язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Бозорларда савдо қилиш/ Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 27.01.2011 й. 2185-сон билан рўйхатга олинган 27.12.2010 й. Молия вазирлиги 108-сон, Давлат солиқ қўмитасининг 2010-52-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 27 январда 2185-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги ва

Давлат солиқ қўмитасининг

2010 йил 27 декабрдаги

108, 2010-52-сон қарорига

ИЛОВА



Бозорлар, савдо комплекслари

ва уларнинг филиалларида бир марталик

йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган

хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ

ундирилишини ташкил этиш ва назорат

қилиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Қонунининг 7-моддаси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январдаги ПҚ-1257-сон "Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ва 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ-1326-сон "Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги, 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сон "2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон "Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини ташкил этиш ва назорат қилиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари ҳамда уларнинг ҳудудида савдо фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахсларга татбиқ этилади.


2. Қуйидагилар бозорлар ва уларнинг филиаллари даромадларининг манбалари ҳисобланади:

бир марталик йиғимдан тушумлар;

ижара тўловидан олинган даромадлар;

сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

автотранспорт воситаларининг вақтинча сақлаш хизматлари кўрсатишдан тушган даромадлар;

бозор маъмурияти томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва сотишдан (деҳқон бозорлари учун) олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.

2-1. Қуйидагилар савдо комплекслари ва уларнинг филиаллари даромадларининг манбалари ҳисобланади:

ижара тўловидан олинган даромадлар;

сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.

3. Бозорларда ва устав фондида давлат улуши камида 51 фоизни ташкил этадиган савдо комплексларида миқдори ҳар йили ҳудудий молия органлари ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланадиган бир марталик йиғим тўлови, ижара тўловлари ҳамда кўрсатилган хизматлар учун тўловлар ундирилади.


II. БОЗОРЛАРДА БИР МАРТАЛИК

ЙИҒИМ ТЎЛОВИНИ УНДИРИШ


4. Бозорларда товарлар, буюмлар ва қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини сотувчи жисмоний шахслар бир марталик йиғимни тўлайдилар.

Бир марталик йиғим ҳар бир сотиш жойидан савдо қилинган ҳар бир кун учун ёки ҳар бир товар, буюм, чорва мол учун ундирилади.


5. Бир марталик йиғим тўлови тўловчилар томонидан нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда автоматлаштирилган банк тизими орқали назорат-касса машиналари ёки тўлов терминалининг чекини бериш орқали амалга оширилади.


6. Бир марталик йиғим тўланганлиги тўғрисида берилган чекда бозор номи, чек берилган вақти ва санаси, тўлов номи (бир марталик йиғим тўлови), тўлов суммаси, жой рақами, сотиладиган товар номи, назорат-касса машинасининг ёки тўлов терминалининг рақами тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлиши керак.


7. Бир марталик йиғим тўланганлигини тасдиқловчи чек сотувчида кунлик савдонинг якунига қадар сақланади ва уни бошқа шахсга бериш ман этилади.



III. ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИ ҲАМДА КЎРСАТИЛГАН

ХИЗМАТЛАР УЧУН ТЎЛОВЛАРНИ УНДИРИШ


8. Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларининг маъмурияти (бундан кейинги ўринларда маъмурият деб юритилади) тасарруфида бўлган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкдан ва уларнинг хизматларидан белгиланган тартибда фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тўловчилари ҳисобланади.


9. Бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа мол-мулкни ижарага бериш фақат:

юридик шахсларга;

якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномага эга бўлган жисмоний шахсларга татбиқ этилади.


10. Ижара тўловлари ундирилиши маъмурият ва ижарачи ўртасида қонун ҳужжатларига мувофиқ тузиладиган ижара шартномасига асосан амалга оширилади.

Ижара тўлови ижарачи томонидан ҳар ойнинг 25-санасига қадар бозор ёки савдо комплексининг ҳисоб рақамига тўланади.


11. Бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида кўрсатилган хизматлар учун тўловлар хизматлар кўрсатиш бошлангунга қадар, нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда автоматлаштирилган банк тизими орқали назорат-касса машиналари ёки тўлов терминалининг чекини бериш орқали ундирилади.



IV. БОЗОР ВА САВДО КОМПЛЕКСЛАРИНИ БОШҚАРИШ.

СОТУВЧИЛАРНИНГ, БОЗОР ВА САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ

МАЪМУРИЯТИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

12. Бозорни бошқариш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари (бундан буён матнда Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари деб юритилади) ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш учун жавобгарлик юкланади.

13. Бозорда сотувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари талабларига мувофиқ савдо фаолиятини амалга ошириш;

бозор маъмуриятидан Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ ишлаш учун шарт-шароитлар билан таъминлашни талаб қилиш;

бозор маъмуриятидан бозорнинг иш тартиби ва режими бўйича зарур тушунтиришлар олиш;

бозор маъмурияти томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлардан фойдаланиш;

ўзларининг фаолияти назорат қилувчи органлар томонидан текширилаётганда бозор маъмурияти ходимларини таклиф этиш;

бозор маъмуриятига бозор фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш.

14. Бозорда сотувчилар қуйидагиларга мажбур:

бозорда савдо фаолиятини амалга оширишда шахсини тасдиқловчи ҳужжатга, бир марталик йиғим тўланганлиги тўғрисидаги чекка, хусусий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага (ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш ҳолатларидан ташқари) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга эга бўлиш;

фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилиш;

фақат бозор маъмурияти томонидан тақдим этилган тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш (турғун савдо шохобчаларидан ташқари);

савдо ўринларини тоза ва тартибли сақлаш;

бозор маъмурияти ва назорат қилувчи органларнинг қонуний талабларини бажариш;

Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.

15. Бозор маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорларга бозорда савдо фаолиятини амалга ошириш ҳамда хизматлар кўрсатиш учун шартнома асосида турғун савдо шохобчалари бериш;

бозорларда жисмоний шахсларга фақат уларда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлганда, улар бир марталик тўловни тўлаган тақдирда ёзма шартномалар тузмасдан савдо ўринлари бериш (ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва молларини, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш бундан мустасно);

шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш;

назорат қилувчи органлар вакиллари бозорларда ўз функцияларини амалга ошираётганда уларга ҳамроҳлик қилиш;

ижарачилар томонидан ижара тўлови тўланмаганда, шунингдек бозорда савдо фаолиятини амалга оширишга қонунда белгиланган талаблар бир неча марта бузилганлиги ҳолатлари ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда савдо ўринлари тақдим этиш, турғун савдо шохобчаларини ижарага бериш юзасидан улар билан тузилган шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш.

Бозор ҳудудида тарозилар ва бошқа ўлчов анжомларини ижарага бериш, юк сақлаш жойларини ташкил этиш, юкларни ташиш учун аравачаларни ижарага бериш бўйича хизматлар фақат белгиланган тарифларга мувофиқ бозор маъмурияти томонидан кўрсатилиши мумкин.

16. Бозор маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

сотувчилар ва ўз ходимлари томонидан Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

деҳқон бозорларида сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириш;

савдо ўринлари беришда бир марталик йиғим ундирилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурият билан ижарага олувчи ўртасида тузиладиган ижара шартномаси асосида ҳар ойлик ижара тўловининг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;

кўрсатилаётган мажбурий ва бошқа хизматлар учун бир марталик йиғим, ижара тўловлари ва бошқа тушумларнинг банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли билан банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш;

маҳаллий бюджетларга, шунингдек бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўловларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлаш;

бозор ишларини ва бозор фаолияти билан боғлиқ жараёнларни савдо фаолиятини амалга ошириш тартибини белгиловчи ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни, бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминловчи ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиш;

бозорга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг экспресс анализ лабораториясини ташкил этиб, тегишли сертификат бериш ва тегишли сертификатга эга бўлмаган маҳсулотларни сотишни тақиқлаш;

жамоат тартибини сақлаш, қўриқлашни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, бозорнинг нормал фаолият кўрсатиши учун, шу жумладан унинг энергия, иссиқлик ва сув таъминоти бўйича зарур шароитларни таъминлаш;

сотувчилар ва харидорлар учун аравачалар ижараси пунктлари иши, ўлчаш воситалари ва сақлаш камералари учун масъулларни тегишли буйруқ билан тайинлаш;

300 та ва ундан ортиқ турғун савдо шохобчалари ва савдо ўринлари мавжуд бўлган бозор ҳудудларида ва бозорга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини фискал хотирали назорат-касса машиналари ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари билан жиҳозлашни таъминлаш, автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши вақтини қайд этиш функциясига эга бўлган электрон ҳисоблагичларни мажбурий тартибда ўрнатиш;

бозор майдонини, маъмурий-хўжалик биноларини, умумий равишда фойдаланиладиган жойларни зарур санитария-техник ҳолатда сақлаш;

ёндош ҳудудларнинг ўз вақтида йиғиштирилиши ва ободонлаштирилишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндилар, йирик ҳажмли ахлатлар, турли хил идишлар ва шу кабиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш.

16-1. Бозор маъмурияти қуйидагиларни таъминлайди:

сотувчиларнинг тегишли техник талабларга, санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлган анжомларга эҳтиёжини қондириш;

харидорларга хизмат кўрсатиш чоғида пайдо бўладиган низоли вазиятларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

сотувчиларнинг минимал касбий тайёргарлиги бўйича тадбирлар амалга ошириш;

туман (шаҳар) ҳокимлигида рўйхатдан ўтказилган мулоҳазалар ва таклифлар дафтарларининг мавжуд бўлиши ва уларни харидорларнинг биринчи талабига биноан тақдим этиш;

банкларнинг инкассация пунктлари ва кассалари иши учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, бир марталик йиғим, ижара тўловлари ва кўрсатилаётган хизматлар учун тушумларнинг банклар кассаларига топширилишини таъминлашга кўмаклашиш, бозорлар ва уларнинг филиаллари ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар нақд тушумининг ҳар куни инкассация қилиш (топшириш).

16-2. Бозор маъмурияти назорат қилувчи органлар вакилларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишда кўмаклашади, аниқланган қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўради. Зарурат бўлганда, бозор маъмурияти назорат қилувчи органлар ходимларига текширишларни ўтказиш даври учун хоналар ажратади.

16-3. Бозор маъмурияти истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши, бозорларнинг фаолияти, белгиланган савдо қоидаларининг бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Бозор ҳудудида ер участкалари ажратишга (деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари ҳудудида қонун ҳужжатларига мувофиқ замонавий савдо мажмуалари қуриш учун ер участкалари ажратиш бундан мустасно), шунингдек бозорга тегишли кўчмас мулк объектларининг жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб берилишига йўл қўйилмайди.

16-4. Бозор маъмурияти раҳбарияти Бозорларда савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларига риоя қилинмаганлиги ёки бозор маъмурияти ходимлари ва сотувчилар томонидан уларга риоя этилиши юзасидан зарур назоратнинг йўқлиги учун жавоб беради.

Бозор маъмурияти раҳбарлари бир марталик йиғимларнинг, ижара тўловларининг ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланмаганлиги, шунингдек савдо ўринларининг жисмоний шахсларга уларнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасиз берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва молларини, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

16-5. Савдо ўрнини ёки унинг бир қисмини учинчи шахсга бериш тақиқланади.

16-6. Савдо комплексини бошқариш савдо комплекси маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги 253-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига (бундан буён матнда Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидалари деб юритилади) ҳамда савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жавобгарлик юкланади.

16-7. Ўз фаолиятини савдо комплексида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (бундан буён матнда савдо субъектлари деб юритилади) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ савдо фаолиятини амалга ошириш;

савдо комплекси маъмуриятидан Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ ишлаш учун шарт-шароитлар билан таъминлашни талаб қилиш;

савдо комплекси маъмуриятидан савдо комплексининг иш тартиби ва режими бўйича зарур тушунтиришлар олиш;

савдо комплекси маъмурияти томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлардан фойдаланиш;

ўзларининг фаолияти назорат қилувчи органлар томонидан текширилган тақдирда савдо комплекси маъмурияти ходимларини таклиф этиш;

савдо комплекси маъмуриятига савдо комплекси фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш.

16-8. Савдо субъектлари қуйидагиларга мажбур:

тегишли пешлавҳа шаклида ўз ташкилотининг фирма номини (номи, рамзи ёки товар белгисини), якка тартибдаги тадбиркорнинг номини, жойлашган жойини (почта манзилини) ва иш режимини (ишнинг бошланиш ва тугаш вақтини, тушлик пайтини, дам олиш кунларини) истеъмолчига маълум қилиш;

савдо фаолиятини амалга оширишда турғун савдо шохобчаси ижараси тўғрисидаги шартномага ва ижара тўлови тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатга, юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга эга бўлиши керак. Ушбу ҳужжатлар давлат солиқ хизмати органлари масъул ходимларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади;

нақд тушумни ушбу савдо комплекси ҳудудида ташкил этилган инкассация пунктларига (банклар кассаларига) ҳар куни инкассация қилишни (топширишни) белгиланган тартибда амалга ошириш;

ижара тўловини ўз вақтида тўлаш;

фақат савдо комплекси маъмурияти томонидан белгиланган жойларда савдо қилиш;

савдо шохобчаларини тоза ва тартибли сақлаш;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, техник ва ёнғин сигнализацияси воситалари (асбоблари) мавжуд бўлишини таъминлаш;

савдо комплекси маъмурияти ва назорат қилувчи органларнинг қонуний талабларини бажариш;

Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидалари нормаларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.

Турғун савдо шохобчасининг ижара ҳуқуқларини учинчи шахсга бериш тақиқланади.

16-9. Савдо комплекси маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

савдо комплексида савдо фаолиятини амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил қилмаган якка тартибдаги тадбиркорларга шартнома асосида турғун савдо шохобчалари бериш. Турғун савдо шохобчаларининг ижара ҳуқуқи юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил қилмаган якка тартибдаги тадбиркорларга очиқ танлов савдолари ўтказиш натижалари бўйича берилади;

шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш;

назорат қилувчи органлар вакилларига улар савдо комплексларида ўз функцияларини амалга ошираётганда ҳамроҳлик қилиш;

ижарага олувчилар билан тузилган турғун савдо шохобчаларининг ижара шартномасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш.

Тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларини ижарага бериш, юк сақлаш жойларини ташкил этиш, сотувчилар ва харидорлар учун аравачаларни ижарага бериш бўйича хизматлар фақат савдо комплекси маъмурияти томонидан кўрсатилиши мумкин.

16-10. Савдо комплекси маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

савдо субъектлари ва ўз ходимлари томонидан Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

савдо комплекси ишларини ва унинг фаолияти билан боғлиқ жараёнларни савдо фаолиятини амалга оширишни белгиловчи ва савдо комплекси жойлашган ҳудудда атроф муҳитни муҳофаза қилишни, эпидемик ва экологик хавфсизликни таъминловчи қоидалар ва нормаларга қатъий мувофиқ равишда ташкил этиш;

савдо комплексининг нормал фаолият кўрсатиши учун жамоат тартибини сақлаш, қўриқлашни ташкил этиш, шу жумладан унинг энергия, иссиқлик ва сув таъминоти юзасидан зарур шароитларни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

буюмларни сақлаш жойлари ҳамда сотувчилар ва харидорларга аравачаларни ижарага бериш пунктлари ишлари учун масъулларни буйруқ билан тайинлаш;

буюмларни сақлаш жойлари, аравачалар берилганлиги учун тўловларни фискал хотирали назорат-касса машиналарини ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган ҳолда қабул қилиш;

савдо комплекси ва унга туташ ҳудудни, маъмурий-хўжалик биноларини, умумий равишда фойдаланиладиган жойларни зарур санитария-техник ҳолатда сақлаш;

ёндош ҳудудларнинг ўз вақтида йиғиштирилиши ва ободонлаштирилишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндилар, йирик ҳажмли ахлатлар, турли хил идишлар ва шу кабиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш.

16-11. Савдо комплекси маъмурияти қуйидагиларни таъминлайди:

харидорларга хизмат кўрсатишда юзага келадиган низоли вазиятларнинг сабабларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган мулоҳазалар ва таклифлар дафтари мавжуд бўлишини таъминлаш ҳамда уни харидорларнинг биринчи талабига кўра тақдим этиш;

банклар кассалари ва инкассация пунктлари ишлари учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, ўз фаолиятини савдо комплексида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг нақд тушуми ҳар куни инкассация пунктларига (банклар кассаларига) инкассация қилинишига (топширилишига) кўмаклашиш.

16-12. Савдо комплекси маъмурияти назорат қилувчи органлар вакилларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишда кўмаклашади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўради. Зарурат бўлганда, назорат қилувчи органлар ходимларига текширишларни ўтказиш даври учун хоналар ажратади.

16-13. Савдо комплекси маъмурияти истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, белгиланган савдо қоидалари бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Савдо комплекси маъмурияти раҳбарияти Савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидалари нормаларига риоя қилинмаганлиги ва уларга риоя этилиши бўйича савдо комплекси маъмурияти ходимлари томонидан зарур назоратнинг йўқлиги юзасидан жавоб беради.

Савдо комплекси маъмурияти раҳбарлари ижара тўловлари ҳамда кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланганлиги, шунингдек турғун савдо шохобчаларининг жисмоний шахсларга улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасиз берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


V. БИР МАРТАЛИК ЙИҒИМЛАР, ИЖАРА

ТЎЛОВЛАРИ ВА КЎРСАТИЛГАН ХИЗМАТЛАР

УЧУН ТЎЛОВЛАРНИНГ УНДИРИЛИШИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


17. Бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ундирилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳудудий бўлимлари томонидан амалга оширилади.


18. Маъмурият ҳар куни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш Бош бошқармаси ҳудудий бўлимининг бириктирилган ходими билан биргаликда, савдо ўринларининг ҳақиқатда тўлдирилиши, бир марталик йиғим, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг тушуми ҳисобини олиб боради.


19. Бир марталик йиғим, ижара тўловини ундириш, шунингдек аҳоли билан нақд пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда автоматлаштирилган банк тизими ҳамда назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларининг ишлатилиши ҳисобининг тўлиқ юритилиши учун Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг ҳудудий бўлимлари ходимлари аниқ бир бозор, савдо комплекси ва уларнинг филиалларига тегишли буйруқ билан бириктириладилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармасининг ҳудудий бўлимларининг бириктирилган ходими маъмурият ходими билан биргаликда ҳар куни қуйидагиларни амалга оширади:

кузатиш ва санаш орқали савдо ўринларининг ҳақиқатдаги тўлдирилганлиги юзасидан ҳисоб олиб боради. Ҳисобга олиш натижасига кўра, савдо ўринлари ҳақиқатда тўлдирилганлигини ҳамда тушум ва тўловлар бўйича маълумотнома тайёрлаб, ушбу Низомга иловага мувофиқ ўтказилган ҳисобга олиш натижалари тўғрисидаги маълумот тўлдиради. Маълумотнома ва ўтказилган ҳисобга олиш натижалари тўғрисидаги маълумот маъмурият томонидан имзоланганидан кейин, унга имзоланган маълумотнома ва ўтказилган ҳисобга олиш натижалари тўғрисидаги маълумотнинг нусхасини тақдим этади.

маъмурият томонидан бир марталик йиғим, ижара тўлови ва бошқа тўловларни банк орқали ундиришнинг автоматлаштирилган тизими қўлланилишини ўрганади;

бозор, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида савдо ўринларининг ҳақиқатдаги тўлдирилганлигини бозорлар даромадлари манбалари кесимида автоматлаштирилган банк тизими орқали ундирилган тушумларга мос келишини таҳлил этади.


20. Ўтказилган ҳисобга олиш натижасига кўра тузилган маълумотномалар махсус китобга қайд этилади ва алоҳида иш жилдига тикилади, улардаги мавжуд бўлган маълумотлар таҳлил қилинади ва умумлаштирилади.

Таҳлил маълумотларидан бозорлар ва савдо комплексларининг даромадлари (манбалар кесимида) тўғрисида электрон база яратиш ва юритишда, шунингдек бозорлар, савдо комплекслари ва уларнинг филиалларида қисқа муддатли текширишларни ўтказишда фойдаланилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Маъмурият томонидан бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминламаслик, шунингдек ўзи етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш ҳолларидан ташқари, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтмаган шахсларга савдо ўринлари берилганлиги ҳолатларида, маъмуриятнинг раҳбар ва бошқа масъул ходимлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


22. Бир марталик йиғимлар ва ижара тўловларини тўламасдан фаолият юритаётган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



______________________________________ да жойлашган

________________________________________бозор/савдо

комплексида "____" _____________ 20____ й. ўтказилган

ҳисобга олиш натижалари тўғрисидаги

МАЪЛУМОТ

   

Т/р


Кўрсаткичлар


Сони/

суммаси


1.

Жами савдо расталари (ўринлари) сони:




шундан, банд бўлганлари:




савдо расталари учун бир марталик йиғимдан тушум суммаси (минг сўм):



2.

Турғун савдо шохобчаларининг жами сони:




шундан, ижарага олинганлари:




ижара ҳақи тўловини тўлаганлар сони:




тўланган ижара ҳақи тўлови суммаси (минг сўм):



3.

Кўрсатилган хизматлардан тушган тушум жами:




шундан, арава ижарасидан:




тош-тарозу ижарасидан:




бошқалардан:



         

         

Давлат солиқ

хизмати ходими



(имзо, Ф.И.Ш.)

          

Бозор директори

(савдо комплекси)



(имзо, Ф.И.Ш.)

         

             

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 4-5-сон, 38-модда.