техник воситалар ва хизматларни аниқлаши ва РЯТДда қайд этиши реабилитация қилишнинг масъул бажарувчилари, шакллари ва муддатларини кўрсатиши шарт.

Бажарувчи ташкилотлар, зарурат бўлганда, ўз имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, ногиронни РЯТДга ТМЭК (ТМК) томонидан ишлаб чиқилган ва ногиронни РЯТДда акс эттирилган тиббий (касбий, ижтимоий) реабилитация қилиш бўйича тавсияларга қўшимча ёки тузатиш киритиш ҳуқуқига эга.


13. Ногирон РЯТДни йўқотиб қўйган тақдирда тегишли ТМЭК (ТМК) томонидан янги РЯТД тўлдирилади.



III. РЯТДНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


14. Бажарувчи ташкилотлар РЯТДнинг бажарилиши тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда расмийлаштириб бориши ҳамда мазкур маълумотларни бажарувчи ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқлаши керак.


15. РЯТДнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш ва баҳолаш ногиронни доимий равишда кузатиб борган ва навбатдаги кўрикдан ўтказган ҳолда ТМЭК (ТМК) томонидан амалга оширилади.


16. РЯТДни бажариш муддати тугагач, бажарувчи ташкилотлар томонидан ТМЭК (ТМК) билан биргаликда ногиронни тиббий (касбий, ижтимоий) реабилитация қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш натижалари аниқланади ва РЯТДда қайд этилади. РЯТДни бажариш натижаларининг якуний баҳоси ТМЭК (ТМК) мажлиси коллегиал равишда муҳокама қилингандан кейин чиқарилади, раис томонидан тасдиқланади ва ногиронга (ёки унинг қонуний вакилига) етказилади.


17. РЯТДда белгиланган тадбирларнинг бажарилишини таъминламаган бажарувчи ташкилотлар раҳбарлари қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


18. Ногиронни РЯТДни ишлаб чиқиш, унинг мониторингини олиб бориш ва уни бажариш натижаларини баҳолаш юзасидан жавобгарлик ТМЭК (ТМК)га юкланади.


19. Ногиронни РЯТДни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари бўйича пайдо бўладиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.