язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суд хокимияти. Одил судлов/ Суд ва бошқа органлар актларини амалга ошириш/ Суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш (қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш, қайтариш, йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида Йўриқнома (АВ томонидан 29.12.2010 й. 2174-сон билан рўйхатга олинган, 22.10.2010 й. Бош прокуратуранинг 14-қ/қ-сон, Олий суднинг Қ-87-сон, Миллий хавфсизлик хизматининг 100-сон, Ички ишлар вазирлигининг 17-сон, Адлия вазирлигининг 16-сон, Мудофаа вазирлигининг 7-сон, Давлат божхона қўмитасининг 01-02/22-22-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 2010-41-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 29 декабрда 2174-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси, Олий суди,

Миллий хавфсизлик хизмати,

Ички ишлар вазирлиги,

Адлия вазирлиги, Мудофаа

вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси,

Давлат солиқ қўмитасининг

2010 йил 22 октябрдаги

14-қ/қ, Қ-87, 100, 17, 16, 7,

01-02/22-22, 2010-41-сон қарорига

ИЛОВА



Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки

тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар,

моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш

(қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш,

қайтариш, йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси (кейинги ўринларда ЖПК деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш (қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш, қайтариш ва йўқ қилиб ташлаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Терговга қадар текширув ва жиноят ишларини юритишда терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ва суд қуйидагиларни олиб қўйишга ҳақли:

ашёвий далил сифатида аҳамиятга эга бўлган, муайян хусусиятлари, белгилари, излари мавжуд нарса, ҳужжат ва бошқа ёзувлар;

суд томонидан фуқаровий даъвони таъминлаш мақсадида ундирув қаратилиши мумкин бўлган миллий ва чет эл валютаси ҳамда бошқа қимматликлар;

муомаладан чиқарилган ёки муомаласи чекланган нарсалар (кейинги ўринларда "муомаладан чиқарилган" деб юритилади) - агарда эгасида уларни сотиб олиш, сақлаш, фойдаланиш учун тегишли рухсатнома бўлмаса;

гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар - агар унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилган ҳолда;

давлат мукофотлари ва уларга тегишли ҳужжатлар - уларнинг кимга тегишлилиги аниқланмаган бўлса ёки уларнинг эгасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо қўлланилганлиги сабабли уларнинг сақланишини таъминлаш имконияти бўлмаса, шунингдек суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига маҳкумни давлат мукофотларидан маҳрум қилиш тўғрисида тақдимнома билан мурожаат этилган ҳолларда.


2. Суриштирувчи, терговчи ва суд мазкур Йўриқноманинг 1-бандида кўрсатилган нарса ва ҳужжатларни ЖПК 198, 200 ва 201-моддаларига, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси эса, 329-моддасига мувофиқ уларнинг талабига асосан ёки ушбу нарса ва ҳужжатларнинг эгаси бўлмиш шахслар ташаббуси билан тақдим этилган ҳолда, агарда улар иш учун аҳамиятли бўлса ёки келгусида аҳамиятга эга бўлиши мумкин бўлса, уларни қабул қилиши шарт.

Суриштирувчи, терговчи ва суд гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ёки уларнинг вакили аризасига асосан фуқаровий даъвони таъминлаш мақсадида ёхуд гаров тариқасида пул маблағлари ва товар-моддий қимматликларни ҳам қабул қилиб олади ва қонун ҳужжатлари талаблари асосида топширилишини таъминлайди.


II. НАРСАЛАР, ҲУЖЖАТЛАР, МОДДИЙ

ҚИММАТЛИКЛАР ВА БОШҚА

МОЛ-МУЛКНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ


3. Нарса, ҳужжат, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни (кейинги ўринларда "нарсалар" деб юритилади) олиб қўйиш, тақдим қилиш ЖПК 16, 20 ва 24-бобларида назарда тутилган қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Радиоактив материалларни олиб қўйиш мутахассис иштирокида амалга оширилади.

4. ЖПКнинг 206-моддасига мувофиқ, олиб қўйилаётган ёки тақдим қилинаётган нарсалар ишга тааллуқлилиги тўғрисида хулоса чиқаришга асос бўладиган, шунингдек уларни бошқа нарсалардан фарқловчи белгиларини аниқлаш мақсадида ЖПК 135 - 137, 139 ва 140-моддаларида белгиланган қоидалар асосида дарҳол кўздан кечирилади.

Ўзи билан муомала қилиш учун муайян маҳоратга эга бўлишини, ўз сифат тавсифлари, индивидуал хусусиятларининг аниқ қайд этилишини ва қийматининг аниқланишини талаб этувчи нарсаларни олиб қўйиш ёхуд қабул қилиш тегишли мутахассислар иштирокида амалга оширилади.

Ашёвий далил сифатида аҳамиятга эга бўлган ёки муомаладан чиқарилган нарсалар олиб қўйилганида ёхуд тақдим қилинганида, суриштирувчи, терговчи, суд нарсалар олиб қўйилаётган ёки қабул қилинаётган шахсни, уларнинг топилиши, қўлга киритилиши ва сақланиш вақти, жойи ва бошқа ҳолатлари тўғрисида сўроқ қилиши шарт.

Иш ҳолатларидан келиб чиққан ҳолда, агарда нарсани бутунлигича олиб қўйиш имкони бўлмаса, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, суд, ушбу нарсанинг ишга боғлиқ бўлган излар (микроизлар) жойлашган ёки жойлашиши мумкин бўлган қисмини олиб қўйиш ёки қабул қилишга ҳақли. Бунда, нарсанинг шикастланишига йўл қўймаслик, агарда бунинг имкони бўлмаса - нарсанинг яхлитлигини бузиш асоси батафсил баён этилиши зарур.

Иш учун аҳамиятли бўлмаган ёки муомаладан чиқарилмаган нарсалар тақдим қилинган ҳолларда, суриштирувчи, терговчи, суд, уларни кўздан кечириб бўлганидан кейин эгаларига дарҳол қайтариб беради. Нарсани қабул қилиб олган шахсдан бу ҳақда тилхат олинади.


5. ЖПК 90 - 92, 141, 163, 202-моддаларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ нарсаларнинг олиб қўйилганлиги, тақдим этилганлиги тўғрисида терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи баённома тузади, суд эса суд мажлисининг баённомасига ёзиб қўяди.

Кўп сонли нарсаларни олиб қўйиш ёки тақдим қилишда улар тўғрисидаги барча маълумотларни баённомада акс эттириш имконияти бўлмаса, мажбурий тарзда уларнинг рўйхати тузилиб, баённомага илова қилинади ва унинг ажралмас қисми ҳисобланади. Баённомада ёки унга илова қилинаётган рўйхатда олиб қўйилган, тақдим қилинган ҳужжатларнинг тури ва реквизитлари, нарсаларнинг тури, миқдори, типи, маркаси, модели, калибри, серияси, рақами ва бошқа идентификацион хусусиятлари тўғрисидаги аниқ маълумотлар кўрсатилади.

Агар олиб қўйилаётган ёки тақдим қилинаётган нарсалар рўйхатини, уларнинг миқдори кўплиги сабабли, шу жойнинг ўзидаёқ тузиш имконияти бўлмаса, улар ўрамга солиниб муҳрланади ва нарсалари олиб қўйилган ёки қабул қилинган шахс, холислар, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, судья томонидан ёзувлар ва имзолар билан тасдиқланган ёрлиқлар билан таъминланади. Бундай ҳолатларда, олиб қўйилаётган, тақдим этилаётган нарсаларнинг рўйхати терговга қадар текширув, суриштирув, тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилаётган жойда холислар иштирокида тузилади ва бу ҳақда баённомада нарсалар солинган ўрамдаги муҳрлар ва имзолар бутунлиги кўрсатилади.

6. Зарур ҳолларда нарсаларни олиб қўйиш, тақдим қилиш чоғида фотосуратга ёки видеоёзувга туширилади, шунингдек ЖПКнинг 91-моддаси тўртинчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳаракатлар мажбурий тарзда видеоёзув орқали қайд этилади. Бунда, фотосуратлар, видеоёзув баённомага илова қилинади ва процессуал ҳаракатнинг номланиши, санаси, жойини изоҳловчи ёзувлар билан расмийлаштирилади.

Башарти, олиб қўйилаётган, тақдим этилаётган нарсанинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараварига тенг ёки ундан кўп бўлса, олиб қўйилаётган ёки тақдим этилаётган нарсаларнинг ҳар бири алоҳида фотосуратга (имкони бўлса, видеосуратга ҳам) олиниши шарт.

7. Ҳар бир олиб қўйилган, тақдим этилган нарса холисларга ва процессуал ҳаракатининг амалга оширилишида иштирок этаётган шахсларга танишиш ва кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

Шундан сўнг, шикастланишига йўл қўймайдиган ва ундаги изларнинг (микроизлар) бутунлигини таъминлайдиган ўрамга жойлаштирилади (фуқаровий даъвони таъминлаш учун ёки гаров тариқасида тақдим этилаётган пул ёки бошқа мол-мулк, катта ҳажмли нарсалар, катта оғирликдаги ёки ҳажмдаги моддалардан ташқари) ва нарсаси олиб қўйилган ёхуд қабул қилинган шахс, холислар, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки судьянинг имзолари ва тасдиқловчи ёзувлари бўлган ёрлиқ билан таъминланади, тегишли орган муҳри билан муҳрланиб, бу ҳақда баённомага тегишли ёзув киритилади.

8. Баённома нарсани олиб қўйган ёхуд қабул қилган шахс, холислар, мутахассислар (агар улар процессуал ҳаракатни амалга оширилишида қатнашган бўлсалар), шунингдек нарсаси олиб қўйилган ёки қабул қилинган шахс, агарда у йўқ бўлса, унинг вояга етган оила аъзоси ёки тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёхуд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили томонидан имзоланади.

Баённома нусхаси (суд мажлиси баённомасидан кўчирма) қуйидагиларга берилади:

тилхат орқали нарсаси олиб қўйилган ёки қабул қилинган шахсга, агар у йўқ бўлса - унинг вояга етган оила аъзосига ёхуд тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига;

олиб қўйилган, тақдим этилган нарсалар сақланиши учун жавобгар шахсга (нарса сақлаш учун терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, суд органида махсус ажратилган хонага ёхуд корхона, муассаса, ташкилотга топширилганда);

суриштирув ёки дастлабки тергов олиб бораётган орган, суднинг бухгалтерия ҳисоби бўлимига (депозит ҳисобига пул топширилганда).


9. Ишга алоқадор олиб қўйилган, тақдим этилган нарсалар ЖПК 207-моддасида белгиланган тартибда ашёвий далил деб эътироф этилиши ва ишга қўшиб қўйилиши шарт.


10. Давлат даромадига ўтказилиши ёхуд йўқ қилиб ташланиши лозим бўлган олиб қўйилган ёки тақдим этилган нарсаларнинг истеъмол, фойдаланиш, қайта ишлаш учун яроқлилигини экспертизадан ўтказиш ва баҳолаш Низомнинг II бўлими талабларига асосан амалга оширилади.



III. АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ВА БОШҚА НАРСАЛАРНИ САҚЛАШ


11. ЖПК 207-моддасига мувофиқ ашёвий далилни ишда қолдириш ёки уни сақлаш учун топшириш масаласи нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш ва жиноят ишига қўшиш тўғрисидаги суриштирувчи, терговчининг қарори, суднинг ажримига асосан ҳал этилиши лозим.

Фуқаровий даъвони таъминлаш ёхуд гаров тариқасида олиб қўйилган ёки қабул қилинган пулларни суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суднинг депозит ҳисоб рақамига топшириш масаласи алоҳида қарор (ажрим) чиқариш орқали дарҳол ҳал этилиши шарт.

Фуқаровий даъвони таъминлаш учун ёки гаров тариқасида олиб қўйилган, қабул қилинган нарсаларни сақлаш учун топшириш масаласи ҳам шундай тартибда ҳал этилади.


12. Ашёвий далиллар терговга қадар текширув материали ёки жиноят иши билан сақланади, агар бунинг имконияти бўлмаса (жуда катта бўлса ёки бошқа сабабларга кўра) сақлашга топширилади ва бу ҳақда икки нусхада баённома тузилади.

Ашёвий далилларни сақлаш учун суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларда стеллажлари, металл эшиги, панжара қилинган деразалари, қўриқлаш ва ёнғинга қарши сигнализацияси бўлган махсус хоналар жиҳозланади ёки етарли катталикдаги махсус сейф ажратилади (кейинги ўринларда "сақлаш хонаси" деб юритилади).

Агарда, нарса ўзининг алоҳида хусусиятлари ёки сифатлари сабабли махсус сақлаш шароитларида сақланиши лозим бўлса (маълум ҳарорат, намлик ва ҳ. к.), терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, суд уни шу шароитларига эга муассаса ёки ташкилотга сақлаш учун топширади. Олинган (қабул қилинган) нарсалар мазкур Низомнинг 5-банди иккинчи хатбошида назарда тутилган тартибда (олиб қўйилган мол-мулк сақлаш учун савдо ташкилотларига берилади) ҳам сақланиши мумкин.

13. Ашёвий далиллар сақлаш учун, қоида тариқасида, ўрамга солинган, муҳрланган кўринишда, ўрам ичидаги нарсалар рўйхати билан биргаликда қабул қилинади.


14. Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни сақлашда олиб қўйилган, қабул қилинган объектлар, уларнинг белгилари ва хусусиятлари, шунингдек улардаги мавжуд изларнинг бутлигини таъминловчи чора-тадбирлар кўрилади.


15. Жиноят иши билан сақланаётган ашёвий далилларнинг бутлиги учун жиноят иши иш юритувида бўлган шахс, судда эса - иш бўйича раислик этувчи ёки суд раиси жавобгар ҳисобланади.

Сақлаш хонасига топширилган ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг бутлиги учун терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органи раҳбарининг ёки суд раисининг буйруғига асосан масъул этиб тайинланган шахс жавобгар ҳисобланади. Бунда, қоида тариқасида, сақлаш учун масъул бўлган шахс терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки судья бўлмаслиги лозим.

Муассаса ёки ташкилотга сақлаш учун топширилган ашёвий далил ва бошқа нарсаларнинг бутлиги учун мазкур муассаса ёки ташкилотнинг раҳбари жавобгар ҳисобланади, бу ҳақда унга маълум қилиниб, тилхат олинади.


16. Сақлаш хонасига фақат ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланиши учун жавобгар шахс (кейинги ўринларда жавобгар шахс деб юритилади) иштирокида кириш мумкин. Агар у ёки унинг ўрнини босувчи шахс бўлмаса, сақлаш хонасига кириш тегишли прокурорнинг, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органи раҳбарининг, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати (кейинги ўринларда ДХХ деб юритилади), ички ишлар органи (кейинги ўринларда ИИО деб юритилади) тергов тармоғи бошлиғининг, суд раисининг (судьянинг) ёзма рухсати ва уларнинг бевосита иштирокида амалга оширилади, ушбу шахсларда сақлаш хонасига кириш эшигининг дубликат калити бўлиши шарт.

Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланиши учун жавобгар шахснинг иштирокисиз сақлаш хонаси очилишининг ҳар бир ҳолати бўйича очилиш сабаблари кўрсатилган далолатнома тузилади. Далолатномада нима муносабат билан ва қайси ашёвий далиллар ёки бошқа нарсалар сақлаш хонасидан олинганлиги ёки унга қўйилганлиги ҳам кўрсатилади. Далолатнома, ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни ҳисобга олиш китобига тегишли ёзувлар киритилиши учун, ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланиши учун жавобгар шахсга берилади.


17. Терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси давомида олиб қўйилган ёхуд тақдим қилинган ўқ отар қуроллар, ўқ-дорилар, эксперт-криминалистика бўлинмаларида текширувдан ўтказилганидан кейин фақат Ички ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда ИИВ деб юритилади), ДХХ органларида ёки Мудофаа вазирлигининг ҳарбий (хўжалик) муассасаларида сақланади.

Портловчи моддалар ва портлатиш воситалари сақлаш учун ҳарбий қисмлар омборхоналарига ёки тегишли давлат корхоналарига (ташкилотларига) топширилади, заҳарлар ва кучли таъсир қилувчи моддалар уларни сақлаш учун етарли шарт-шароитлари бўлган ташкилотлар омборхоналарига, уларнинг раҳбарияти (қўмондонлиги) билан келишган ҳолда ва розилиги асосида топширилади.

Тегишли орган ёки идорага қарашли қурол-яроғлар, ўқ-дорилар, ҳарбий анжомлар олиб қўйилган, тақдим этилган ҳолатларда, улар тегишлилиги бўйича сақлаш учун берилиши лозим, агар бу терговга қадар текширув, тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилишини қийинлаштирмаса.

Радиоактив материаллар экспертизадан ўтказилади ва сақлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтига ёки белгиланган лицензияга эга бўлган бошқа ташкилотга топширилади.

Ушбу бандда кўрсатилган нарсалар сақлаш учун топширилган ҳар бир ҳолатда баённома тузилади.


18. Сойли стволли ўқ отар қуролларни қўллаш билан боғлиқ барча ҳолатлар бўйича терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар олиб қўйиш (қабул қилиш), кўздан кечириш ва тегишли текширишлар ўтказилганидан сўнг, қурол изи бўлган ўқлар, гильзалар ва патронларни, шунингдек сойли стволли ўқ отар қуролни ИИВнинг Давлат ўқ  гильзотекасига юборишлари шарт.

Сойли стволли ўқ отар қуролни Давлат ўқ - гильзотекада текширувдан ўтказиш билан бир вақтда, у Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ҳуқуқий статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг йўқолган ва аниқланган қуролларнинг оператив ҳисоби бўйича ҳам текширилади.

Сойли стволли ўқ отар қуролларни қўллаш билан боғлиқ ишлар тамомлангач, кўрсатилган қуроллар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йўқолган ва аниқланган сойли стволли ўқ отар қуроллар бўйича ягона маълумотлар базасига ҳисобга қўйилиши шарт.

19. Тегишлилиги аниқланмаган ва қидируви ички ишлар органларининг тегишли тезкор-қидирув ва криминалистик ҳисоблари бўйича амалга оширилиши мумкин бўлган нарсалар аниқланганида ва олиб қўйилганида (тақдим этилганида), дарҳол ушбу объектларни мазкур ҳисоблар бўйича текширувдан ўтказиш чоралари кўрилади.

20. Олиб қўйилган (тақдим этилган) давлат мукофотлари ва уларга тааллуқли ҳужжатлар икки нусхада тузилган олиб қўйиш баённомаси ва нарсалар рўйхати билан бирга олиб қўйилганидан (тақдим этилганидан) кейин бир сутка муддат ичида терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов ўтказаётган орган бухгалтериясининг кассасига топширилади ёки махсус алоқа хизмати орқали юборилади (уларни ўрганиш зарур бўлган ҳоллар бундан мустасно). Баённоманинг иккинчи нусхасига кассир мукофотлар ва уларга тааллуқли ҳужжатларни қабул қилганлиги ҳақида имзо қўйиб беради ва у ишга қўшиб қўйилади. Айблов далолатномаси ёки айблов хулосасига илова қилинадиган маълумотномада олиб қўйилган, тақдим этилган давлат мукофотлари, уларга тааллуқли ҳужжатлар ва уларнинг сақланиш жойи ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.

Агар давлат мукофотлари ва уларга тааллуқли ҳужжатлар ашёвий далил ҳисобланса ёки улар бўйича экспертиза тайинланса, улар зарур процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органида, судда қолиши мумкин.

21. Ашёвий далил тариқасида олинган ёки жиноят содир этиш қуроли сифатида фойдаланилган автомашиналар, мотоцикллар ва бошқа транспорт, шу жумладан, сузувчи воситаларни, шунингдек хатланган транспорт воситалари, суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида олиб қўйилган транспорт воситаларини алмаштириш ёки эксплуатация қилишга имкон бермаслик учун транспорт воситасининг спидометри (электрон спидометрдан ташқари), двигатели, руль бошқаруви, бошқа қисмлари ва деталлари олдиндан муҳрланган ва пломбаланган ҳолда (агарда улар эгасига, унинг қариндошларига ёки бошқа шахсларга, шунингдек ташкилотларга сақлашга топширилиши мумкин бўлмаса) сақлаш учун ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари (кейинги ўринларда ЙҲХБ деб юритилади), Бош прокуратура, ИИВ ва ДХХнинг хўжалик бошқармаларига (бўлимларига) топширилади ва ушбу бошқарма (бўлим) раҳбарларидан сақлашга қабул қилинганлиги ҳақида тилхат олиниб, ишга қўшиб қўйилади. Тилхатда сақлаш учун қабул қилинган транспорт воситаси бутлиги учун шахсан ким жавобгар эканлиги кўрсатилади.

Транспорт воситасини олиб қўйишда, тақдим этишда, шунингдек сақлаш учун топширишда ЙҲХБ органлари мутахассислари томонидан ҳудудий молия органи ва ихтисослаштирилган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш корхоналари вакилларини жалб қилган ҳолда ҳамда имкони бўлса, транспорт воситасининг эгаси иштирокида ушбу транспорт воситасининг техник ҳолати тўғрисида далолатнома тузилади.

22. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларни олиб қўйиш, тақдим этиш, экспертизадан ўтказиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.

23. Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар бўйича экспертиза тайинлангунга ҳамда экспертиза хулосаси олингунга қадар муҳрланган ҳолда тегишлича ИИВ, ДХХ органи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сақлаш хонасида ёки жазони ижро этиш муассасасида яшаш ва ишлаб чиқариш зоналаридан ташқарида жойлашган оператив қисмнинг сейфида сақланиши шарт.

Экспертиза хулосаси олингандан сўнг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар 15 кун ичида марказлаштирилган ҳолда сақлаш учун ДХХ органларига топширилиши шарт.

24. Қамоқда сақланаётган айбланувчининг (судланувчининг) паспорти ёки идентификация ID-картаси, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, офицер шахсини тасдиқловчи гувоҳномалари, контракт бўйича ҳарбий хизматчи гувоҳномалари, ҳарбий гувоҳномалар, қайд этиш гувоҳномалари жиноят ишига қўшиб қўйилади ва ишга навбатдаги варағи сифатида тикилган ва рақамланган алоҳида муҳрланган пакетда сақланади. Бошқа шахсий ҳужжатлар, шунингдек белгиланган тартибда ашёвий далил деб эътироф этилмаган нарса ва ашёлар, агар улар иш учун аҳамиятга эга бўлмаса, эгаларига, уларнинг қариндошларига ёки эгаси кўрсатган бошқа шахсларга қайтариб берилади.

Озодликдан маҳрум этилган маҳкумларнинг шахсий ҳужжатлари жазони ўташ жойига юборилади.


25. Қимматбаҳо металлар (бундай буюмларнинг парчалари), қимматбаҳо тошлар ва дурдан ясалган буюмлар, шунингдек қимматбаҳо тошлар, қўлда ясалган заргарлик буюмлари, қимматбаҳо металлардан ясалган тангалар тегишли экспертизалар ўтказилганидан сўнг ҳамда баҳоланганидан кейин ўралган ҳолатда, рўйхат асосида сақлаш хонасига ёхуд хизмат кўрсатувчи банкка ёки Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизматига (кейинги ўринларда Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизмати деб юритилади) сақлаш учун топширилади.

26. Муомаладан чиқарилган қимматбаҳо металларнинг (олтин, кумуш, платина ва платина гуруҳига кирувчи бошқа металлар) қуймалари, чўкиндилари (шлих), ёмби, хомаки маҳсулот шаклидаги, ишлаб чиқариш ёки лабораторияда фойдаланишга мўлжалланган, шунингдек олмослар ёки бошқа табиий қимматбаҳо тошлар тегишли ўрганишлардан сўнг, агарда улар ашёвий далил ҳисобланмаса ва кейинчалик махсус ўрганилиши лозим бўлмаса, Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизматига топширилади.

27. Фуқаролардан олиб қўйилган (қабул қилинган) миллий ва чет эл валютасидаги пул суммалари, давлат заём облигациялари, пул-буюм лотерея билетлари, омонат дафтарчалари, депозит сертификатлари, аккредитивлари, чеклари ва чек дафтарчалари, депо ҳисобварағидан кўчирмалар (депозитарий томонидан бериладиган депонентнинг қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларини тасдиқлайдиган ҳужжат) ҳукм қонуний кучга киргунга қадар қуйидаги тартибда сақланади (агарда улар ашёвий далил деб ҳисобланмаса ва махсус текширувдан ўтказиш лозим бўлмаса):

миллий ёки чет эл валютасидаги нақд пул маблағлари тегишли органга хизмат кўрсатувчи банкда миллий ёки чет эл валютасида очилган иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига киритиб қўйилади ёки Тижорат банкларида касса ишини ташкил этиш, нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация қилишга доир Йўриқномада (рўйхат рақами 3028, 2018 йил 29 июнь) белгиланган тартибда сақлаш учун банк кассасига топширилади;

давлат заём облигациялари, омонат дафтарчалари, сертификатлар, аккредитивлар, чеклар ва чек дафтарчалари, пул-буюм лотереяси билетлари, шунингдек депо ҳисобварағидан кўчирмалар уларни олиб қўйган (қабул қилган) органда сақланади, бунда уларнинг бут сақланишига риоя этилиши лозим, ёки ўрамга солинган ҳолда банклар ёки уларнинг филиалларига сақлаш учун топширилади.

Нақд пул ва бошқа қимматликлар сақлаш учун банк кирим кассасига топширилганида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилига 004-шаклдаги нақд пул ва бошқа қимматликлар сақлаш учун қабул қилинганлиги тўғрисидаги квитанция расмийлаштириб берилади. Банк пул омборига сақлаш учун қабул қилинган нақд пул ва бошқа қимматликларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилига қайтариб бериш учун, уни топширган орган раҳбарининг имзоси қўйилиб, думалоқ муҳри билан тасдиқланган ёзма сўровномасининг асл нусхасига 004-шаклдаги квитанциянинг асл нусхаси илова қилинган ҳолда тақдим этилиши керак. Банкка сақлаш учун қабул қилинган қимматликларнинг қисман қайтарилишига йўл қўйилмайди. Қимматликларнинг бир қисмини олиш зарур бўлса, банк қимматликлар солинган жўнатмани тўлиғича уларни топширган органга қайтариб беради. Банк пул омборига сақлаш учун қабул қилинган нақд пул ва бошқа қимматликларни бут сақланиши бўйича банкнинг моддий жавобгар шахслари, уларни топширган орган олдида қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар ҳисобланади. Банк пул омборида сақлаш учун қабул қилинган нақд пул ва бошқа қимматликларга зарар етказилган тақдирда, унинг эгасига етказилган зарарни қоплаш, қимматликни ҳақиқий баҳоси доирасида лекин, сақлаш учун қабул қилинган вақтда баҳоланган баҳосидан ошмаган миқдорда амалга оширилади.

Нақд пул ва бошқа қимматликларни сақлаш учун топширган давлат органи ходими 004-шаклдаги квитанцияни йўқотган ҳолларда ёки бошқа сабабларга кўра уни банкка тақдим этишни имконияти мавжуд бўлмаса, бундай ҳолларда сақлашга топширилган нақд пул ва бошқа қимматликларни банк кассасидан қайтариб олиш учун ушбу давлат органининг республика миқёсидаги юқори турувчи ташкилоти (вазирлиги, қўмитаси ва ҳоказо) томонидан чиқарилган бўйруқ асос бўлиши мумкин. Ушбу буйруқда банк кассасига сақлаш учун топширилган қимматликларни қайтариб олиш ваколатига эга бўлган ходимнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда олинадиган қимматликларнинг тўлиқ ва батафсил рўйхати қайд этилган бўлиши лозим.

28. Омонат дафтарчаларини олиб қўйиш билан бир вақтда, тегишли банкларга банкларда очилган депозит ҳисобварақлардаги маблағларни хатлаш тўғрисидаги қарор нусхаси ҳам юборилади. Хатлаш тўғрисидаги қарорнинг матнида иш юритувидаги жиноят ишининг рақами, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса - жиноят ишидан келиб чиқадиган фуқаролик ишининг рақами кўрсатилади.


29. Фуқаровий даъвони таъминлаш учун ва гаров тариқасида олиб қўйилган, қабул қилинган миллий ёки чет эл валютасидаги пул маблағлари (ашёвий далил деб эътироф этилган ва индивидуал хусусиятларга эга бўлган пул маблағларидан ташқари) дастлаб далилларни қайд этиш китобига тегишли ёзувлар киритилиб, суриштирув, дастлабки тергов органининг қарори, баённомаси ёки суд ажрими нусхасига мувофиқ тергов ёки суриштирув ўтказаётган органнинг молия-хўжалик бўлимига бир сутка муддат давомида топширилади. Бунинг ўрнига кассир суриштирувчи, терговчи ёки суд органининг масъул шахсига рақами кўрсатилган кирим ордери квитанциясини беради.

Кассир қабул қилинган пулларни икки сутка давомида олиб қўйишни (қабул қилишни) амалга оширган органнинг миллий ёки чет эл валютасидаги талаб қилиб олингунча ҳисобварағига киритиш учун банкка топширади.

Пулларни банкка етказишда ҳар бир ҳолатда қўриқланиши таъминланади.


30. Мазкур Йўриқноманинг 25 - 27-бандларида қайд этиб ўтилган нарсалар ёки бошқа қимматликлар ашёвий далил бўлиб ҳисобланган ҳолларда, улар зарур текширувлар ўтказилгандан сўнг уч кунлик муддатдан кечиктирмасдан, алоҳида муҳрланган ва рўйхати илова қилинган пакетларда жавобгар шахсга сақлаш учун сақлаш хонасига ёки банклар ёки уларнинг филиалларига топширилади. Бундай ҳолларда йўналтирувчи хатда жўнатилаётган қимматликлар ашёвий далил эканлиги ва улар олиб қўйилиши (қабул қилиниши) учун асос бўлган жиноят ишини кўриб чиқаётган ёки ҳукмни ижро этувчи органнинг алоҳида фармойиши берилмагунга қадар сақланиши ҳақида алоҳида кўрсатиб ўтилади.


31. Ишга ашёвий далил тариқасида қўшилган ҳужжатлар, хатлар ва бошқа ёзувлар тоза қоғоз варақлари орасига солинган ҳолда конвертларда сақланади, бунда уларга қандайдир белгилар, ёзувлар киритиш ёки уларни буклаш ман этилади. Конвертлар муҳрланади, ишга тикилади ва ишнинг навбатдаги варағи сифатида рақамланади. Ишга қўшилаётган хатлар ва ҳужжатлар кўп миқдорда бўлса, улар ишга илова қилинадиган алоҳида конвертга солинади. Конвертда ёки пакетда унга солиб қўйилган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган ёзув бўлиши шарт.

Терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурор, судья ишга қўшилган корреспонденциянинг мазкур иш бўйича терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, суд муҳокамасини юритишга дахлдор бўлмаган шахслардан сир сақланишини таъминлаши шарт.

32. Олиб қўйилган маҳфий характерли, лекин ашёвий далил бўлмаган ҳужжатлар, чизмалар, фотосуратлар махсус қисмлар ва 1-бўлимлар орқали уларнинг эгаси бўлган ташкилотлар ва муассасаларга юборилади.


33. Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни уларнинг шикастланишига ва келгусида текширувлар ўтказиш ҳамда далил сифатида фойдаланиш имконини бермайдиган ҳолатга тушишига олиб келувчи ҳолатда сақлашга топшириш ман қилинади. Зарур ҳолларда олиб қўйилган, қабул қилинган ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни келгусида сақлаш имконини берувчи ҳолатга олиб келишга қаратилган кечиктириб бўлмас чоралар кўрилиши шарт.

Ўзгарувчан хусусиятга эга, шунингдек бир марта ишлатиладиган ёки вақтинчалик хусусиятларга эга бўлган нарсалар олиб қўйилган, тақдим этилган ҳолда, олиб қўйиш, қабул қилишни амалга оширган орган унинг кўздан кечирилиши ва кўздан кечириш натижалари ЖПК 141-моддаси талабларига мувофиқ мустаҳкамланишини таъминлаши шарт.


34. Биологик келиб чиқишга эга, шу жумладан, микроскопик ёки кимёвий текширув ўтказилиши лозим бўлган, тез бузиладиган объектлар герметик зич ёпиладиган идишга жойлаштирилиши керак. Бундай идишга жойлаштириш суд-тиббиёт муассасалари ходимлари томонидан амалга оширилади.

Эксперт текшируви тамомлангач, биологик объектлар терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси ўтказилган жойда сақланади. Агар биологик объектларни сақлаш учун махсус шарт-шароитлар талаб қилинса, улар раҳбарият билан келишилган ҳолда суд-тиббиёт муассасасида сақланади.

35. Сақлаш муддати 72 соатгачани ташкил қиладиган тез бузиладиган товарлар, шунингдек яроқлилик муддати бир ой мобайнида тугайдиган товарлар, уларнинг давлат даромадига ўтказилиши тўғрисида қарор қабул қилинганидан қатъи назар, истеъмолга (фойдаланишга, қайта ишлашга) яроқлилиги бўйича экспертиза хулосаси ва уни баҳолаш вақтидан бошлаб бир сутка мобайнида олиб қўйган органнинг мансабдор шахси томонидан давлат ижрочиси иштирокида сотиш учун бериш далолатномаси билан савдо ташкилотларига сотиш учун берилади.

Бунда товарларни сотишдан тушган маблағлар товарни давлат даромадига ўтказиш ёхуд уни қайтариш тўғрисида ижро ҳужжати олингунга қадар суд ижрочиларининг тегишли бўлимларидаги депозит ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Ушбу банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган товарларнинг истеъмолга, фойдаланишга ёки қайта ишлашга яроқсизлиги тўғрисида экспертиза томонидан хулоса чиқарилган тақдирда, уни олиб қўйган ваколатли органнинг мансабдор шахси давлат ижрочиси, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакиллари ва холис гувоҳлар иштирокида истеъмол қилиш, фойдаланиш ёки қайта ишлаш учун яроқсиз деб топилган мол-мулкни Низомда назарда тутилган барча талаблар бажарилган ҳолда йўқ қилиб ташлайди.

36. Жиноий ҳаракатлар объекти бўлиб хизмат қилган ёки ўзида жиноят изларини сақлаб қолган озиқ-овқатлар ёки саноат товарлари эксперт текшируви учун бутунлигича ёки зарур бўлган қисми (намуна, проба) топширилади. Имкони бўлса, текширувга юборилаётган проба ёки намунадан ташқари, қайта текширув ўтказиш имкониятини таъминлаш учун намуна ёки проба ажратиб олинади ва муҳрланган кўринишда ишга қўшиб қўйилади.


37. Ашёвий далил тариқасида эътироф этилган иш ва уй ҳайвонлари, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органлари, суд томонидан қарор чиқарилгунга қадар, тегишли далолатнома расмийлаштирилган ҳолда, сақлаш учун жабрланувчи шахслар ёки ташкилотларга, улар бўлмаганда эса, ҳудудийлик бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органи, ширкат ёки фермер хўжаликларига топширилади.

38. Айблов далолатномаси ёки айблов хулосасига илова қилинадиган маълумотномада иш бўйича олиб қўйилган, тақдим этилган нарсалар қаерда сақланаётганлиги, баҳоланганлиги ва улар топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тикилган иш варағи кўрсатилади.

39. Хатланган нарсалар суриштирувчи, терговчининг қарори ёки суднинг ажрими бўйича, аниқ ҳолатлар ва иш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, сақлаш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки уй-жой мулкдорлари ширкатига, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасининг ҳудудий бўлинмалари (улар ваколати доирасида), шунингдек зарар етказилган тараф ёки ушбу мол-мулк эгаси ёхуд унинг қариндошига топширилади ва улар қабул қилинган нарсанинг сақланиши учун жавобгар эканлиги тушунтирилади ҳамда бу ҳақда тилхат олинади.

Хатланган санъат асарлари ва антиквар буюмлар сақлаш учун музейларга топширилиши мумкин.


40. Муайян жиноий ишлар бўйича ашёвий далиллар бошқа ишлар бўйича ашёвий далиллардан алоҳида ҳолда сақланади.

Очилмаган жиноятлар бўйича ҳаракатдан тўхтатилган ишлар юзасидан ашёвий далиллар тергов ўтказилган жойда, ҳаракатдаги ишлар бўйича ашёвий далиллардан алоҳида ҳолда, ўрамга солинган ва муҳрланган кўринишда сақланади, уларнинг сақланиши ва кейинчалик фойдаланиш имконияти таъминланади. Бундай объектлар солинган ҳар бир пакет иш рақами, унинг қисқача мазмуни (фабуласи) ва қўзғатиш санаси, ўрамга солинган объект номи кўрсатилган изоҳли ёзув билан таъминланади.

Сақлаш шароити мазкур Йўриқнома билан белгиланган объектларнинг тоифаларига татбиқан танланади.

Тўхтатилган ишлар бўйича махсус сақлаш шароитларини талаб этадиган биологик объектлар суд-тиббиёт муассасаларининг архивларида сақланади. Биологик объектларни суд-тиббиёт муассасасининг архивига жойлаштириш учун прокурор, терговчи, суриштирувчи, суднинг тегишли муассаса раҳбарига юбориладиган хати асос бўлиб ҳисобланади.


IV. АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ВА БОШҚА

НАРСАЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


41. Ашёвий далилларни, шу жумладан ўқ отар қурол ва терговга қадар текширув материаллари ёки жиноят ишлари бўйича олиб қўйилган, ашёвий далил бўлиб ҳисобланмаган бошқа нарсаларни қайд этиш учун ҳар бир терговга қадар текширув (олис сафарда бўлган денгиз кемаларининг капитанлари бундан мустасно), суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларда мазкур Йўриқноманинг 1 ва 2-иловаларида келтирилган шаклларга мувофиқ ҳисобга олиш китоблари юритилиб, улар ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни сақлаш ва ҳисобга олиш учун жавобгар шахсда туради. Ушбу китобларни юритиш қатъий ҳисобдаги ҳужжатларни юритиш қоидалари бўйича амалга оширилади. Китобнинг ҳар бир варағи рақамланади, ип билан тикилади ва муҳрланади ҳамда тегишлича терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов бўлинмалари раҳбари, прокурор, суд раисининг имзоси билан тасдиқланади.

42. Ашёвий далиллар ва бошқа ашёвий далил ҳисобланмаган нарсаларни ҳисобга олиш китобларига ёзувлар нарсаларни олиб қўйиш ёки тақдим этиш ҳақидаги баённомалар асосида уларнинг сақланиши учун жавобгар шахслар томонидан киритилади.


43. Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланиши учун жавобгар шахс ҳисобга олиш китобида рўйхатга олиш вақтида қабул қилинаётган нарсаларнинг уларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги қарор билан мувофиқлигини текширади.


44. Китобга қайд этишда ёзувлар хронологик тартибда амалга оширилади, ҳар бир нарса алоҳида ёзилади. Бир турдаги бир нечта нарса қайддан ўтказилаётганда уларнинг миқдори, келиб тушиш санаси, номи ёзилади (агар ашёвий далиллар ўрамга солинган бўлса, уларнинг миқдори ва номлари ўрамни очиш орқали текширувдан ўтказилиши мумкин, бу ҳақда далолатнома тузилади). Бунда ҳар бир нарсага тартиб рақами берилади.

Агар ашёвий далиллар терговга қадар текширув материалида ёки жиноят иши билан бўлса ва сақлашга топширилмаса, шунингдек мазкур Йўриқнома 12-бандининг учинчи хатбошисида кўрсатилган ҳолларда ҳисобга олиш китобида бу ҳақда белги қўйилиб, ашёвий далилларни ўзида сақлаётган мансабдор шахснинг фамилияси кўрсатилади.

Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни ҳисобга олиш китобидан ташқари, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга ошираётган органлар раҳбарларининг ва судларнинг ўз хоҳишига кўра мазкур объектларни ҳисобга олишнинг бошқа шакллари (қайдномалар, квитанциялар ва ҳоказо) белгиланиши мумкин.


V. АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ВА БОШҚА

НАРСАЛАРНИ ТОПШИРИШ


45. Терговга қадар текширув материалида ёки жиноят иши билан сақланаётган ашёвий далиллар иш бир терговга қадар текширув органидан бошқасига ёки суриштирув, дастлабки тергов органига ёки бир суриштирув органидан бошқа суриштирув ёҳуд дастлабки тергов органига ёки бир терговчидан бошқа терговчига, шунингдек прокурор ёки судга юборилганда ёхуд бир суддан бошқа судга ўтказилганда иш билан бирга топширилади. Бу ҳақда ҳар бир топширилаётган нарса бўйича ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобида тегишли ёзув киритилади. Белгиланган тартибда ашёвий далил деб эътироф этилмаган нарсалар жиноят иши билан бирга топширилишига йўл қўйилмайди.

46. Ашёвий далилларни иш билан бирга қабул қилаётган масъул ходим ҳисобга олиш китобида ўз лавозими ва фамилиясини кўрсатган ҳолда тушунарли тарзда имзо чекади, ўз имзосини тегишли муассасанинг штампи билан тасдиқлайди. Барча ашёвий далиллар келиб тушиш кунида рўйхатдан ўтказилади. Суд томонидан ишга қўшилган ашёвий далилларни рўйхатдан ўтказиш ажрим чиқарилган куни амалга оширилади.


47. Сақлаш хоналарига жойлаштирилган, шунингдек иш билан бирга бўлмаган ашёвий далиллар ва фуқаровий даъвони таъминлаш мақсадида хатланган нарсалар терговга қадар текширув материаллари ёки жиноят иши топширилаётган орган ҳисобида туради, бу ҳақда ашёвий далиллар сақланаётган жойга хабарнома юборилади ҳамда ҳисобга олиш дафтари ва терговга қадар текширув материаллари ёки жиноят иши бўйича маълумот варағида улар кимда сақланаётганлиги тўғрисида белги қўйилади.

Терговга қадар текширув материаллари ёки жиноят ишини ўтказишда, у билан бирга йўлланадиган ашёвий далиллар илова хатда ёки унга илова қилинаётган рўйхатда бирма-бир санаб ўтилади. Айблов далолатномаси ёки айблов хулосасига илова қилинган маълумотномада ишга доир барча ашёвий далиллар, ҳар бирининг сақланаётган жойи кўрсатилиб, бирма-бир санаб ўтилиши лозим.

Ашёвий далиллар почта ёки чопар орқали етказиб берилганда, терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи ёки судья холислар иштирокида, зарур бўлганда эса, шунингдек эксперт ёхуд мутахассислар иштирокида олинган далилларни кўздан кечириб, уларни алоқа хати ёки рўйхат билан солиштиради. Кўздан кечириш жараёни ва натижаси ҳақида баённома тузилади.

48. Ашёвий далиллар билан бирга терговга қадар текширув материаллари ёки жиноят иши юборилаётган органнинг девонхона ходими, суднинг масъул ходими, ушбу нарсаларни қабул қилаётганда ўрамнинг ва ундаги муҳрларнинг бутунлиги (сақланганлиги)ни текширади.

Ўрам ва муҳр бузилган ҳолда суд котиби суд раиси (судья, суднинг масъул ходими) ҳозирлигида, терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов органининг девонхона ходими унинг раҳбари ёки ўринбосари, шунингдек иш ва ашёвий далилларни етказиб берган шахс ҳозирлигида ўрамни очади ҳамда унда мавжуд бўлган нарсаларни рўйхатдаги (хатдаги), айблов далолатномаси ёки айблов хулосасининг маълумотномасидаги ашёвий далиллар тўғрисидаги ёзув ва ашёвий далилларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги қарор билан солиштиради.

49. Агар мавжуд ашёвий далиллар рўйхатдаги (хатдаги), айблов далолатномаси ёки айблов хулосасининг маълумотномасидаги ва ашёвий далилларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги қарорнинг маълумотлари билан тўғри келса, улар яна ўрамга жойланади ва муҳрланади. Ўрамнинг очилганлиги ҳақида далолатнома тузилиб, ишга тикиб қўйилади.

Ўрам ёки муҳр бузилган ҳолларда ўрам очилганда, ҳақиқатда мавжуд ашёвий далиллар рўйхатдаги (хатдаги), айблов далолатномаси ёки айблов хулосасининг маълумотномасидаги ва ашёвий далилларни ишга қўшиб қўйиш тўғрисидаги қарорда бу ҳақда келтирилган маълумотлар билан тўғри келмаслиги аниқланса, шунингдек ўрамдаги ёзув (ўрамда мавжуд ашёлар рўйхати) ушбу ёзувларга тўғри келмаган ҳолларда, манфаатдор идораларнинг мансабдор шахслари томонидан ушбу номувофиқлик сабаблари аниқланмагунга қадар, иш қабул қилинмайди.

Аниқланган номувофиқликлар тўғрисида далолатнома тузилиб, тегишлича суднинг раиси (судья), прокурор, терговга қадар текширув, суриштирув, тергов органи бошлиғи (ушбу органлар тергов тармоқларининг бошлиғи) ва девонхона ходими, шунингдек ишни олиб келган шахс томонидан имзоланади.

Далолатнома нусхаси ишни юборган органга юборилади.


50. Ашёвий далил судда рўйхатдан ўтказилаётганида унга рақам (китоб бўйича тартиб рақами) берилади, ашёвий далилнинг келиб тушган санаси, номи, миқдори, у қўшиб қўйилган ишнинг рақами, айбланувчининг (судланувчининг) фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади. Ашёвий далил рўйхатдан ўтказилгач, унинг ўрамига жиноят иши судда рўйхатдан ўтказилган рақам қўйилади, шунингдек ашёвий далилнинг рақами кўрсатилади.

51. Жиноят иши ва ашёвий далиллар бошқа суд ёки прокуратурага топширилганида ҳар бир топширилаётган ашёвий далил бўйича ашёвий далилларни рўйхатга олиш китобига тегишли ёзув киритилиши керак.

Агар ашёвий далиллар судга юборилмасдан, суриштирув, дастлабки тергов органи ёки бошқа муассасада сақланаётган бўлса, суд котиби ашёвий далилларни рўйхатга олиш китобига улар сақланаётган жой тўғрисида ёзув киритади.


52. Жиноятга оид иш бир терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи ёки терговчидан айнан шу терговга қадар текширув, суриштирув ёки дастлабки тергов органида ишловчи бошқа терговга қадар текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс, суриштирувчи ёки терговчига топширилганида, биринчиси топшириши, иккинчиси эса иш бўйича олиб қўйилган барча нарсаларнинг борлигини текшириб қабул қилиб олиши, ашёвий далилларни сақлашга жавобгар шахс иштирокида ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобига уларни қабул қилганлиги тўғрисида имзо қўйиши шарт.

53.

Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш, жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органининг қарори, суднинг ҳукми ёки ажримида ашёвий далиллар тақдири масаласи ҳал этилиши керак, бунда:

гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлган жиноят қуроллари мусодара қилиниши керак ва улар тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади.

Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулкнинг қонуний эгалари, мулкдорлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари, худди шунингдек меросхўрлари аниқланмаган тақдирда, ушбу мол-мулк давлат даромадига ўтказилади;

муомаладан чиқарилган нарсалар тегишли муассасаларга берилиши лозим ёки йўқ қилиб юборилади;

ҳеч қандай қимматга эга бўлмаган нарсалар йўқ қилиб юборилади, манфаатдор шахслар ёки муассасалар илтимос қилган ҳолларда эса, уларга берилиши мумкин;

жиноят ёки бошқа ғайриқонуний ҳаракатлар содир қилиниши натижасида қонуний эгаси ва мулкдоридан маҳрум бўлиб қолган пуллар ёки бошқа бойликлар қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилиши лозим;

жиноий йўл билан орттирилган пуллар ва бошқа бойликлар суднинг ҳукмига биноан жиноят натижасида етказилган мулкий зарарни қоплашга ўтказилади, мулкий зарар кўрган шахс аниқланмаган тақдирда, давлат фойдасига ўтказилади. Ушбу буюмларнинг тегишлилиги ҳақидаги низолар фуқаровий суд иш юритуви тартибида ҳал этилиши лозим;

ашёвий далил ҳисобланувчи ҳужжатлар уларни сақлаш зарурати тугагунга қадар ишда сақлаб турилади ёки манфаатдор шахсларга ёхуд муассасаларга берилади. Ишдаги ҳужжатларни қайтариш масаласи уларнинг характери ва иш учун аҳамиятига қараб ҳал этилади.


54. Ашёвий далил тариқасида мазкур Йўриқноманинг 25 - 27-бандларида қайд этиб ўтилган нарсалар қўшилган жиноят ишини қабул қилиш вақтида суд котиби ишда суриштирув ёки дастлабки тергов органи томонидан ушбу ашёвий далиллар сақлаш учун топширилганлигини тасдиқловчи квитанциянинг мавжудлигини текширади. Ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобига улар ҳақида сақланаётган жойи кўрсатилган ҳолда ёзув киритилади.

55. Мазкур Йўриқноманинг 25 - 27-бандларида санаб ўтилган ва ишга суд томонидан ашёвий далиллар сифатида қўшилган нарсалар ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобида рўйхатдан ўтказилиши, ўрамга солиниши, муҳрланиши ва бир сутка муддат давомида хизмат кўрсатувчи банкка ёки жавобгар шахсга сақлаш хонасида сақлаш учун топширилиши керак.


56. Суриштирув ёки дастлабки терговни тўхтатиш тўғрисида қарор чиқарилаётганида унда тўхтатилаётган иш бўйича олиб қўйилган ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланаётган жойи белгиланади. Ушбу объектлар, махсус сақлашга топширилиши лозим бўлмаса, тўхтатилган жиноят иши суриштирув ёки дастлабки тергов органида сақлаб турилган вақт давомида суриштирув ёки дастлабки тергов юритилган жойда сақланади ва иш бошқа суриштирув ёки дастлабки тергов органига топширилаётган вақтда иш билан бирга топширилади.

Қаердалиги аниқланмаган айбланувчиларга нисбатан тўхтатилган жиноят ишлари бўйича моддий зарарни қоплаш мақсадида хатланган айбланувчиларнинг шахсий мол-мулки, экспертлар томонидан баҳолангач, мазкур Йўриқноманинг 62-бандига мувофиқ сотилиши мумкин.



VI. АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ВА БОШҚА НАРСАЛАРНИ

ДАВЛАТ ДАРОМАДИГА ЎТКАЗИШ, ЙЎҚ ҚИЛИБ

ТАШЛАШ ВА ҚАЙТАРИШ


57. Қонуний кучга кирган ҳукм бўйича суд ижро варақасини ёзади ва кейинги кундан кечиктирмасдан уни ижро этиш учун тегишли органга юборади.


58. Агар ашёвий далиллар ва бошқа нарсалар махсус сақлашда бўлса, уларни сақлаш жойига ушбу объектларнинг кейинги тақдири кўрсатилган ҳукм, ажрим, қарордан нусха ёки кўчирма юборилади. Қабул қилинган қарор ашёвий далиллар сақланаётган муассасаларнинг раҳбарлари учун мажбурийдир.


59. Муомаладан чиқарилган нарсалар (қурол-яроғ, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик, психотроп моддалар ва шу кабилар) ИИВ ва ДХХ органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда йўқ қилинади.

Радиоактив материаллар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институти ёки лицензияга эга бўлган бошқа ташкилот томонидан йўқ қилинади.

60. Эгаларига қайтарилиши лозим бўлган ашёвий далиллар ва бошқа нарсалар уларга тилхат асосида натура шаклида берилади, тилхат жиноят ишига тикиб қўйилади ва унинг навбатдаги варағи сифатида рақамланади. Бир вақтнинг ўзида терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки терговни олиб бораётган органнинг бухгалтерия ҳисоби бўлими ашёвий далиллар ва бошқа нарсалар қайтарилганлиги ҳақида ёзма шаклда хабардор қилинади.

Манфаатдор шахслар улардан олиб қўйилган нарсаларни қайтариб олишлари мумкинлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилинади, хабарноманинг нусхаси терговга қадар текширув материали ёки жиноят ишига тикиб қўйилади. Тилхатда олувчи ўз паспорти ёки идентификация ID-картаси ёхуд шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатдаги маълумотларни ва яшаш жойини кўрсатади.

Нарсаларнинг эгаси шахсан кела олмайдиган ҳолатда, уларни унинг ишончномаси бўйича бошқа шахс олиши мумкин, унинг тилхати ҳам ишга тикиб қўйилади. Агар нарсаларнинг эгаси муассаса, ташкилот бўлса, нарсалар уларнинг вакилларига ишончнома ва шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлганида тилхат орқали топширилади.

61. Жиноят иши нореабилитация асослари бўйича тугатилган ҳолда, зарарни қоплаш, олиб қўйилган ёки қабул қилинган пул ёхуд бошқа нарсаларни давлат даромадига ўтказиш масаласи жиноят-процессуал ва фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


62. Ашёвий далиллар, нарсалар ва жиноят қуролларини давлат даромадига ўтказиш ва уларни йўқ қилиб ташлаш Низомнинг IV - VII бўлимлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

Орден ва медаллар маҳаллий давлат ҳокимияти органига ёки эгаларига берилади.


63. Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни қайтариш юзасидан ижро иш юритувини қўзғатиш ҳақидаги қарор, шунингдек уларни олиш тартиби тўғрисида ёзма хабарнома бир сутка муддат давомида ижро варақасида кўрсатилган шахсга юборилади.

Ижро иши юритилиши қўзғатилганидан сўнг, давлат ижрочиси тегишли далолатнома тузади ва унинг ўзи, жиноят иши бўйича суриштирув ёки дастлабки терговни ўтказган мансабдор шахс, ушбу нарсаларни берган судья, шунингдек нарсаларни сақлаш учун жавобгар шахс имзо қўяди.

Ижро варақасида олувчи сифатида кўрсатилган шахс давлат ижрочисига мурожаат қилганида, қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилиб, унда нарсани топшириш жойи ва вақти, топширилаётган нарса номи, шунингдек топширишда иштирок этаётган шахслар кўрсатилади. Нарсани олган шахсдан тилхат олинади.

Нарса топширилаётганида камида 2 нафар холис иштирок этиши ёки ушбу жараён видеоёзув орқали қайд этилиши шарт.

Агар ижро варақасида олувчи сифатида кўрсатилган шахс 3 йил давомида давлат ижрочисига нарсани бериш тўғрисида мурожаат этмаган бўлса, давлат ижрочиси бу ҳақда далолатнома тузади.

Давлат ижрочиси нарса талаб қилиб олинмаганлиги тўғрисида далолатнома тузганидан сўнг, нарсани эгасиз деб топиш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ҳужжатларни расмийлаштиради ва уларни ҳудудийлиги бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга юборади.

64. Ижро иши юритилишини тамомлашда давлат ижрочиси бу ҳақда қарор чиқаради. Давлат ижрочисининг қарор нусхалари у чиқарилган кунинг эртасидан кечиктирмасдан ижро варақасини берган суд ёки бошқа органга юборилади.

Ижро иши юритилиши тамомланганида, ижро ҳужжатининг асл нусхаси ижро иши материалларида қолади.


65. Ашёвий далиллар юзасидан қарор, ҳукм (ажрим) қонуний кучга киргандан сўнг ёки ишни тугатиш тўғрисида ажрим, қарор устидан шикоят қилиш муддати тугагач, ижрога қаратилади.


66. Алоҳида ҳолларда терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органи, суд иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан ҳам олиб қўйилган нарсаларни эгаларига қайтариши мумкин, агар бу ишни тўғри ҳал этишга тўсқинлик қилмайди деб топилса.

67. Терговга қадар текширув босқичида жиноят иши қўзғатиш рад қилинган, шунингдек суриштирув ёки дастлабки тергов босқичида иши тугатилган шахсларга улардан олиб қўйилган нарсаларни қайтариш мазкур Йўриқноманинг 60-бандига мувофиқ амалга оширилади.

Қабул қилинган қарор ҳақида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки ишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган шахсга дарҳол ёзма хабарнома юборилади.

68. Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш ҳақида қарор, ҳукм (ажрим) чиқарилганидан кейин ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобида ашёвий далилларга нисбатан қабул қилинган қарор ҳақида унинг мазмуни ва санаси кўрсатилган ҳолда белги қўйилади.

69. Жиноят таркиби йўқлиги ёки жиноий ҳодиса юз бермаганлиги сабабли жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган ёки жиноят иши тугатилган ҳолда, иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган ҳужжатлар (адабий асарлар, аризалар, мурожаатлар ва бошқалар, шу жумладан, муаллифлар томонидан тайёрланганлари ҳам) эгаларига қайтарилиши шарт.

70. Қимматбаҳо металларни сақлаш ва улар билан ишлаш хизматига топширилган нарсалар белгиланган ҳолларда эгаларига натура шаклида қайтариб берилади, натурада қайтариш йўл қўйилмайдиган ҳолатларда эса қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг қиймати қопланади.

71. Олиб қўйилган нарсалар (пуллар) тилхат орқали реабилитация қилинганларга ёки ЖПК 304-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган шахсларга улар мулкий зарарни қоплаш учун пул тўловларини амалга ошириш ҳақидаги қарор ёки ажримни олган кундан бошлаб икки йил давомида қайтариб берилиши мумкин. Зарарни қоплаш ҳисобига тўланган маблағлар ЖПК 304 - 313-моддаларида назарда тутилган тартибда қайтарилади.

Юқорида кўрсатилган муддат тугагач, пуллар, шунингдек нарсаларни сотишдан олинган маблағлар республика бюджети даромадига ўтказилади.



VII. ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ГАРОВ СУММАЛАРИНИ

ЭГАЛАРИГА ҚАЙТАРИШГА ОИД ҚИСМИНИ

ИЖРО ЭТИШ ТАРТИБИ


72. Суриштирув ёки дастлабки тергов органи ёки суднинг депозит ҳисоб рақамига гаров тариқасида қўйилган пул маблағлари ёки қимматликларни (кейинги ўринларда гаров суммаси деб юритилади) қайтариш ҳақида ҳужжат чиқарган суд ижро варақасини ёзиб беради ва 3 суткадан кечиктирмасдан уни қонуний кучга кирган суд ҳужжатининг гербли муҳр билан тасдиқланган нусхаси ва гаров суммаси қабул қилинганлиги ҳақидаги банк квитанцияси нусхаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органига (кейинги ўринларда Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органи деб юритилади) юборади.

Суриштирув ёки дастлабки тергов органи 3 суткадан кечиктирмасдан депозит ҳисоб рақамига гаров тариқасида қўйилган гаров суммасининг қайтарилиши кўрсатилган, гаров тариқасида эҳтиёт чорасини бекор қилиш ёки ўзгартириш (агар бекор қилиш ёки ўзгартириш уни танлаш шарт-шароитларини бузиш билан боғлиқ бўлмаса) ёхуд жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарорнинг (кейинги ўринларда суриштирув ёки дастлабки тергов органининг қарори деб юритилади) гербли муҳр билан тасдиқланган нусхасини, гаров суммаси қабул қилинганлиги ҳақидаги банк квитанцияси нусхаси билан бирга Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органига юборади. Агар гаров суммаси уни қайтариш тўғрисида бевосита қарор қабул қилган суриштирув ёки дастлабки тергов органининг депозит ҳисоб рақамида сақланаётган бўлса, мазкур Йўриқноманинг 75-бандида кўрсатилган қоидалар қўлланилади.

73. Давлат ижрочиси ижро ҳужжатини олгач, бир иш куни ичида ижро иши юритишни қўзғатиш ҳақида қарор чиқаради ва бир нусхасини ижро иши юритилиши қўзғатилганидан сўнг бир сутка давомида ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга жиноят иши материалларига қўшиб қўйиш учун юборади.

Давлат ижрочиси гаров суммаси вақтинча сақланаётган органга гаров суммасини уч кунлик муддат ичида кейинги ижро ҳаракатларини давом эттириш учун Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органи депозит ҳисоб рақамига ўтказиш тўғрисида талабнома юборади. Талабнома белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, давлат ижрочиси гаров сақланаётган органнинг асосий ҳисоб рақамига инкассо топшириқномаси қўйиш орқали низосиз тартибда гаров суммасини ҳисобдан чиқариши шарт.

74. Мажбурий ижро бюросининг ҳудудий органи ҳисоб рақамига гаров суммаси келиб тушгач, давлат ижрочиси бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Қонунининг 22-1-моддасига асосан гаров суммасини олувчи шахсни хабардор қилади. Ижро ҳужжатида гаров суммасини олувчи сифатида кўрсатилган шахс ёки унинг қонуний вакили давлат ижрочисига гаров суммасини қайтариш тўғрисида талаб қўйган куни давлат ижрочиси томонидан унинг аризасида кўрсатилган банк ҳисобварағига (банк картасига) гаров суммаси ўтказиб берилади.

Гаров суммаси аризада кўрсатилган банк ҳисобварағига (банк картасига) ўтказиб берилгач, давлат ижрочиси томонидан ижро ишини юритишни тамомлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва унинг нусхаси ижро ҳужжатини берган судга ёки бошқа органга жиноят ишига қўшиб қўйиш учун юборилади. Ижро ҳужжати ва гаров суммаси аризада кўрсатилган банк ҳисобварағига (банк картасига) ўтказиб берилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси ижро иши материалларига тикилади.

Агар ижро ҳужжатида гаров олувчи сифатида кўрсатилган шахсдан ёки унинг қонуний вакилидан у хабардор қилинган пайтдан бошлаб уч йил давомида гаровни бериш ҳақида талабнома келиб тушмаган бўлса, гаров суммаси талаб қилиб олинмаганлиги ҳақида далолатнома тузилади.

Бундай ҳолатда, давлат ижрочиси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаров суммаси талаб қилиб олинмаганлиги ҳақидаги далолатнома, ижро ҳужжати ва бошқа зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда гаров суммасини эгасиз деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилади.

75. Гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилган ёки бекор қилинган тақдирда, агар унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши уни танлаш шарт-шароитлари бузилганлиги туфайли рўй бермаган бўлса (шу жумладан, жиноят иши тугатилиши ёхуд суд қарорининг кучга кириши муносабати билан), гаров суммаси депозит ҳисоб рақамида турган орган томонидан ижро ҳужжати берилмайди, суриштирув ёки дастлабки тергов органининг гаров суммасини қайтариш тўғрисидаги қарори эса ижро қилиш учун мазкур органнинг молия тармоғига юборилади.

Шу билан бир вақтда суриштирув ёки дастлабки тергов органи қарорда гаров суммасини олувчи сифатида кўрсатилган шахсни уни олиш жойи ва вақти ҳақида хабардор қилади.

Суриштирув ёки дастлабки тергов органининг қарорида гаров суммасини олувчи сифатида кўрсатилган шахс ёки унинг қонуний вакили гаров суммасини қайтариш тўғрисида талаб қўйган куни молия тармоғининг масъул ходими томонидан унинг аризасида кўрсатилган банк ҳисобварағига (банк картасига) гаров суммаси ўтказиб берилади. Гаров суммаси аризада кўрсатилган банк ҳисобварағига (банк картасига) ўтказиб берилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси жиноят ишига қўшиб қўйилади.

Агар суриштирув ёки дастлабки тергов органининг қарорида гаров олувчи сифатида кўрсатилган шахсдан ёки унинг қонуний вакилидан у хабардор қилинган пайтдан бошлаб уч йил давомида гаровни бериш ҳақида талабнома келиб тушмаган бўлса, гаров суммаси талаб қилиб олинмаганлиги ҳақида далолатнома тузилади.

Бундай ҳолатда, суриштирув ёки дастлабки тергов органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда гаров суммаси талаб қилиб олинмаганлиги ҳақидаги далолатнома ва бошқа зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда гаров суммасини эгасиз деб топиш тўғрисида ариза билан судга мурожаат қилинади.


VIII. АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАР ВА БОШҚА НАРСАЛАРНИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА САҚЛАШ АҲВОЛИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


76. Айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноят ишини судга юбориш ҳақидаги қарор, тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор тасдиқланганида, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш тўғрисидаги ёки жиноят ишини тугатиш ҳақидаги илтимоснома билан терговга қадар текширув ҳужжатлари ва жиноят иши судга юборилганида, шунингдек иш бошқа терговга қадар текширув, суриштирув ёки тергов органига юборилганида, прокурор, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органининг раҳбари, суд раиси (суднинг масъул ходими) иш бўйича олиб қўйилган ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни жойлашган жойи кўрсатилган ҳужжатларнинг ишда мавжудлигини текшириши, уларни ашёвий далилларни ҳисобга олиш китобидаги ёзувлар билан солиштириши шарт.

77. Терговга қадар текширув, суриштирув, тергов раҳбари, прокурор, суд раиси (суднинг масъул ходими) 6 ойда камида бир марта ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг сақланиш ҳолати ва шароитлари, мазкур Йўриқномага мувофиқ уларни қабул қилиш, ҳисобга олиш ва ўтказиш бўйича ҳужжатлар юритилиши тўғрилигини текшириши шарт.

78. Текшириш натижалари ҳақида ашёвий далиллар ва бошқа нарсалар учун махсус сақлаш жойларини жиҳозлаш, уларни сақлаш учун лозим даражадаги шароитларни таъминлаш чораларини кўришга мажбур бўлган юқори турувчи раҳбариятга юбориладиган далолатнома тузилади.


79. Жавобгар шахс бошқа ишга ўтганида, ишдан бўшатилганида тегишли прокурор, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов органи бошлиғи, суд раиси ушбу шахсга сақлаш учун берилган, ҳақиқатда мавжуд ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларнинг мазкур объектларни олиб қўйиш акс эттирилган ҳужжатлардаги ёзувларга мувофиқлигини текшириш учун комиссия тайинлайди. Текшириш натижалари ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни қабул қилиш-топшириш далолатномасида акс эттирилади.

80. Қўйи органларда ўтказиладиган тафтишлар ва режали текширишларда ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни ҳисобга олиш ҳамда сақлаш аҳволи мажбурий тартибда текширилади, текшириш натижалари тегишли маълумотномалар ва далолатномаларда қайд этилади.

Тўхтатиб қўйилган жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларни сақлаш ҳолати алоҳида қайд этилади.


81. Олиб қўйилган ашёвий далиллар ва бошқа нарсалар шикастланган, йўқолган ҳолларда уларнинг эгаларига етказилган зарар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши лозим.

Ашёвий далиллар ва бошқа нарсаларни лозим даражада ҳисобга олиш ва сақлаш шарт-шароитлари таъминланмаганлиги, уларнинг йўқолиши, шикастланишига олиб келган бўлса, кўрсатиб ўтилган оқибатлар келиб чиқишида айбдор бўлган шахсларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.



IХ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


82. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган.






Йўриқномага

1-ИЛОВА


Ашёвий далил ва бошқа нарсаларни ҳисобга олиш

КИТОБИ

  

Т/р

Сақлаш-

га келиб

тушган

сана


Терговга

қадар

текширув

материали,

жиноят иши

рақами, ўзига

нисбатан

терговга қадар

текширув

ўтказилаётган

шахс, гумон

қилинувчи,

айбланув-

чининг

Ф.И.О.


Олиб

қўйилган,

тақдим

этилган

нарса-

ларнинг

номла-

ниши,

алоҳида

белгилари,

рақамлари


Миқдори,

суммаси


Келиб

тушган

нарсалар

қачон,

қаерда ким

томони-

дан олиб

қўйилган

(қабул

қилинган)


Сақлаш

жойи.

Сақлаш

учун ма-

съулнинг

лавозими

ва фами-

лияси


Ашёвий

далиллар,

бошқа

нарсалар

қаерга

ва қандай

асосларга

кўра юбо-

рилган


Ашёвий

далиллар,

бошқа

нарсалар

қабул

қилиб

олган

шахснинг

лавози-

ми ва

фами-

лияси


Қабул

қилиш

санаси

ва имзо,

муас-

саса

штампи


Нарсалари

қайтарилган

шахснинг

Ф.И.О.,

паспорт ёки

иденти-

фикация

ID карта

рақами, сана

ва имзо


1.












2.












3.












...












         




             

Йўриқномага

2-ИЛОВА


Ашёвий далил ва бошқа нарсаларнинг келиб

тушишини ва берилишини ҳисобга олиш

КИТОБИ

  

Т/р

Сақлаш

учун

келиб

тушган

сана


Ашёвий

далиллар,

бошқа

нарса-

ларнинг

номла-

ниши


Миқдори,

суммаси


Терговга

қадар

текширув

материали,

жиноят иши

рақами, ўзига

нисбатан

терговга қадар

текширув олиб

борилаётган

шахс, гумон-

ланувчи,

айбланувчи,

судланув-

чининг

Ф.И.О.


Сақланиши


Суднинг

ашёвий

далил-

лар юза-

сидан

қарори


Ижроси


Изоҳ


Масъул

шахснинг

фами-

лияси

кўрса-

тилган

ҳақиқий

сақлаш

жойи


Қачон,

кимга

кўздан

кечириш

учун

берилган

ва қачон

қайта-

рилган


Ҳужжат-

лар ижро

қилиш

учун

кимга

юборил-

ган (бе-

рилган)


Ашёвий

далиллар

ижро

қилиш

учун

кимга

юборил-

ган (бе-

рилган)


Сана

кўрса-

тилган

ҳолда

ижро

этил-

ганлиги

тўғриси-

даги

қайд

ёзув


1.













2.













3.













...













"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 52-сон, 529-модда.